10.11.2022

САЛОМСИЗ КАЛОМГА ЖАВОБ ҚАЙТАРИЛМАС

Маълумки, саломлашиш Ислом динининг асосий шиорларидандир. Шунинг учун салом – мўмин-мусулмонликнинг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Уни бажариб юришда эса унга тегишли билимга эга бўлиш алоҳида аҳамиятга эга. Салом ҳақидаги ушбу билмлар манбаи эса Қуръони Карим ва Суннати Мутоҳҳара ҳисобланади. Қуйида Муҳаммад Ҳаким Термизий (тахм. 820-932) ўзининг ҳадис ва суннатга оид “Наводир ал-усул” асарида саломга оид келтирган ҳадис ва унинг шарҳи билан танишиш орқали саломлашиш масаласидаги зарурий билимлардан бирига эга бўлишимиз мумкин. Шунинг учун “Наводир ал-усул” асарнинг 148-усули (боби)нинг тўлиқ таржимасини келтириб ўтамиз.

حدثنا الفضل بن محمد قال: حدثنا هشام بن عبد الملك الحمصي قال: حدثني بقيع بن الوليد قال: حدثني ابن رواد عن نافع عن ابن عمر رضي اللع عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: لاتبدؤوا بالكلام قبل السلام، ومن بدأكم بالكلام قبل السلام، فلا تجيبوه.

“Бизга Фазл ибн Муҳаммад ривоят қилиб, айтди: “Бизга Ҳишом ибн Абдулмалик Ҳимсий ривоят қилиб, айтди: “Менга Бақийя ибн Валид ривоят қилиб, айтди: “Менга Ибн Абу Равод, у Нофиъдан, у Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб, айтдики, у зот деди “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Саломдан олдин гап  бошламанг, кимки сиз билан саломдан олдин гап билан бошласа, унга жавоб бермангиз”.

Аллоҳ динда бу уммат баъзиси бошқа баъзисидан омонда бўлишини, ярми бошқа ярмидан саломат бўлишини шарт қилди, шунинг учун ҳам уларни  “мўминлар” (бири бошқасига омонлик берувчи) ва “муслимлар” (баъзиси бошқа баъзисига тинчлик ва саломатлик келтирувчи) деб атади. Аллоҳ Одам алайҳиссаломга барча исмларни ўргатди, исмлар эса нарсанинг атамаси, демак ҳар бир исм ўзининг аталганига далолат қилади ва унинг маъносидан келиб чиққандир. Демак, Одамга билдирилган исмлар Аллоҳнинг наздида бўлган ҳақиқатлар атамасидир. Шундан кейин исмлар Аллоҳнинг ерида биридан бошқасига алмашадиган бўлди ва у исмларни одамлар ўзаро белгилаб олишди: бировни Солиҳ – салоҳиятли, яхши иш қилувчи, деса, бошқасини Толиҳ – салоҳиятсиз, ёмон иш қилучи, деб аташда.

“Бу ҳасан (яхши), бу жамил (гўзал), бу қабиҳ (ёмон), бу замим (мазаммат қилинган), бу эса йамин (бахтли) ва буниси машъум (бахтсиз)” дейилганда ушбу атамаларнинг барчаси одамлар ўзаро бир-бирларини чақирадиган ва бир-бирларига танитадиган атамалар бўлиб, ҳақиқий исмлар эса Аллоҳнинг ҳузуридан келган Яҳё ва Аҳмад каби исмлардир. Аллоҳ таборак ва таоло айтади:

يَازَكَرِيَّا إِنَّا نُبَشِّرُكَ بِغُلَامٍ اسْمُهُ يَحْيَى لَمْ نَجْعَلْ لَهُ مِنْ قَبْلُ سَمِيًّا

“Эй Закариё, Мен сенга Яҳё исмли бола бериш (хуш) хабарини бераман, ҳолбуки бундан олдин ҳеч кимни бу исм билан атамаганман” (Марям сураси, 7-оят).

Яъни, бундан олдин ҳеч кимни гуноҳ қилмайдиган қилмаганмиз. Чунки “Яҳё” сўзи “ҳаёт” сўзидан олинган бўлиб, Аллоҳ унинг қалбини тирилтирди, бас, у гуноҳ қилмади ва гуноҳ қилишга қизиқмади ҳам, дегани бўлади.

Суфён бизга шундай, деб ҳадис айтди: “Ало ибн Абдулжаббор, у Ҳаммод ибн Саламадан, у киши Али ибн Зайддан, у киши Юсуф ибн Меҳрондан, у киши Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилиб айтди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Яҳё ибн Закариё алайҳимассаломдан бошқа одамзот борки, ё хато қилган ёки хато қилишга қасд қилган”.    

“Аҳмад” атамаси ҳам “Яҳё” атамаси каби Аллоҳ атаган исмдир.

Аллоҳ нозил қилган каломида айтади:

                                   وَمُبَشِّرًا بِرَسُولٍ يَأْتِي مِنْ بَعْدِي اسْمُهُ أَحْمَدُ

“(Исо алайҳиссалом айтди): “Мен сизга мендан сўнг келадиган Аҳмад исмли Расулнинг келиши тўғрисида хушхабар бераман” (Саф, 6).

Бу исмларнинг бари Аллоҳ ҳузуридан бўлган ҳақиқатлар ифодасидир.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинадики, у зот айтадилар:

أعطيت ما لم يعط أحدٌ: سميت أحمد، ونصرت بالرعب

“Менга ҳеч кимга берилмаган нарса берилди: Аҳмад деб аталдим, қўрқитув билан ёрдам қилиндим”.

Ушбу уммат билан бошқа умматлар атамасини солиштирганимизда ҳам шунинг ўзига ўхшаш нарсага дуч келамиз, барча уммат ўзларини номлашда ўзбошимчалик билан ном қўйишди: бир тоифа: “Биз яҳудмиз” деса, бошқа бири: “Биз насоромиз” дейишди, учинчи тоифа эса: “Биз собиунлармиз” дедилар, тўртинчи тоифа: “Биз мажусмиз” деди. Шунда бу умматни номлашни Аллоҳ ўз зиммасига олди ва шундай деди:

هُوَ سَمَّاكُمُ الْمُسْلِمِينَ مِنْ قَبْلُ وَفِي هَذَا

“Аллоҳ сизларни ўтмишда (Лавҳу маҳфузда, китобларда) ва бу китобда мусулмонлар, деб атади”. (Ҳаж, 78).

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

إن الله سمى أمتي، فاشتق لها اسمين من اسمه؛ فهو السلام، والمؤمن، وسماهم مسلمين ومؤمنين

 “Албатта, Аллоҳ умматимни аташда ўзининг икки сифатидан турлаб атади. У сифатлар Ас-Салом ва Ал-Мўъмин. Шунинг учун ҳам уларни “мусулмонлар” ва “мўминлар” деб атади”.  

Демак, бу умматнинг исми Одамга ўргатилган ўзининг асл ҳақиқатидандир. Шунинг учун ҳам бу уммат шу исмига лойиқ ҳаққини адо қилиши, баъзиси бошқа баъзисига омнлик бериши ҳамда тинчлик ва хотиржамлик улашиши (салом бериши)ни тақозо килади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ айтади:

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ

“Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, биродарларингиз орасини ислоҳ қилинг” (Ҳужурот, 10)

Яна дейди: 

وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ

“Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

المؤمنون كرجلٍ واحد

“Мўминлар бир бутун кишига ўхшайди”.

Бу калом (яъни, салом) билан дўстлик ва яқинлик риштасини ўзаро ёядилар. Шунинг учун ҳам ушбу саломлашиш уларнинг ўзаро бир-бирларининг ҳурматларини жойига қўйиш саналади. Албатта, Бани Исроил қавми кишилари учрашиб қолишса, бири иккинчисидан омонда бўлиши учун саждаги эгилгандек эгилиб, боши билан ишора қилишга мажбур бўларди. Шу боис Аллоҳ бу умматни азиз қилиб, саломлашишларини: “Ассалому алайкум”  деган сўзи билан мулоқотнинг энг улуғи ва хушбўйини тилларига жойлади.

Бизга Абдулворис ибн Абдусамад ҳадис келтириб, айтди: “Менга отам ривоят қилди ва деди: “Бизга Ҳишом ибн Ҳассоннинг муаззини Зарбий ривоят қилди ва деди: “Бизга Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилди ва деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан дедилар:

إن الله أعطى أمتي ثلاثاً لم يعط أحدٌ قبلهن: السلام، وهي تحية أهل الجنة، وصفوف الملائكة، وآمين، إلا ما كان من موسى وهارون

“Албатта, Аллоҳ умматимга олдинги умматларга берилмаган учта нарсани берди: салом, бу жаннат аҳолисининг саломлашиши, фаришталарнинг сафидек сафлар ва омин, магарам Мусо ва Ҳорун истисно”.  

Бунинг маъноси шуки, албатта, Мусо алайҳис салом Фиръавнни дуойи бад қилди, акалари Ҳорун эса “омин” деб турди, бас, Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг каломида Мусо алайҳиссаломнинг дуолари тўғрисида шундай дейди:

قَدْ أُجِيبَتْ دَعْوَتُكُمَا

“Сиз иккингизнинг қилган дуонгиз ижобат бўлди” (Юнус, 89).

Бу ерда Ҳоруннинг сўзи (омин) тўғрисида ҳеч нарса демади ва деди:

أُجِيبَتْ دَعْوَتُكُمَا

“Сиз иккингизнинг қилган дуонгиз ижобат бўлди” (Юнус, 89).

Бу оят силсиласининг бошида:

وَقَالَ مُوسَى رَبَّنَا

 “Мусо: Роббано...” деди” деб келади.

Ҳорун томонидан омин, дейилган эди, холос. Шундай бўлса-да, Аллоҳ уни Ўзининг каломида “дуо қилувчи” деб атади. Чунки “омин” деганининг ўзи дуонинг ўрнига ўтди. Аллоҳ Ўзининг исмларидан бири бўлмиш “Ас-салом”ни кишилар орасига бандалар учун омонлик берувчи омил сифатида қўйди. Чунки жоҳилият даврида одамлар бир-бирларини ўлдиришар ва бир- бирларига босқинчилик қилишар эди. Аллоҳ уларни Ислом билан азиз қилгач, Ўзи бу умматни (мўминлар ва мусулмонлар деб) атаганидек, бир-бирларидан қон, шаън ва мол масаласида ўзаро эмин ва саломат бўлишларини диннинг бирламчи шартларидан қилиб қўйди.

Шу маънодан келиб чиққан ҳолда Абубакр розияллоҳу анҳу: “Ассалом – бандалар учун ўзаро омонлик бермоқдир” дедилар.

Бу тўғрида бизга Шақиқий ривоят келтириб, айтди: “Менга отам хабар берди ва деди: “Бизга Абдуллоҳ, у Исмоил ибн Айёшдан хабар берди ва деди: “Бизга Абу Салама Ҳимсий, у Яҳё ибн Жобирдан ривоят қилди: “Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу деди: “Ассалом – Аллоҳнинг ердаги омонлигидир”.

Бизга Иброҳим ибн Абдуллоҳ Халлол ривоят қилиб, айтди: “Бизга Абдуллоҳ ибн Муборак хабар бериб, айтди: “Яҳё ибн Айюб, у Уайдуллоҳ ибн Заҳрдан, у Али ибн Язиддан, у Қосимдан, у Абу Умомадан хабар бериб, айтди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

من بدأ بالسلام، فهو أولى بالله ورسوله

“Ким бошлаб салом берса, ўша Аллоҳ ва Расулига яқин (дўст)роқдир”.

Демак, Аллоҳга яқинроқ ва Ундан улуши мўлроқ бўлган киши одамлар ундан омонда бўлиб, саломат қоладиганидир. Салом бандалар орасида ўзаро омонлик воситаси сифатида белгиланган экан, энди кимки (уни тарк этиб, бошқа) калом билан сўзини бошласа, ушбу ҳақ ва ҳурматни тарк қилган бўлади ва ундай жавоб берилмасликка ҳақли бўлиб қолади”.

Муҳаммад Ҳаким Термизий келтирган ҳадис ва унинг шарҳларида келган маълумотлар орқали хулоса қилишимиз мумкинки, салом нафақат фазилат, балки риоя қилиниши лозим бўлган масъулият ҳам бўлиб, сўзлашув маданиятининг энг биринчи ва зарурий шарти экан. Ушбу шарт топилмаса, сўз ҳам, сўзловчи ҳам ҳурматга сазоворликни йўқотиб, дунё ва охиратда хайру баракадан маҳрум бўлиб қолишини ҳар бир мўмин-мусулмон шахс доимо ёдида тутиши айни муддаодир.

 

Аббосхон Абдуллаев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish