15.11.2022

ХОЖА ҲАСАН АНДОҚИЙНИНГ ҲАЁТ ЙЎЛИ

Андоқ – Самарқанддан уч фарсах узоқликда жойлашган қишлоқ бўлиб, Абу Али Ҳасан ибн Али ал-Андоқий 1069 йилда ушбу қишлоқда туғилганлар ва 1157 йилда вафот этганлар. Бу зот «Ибн Абул Ҳасан ал-Андоқий» номи билан танилган эдилар[1].

Хожа Ҳасан Андоқий – хожагонлик тариқатининг йирик вакилларидан бири бўлиб, Бухоро мадрасаларида таҳсил олганлар. Хожагон – нақшбандия тариқатининг машҳур шайхи Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг истеъдодли муриди сифатида устози билан биргаликда илм-фан ривожланган Хоразм ва Бағдод шаҳарларига сафар қилганлар. Хожа Хасан Андоқий ўз умрларини муридлар тарбиялаш билан ўтказганлар. У киши Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг энг суюкли муридларидан бири бўлиб, Хожа Юсуф Ҳамадоний ул зотни ўзларига маънавий фарзанд сифатида қабул қилганлар. Тоҳир Эшоннинг «Тазкираи Нақшбандия» асарида Юсуф Ҳамадоний ва Хожа Ҳасан Андоқийнинг устоз ва шогирдлик муносабатлари тўғрисида сўз юритилиб, шундай сатрлар келтирилади:

Боз аз Юсуфам ба Андоқий,

Нисбат омад зи соқийи боқий.

Таржимаси:

Боқий сифатли Юсуф (Ҳамадоний)дан,

Андоқийга авлиёлик нисбати келди.

Хожа Ҳасан Андоқий тасаввуфнинг хожагонлик тариқатини ишлаб чиқишда Абдухолиқ Ғиждувонийга катта ёрдам берган. Али Сафийнинг «Рашаҳот» асарида ёзилишича, «у ўз даврининг буюк шайхларидан бири ва тариқат йўлида энг яхши инсонлардандир».

Машҳур олим Самъоний Марвдаги Юсуф Ҳамадоний хонақоси ва Бухородаги хонақода ул зотдан ҳадис илмини ўрганганлиги ҳақида тарихий манбаларда маълумотлар келтирилган. Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг ўз муридларига меҳрлари шу даражада эдики, «Мен вафот этганимдан сўнг жасадимни Абдуллоҳ Барқий ювсин, Абдухолиқ Ғиждувоний суясин, гўримни Андоқий қазсин, Аҳмад Яссавий гўримда «Ан-назоат»ни ўқиб турсин деб васият қилган эканлар.

Машҳур ижодкор Саъдулла Сиёевнинг «Яссавийнинг сўнгги сафари» асарида Хожа Ҳасан Андоқий тўғрисида шундай маълумотлар келтирилган: «Ҳазратнинг халифаи аввали Ҳасан Андоқий Бухоронинг Андоқ кентидан эрди. Рўзғори фарзандлари бор эрди. Бир куни қўрғонига бориб келиб, кўнглини ёрди: «Мен қайтиб энди аҳли аёлимни кўра олмайдурман»,-деди. Боисин айтмадилар. Бу гапдин пир хабар топдилар. Ҳужрамизга кириб келдилар. Хасанни тиз чўктириб, насиҳат қилдилар: «Шариат ва ақл юзасидан қараганда сиз фарзандингизга ҳам рафиқангизга ҳам яқин бўлишингиз даркор»,- дедилар. «Нима бўлганини бир ўзим билурмен, бир Оллоҳ билур. Мен сўфийлик ҳирқасини кийдим, аҳли аёлдан воз кечдим, ўзга важим йўқ», - деди. Хожамиз Хасанга қаттиқ гапирмадилар ва лекин дили озор чекди, ўша куни ҳазрат тушларида Оллоҳ таолони кўрибдилар. Худованди Карим дебдиларки: «Эй Юсуф, биз сенга басорат кўзи билан кўрмакни насиб этдик. Андоқийга эса ҳам басорат, ҳам басират нигоҳини бердик». Пир ҳазрат бомдод ҳужрамизга кириб, Хасандан узр сўрадилар. Андоқий йиғлаб пирнинг қўлини ўпди».

Хожа Хасан Андоқийнинг ҳаёти ва хожагон тариқати йўлидаги хизматлари борасида Абдулкарим ас-Самъонийнинг “Ал-Ансоб” (Насабнома), Муҳаммад Дорошукуҳнинг “Сафинат ул-авлиё”, Мавлавий Ғулом Сарварнинг “Хазинат ул-асфиё” Тоҳир Эшоннинг “Тазкираи нақшбандия”, Маҳмуд Хасаний, Мавжуда Раззоқоваларнинг “Хожагон тариқати ва Хожа Хасан Андоқий” каби тарихий асарларида маълумотлар мавжуд.

Юқорида номлари зикр қилинган манбаларни тадқиқ этиш жараёнида Хожа Ҳасан Андоқий ўз замонасида тариқат илмининг етук намояндаларидан бўлганлигини билиш мумкин.

 Хожа Ҳасан Андоқий милодий 1157 йилда (ҳижрий 552 йил рамазон ойининг йигирма олтисида) вафот этганлар.

"Туҳфат аз-зоирин" китобида ёзилишича, Хожа Ҳасан Андоқийнинг қабрлари Бухорода Абу Исҳоқ Гулободий мозорлари ёнидадир. Хожа Абдулло Барқий, Хожа Ҳасан Андоқийларнинг қабрлари қолмаган. Шўролар замонасида улар йўқ қилинган. Кейинчалик Бухоро шаҳрида “Даҳмаи беҳиштиён” зиёратгоҳи бунёд этилиб, ушбу зиёратгоҳда Ҳазрат Андоқий, Ҳазрат Барқий ва бошқа авлиёларнинг таржимаи ҳоллари ёзиб қўйилди[2].

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Хожа Ҳасан Андоқий ўз даврининг етук мутасаввуф олимларидан бири бўлиб, унинг бой илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш тасаввуф тарихини янада чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.

 

Сарвар СаидовИмом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими


 

Izoh qoldirish