06.01.2023

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ФИҚҲ ИЛМИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

      Ҳаким Термизийнинг фиқҳга оид қарашларини фуруъ ва усул ал-фиқҳ кесимида кўриб чиқиш муҳим ҳисобланади. Зеро, унинг ҳанафий фиқҳига оид ўзига хос қарашлари фиқҳ илми тараққиётида муносиб ўрин тутган.

        Термизий фиқҳ мавзусига доир бир қанча китоб ва рисолалар таълиф этган. Аммо унинг фиқҳга доир асарлари анъанавий фиқҳий асарлардан услуб, баён, мақсад, таркиб жиҳатидан фарқ қилади: биринчидан, унинг асарларида шариат талаблари доирасида бирор амални бажаришдан банда оладиган руҳий маънавий фойдалар тасвирига кўп урғу берилади, иккинчидан, ибодатларнинг буюрилиш сабаблари عللочиб берилади; учинчидан, қилинган амалларни беҳуда қиладиган маънавий иллат ва нуқсонлар муолажа қилинади.

        Термизийнинг фиқҳий асарлари ҳам тасаввуфий руҳият билан йўғрилиб, уларда маънавий баркамоллик ва руҳий камолот масалалари устун туради. Термизий бирор амални фақатгина зоҳиран бажариб, ундан кутиладиган савобларнигина эмас, балки киши шу амални бажариш вақтида маънавий ҳолатини ислоҳ қилиш билан улкан ютуқларга эришиши ёки носоғлом маънавияти билан қилинган амал савобини йўққа чиқариши мумкинлигини мисоллар билан ўз асарларида тасвирлаб беради. Унинг шундай қарашлари туфайли ҳозирги кун ислом уламолари асарларида “тасаввуфий фиқҳ” атамаси муолмалага киритилган. Жумладан, Миср собиқ муфтийси Али Жумъа ўз маърузаларида зоҳирий фиқҳ ва тасаввуфий фиқҳни фарқлаган. Тасаввуфий фиқҳ ўз навбатида ботиний фиқҳдан бошқа эканини кўрсатиб берган. Шунингдек, айнан Ҳаким Термизий шу масалани ўз даврида биринчилардан бўлиб илмий асослаб чиққанлигини таъкидлаган. Масалан, “таҳорат” фиқҳий жиҳатдан муайян аъзоларни поклаш бўлса, суфиёна фиқҳ нуқтаи назаридан эса, у гуноҳлардан покланиш босқичидан бошланади.
        Али Жумъа Қоҳира шаҳрида Исломшунослик ва арабшунослик ва тасаввуф илмлари олий маъҳадида “Тасаввуфий фиқҳ” фанидан лекциялар ҳам ўқиган. Тасаввуфий фиқҳ, яъни шаръий аҳкомларнинг суфиёна талқини ҳақида Ҳаким Термизийдан кейин Имом Ғаззолийнинг “Иҳё” асарида, Имом Қасталонийнинг “Асрор ас-сиём” асарида муҳокама қилинган. Улардан кейин шу мавзуга мурожаат қилганлар ҳам шу мазмунда олдингилар йўлини тутганлар. Ҳаким Термизий “ал-Акёс ва-л-муғтаррун” (Зийраклар ва ўзига ром бўлганлар) асарида диний амалларнинг руҳий жиҳатига беписандларни “ўзига ром бўлган кишилар ўз ихтиёрларига эргашиб фарз амалларнинг шаклигагина қарадилар, беэътиборлик билан маромига етказмадилар”, дея тасвирлаб, “бу нафс ҳийлалари” эканини таъкидлайди. Шунингдек, таҳорат олиш мисолида бу мавзуни батафсил очиб беради: “Ўзига ром бўлган киши (муғтарр) таҳоратини бошлашда Аллоҳнинг исмидан чалғийди, сув билан ўйнайди, сувни кўп сарфлаб ҳаммаёғини хўл қилиб олиб, шу иши билан таҳоратини мукаммал қилмоқчи бўлади, у таҳорат одобларини четга суриб қўйиб, сув қуйишга кўпроқ аҳамият қаратади. Кўнгли шундан ором олади. Аллоҳнинг буйруғини тўлиқ бажарганлик ҳисси уни эгаллаб олади, ўз ичида ғурурлана бошлайди...

        Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бундайларни мазаммат қилади: “Динларини ўйин ва беҳуда нарса қилиб олган ва бу дунё ҳаёти алдаб қўйганлар” (Анъом, 70).

