Ёшликда олинган илм
Умр инсон учун энг бебаҳо неъмат. Ёшлик – инсон умрининг баҳори. Умрнинг ушбу маҳали инсон учун жуда муҳим бўлиб, келгусида бўладиган ишларга шу пайтда тамал тоши қўйилади. Деҳқон кузда мўл ҳосил олиш учун эрта баҳорда ишни бошлагани каби, одам боласи ҳам бу дунё ва охират саодатини топмоқ учун илм олишни ёшликдан, болаликдан бошлаши керак.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан келтирилган ривоятда: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Қиёмат кунида Одам боласининг қадами то беш нарсадан сўралмагунча Раббисининг ҳузуридан силжимай туради:
- Умрини қандай ўтказганлиги;
- Ёшлиги қандай ўтказганлиги;
- Молу дунёсини қаердан топиб, қаерга сарфлагани
- Билганига қандай амал қилганлидан” (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдан ёшлик қандай муҳим давр эканини билиб олиш мумкин. Ҳатто қиёмат кунида ҳам Аллоҳ таоло энг биринчилардан бўлиб ҳисоб-китоб қилинадиган амаллар ва ишлар орасида инсоннинг ёшлиги турар экан. Бу эса инсон учун ёшлик даврининг жуда муҳимлигини белгилайди.
Хазрат Низомиддин Мир Алишер Навоий шундай деганлар:
Йигитликда йиғ илмнинг махзани,
Қарилик чоғи сарф қилғил ани.
Буюк тобеинлардан Алқама ибн Қайс Нахаъий бундай деган эди:
“Ёш йигитлик давримда нимани ёдлаган бўлсам, гўё унга (ёдлаган нарсамга) вараққа қарагандай бўламан”. Яъни ёшликда ўрганган илмим шунчалик қалбимда ўрнашдики, уни бирор бир ёзилган қоғоздан ўқигандек айтишим мумкин.
Ҳасан ибн Али ўз ўғиллари ва жиянларига: “Илм ўрганинглар. Зеро, сизлар қавмнинг кичкинаси бўлсангиз, эртага уларнинг каттаси бўласиз. Ким ёдлай олмаса, ёзиб олсин”, деган эди.
Буюк аждодларимиз, Имом Бухорий, Имом Термизий, Беруний, Ибн Сино ва Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк боболаримиз илмга жуда эрта қадам қўйганига тарих шоҳид.
Хусусан, буюк аллома Абу Али ибн Сино 4 ёшидаёқ Қуръони каримни ёд олиб қори бўлган. Шунингдек, ҳали ўн саккиз ёшига тўлмасидан фалсафа, тарих, тиббиёт, мантиқ ва бошқа илмларни чуқур ўзлаштириб машҳур табиб бўлиб етишган.
Инсон ёши ўтгандан кейин илм талаб қилиши – унга кеч бўлади, илмдаги юқори чўққиларга эриша олмайди, дегани эмас.
Зеро, “Бешикдан то қабргача илм изла”, деган ҳадиси шарифга амал қилиб, кўплаб буюк олимлар етишиб чиққанини тарихдан билиб олиш мумкин. Шулардан бири диёримиздан етишиб чиққан улуғ аллома миллату динимизнинг фахри Абу Бакр Қаффол Шоший ҳазратларидир.
Ривоят қилишларича, бу зот моҳир қулфсоз бўлиб, ўттиз ёшга етганида илмга бўлган иқтидори ва қобилиятини сезиб қолади. Шундан сўнг илм излашга киришиб, ўзи замонасининг машҳур шайхларидан илм ўрганади ва ҳадис эшитади. Шу даражага етишадики, бутун аҳли Хуросоннинг энг катта устози бўлиб етишади. Демак, илм ёш танламайди. Бироқ кўп ҳолларда ёшликда олинган илм инсон зеҳнига кўпроқ ўрнашиши тажрибада синалгани таъкидланади.
Шундай экан умримизни ҳар сония, ҳар дақиқасини ғанимат билиб илм олишимиз керак экан.
Farrux Saydullaev - Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi direktor o'rinbosari
Izoh qoldirish