08.11.2022

ТАРИХИЙ МАНБАЛАРДА ТЕРМИЗ (IV ҚИСМ)

Милодий 1403 йилда юртимизда бўлган Клавихо ҳам Термизга келган ва уни қуйидагича тасвирлаган: “Биз келиб тушган Термид (Термиз) анча-мунча аҳоли яшайдиган каттагина шаҳар экан. Атрофи девор билан ўралмаган. Бу ерда боғ-роғлар кўп, сув мўл эди. Шаҳар ҳақида мен сизга фақат шуни айтишим мумкинки, унга кирганимиздан сўнг шу қадар кўп йўл юрдикки, бизга ажратилган бинога етиб келганимизда батамом ҳолдан тойиб қолган эдик. Бутун йўл давомида ҳар хил нарсалар билан савдо қилинаётган гавжум майдонлар ва кўчалардан ўтдик. Термизда элчиларга катта иззат-икром кўрсатишди. Ҳамма зарур нарсалар билан таъминлашди, уларга шоҳи тўнлар кийгизишди. Бу ерга подшоҳ томонидан элчилар ҳузурига юборилган янги чопар келди. У элчиларни подшоҳ номидан муборакбод этди". Сўнг чопар билан мулоқот мавзуси ва чопарга ҳам кимхоб тўн кийгизишгани ҳақида сўз кетади. Шунингдек, Клавихо шаҳардан чиқиб кетиш йўлидаги қишлоқларнинг жуда ободлигини ҳам кайд этади.

ХI/ХVII аср муаллифи Маҳмуд ибн Вали ҳам Термиз ҳақида маълумот беради. Унинг айтишича, ушбу шаҳар тўртинчи иқлимда жойлашган. Жайҳун дарёси бўйида жойлашган ушбу шаҳар мустаҳкам девор билан ўралган ва унинг жанубий томони Жайҳун дарёси узра кўтарилиб туради. Шаҳарнинг қишлоқ ва ноҳиялари кўп. Унинг энг муҳим қисмларидан бири Саловот бўлиб, унда ҳукмдор қароргоҳи, бозор, мадраса ва катта масжид, шунингдек, минора бор. Шаҳарда қадимдан то ҳозиргача шайҳ ул-ислом вазифаси саййидлар қўлида. Бу ерда донли экинлар ва қовун яхши бўлади.

Қадимдан Бақтрия-Тохаристон шимолда Сўғдан Боб ул-ҳадид – Темир дарвоза ажратиб турган. У ўрта аср тарихчилари асарларида турли номлар билан аталади. Яъкубийда (ваф. тахм 292/905) у Дари Оҳанин (матнда: “дарйаҳанийн”) дейилиб, маъноси ‘Темир дарвоза” эканлиги айтилади. Форс тилидаги тарихий манбаларда “Дараи оҳанийн”, “Дарбанди оҳанийн” шакли ҳам учрайди. “Дарбанд” сўз бирикмаси “Дарадаги дарвоза”, “Дарадаги қалъа” ёки “Чегара тўсиғи” каби маъноларни билдиради. Мақдисийга кўра, Темир дарвозадан Қарнагача бир марҳала, ундан Термизгача бир марҳала. Истаҳрийга кўра эса, Темир Дарвозадан Розийқ работигача бир марҳала (тахм. 30-50 км.), ундан Ҳошимгирдга бир марҳала, ундан Термизга бир марҳала. Идрисийда эса Розийқнинг ўрнига “Даронг” бўлиб, у Темир дарвозани кичик ва ям-яшил шаҳарча эканлигини айтади. У VII/ХIV асрда ҳам ушбу минтақада “Дари оҳанийн” номи билан аталган.

