05.01.2023

АМИР ТЕМУР ВА ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДА ТЕРМИЗ

Тарихимизнинг тадқиқотчилари Марказий Осиё Темур ва темурийлар даврида ўз таракқиётининг энг юқори даражасига кўтарилганлигини эътироф этиб, бу давр халқимиз учун улкан зиё берганлигини, унинг харорати хозиргача сақланганлигини таъкидлаганлар. Шу нуқтаи назардан Темурийлар даврига қизиқиш нафақат тарихий меросимизни ўрганиш учун, балки ҳозирги давр вазифаларини ҳал қилишда хизмат қилмоғи лозим.

 

Мовароуннаҳрнинг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Термиз ўз тарихида бир неча бор тикланиш, юксалиш ва тушкунлик қисматини бошидан кечирган. Тарих чархпалагида Чингизхон истилоси натижасида вайрон бўлган Термиз ўрнида XIV асрнинг биринчи ярмида Чиғатой улусининг йирик ижтимоий-сиёсий марказларидан бирига айланган янги шаҳар бунёд бўлади. Давлат хокимияти муғуллар қўлида бўлса ҳам, маъмурий бошқарув Термиз саййидлари хонадони вакиллари томонидан амалга оширилган. Улар XIV асрнинг ўрталарида муғўлларга қарши курашда фаол иштирок этганлар.

1334 йилда Мовароуннаҳр султони Алоуддин Тармаширин Ясога – муғулларнинг ҳуқуқий муносабатларини акс эттирувчи Чингизхон қонунлари мажмуасига риоя қилмаганлиги баҳонасида Чиғатой улуси шарқидаги кўчманчи муғуллар исёни натижасида ўлдирилади. Янги ҳукмдор Бузан сиёсатида мусулмонларга нисбатан салбий муносабат устуворлик қилади. Маҳаллий мусулмон ҳукмдорлар марказий хокимиятга қарши кураш бошладилар. Уларга Чиғатой шаҳзодаларидан Ёсур Маҳзуннинг ўғли Халил бошчилик қилади. «Биринчи бўлиб Халилнинг хузурига Аъло ал-Мулк, яъни Термизнинг ҳукмдори етиб келди» – деб ёзади араб сайёҳи Ибн Баттута1. Халилга тўрт минг киши билан келиб қўшилган Аъло ал-Мулк вазир қилиб тайинлади. Бузанга қарши курашда Халилнинг кули баланд келиб, у Чиғатой улусига хукмрон бўлиб қолади. Маълум бир вақт ўтгандан сўнг, Аъло ал-Мулк Хитойдаги ҳозирги Ғулжа шаҳрининг шимоли-ғарбида жойлашган Олмалиқ қалъасида Халил қўшинларига бош бўлиб турганда, ички душманлар икки орада ихтилоф чиқарадилар. Халилга етказилган хабарга кўра, гўё вазир ўзининг пайғамбар авлодидан эканлигини айтиб, олижаноб ва мардлиги туфайли подшоликка ҳаққим кўпроқ деб бош кўтармоқчи бўлган. Шунда Халил Олмалиққа Аъло ал-Мулк ўрнига бошқа ноиб юбориб, уни ҳузурига чақиради. Айби исбот қилинмай қатл қилинган Аъло ал-Мулк Термиз саййидлари шажарасида «Шаҳид» номини олган2. «Бу воқеа Халил салтанати ҳалокатига сабаб бўлди», деб далолат беради Ибн Баттута3. Мазкур ҳодиса 1344 йилда содир бўлган, шу даврга оид Халил номи билан Термизда зарб қилинган тангалар сакланиб қолган.

XIV асрнинг биринчи ярмидан бошлаб тарихий битикларда ва Термизда зарб қилинган тангаларда шаҳар номига унинг сифат-фазилатларини тасвирлаш мақсадида «Мадинат ар-рижол» сифати кўшиб ишлатила бошланади. Луғатан бу атама араб тилидан мардлар шаҳри деб таржима қилинади. Моҳиятан илмий-оммабоп адабиётда турли талқинлар орасида унинг келиб чиқишини Термиз аҳолисининг муғулларга қарши кураши билан боғлаб тушунтириш устуворлик қилади. Термизнинг «мадинат ар-рижол» деб номланишига, бу хусусда ягона бир хулоса бўлмаса-да, шак-шубҳасиз шаҳар аҳолисининг фаолияти, меҳнати ва жасорати сабаб бўлган.

XIV асрнинг ўттизинчи йилларида Термиз Ибн Баттута тасвирида, - «чиройли имонатлари ва бозорлари кўп бўлган йирик шаҳардир, уни бошдан-оёқ анҳорлар кесиб ўтади, боғлари ҳам жуда кўп» бўлса, XV аср бошларида испан элчиси Руи Гонзалес де Клавихо таърифида жуда катта, ахолиси зич, гавжум кўча ва майдонлари кўп шаҳар бўлган4.

 Албатта, Термизнинг географик жойлашуви: Амударёдан асосий кечув жойи бўлганлиги, Чиғатой хукмдорларининг қароргохларига яқинлиги шаҳарни ўша давр воқеаларининг марказида бўлишига сабаб бўлган. Лекин, шаҳарнинг ижтимой ҳаётдаги ўрнини белгиланган омиллардан бири, Термизнинг мусулмон дунёси мафкуравий марказларидан бири эканлиги десак, муболаға бўлмайди. Ҳали Мовароуннаҳрда ислом қадриятлари тўлиқ қабул қилинмаган шароитда Термиз мачитларидаги диний мунозаралар мусулмон дунёсида овоза бўлган5. Исо ат-Термизий ҳадис илмида, Хаким ат-Термизий тасаввуф таълимотида етакчилардан бўлишган. «Саййиди сирдон» лақабли Саййид Бурҳониддин ҳам, машхур пирлардан шайх Хованд Тохур ҳам, асли исми Саййид Али Шоҳ ат-Термизий бўлган афғон қабилаларининг раҳнамоси Пир Бобо ҳам Термиз саййидлари хонадони вакилларидир6. Амир Темурнинг пирларидан ҳисобланмиш Шамсиддин Саййид Амир Кулол ҳам шу хонадон вакили бўлиши мумкин. Бу тахминни билдиришимизга, биринчидан, пирнинг исмлари Термиз саййидларига хослиги, иккинчидан, унинг мақбараси шу хонадон вакилларининг Шаҳрисабздаги кейинчалик – Гумбази Саййидон номини олган даҳнаси бир жойдалиги асос бўлади. Шу алфозда Амир Темур ҳаёти ва фаолиятининг саҳифалари Термиз билан чамбарчас боғланиб кетганлигини тушунтириш мумкин. Амир Темур хокимият учун кураш бошланганида ҳам, унинг энг зафарли кунларида ҳам Термизийлар Соҳибқироннинг сафдошлари бўлган. Бизгача етиб келган манбаларда Термиз ва Термизийлар билан боғлиқ кўплаб воқеалар, Амир Темурнинг Термизга ташрифлари ҳақидаги маълумотлар келтирилади.

1362 йилда Амир Темур Моҳон ҳокими Алибек Жони Қурбоний кўлига асир тушганида, вазирларидан Азизуддин Термиздан юриш қилиб, ёрдамга етиб келади. «Бу иш билан менга қувват бағишлади, шижоат ва мардлигим тутиб, қўлимдаги қилич зарби билан кўп соқчилар орасидан нажот топдим», - деб ёзилган «Темур тузукларида»7.

Мовароуннахрда ўз хокимиятини узил-кесил ўрнатиш учун ҳал қилувчи жанг арафасида – ҳижрий 771 йилнинг шаъбон ойида – 1370 йил март ойининг охирида Амир Темур кейинчалик Саййид Барака номи билан машҳур бўлган Саййид Муҳаммад ал-Мадиний билан учрашади. Бўлажак пиру муриднинг мулоқотида Соҳибқирон ўша замон саййидларининг энг улуғ пешвоси қўлидан ҳокимият рамзи-ноғора ва байроқни олиб, унинг дуойи хайрига мушарраф бўлади. Шундан сўнг саййид Амир Темурга буюк келажагини башорат қилади. «Муборак тили ўшал дам гўё парвардигор белгиланган қисмат ва унинг чексиз иноятининг таржимони эди: чунки башорат қилибайтган сўзларнинг на мазмунида ўзгариш ва амалга ошишида кечикиш бўлди», - деб ёзади Шарафиддин Али Яздий8.

Илмий доираларда ҳам кенг жамоатчилик орасида ҳам Саййид Барака шахсига қизиқиш ортиб, унинг ўлкамизга келиши сабаблари ҳақида турли фикрлар билдирилмоқда. Улардан бирига кўра, Саййид Барака ислом дунёсининг икки муқаддас шаҳри Макка ва Мадина вақфлари – белгиланган микдордаги тўловларини ундириш учун келган. Амир Темур томонидан кўрсатилган бениҳоя катта илтифот натижасида саййид унинг давлатида қолишга қарор қилади. Фикримизча, бу талқин ҳақиқатга яқин бўлса керак. Дастлабки учрашувнинг Термизда бўлишига сабаб шундаки, Саййид Барака ўзи каби аҳл ал-байт, пайғамбар авлодлари хонадонига мансуб Термиз саййидлари олдига келиши табиий ҳолдир. Шунингдек, бу борада Термиз саййидлари хонадаони асосчиси Ҳасан ал-Амирнинг бобоси Мадина ҳокими бўлганлигини алоҳида қайд қилиш керак9.

Юқорида эсланган Аъло ал-мулк «Шохид»нинг ўғиллари Шамсиддин, Алоуддин, Абул Маали ва Али-Акбар доимо Амир Темур билан бирга бўлганлар.  Амир Темур тарихидан маълумот берувчи манбаларнинг кўпчилигида Абул Маалининг Соҳибқиронга қарши фитнада иштирок этганлиги қайд этилади. Саййид авф этилади, аммо, Низомиддин Шомий ёзганидек, «бир муддат кўзга кўринмай турсун учун муборак сафарга Ҳижозга жўнатилсин, деган хукм бўлди»10. Бир йил ўтгач, Абул Маали, укаси билан Хоразмга қилинган юришлардан бирида иштирок этади. Шундай тадбирларнинг бирида Соҳибқироннинг Термизга бўлган муносабатини ўзида мажассамлаштирилган бир воқеа бўлган. 1379 йили Урганч қамали шароитида Хоразм ҳокими Юсуф Сўфи Амир Темурни яккама-якка жангга чақиради. Соҳибкирон таклифни қабул қилиб, калъа хандағи олдига бир ўзи етиб келади. Ракиб чақиригидан тониб, жанг майдонига чиқмайди. Кўп ўтмасдан Амир Темур қароргохига Термиздан қовун келтиришади. Соҳибқирон олтин патнисда рақибига қовун юборади11. У эса қовунни сувга улоқтириб, патнисни мулозимларидан бирига совға қилади. Амир Темур Юсуф Сўфига Термиздан келтирилган қовунни юбориб, унга номардлик қилиб жанг майдонига чиқмаганлиги сабабли, номақбул хатти-ҳаракатига чуқур рамзий ишора қилади. Бу имода  мардлар шаҳридан келган қовунни еб, сенга ҳам озгина мардлик юқсин таъбиридаги шама ётарди. Бу воқеада Амир Темурнинг ботирлиги билан чуқур заковати ҳамда Термизга бўлган муносабати намоён бўлади. Воқеани таҳлил этиб, В.В.Бартольд Амир Темурнинг довюраклигини, шахсий жасоратини таъкидлаб, уни Европа рицарлари билан қиёслайди12.

Ғиёсиддин Алининг далолатига кўра, Амир Темурнинг Ҳиндистон юришида Лиховар шаҳрига юришидан аввал таслим бўлишни таклиф қилиб, элчи сифатида ака-ука саййидлар юборилади. Шаҳар аҳли сулҳ тузишга рози бўлади ва совға сифатида гапирувчи икки тўти юборади. Қизиғи шундаки, Амир Темур замонасида ёзилган, бизгача етиб келган манбаларнинг энг қадимгисида келтирилган бу воқеада Соҳибкирон атамаси биринчи марта ишлатилган13. Ҳижрий 801 йилнинг 21 ражабида – 1399 йил 29 мартида Ҳиндистон юришидан қайтаётган қўшин ўша давр манбаларининг тили билан айтганда, Термиз дарёси, яъни Амударё қирғогига етиб келади. Дарёнинг нариги қирғогида Соҳибқиронни Улуғбек, маликалар ва анъёну-акобирлар кутиб олишади. 22 ва 23 ражиб кунлари Амир Темур Термизда бўлади. 23 ражаб куни – 31 марта зафар кучган қўшин шарафига Термиз саййидлари катта тўй беришади. Эртаси куни ғолиб қўшин сафарини давом эттиради.

Охирги марта Амир Темур Термизда хижрий 807 йил мухаррам ойида – 1404 йилнинг июлида, ғарбий мамлакатларга юришидан қайтишда бўлган. Тарихимизнинг заҳматкаш тадқиқотчиси, академик Бўрибой Аҳмедов шундай ёзади: «дарёдан кемаларга тушиб ўтдилар ва Термизда, ҳар доимгидек, Худовандзода Алоулмулкнинг уйида тўхтадилар. Термизда бир кун дам олгач, хумоюн махкам яна йўлга чиқди»13. Ҳар келганида Амир Темур дунёни маърифати нури билан ёритган, мардлиги билдан ҳайратга солган шу табаррук маскан улуғларининг рухини шод қилиб, уларнинг қабрларини зиёрат қилган.

Темур ва темурийлар даврида бутун минтақада бўлганидек, Термизда ҳам тараққиётнинг юксак даражаси кузатилади. Мусулмон дунёси маънавиятида Ҳаким ат-Термизий мероси чуқур из қолдирган, лекин унинг оммавийлаштирилиши Амир Темур даври билан боғлиқлиги назардан четда қолган. Ўша давргача Термиз ҳақидаги маълумотларда, жумладан, Ибн Баттута эсдаликлариларида ҳам Ҳаким ат-Термизий ҳакидаги маълумот берилмаган. Исломда анъана билан янгилик ўртасидаги кураш мутаасиблар билан тасаввуф намояндалари ўртасидаги муносабатларда акс топган. Термиз ҳақидаги барча хабарларда Исо ат-Термизий тўғрисида маълумотлар келтирилган ҳолда, Ҳаким ат-термизий шахси эсланмаслиги шаҳарда анъанавий ислом вакилларининг устундигини билдиради. Амир Темур даврида бу ҳол ўзгарди. Ҳозиргача сақланиб қолган Ҳаким ат-Термизий мақбарасининг асосий қисми ҳижрий 792 йилнинг рамазон ойида – мелодий 1390 йилнинг август-сентябрида қуриб битказилган15. Худди шунингдек, Султон Саодат мажмуаси таъмирланиши ҳам бевосита Соҳибқирон шахси билан боғлиқдир.

Амир Темур севган шаҳарга унинг авлодлари ҳам алоҳида муносабатда бўлганлар. Халил Султон хижрий 810 йилда - 1407 йилда Эски Термизни таъмирлаш учун бош амири Оллоҳдод рахбарлигида қўшинларининг бир қисмини шаҳарга жўнатди. Натижада эски Термизда ҳам шаҳар ҳаёти тикланади. 

Улугбек ҳаёти ва фаолиятида Термизийларнинг фаол иштироки кузатилади. 1410 йилда Мовароуннаҳрда Улугбек хокимиятига қарши исён кўтарилади. Ўзига содиқ бўлиб қолган Термиз қўшини билан Улуғбек отасинининг кўмагида хокимиятини тиклайди. Шаҳрисабзда 1437 йилда барпо этилган «Авлоди Муборак» макбараси Термиз саййидларининг етакчиси «Султон Содот» Абу-л Маалига атаб қурилган. Улуғбекнинг ўғли Абдуллатиф эса имом Термизий мақбарасини қурдиради.

Баъзи маълумотларга кўра, Амир Темур қизи Султон Бахтбегимни саййид Ҳасанга узатган Бу маълумотни тасдиклашга ёки инкор қилишга ҳозирча асосимиз йуқ. Лекин манбаларда темурий шахзодалар, жумладан, Мовароуннахр хукмдори Султон Абу Саъид, Аҳмад ибн Саййид, Султон Маҳмуд, Бобур ва унинг авлодлари Термиз саййидлари хонадони вакилларига уйланганлиги тўлиқ тасдиқланади16.

Темурийлар даврида худуди тўрт баровардан кўпроқ кенгайган Термизда маҳаллий хокимият саййидлар томонидан бошқарилган. Темурийлар давридаги охирги Термиз хокими Саййид Хусайн Акбар Бобурга қушилиб Ҳиндистон кетади. Темурийлар хокимияти XVI асрнинг 80-йилларигача сақланиб қолган Бадахшонда Термиз саййидлари ғоявий раҳномалик қилишади.

Хуллас, Амир Темур салтанатида мардлар шахри Термиз ҳам, Термизийлар ҳам, ўзининг муносиб ўрни ва салоҳиятига эга бўлган.

 

                         АДАБИЁТЛАР:

1.    Иброҳимов Н. Ибн Баттута ва унинг Ўрта Осиёга сайёхати. –Т., 1993, 73-бет.

2.    Семенов А.А. Происхождение термезских сейидов и их древняя усыпальница «Султан-Садат». –Т., 1914. –С.17.

3. Иброҳимов Н. Ибн Баттута... –74-бет.

4.    Руи Гонзалес де Клавихо. Дневник путешествия в Самарканд ко двору Тимура (1403-1406 гг.). –М., 1990.-С.100.

5. Ислам. Энциклопедический словарь. –М., 1991. –С.64.

6.Мирзаев Ж. Термиз саййидлари // Мулоқот, 1997. №6, 47-бет.

7.Темур тузуклари. –Т., 1993. –77-бет.

8.Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. –Т., 1994. –202-бет.

9.Семенов А.А. Происхождение... –С.12.

10. Низомиддин Шомий. Зафарнома.-Т., 1996, 90-бет.

11.Низомиддин Шомий. Зафарнома.-Т., 1996, 110-бет.

12.Бартольд В.В. Улугбек и его время. Собр. соч. в IX т. Т.II. Ч.2. - М., 1964. –С.52.

13.Гийасаддин Али. Дневник похода Тимура в Индию. –М., 1958. –С.127.

14.Аҳмедов Б. Амир Темур. –Т., 1995. –559-бет.

15.Настич В.Н. Шах-Фазил: мавзолей или суфийская ханака? //Суфизм в контексте мусульманской культуры. –М., 1989. –С.287.

16.Азамат Зиё. Ўзбек давлатчилиги тарихи. –Т., 2000. -338, 341-бетлар.

 

Izoh qoldirish