Буларнинг бари нафс кирдикорларидан, қалбларини гуноҳлари ўраб олгани ва нафслари уларни ғурурга етаклаганидандир”. Ҳаким Термизийга кўра ҳақиқий фиқҳ – қалб фиқҳидир. Диндаги фиқҳ эса, Аллоҳнинг мўмин бандаси қалбига солган нурдир. Бу гўёки йўл кўрсатувчи фонусга ўхшайди. Аллоҳ қалбини мунаввар қилган фақиҳ ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом ишора қилганлар: “Аллоҳ бандасига яхшиликни хоҳласа уни динда фақиҳ қилади”. Термизийнинг турли масалалар жамланган қўлёзма рисоласида “Илм ва фиқҳ фарқига оид масала” номли мазкур икки тушунча фарқланади: “Фиқҳ нарсанинг ўзидан бошқа нарсага далолат қилувчи маъноси орқали билишдир. Илм эса унга нарсаларнинг борича намоён бўлишидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло илм билан сифатланади, фиқҳ билан эса сифатланмаган ва бу нарсанинг ўзидан бошқаси далолат қилувчи маъноси орқали билишдир. Бу – (илм ва фиқҳ) унинг учун ўхшаш тушунчалар бўлсада. Яратиқларни далолат қилаётган маъноси билан англаган кимса Яратганни англаши, дунёни далолат қилаётган маъноси билан англаган кимса охиратни англаши шундан бўлмайдими!? Шу сабаб, илм ва фиқҳ ўртасида фарқ бор, гарчи, иккови моҳиятан бир маънога ишора қилса ҳам. Чунки илм унга нарсаларнинг борича намоён бўлишидир. Фиқҳ эса нарсани ундан бошқа нарса орқали даллиллаб, хулоса чиқариш орқали англашдир. Шунинг учун, “Аллоҳ олимдир” дейилади,
“фақиҳ” дейиш эса ножоиздир. Чунки, Аллоҳ таоло нарсаларнинг Унга борича намоён бўлганидек билади (яъни қандай бўлса, шундайлигича билади, ўйлаб, хулоса қиқариш орқали эмас). Шунингдек, Уни ҳикмат билан васф қилиш ҳам жоиздир”.
 
          Ҳаким Термизий ҳанафий муҳитида вояга етиб, мазҳабдаги усул қоидаларини такомиллаштириш бўйича ҳам ўз таклифларини берган. Хусусан, ўз муҳитида шаръий ҳукмларнинг далилларини ўрганиб, қиёс методологияси бўйича ўз қарашларини ифода этган. Жумладан, “Китаб ал-фуруқ” асарининг “Муқояса ва мушокала фарқи” бобида қуйидагича ёзади: “Муқояса қилиш фаросат нури ила ҳикмат усулларини кўра олган бандага хос. Қачонки унга фаръий масалалар олиб келинса, уларнинг ар бирининг аслини (ўзагини) кўра олади. Масала қаердан чиқиб келганини билади, уни асл ўзагига томон олиб борали, мана шу “муқойис”, яъни қиёсчидир”. Луғатда ( قاسўлчамоқ, таққосламоқ) ва ( ساقҳайдамоқ, юбормоқ) бир маънодадир. Илло улардан бири бир ўринда иккинчиси бошқа ўринда қўлланади. Бу каби мисоллар кўп, масалан مدحва حمد, شكرва كشر, علمва .عملИнсон кўксидаги илм унинг қалбидаги нарсанинг аломати, тана аъзоларининг амали эса инсон кўксидагининг аломати, демак иккови ҳам аломатдир. Худди шундай قاسва ساق. سائقСа’иқ (ҳайдовчи) ўз турдошларидан ажралиб қолган нарсани ўз аслий манбасига ҳайдайди, قائسқоис (қиёсловчи) эса ўз аслидан ажралиб чиққан фаръий масалани қиёслайди. Бу ўринда у ўз асли ва манбасига бегона бўлиб кўринади. Бу худдики, ток дарахтига ўхшайди. Чирмашиб кетган новдаларнинг асоси қаердан келаётганини ҳамма ҳам кўра билмайди. Шоҳлар ўсиб чиққан ўзакни мушоҳада қила олмаган, масалани ўз аслига қайтаришни ҳам била олмайди.

          Қиёс – фаръий масалани аслига қайтаришдир. Бу эса, Аллоҳ бандаларига ато этган мукаммал ботиний ҳикмат билан бўлади, зоҳирий ҳикмат билан эмас”. Ҳаким Термизий «ал-Акёс ва-л-муғтаррун» китобида қиёс масаласига яна қайтади. Асарда қиёсни нотўғри ишлатилиш ҳолатига баҳо беради: “Улар (айрим фақиҳлар) баъзи масалаларни кўриб, уни “қиёс” деб номладилар ваҳоланки уни бузиб, бошқа томонга буриб юбордилар. Айтдиларки, киши агар намозда такбир (Аллоҳу Акбар) айтмасдан, Аллоҳнинг бирор исмини ёки сифатини айтиб қўйиб бошласа жоиз. Дедиларки, Аллоҳу Ажалл, Аллоҳу Аъзам (билан намозни бошласа) барчаси жоиз дедилар. Буни қурбонлик ва эҳром масаласига ўхшатдилар ва “мана шу – қиёс” деб даъво қилдилар. Ваҳоланки, буларнинг ўртасида катта фарқ бор. Бу қиёс эмас, балки бу мушокала. Қиёс – масалани ўз аслига қайтаришдир. Кибр Аллоҳга хос, агар банда Аллоҳнинг амрини бажармаса кўнглида кибр пайдо бўлади. Аллоҳнинг амрини кибрланиб тарк этади... Банда (намоздан олдин) “Аллоҳу акбар” деб, кибр-буюкликни Аллоҳга нисбат беради, ўзидан нари қилади. Агар Аллоҳу Аъзам, Аллоҳу Ажалл деса
ҳам ҳақ гапни айтган бўлади, аммо ўрнида айтмаган бўлади... Бир киши гуноҳ қилиб, “Алҳамду лиллаҳ” деганидек. Бу гап ҳам ҳақ, аммо бу жойда истиғфор айтилиши ўринли бўлади. Агар бу ўринда истиғфор ўрнига ҳамд айтса, тавбаси қабул бўлмайди. Намоз банданинг хатолари ва ёмокликларига каффорат бўлиши учун жорий қилинган. Агар намоз банданинг нафсидаги кибр билан адо этилса, у ёмонликка айланади”.

         Ҳаким Термизийнинг “Исбот ал-илал”, “ал-Ҳажж ва асроруҳу”, “Сабаб такбир ли-с-солат”, “Шарҳ ас-солат ва мақосидиҳо”, “Кайфийят ал-вудуъ”, “ал-Масаил ал-афина” асарлари айнан фиқҳий масалаларга бағишланган бўлса, “ал-Фуруқ”, “Баён ал-фарқ”, “ал-Акёс ва-л-муғтаррун”, “ал-Ҳуқуқ” ва бошқа асарларида бошқа мавзулар билан боғлиқликда кўриб чиқилган. 

      Ҳозирги кунда Ҳаким Термизийнинг “мақосид аш-шариа” мавзусига доир фикрлари тобора долзарблик касб этиб бормоқда. Мақосидий қарашлар бугунги кунда “васатия” – динда ўртамиёналик тамойилини ёйишда муҳим ўрин тутади. Мақосид аш-шариа – ислом ҳукмлари ортида турган ҳикмат, мақсадлар, ғоялар, сабабларни баён қилади. Ислом фиқҳи назариётчиларга кўра, “мақосид аш-шариа” – инсоният манфаатини ифода этишдир. Ҳаким Термизийнинг “Шарҳ ас-солат ва мақосидиҳа” китоби бу борадаги илк асар бўлган эди9. Қуйидаги бошқа асарлари Термизийнинг илк тизимли “мақосидий фақиҳ” бўлганини тасдиқлайди: “ал-Ҳаж ва асроруҳу”, “Сабаб ат-такбир фис-сола”, “Илал аш-шариа”. “Исбот ал-илал” китобида Термизийнинг мақосидий қарашлари яққол намоён бўлади. Гарчи Термизий “мақсад” сўзини кўп қўлламаса ҳам, айнан шу маънони берувчи “асрор”, “қасд” каби сўзлардан унумли фойдаланади. Термизийнинг “Исбот ал-илал” китобини ёзишидан мақсади қуйидагиларда
намоён бўлади: биринчидан, диндаги ҳар бир ҳукмнинг мақсади, сабаби (иллат), ҳикмати бўлади ва албатта инсон уларни англаб ета олади, шуни тушунтириш; иккинчидан, айнан қайси иллат – сабаб у ёки бу ҳукм (амр ва наҳй) орқасида турганини амалий кўрсатиб бериш10. Термизий ҳукмларнинг иллатини билишда қуйидаги асосларга таянади: 1) луғавий, 2) нақлий, 3) завқирфоний11 ҳамда 4) мантиқий-изчиллик усули. Термизийнинг шариат мақсадлари ҳақидаги қарашлари кейинги даврларда шу йўналишда ижод қилган мусулмон уламоларига туртки берган: Мотуридий, Шоший, Имом Жувайний, Ғаззолий, Иззуддин Абдуссалом, Қарофий, Шотибий ва бошқалар. Исломнинг замон билан ҳамнафас бўлиши, халқаро ҳуқуқий меъёрлар билан мутаносиблиги, бирёқлама қарашлар чегарасида чекланиб қолмаслиги учун ҳукмларнинг мақсадига эътибор бериш орқали татбиқ этиш ғояси ҳозирда ҳар қачонгидан кўра долзарблик касб этмоқда. Ҳаким Термизий илк назарий асосларини қўйиб берган мақосид аш-шариа тушунчаси исломни янгилаш, модернизация қилишга интилаётган бугунги кун мусулмон олимларининг асосий қурол-воситаси бўлиб қолмоқда. 


ИБРОҲИМ УСМОНОВ
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти докторанти,
т.ф.н., доцент. 


 

Izoh qoldirish