Айрим замонавий тафсир муаллифлари, жумладан, Мароғий (ваф. 1371/1952) ва Ваҳба Зуҳайлийлар, шунингдек, яна бир замонавий тафсир “Тафсир ул-Қаттон”да Қуръони Каримда хабар берилган (18/93) Зулқарнайн етиб келган икки тоғ ораси ва у унда қурдирган девор борасида унинг Термиз яқинидаги Темир дарвоза ёки Дарбанд эканлиги ҳам айтилади. Термиз яқинида бўлган ушбу тоғ ёки тўсиққа баъзи муаррихлар XV милодий аср бошида дуч келишган. Масалан, ундан Амир Темур, яна унинг ўғли Шоҳруҳ олмон олими Шильтбергер билан ўтган. Яна 1403 йилда Кастилия қиролидан Темур ҳузурига элчи бўлиб келган испан сайёҳи Клавихо ҳам уни ўз сафарида қайд этган: “У Мўсул йўлидаги Самарқанд ва Ҳинд орасида”. Албатта, ушбу деворнинг манбавий ва археологик тафсилотлари баҳси кенглигини ёдда тутиш лозим бўлади. Ҳатто баъзи ўринларда унинг Термизни ўраб турган девор эканлиги ҳам айтилса-да, ушбу маънодан мурод ҳеч бўлмаганда ўша Темир дарвоза эканлиги ҳақиқатга яқинроқ. Чунки Термиз агар вилоят сифатида тушунилганда уни ўраб турган девор ўша чегара ҳудудга тўғри келади.

Олмон сайёҳи Шильтбергерга келсак, у Шоҳруҳ билан эмас, балки ўз юртини кайтариб олиш учун йўлга чиққан Мироншоҳнинг ўғли Абубакр ҳузурида бўлган Татаристон (Олтин Ўрда) шаҳзодаси (Чакра) билан йўл босганда татарчада (туркчада) Тимир-Капи деб аталган, маъноси Темир дарвоза бўлган жойдан ўтишган. Аммо у ўша жойни Ширвон ҳудудлари билан ёндош жой сифатида тилга олади ва изоҳда ҳам бу жой Кавказдаги Дарбанд дейилади. Клавихо ҳам Кавказдаги “Дарбанд ёнидаги “Темир дарвоза’’, ҳам “Термиз ёнидаги Темир дарвоза” ҳақида тўхталиб ўтади. Охиргисидан ўзи ўтган вақтидаги таасуротлари билан ўртоқлашади ва уни тасвирлайди. У дейди: “Айтишларича, мазкур йўлда илгари бир тоғдан иккинчисига ўтадигаи Темир дарвоза батамом темир билан қопланган бўлиб: бирон кимса рухсатсиз киришга журъат эта олмаган экан”.

Қадимги тафсир китобларида эса ушбу ўринга нисбатан Термиз яқинидаги Дарбанд маъноси қўлланмаган. Ибн Касир “Тафсир”ида Нуҳнинг ўғилларидан бири Ёфаснинг турклар отаси эканлиги ҳақидаги ривоят келтирилиб, сўнг Яъжуж ва Маъжужни турклар билан ҳам боғлаш кузатилади. Самарқандий ҳам Яъжуж ва Маъжужни Ёфасга боғлайди Насафий ва Розийлар бунга ушбу жойнинг шарқдаги туркларнинг охирги чегараси эканлигини ҳам қўшимча қилган. Аммо Розийда ушбу жойнинг Арманистон ва Озарбайжон орасидаги тоғда эканлиги ҳам айтилади. Табарий эса, афтидан, бу тафсирни Ибн Аббос (р.а.)дан келтиради. "Ўша жойда ҳам араб географ ва тарихчилари Ширвонда эканлигини айтишган ва Боб ул-абвоб деб номлашган Дарбанд бор. Ўша Боб ул-абвоб бўлган Дарбандни ҳам Қалқашондий (ваф.821/1418) турклар “Темир кобу” деб аташини айтади. Турк-руний ёзувларига кўра, Темир қапиғ, яъни, Темир дарвоза туркларнинг тарқалиш чегарасининг энг чеккаси бўлган, Шунингдек, маълум бўладики, келтирилган ҳар икки Дарбанд ҳақидаги шарҳлар айни ҳақиқатни ифода этмай, Ислом фатҳларидан сўнг юзага келган ва тафсирларга хос бўлган турли қавллардан иккитаси, холос.

 

 

Жўрабек Чўтматовнинг "Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи" китобидан

Izoh qoldirish