ДЎСТЛИК ФАЗИЛАТИ
Инсон дунёга келаркан, ҳар доим дўст ва биродарларга эҳтиёж сезади. Зеро, дўст-у биродарлар дунёнинг фойдали, хайрли инсонларидир, улар фаровонлик зийнати, куч-қувват манбаи, дунё ва охиратда саодатга эришишга кўмакчилардир. Дўстликнинг фазифати, унинг инсонга келтирадиган манфаатлари борасида Қуръони каримда, ҳадиси шарифларда кўплаб мисоллар келтирилган.
Жумладан, “Оли-Имрон” сурасининг 103 оятида Аллоҳ таоло “Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз”, деб марҳамат қилади. Дўстлик ҳақида Пағамбаримизнинг қуйидаги ҳадисларини намуна сифатида келтириш ҳам мақсадга мувофиқдир: “Исломдан кейинги энг яхши неъмат яхши дўстдир. Агар бирортангиз биродаридан дўстликни сезса, уни маҳкам тутсин. Агар тоат-ибодатинга ёрдам берадиган дўстинг бўлса, унинг қўлини маҳкам тут, чунки дўстни тутиб туриш қийин, ундан ажралиш эса осондир. Дўстларнинг сифатларидан бири – улар ўзларидан дўстларини устун қўйишларидир”.
Шарқ мутафаккирларининг деярли барчалари ўз таълимотларида, ижтимоий-фалсафий қарашларида дўстлик масаласига алоҳида аҳамият қаратганлар. Улар биродарликнинг инсон маънавий камолотидаги амалий аҳамиятини яхши англаган ҳолда, дўстликнинг шартлари ва асосий тамойилларини белгилаб берганлар. Масалан, VIII асрда ислом илм-фанининг етук дарғаларидан бири ҳисобланган Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн ал-Муқаффа ўзининг “Ал-адаб ал-кабир”, “Ал-адаб ас-сағир” номли асарларида ушбу умуминсоний қадрият ҳисобланган ғояга алоҳида боблар ажратган. Мутафаккирнинг “Ал-адаб ал-кабир” китобида келтирган қуйидаги ҳикмати диққатга сазовор: “Ғам-қайғули пайтларда тасалли берувчи, қалбга таскин беришга ёрдамлашувчи энг асосий воситалардан бири — шундай оғир дамларда ўзаро ҳамдард бўла олувчи чин дўстлар билан учрашмоқдир. Бундай чин дўстлар бир-биридан ажратилганда эса уларнинг хотиржамлиги тортиб олинади, хурсандчиликлари барҳам топади”. Дарҳақиқат, чин дўстлар учун дийдор кўришишдан улуғроқ бахт-саодат, айрилиқдан ортиқроқ жазо йўқдир.
Ҳулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги глобаллашув замонида муқаддас ислом динимиз ва унинг ривожи учун хизмат қилган буюк мутафаккирлар томонидан илгари сурилган дўстлик ғоясига амал қилиб яшашимиз бутун жамият ва давлат миқёсида ижтимоий ҳамкорлик тамойилининг қарор топишига беқиёс ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish