Фатҳий Термизий
Термиз шаҳри қадимдан илм бешиги бўлгани бежиз эмас. Кўплаб муҳаддис, муфассир, фақиҳ, мутакаллим, шоирлару фузалолар бу заминдан етишиб чиққан. Ҳозирга қадар дунёнинг тараққий топган мамлакатларида Термизий нисбаси билан ижод қилган олимларнинг илмий-адбий мероси ўрганиб келинмоқда. Шу сабабдан, қадимги Термиз шаҳрида вояга етган, илмий фаолият кўрсатган, маънавий боғликлиги бўлган, бу заминга келиб илмий асарлар ёзган ҳамда Термизий нисбасини олган барча термизлик мутасаввиф олимлар ҳаёти ва мероси бизни янада чуқурроқ илмий мулоҳазалар юритишга чақиради.
Термизий нисбаси билан ижод қилганлар сони кундан кунга ошиб бормоқда. Муҳаммад Ҳодий Ризоқулихон Ҳидоят (1800-1871) ўзининг “Риёз ул-орифин” – (Орифлар бўстони) тазкирасида “Фатҳий Термизий” فتحی ترمدی исми билан ижод қилган бир шоир ҳаёти ва фаолияти ҳақида мухтасар маълумот бериб, унинг орифона ва ошиқона мазмунли икки рубоиётини намуна келтиради. Муҳаммад Ҳодий Ризоқулихон Ҳидоят китобининг биринчи равзасида қуйдагича ёзади:
از احوال و اقوال جمعی ازکبراء دین من المشایخ و العارفين
“Орифлар, машойихлар ва диннинг барча пешволари аҳволи ва сўзларидан”.
Тазкирада, биринчи тасаввуф мақомоти, тариқат сайри, соликлар аҳволи, зикр аҳлининг фазилати, ирфон аҳлининг мажлиси файзи, комил инсон тарбияси, тариқат аҳлининг силсиласи ва ирфоний истилоҳларнинг ботиний маъно мазмуни ҳақида сўз юритилади. Кейин Абу Язид Бистомий (804-846) қоддасаллоҳу сирруҳудан бошлаб юзлаб орифлар, сўфийлар, олиму шоирлар ҳаёти ҳақида қисқача маълумот бериб, уларнинг қарашлари, илмий-ирфоний меросларидан намуна келтиради. Шулар қатори Фатҳий Термизийни ориф, мутасаввуф, адолатли олим, фазилатли ҳаким сифатида тилга олади:
و هُوَ حکیم علی بن محمد ترمدی، از فحول حکما و عدول علمای زمان خویش بوده
Таржимаси: Фатҳий Термизийнинг асл исми Ҳаким Али ибни Муҳаммад Термизий бўлиб, замонасининг пешқадам донишманди ва адолатли олимларидан эди.
Бундан маълум бўладики, унинг исми Ҳаким Али ибн Муҳаммад Термизий бўлган. Адолат ва донишмандликда ўз замонасининг пешволаридан бўлиб, ирфоний маъноларга бой шеърлар ёзган. У кишидан муаллиф икки рубоий мисол келитиради:
تسلیم به راه عشق جان یافتن است
معشوق لطیف را نهان یافتن است
این را گم کن اگر تو آن میطلبی
کاین گم کردن ز بهر آن یافتن است
Мазмуни: Илоҳий муҳаббат – ишқ йўлида таслим бўлишлик ҳақиқий ҳаётни топиш билан баробар. Латиф маъшуқни – Аллоҳ таолони қалбингдан риёсиз, соф ихлос билан топишинг мумкин. Агар сен ҳақиқий муҳаббатга восил бўмоқчи бўлсанг, бу жисмингни фано эт. Бу фано қилишлик Уни топишга васила бўлади.
Рубоийда ишқнинг илоҳий талқини орифона маънолар билан бойитилган. Таслим бўлиш – инсон камолотининг биринчи босқичи бўлса, қалбни пок этиш руҳни тарбиялашга қаратилган. Қалбдан ўзини англаш ва Аллоҳ қудратини мушоҳада этиш маърифат мақоми саналади. Фано бўлиш – ўзини йўқ қилиш эмаслигини билишмиз лозим. Фано – нафси амморани енгиш, ҳайвоний истаклардан халос бўлиш, нопок муҳаббатни тарк этиш демакдир. Фатҳий Термизий наздида инсоннинг муҳаббати ана шундай беғубор бўлиши лозим. Токи бу муҳаббат орқали дину дунёси ислоҳ бўлиб, шайтоний васвасалар уни тарк этсин ва раҳмоний файз бутун вужудини чулғаб олсин.
Иккинчи рубоийси:
در عشق بکاه جسم تا جان گردی
شيرافکن و شهسوار میدان گردی
کفرت چو کمال گردد ایمان گردی
اینت چو تمام نیست شد آن گردی
Мазмуни: Саодат топишинг учун, ишқ йўлида доимо риёзат чек. Шунда сен арслонни (нафсни) мағлуб этувчи ва муҳаббат майдонида қаҳрамон бўласан. Муҳаббатинг камол топса, ҳақиқий мўмин бўласан. Бу каби синовлар ниҳоясига етса, сен ҳақ йўлини топган бўласан.
Шеър яхлит маънода соликнинг сайру сулукига бағишланган. Шеърда келган куфр сўзи – муҳаббатдан бошқа шайтоний истакларни тарк этиш, ундан юз ўгириш маъносида келган. Истиора, киноя санъатлари орқали инсон қандай қилиб ўзини ёмон нафс гирдобидан қутқаришини тушунтирган. Машаққат, меҳнат, ҳалоллик, ҳушёрлик, поклик, соф муҳаббат – ҳаёт мезони бўлгани каби, бунинг муқобили бўлган ишрат, фисқу фужур, ифлослик, нопок муҳаббат – инсон ҳаётини изидан чиқаради. Бинобарин, Фатҳий Термизий инсон камолотига футур етакзадиган “ёмон нафс” ни танқид қилиб, китобхонни соф эътиқод соҳиби ва маънан етук шахс бўлишига чақирмоқда.
“Риёз ул-орифин” тазкираси муаллифи мазкур маълумотлар билан чекланган. Фатҳий Термизий ҳаёти ва адабий мероси ҳақида тўхталмаган. Ундан фақат иккита рубоий намуна келтирган холос. Рубоийларининг маъно-мазмунига қараганда бу зот маҳоратли шоир бўлган. Шеърий девон соҳиби бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ёки бир туркум орифона шеърлар муаллифи бўлиши ҳам мумкин. Лекин унинг адабий мероси ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаганимиз сабабли, ҳозирча шу билан кифояланамиз.
Жамаҳматов Каромиддин Айнилло ўғли - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish