МУНЖИК ТЕРМИЗИЙ ҲАЖВИЯЛАРИ
Мунжик Термизий X аср Шарқ шеъриятининг форс тилида ижод қилган маҳоратли намоянларидан бири ҳисобланади. Мунжик Тезмизий кейинги даврдаги шоир ва ёзувчилар орасида, айниқса, ҳажв руҳидаги сатирик шеърлари билан шуҳрат қозонган. Мунжик бу жанрда, айниқса, муболаға ва киноя риторик воситаларида ажойиб янгиликлар киритган. Мунжик сатираларининг ҳозиргача сақланиб қолган қисмлари у нафақат амалдорларни танқид қилганлигини, балки оддий замондошларига ҳам атаб ҳажвиялар ёзганлигини кўрсатади. Мунжик Термизий ўз замонасидаги ижтимоий муаммоларни ўткир ҳажвия руҳидаги шеърлари орқали таҳлил қилган. Ушбу ҳажвиялар аксарият ҳолларда бир шахсга эмас, балки бутун бир ижтимоий қатламга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Девонидан қолган саноқли мисраларда ҳам унинг замона иллатларини масхара қиладиган сатирик шеърлар яратишдаги қудратини яққол кўриш мумкин. Мунжик ўзининг ҳажвияга асосланган баъзи сатирик мисраларида номаълум шахсни киноя орқали масхара қилади, гоҳида эса кинояни ҳазилга айлантиради. Бу каби киноя ва ҳазиллардан шоир форс тили ва адабиётининг бошқа ҳажвиянавислари сингари амалдорларнинг ноҳақликлари устидан масхара қилиш, замон муаммоларини намойиш қилиш воситаси сифатида фойдаланади. Мунжик ҳажвиётида ўткир киноя яққол сезилиб туради, шу киноя замирида асл мақсад нишонга олинади.
Қуйидаги қисқа шеърий парчада шоирнинг бир кишидан моддий эҳтиёжи бор. Ушбу киши шоирнинг эҳтиёжини қондирмагани учун шоир уни жайрага ўхшатади:
Рафтам ба назди хоҷа Абулфазл,
Бар тамьи он ки моле ёбам зи зар ва сийм.
Рузи дигар чу шеър тақозои ман шунид,
Сар дур кашид ҳамчу кашид роваро зи бийм.
Мазмуни:
Хожа Абулфазл ҳузурига бордим,
Сийму зар беришини ихтиёр этдим.
У менинг шеъримни эшитди, аммо
Қўрқоқ жайра каби ўзини олиб қочди.
Мунжик Термизийнинг барча ҳажвий шеърлари ҳам назокат билан ёзилмаган. Баъзан шоир ҳажв қилинаётган шахсга нисбатан ўта қаттиққўллик билан муносабатда бўлади, уларга нораво иллатларни нисбат беради. XIX аср форс тарихчиси ва адабиётшуноси Ризоқулихон Ҳидоят ўзининг “Мажма ул-фусаҳо” номли асарида Мунжикнинг ҳажвий шеърларига қуйидагича таъриф беради: “У доно, балоғат илмида тенгсиз, ўткир ҳажвиялари билан машҳур шоир бўлиб, унинг ҳазил ва киноя ўқларидан ҳеч ким омон қолмаган. Сен иллат аҳлининг кўксини ҳажв ўқи билан тешдинг, замон аҳлининг қўлини ҳазил арқони билан боғладинг”.
Мунжик ўзининг ҳажвияларини фақатгина маълум бир шахсларга қаратиб ёзмаган, балки унинг ҳажвий шеърларида маълум бир табақага, синфга ёки ижтимоий қатламга қаратилган мисралар ҳам учраб туради. Мана шундай мисраларда шоирнинг ўткир ва танқидий сўзлари ҳазил остида ифодаланган. Шундай ҳазилнинг намунасини унинг сарой аҳлига мурожаат қилиб, уларнинг ўзига хос турмуш тарзи ҳақида сўраган шеърида кўриш мумкин:
Эй, мажлисиёни ҳазрати шоҳ,
Дарёи шумо наҳанг дорад.
Аз баҳри худо моро бигўед,
То нони шумо чи ранг дорад?
Мазмуни:
Эй, ҳазрати шоҳ мажлисбозлари,
Сизнинг дарёнгизда наҳанг бордир.
Худо ҳаққи, айтингчи менга ҳақни,
Сизнинг нонингизнинг ранги қанақа?
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқотлар бўлими ходими
Izoh qoldirish