15.11.2022

АҲЛИ СУННАТ ВА ЖАМОАТДАН МУРОД МОТУРИДИЙЛАР ВА АШЪАРИЙЛАРДИР...!

Сўнги йилларда асрлар давомида аҳли сунна ва жамоанинг ақийда мадрасаларида деб эътироф этиб келинган эътиқод мазҳабларини ўзича танқид қилиб, аҳли суннадан ташқари деб давъо қиладиганлар кўпайиб бормоқдв. Айрим ўзини билмаганлар бутун уммат имоми деб тан олган зотларни чаласаводларча танқид қилиб, таҳлил қилиб, омманинг бошини айлантиришга тушди. Табиийки, бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган одамлар билиб-билмай нотўғри тушунчага эга бўлиб, ҳатто ўзи аҳл бўлмаган масалаларда бировлар билан тортишадиган бўлиб қолди. Ундан ҳам хатарлиси бундай ножўя ташвиқотлар кишиларнинг қалбига ўз эътиқодари, устозлари, имомларига нисбатан шубҳа тушишига сабаб бўлмоқда. Мазкур масалаларга бундан уч аср аввал яшаб ўтган Муртазо аз-Забидий раҳимаҳуллоҳ томонидан керакли жавоблар бериб ўтилган.

Муртазо аз-Забидий раҳимаҳуллоҳ номи билан шуҳрат қозонган аллома Абулфайз Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдурраззоқ ал-Ҳусайний аз-Забидий (1145-1205 ҳ./1732-1790 м.) раҳимаҳуллоҳ таниқли тилшунос, муаррих ва ҳадисшунос олим ҳисобланади. Ҳиндистонда туғилган, Яманда ўсган, Мисрда яшаган. Унинг ўз давридаги шуҳрати шу даражага етганки, “Кимки Муртазо аз-Забидийни зиёрат қилиб, дуосини олмасдан ҳажга борса, ҳажи мукаммал бўлмайди”, дейишган. У зот Мисрда вафот қилганлар.

Муртазо аз-Забидий раҳимаҳуллоҳнинг 50 дан ортиқ муҳим асарлари мавжуд. Луғатга оид “Тож ал-арус” асари ўн жилдни ташкил қилади. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳнинг “Эҳё ал-улум ад-дин” асарига битган шарҳи “Иттиҳоф ас-садот ал-муттақин” деб аталган бўлиб, у ҳам 10 жилд қилиб нашр қилинган. Ҳанафий мазҳабининг далилларига бағишланган икки жилдли асари “Уқуд ал-жавоҳир ал-мунифа фий адиллати мазҳаби ал-Имом Аби Ҳанифа” деб аталган.

Муртазо аз-Забидий раҳимаҳуллоҳ “Иттиҳоф ас-садот ал-муттақин” асарида аҳли суннат ва жамоат деганда айнан ашъарийлик ва мотуридийлик тушунилишини бу тариқа таъкидлаганлар:

إذا أطلق أهل السنة و الجماعة فالمراد بهم الأشاعرة و الماتريدية

“Қачон аҳли суннат ва жамоат дейилса, улардан мурод ашъарийлар ва мотуридийлардир!” (Муртазо аз-Забидий. Иттиҳоф ас-садот ал-муттақин. 2-жилд. – Б. 6).

Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг бидъатчи эмасликларини, уларнинг йўллари салафи солиҳларнинг йўлларига мувофиқ экани зикр қилинган:

 

و ليعلم أنّ كلّاً من الإمامين أبى الحسن و أبى منصور رضى الله عنهما و جزاهما عن الإسلام خيرا لم يبدعا من عندهما رأيا و لم يشتقا مذهبا إنما هما مقرران لمذاهب السلف مناضلان عما كانت عليه أصحاب رسول الله

صلى الله عليه و سلم و ناظر كلّ منهما ذوى البدع و الضلالات حتى انقطعوا و ولوا منهزمين

 

“Билинсинки, ҳар икки нафар имом Абулҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ ва Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ – ислом динидан бу икки зот мукофатлансин – ҳеч бирлари бирор бир фикрни бидъат қилиб айтмаганлар, ўзларича бирор бир янги мазҳаб ҳам тузмаганлар. Бу икки зот ўтган салафи солиҳларининг мазҳабида мустаҳкамдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари юрган йўлда юргувчидирлар. Бу икки зотнинг ҳар бири бидъатчилар ва адашганлар билан мунозара қилганлар. Ҳатто бидъат аҳли ва залолатга кетганларнинг йўлларини кесиб ташлаганлар ва орқасига қарамай қочишларига мажбур қилганлар” (Муртазо аз-Забидий. Иттиҳоф ас-садот ал-муттақин. 2-жилд. – Б. 7).

Бошқа бир ўринда Муртазо аз-Забидий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

 

و المراد بأهل السنة هم الفرق الأربعة المحدثون و الصوفية و الأشاعرة و الماتريدية

 

“Аҳли суннадан мурод тўрт мазҳабга эргашганлар, муҳаддислар, сўфийлар, ашъарийлар ва мотуридийлардир!” (Муртазо аз-Забидий. Иттиҳоф ас-садот ал-муттақин. 2-жилд. – Б. 86).

Хуллас, бугунги кунда аҳли суннат ва жамоат деганда анъанавий тўрт мазҳаб – ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик, ҳанбалийликка сидқидилдан амал қилувчилар, эътиқодда эса айнан ашъарийлик ва мотуридийликка ишонувчилар тушунилади. Бундан бошқа йўл бидъат ва залолатдир! Ашъарийлик ва мотуридийликни аҳли суннат ва жамоатдан оғишган деб сафсата сотишнинг ўзи жуда катта адашувдир. Минг йиллик мусулмонлар ҳаққи-ҳурмати, биз асрлар давомида мотуридий бўлиб келган мусулмонлар юрган йўлдан, бутун ислом оламига устоз бўлган аллома бобокалонларимиз эргашган мотуридийлик эътиқодий таълимотидан четлашмаслигимиз керак.

Парвардигори олам бизни ҳанафий ва мотуридий қилиб қўйганига беҳад шукрлар айтамиз ҳамда бизни бу йўлдан айирмаслигини сўраймиз! Аллоҳ адашганларга инсоф-у тавфиқ берсин!

Ҳамидуллоҳ Аминов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Izoh qoldirish