Мавлоно Яъқуб Чархий
Мавлоно Яъқуб Чархий – Шарқ оламида эътироф этилган забардаст олим, ирфон аҳли, нақшбандия тариқатининг етук намояндаси, машҳур назариётчиси ҳисобланади. Бу ватандошимиз ҳаёти илмий фаолияти Афғонистон, Бухоро, Миср ва Чағониён илмий-адабий муҳитларига ўтган.
Исми шарифи. Мавлоно Яъқуб Чархийнинг тўлиқ исми Яъқуб бин Усмон бин Муҳаммад ал-Ғазнавий ал-Чархийдир. Ғазнавий нисбасини Ғазнада туғилганлиги учун олган бўлса, Чархий нисбасини Ғазна шаҳрида жойлашган Чарх қишлоғидан олинган. Чархий ўзининг “Рисолаи абдолиййа” асарида ўз исмин қўйдагича келтиради: “Яъқуб ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ғазнавий суммал-Чархий сумма-с-Саразий”. Бошқа рисолаларда бундай тўлиқ ҳолда муаллиф ўз исмини зикр қилмаган. Бундан ташқари Ғазна ва Чархдан кейин “Саразий” нисбаси қўлланилган. Бу зотни кўпроқ халқ Мавлоно Яъқуб Чархий исми билан танийди.
Туғилиши ва вафоти. XV асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаган нақшбандия таълимотининг йирик вакилларидан Хожа Аҳрори Валийнинг устози бўлмиш мавлоно Яъқуб Чархий Ғазна (Афғонистон) шаҳрига тобе қишлоқлардан бири ҳисобланган Чарҳда туғилганлиги учун Чархий тахаллусини олгандир. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, у ўз давридаги илмларни эгаллагач, кўнглида тасаввуфга нисбатан хоҳиш пайдо бўлиб, Бухорога келади ва Хожа Баҳовуддин Нақшбанд билан учрашади. Бу воқеаларнинг тафсилоти унинг «Рисолаи унсия» («Дўстлик ҳақида рисола») номли китобида баён қилинган. Яъқуб Чархийнинг таржимаи ҳоли ҳақида манбаларда маълумотлар жуда кам. Бу зотни тарихчилар тахминан 1359 йил Ғазна шаҳрига қарашли Чарх номли қишлоғида таваллуд топганини таъкидлашади. Али Акбар Деҳхудо қуйидаги маълумотни келтиради: “Чарх – Хуросондаги қадимий шаҳар номи. У Ғазна вилоятида жойлашган бўлиб, Шайх Яъқуб Чархий ўша ердан эди".
Шунингдек, буюк давлат арбоби ва истеъдодли шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ўзининг “Бобурнома” асарида Чархийнинг Чархдан эканлигини қайд этган. Манбаларда Чархийнинг туғилган йили ҳақида маълумот йўқ. Лекин баъзи олимлар юқоридаги рақамни тахмин қилишади.
Мавлоно Чархий Баҳоуддин Нақшбанддан сўнг, 58 йил яшаган. У киши бутун умрини илмга, маърифатга, эзгуликка бағишлаб 1447 йилда вафот этади. У кишининг қабри Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридан беш километрлар йироқдаги Рудакий ноҳиясида жойлашган.
Мавлоно Чархий умрининг охиригача Ҳалағатуда (ҳозирги Душанбега яқин қишлоқ, ҳозирда бу ерни Ҳазрат Мавлоно номи билан аташади) яшади ва шу ерда вафот этди. Унинг қабри ҳозир ҳам маълум ва машҳур бўлиб, машҳур зиёратгоҳдир. Кўпчилик олимлар ўша даврда Ҳалғату жойлашган вилоят номини “Чағониён” ёки “Ҳисори шодмон” деб атаганлар. Тоҳир Эшон қабри Ҳалғатудан эканлигини қуйидаги байтда ифодалаб берган:
Гар туро майли қабри ў бошад,
Мавзиъаш донки, Ҳалғату бошад.
Мазмуни: Агар сенда унинг қабрини (кўриш) майли бўлса, унинг жойи билгинки Ҳалғатудир.
Мавоно Яъқуб Чархийнинг силсилаи шарифи. Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини Хожа Алоуддин Аттор ҳазратларидан олганлар.
1. Сарвариолам Муҳаммад (соллаллоҳу алйҳи васаллам) (570–632).
2. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) (573–634).
3. Ҳазрат Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) (578–657).
4. Ҳазрат Қосим ибн Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) (ваф. 605 й.).
5. Ҳазрат Имом Жаъфар Содиқ (раҳматуллоҳи алайҳ) (702–765).
6. Ҳазрат Боязид Бистомий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 875 й.).
7. Шайх Абул Ҳасан Харақоний (қуддиса сирруҳу) (963–1033).
8. Шайх Абу Али Фармадий (қуддиса сирруҳу) (962–1055).
9. ҲазратХожа Юсуф Ҳамадоний (қуддиса сирруҳу) (1049–1141).
10. Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний – Хожаи Жаҳон (1103–1179).
11. Ҳазрат Хожа Ориф Ревгарий – Моҳитобон (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1317 й.).
12. Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1317 й.).
13. Ҳазрат Хожа Али Ромитаний (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1326 й.).
14. Ҳазрат Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1354 й.).
15. Ҳазрат Хожа Саййид Амир Кулол (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1370 й.).
16. Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий (қуддиса сирруҳу) (1318–1389.
17. Ҳазрат Хожа Алоуддин Аттор (қуддиса сирруҳу) (вафотлари. 1400).
18. Ҳазрат Мавлоно Яъқуб Чархий (қуддиса сирруҳу) (вафотлари 1447)
Устозлари. Мавлоно Чархий устозларининг барчаси дунёга машҳур уламо ва тариқат аҳли бўлган валийлардир. Улардан машҳурлари:
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд
Хожа Муҳаммад Порсо
Хожа Алоуддин Аттор.
Илмий мероси. Мавлоно Яъқуб Чархий Нақшбандия тариқати назарияси ва турли диний илмларга оид бир қанча асарлар ёзадики, бу ерда уларнинг рўйхатини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир:
1. “Тафсири Чархий” (“Чархийнинг Қуръонга қилган тафсири”).
2. “Рисолаи унсия» (“Дўстлик ҳақида рисола”).
3. “Рисолаи қудсия” (Қудсий калималар рисоласи”).
4. “Ар-рисолатул-абдолия” (“Абдоллар ҳақида рисола”).
5. “Рисола дар сийрати Мустафавия ва тариқаи мустақимия” (“Мустафонинг сийратлари ва тўғри йўллари ҳақида рисола”).
6. “Рисола дар илми фаройиз” (“Фарз нарсалар ҳақида рисола”).
7. “Рисола дар ақоид” (“Ақоид илми ҳақида рисола”).
8. “Рисола фи-л-ҳисобва-л-фаройиз” (“Ҳисоб ва мерос тақсими ҳақида рисола”).
9. “Мухтасар дар баёни силсилаи Нақшбандия” (“Нақшбандия сулуки ҳақида қисқача рисола”).
10. “Шарҳи асмоуллоҳ” (“Аллоҳ исмларининг шарҳи ҳақида рисола”).
11. “Шарҳи нуваду нуҳ ном” (“Аллоҳнинг тўқсон тўққиз исмининг шарҳи”).
12. “Фаройизи манзума” (“Назмий фарз нарсалар ҳақида”).
13. “Мажмуаи ғазалиёт” (“Ғазаллар мажмуи”).
Хулоса. Чархий ўз даврининг етук мутасаввиф олими, фақиҳ, ориф, муфассир ва шоири бўлган. У киши динни ҳар хил нотўғри оқимлардан тозалаш ҳақидаги фикрларини “Тафсир” ҳамда “Маноқиб” асарларида баён қилиб ўтган. Ў ўзидан олдин илмий фаолият кўрсатган аҳли суннат ва-л-жамоат олимларига муносиб ворис бўлган. Бу каби буюк Чағонийлар илмий меросини ўрганиш ва ўргатиш бугунги даврнинг долзарб вазифаларидан биридир.
✍️ Каромиддин Жамаҳматов- Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг манбашунослик бўлими бошлиғи
Izoh qoldirish