16.11.2022

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ИЛМИЙ АСОСЛАРИ

     Дунё хақларининг азалдан бир-бирларига бўлган муносабатлари ва ҳаётдаги муомалалари уларнинг ўзаро бағрикенглик муносабатларига асосланган. Миллатидан, дини ва тилидан қатъий назар улар чин инсонийлик фазилатларига хос муомалада бўлишган. Бу бағрикенглик муносабатлари эса уларнинг тинч-тотув, меҳр-оқибат, ўзаро иноқ ҳаёт кечиришга ундаб келган. 

Ҳозирда юртимиз аҳолисининг сони 36 миллионга яқин ва улар 130 дан зиёд миллатга мансуб халқлар бўлиб, уларнинг 94 фоизидан зиёди ислом динига,  3,5 фоизга яқини православликка ва қолганлари бошқа диний конфессия вакилларига мансуб дин вакилларини ташкил этади. Ислом дини кириб келгунча бўлган вақтда яшаган халқлар ўртасида ҳам ўзаро муносабатлар яхши бўлганлиги тарихий манбаларда баён этилган.

Бухорода дастлабки синагога VIII асрда қурилгани ва бошқа дин вакиллари билан бир қаторда ўз динларига эркин эътиқод қилиш учун ўша пайтдаёқ етарли шарт–шароит яратиб берилганлигини яҳудийлар жамоаси вакилларидан бири Р.Бенеман алоҳида таъкидлаб: “Ўрта аср Европаси ва Византия империясида қувғин қилинган яҳудийлик Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди”, – деб ёзади. 

ХV аср бошларида Амир Темур саройида бўлган Кастилия элчиси: “Соҳибқирон Темур Самарқандда турли дин вакилларини йиғади, уларга илтифот кўрсатади ҳамда насронийликка эътиқод қилувчи меҳмонларнинг турли эҳтиёжларини бажариш учун алоҳида масъул шахс тайинлайди. Улар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашни та­йинлайди”, ­- деб таърифлаган. 

Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча дин вакилларининг виждон ва диний эркинликлари қуйидаги модда асосида қонуний кафолатланган. “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. Барча динлар таълимотининг негизида эзгулик, чиройли амал ва яхшилик улашиш ётади шу билан бирга бағрикенглик масалалрига катта аҳамият қаратилган. Бу масала айниқса ислом динида бошқа дин вакилларига муносабат ва бағрикенглик асосларига катта эътибор қаратилган. Улуғ аждодларимиздан Имом Мотуридий, Абул Муъин ан-Насафий ва Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларнинг асарларида мусулмонлар ва бошқа дин вакиллари билан қандай муомала қилишлари батафсил баён этиб берилган. 

Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида мусулмонларни бошқа дин вакиллари билан яхшилик ва меҳр-мурувват қилишга чорлаб, ўзаро тинчлик ва тотувликда, бағрикенглик ҳамда меҳр-шафқатли бўлишини “Мумтаҳа” сурасида қуйидагича марҳамат қилади:  “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”. 

Буюк муфассир Абу Лайс ас-Самарқандий “Баҳр ал-улум” номли тафсир китобида Қуръондаги мазкур оятни шундай тафсир қилган: “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”. Мовароуннаҳрлик машҳур муфассир Абул Баракот ан-Насафий “Мадорик ат-танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”,- деб шарҳлайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ҳадиси шарифларида бундай деб марҳамат қилганлар: “Барча дин аҳлига хайру эҳсон қилингизлар” ва бошқа яна бир ҳадисдаКимки ғайридинни ҳақорат қилса, қиёмат куни ўтдан ясалган қамчи билан урилади”, деб таъкидланади. Бағрикенглик масаласи  ислом динида имоннинг энг афзали даражасига кўтарилганлиги тўғрисида Расулуллоҳ (сав) шундай деганлар: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”.

Бу таълимот илоҳий ваҳий орқали Аллоҳ таоло “Анкабут” сурасида қуйидагича амр этади: “Сизлар аҳли китоблар билан фақат чиройли услубда мунозара қилингиз” . 

Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан юртимизнинг йирик шаҳарларида турли миллат вакилларининг ибодатларини эмин-эркин адо этишларига алоҳида эътибор қаратилган, шароитлар яратилган, тарихда диний асосда можароларнинг чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканлигидан далолат беради. 

Республикамизда ислом билан бир қаторда бошқа ноисломий конфессиялар фаолияти эркин олиб борилади ҳамда ҳар хил динларга оид ибодатхоналарнинг баъзи жойларда ёнма-ён бино қилинганлиги ҳам диний бағрикенгликнинг амалий исботидир. 

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” деб номланиб, бу йўналиш доирасида миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсати консепсияси ишлаб чиқилиб, бу борада жуда катта аҳамиятга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин-ки, барча динлар, илоҳий кўрсатмалар инсониятни фақат маърифат, эзгулик ва яхшиликка чақириб келган. Уларни охиратдан қўрқишга, Яратганни олдида албатта жавоб беришдан, савоб ишлар учун мукофат ва ёмон амаллар учун жазо муқаррар эканлигидан огоҳлантириб турган. Яхши ишларни бажаришда ўзаро ҳамкорликка чақирган ҳамда жаҳолат, разолат ва қабоҳат ишлардан қайтарган. Динлар таълимоти бағрикенгликка, чиройли хулқ-одобга, сабр-бардошликка чақириб, инсонларни доимо шукрона келтириб ҳаёт кечиришга даъват этиб келган. Шунингдек, бу эзгу ғоя ва амаллар бугунги кунда давлатимиз томонидан асосий эътибор қаратилган соҳага айланган. 

 

Dr. Ш.Х.Умаров,
Имом Tермизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

 

Izoh qoldirish