ШАМС ТАБРЕЗИЙ ҲАЁТИГА БИР НАЗАР (1185-1248)
Шамс Табрезийнинг асл исми Муҳаммад ибн Али Маликдод Табрезий бўлган. Халқ ичида ва манбаларда Шамсиддин ёки Шамс Табрезий лақаби билан тилга олинади. Шамсиддин Муҳаммад Табрезий 582/1185 йили Табрез шаҳрида савдогар оиласида дунёга келган. Отаси исми баъзи манбаларда Жалолиддин деб келтирилади. Онаси ҳақида маълумот берилмаган. Бироқ унинг асарларидан ота-онаси ҳалим ва фазилат соҳиби бўлганлиги билинади. Отаси гилам тўқишлик ва унинг савдоси билан Шамсиддин Табрезийни вояга етказган. Шамсиддин Табрезий ёшлигидан илму ирфон ва тасаввуф адабиётига қизиқиши баланд эди. Кўплаб диний-тасаввуфий манбаларни ўқиб ушбу соҳада назарий илмларини мукаммаллаштиради.
Дастлабки шариат ва тариқат илмларини Шамс Табрезий ўз замондоши Шамс Хунжийдан олади. Кейинчалик тасаввуф илми борасида Саллабоф тахаллуси билан машҳур бўлган Рукниддин Муҳаммад Сужосийдан илм ўрганади. Шамс Табрезий маноқиби борасида Жалолиддин Румий, Султон Валад, Шамсиддин Афлокий каби зотлар маълумот берган. Бироқ мукаммал бир тарзда ҳаётини ёритувчи манба бизгача етиб келмаган. Шамс Табрезий бутун умрини тариқат сир-асрорларини ўрганиш учун сафарларда ўтказган. Сафар асносида қаерга бормасин фақир талабаларга мактаблар очиб ҳеч қандай маошсиз уларга таълим тарбия берарди. Шамсиддин Афлокий у кишининг сафарлари ҳақида қуйидагиларни “Маноқибул орифин” асарида ёзади: جماعت مسافران صاحبدل او را پرنده گفتندی جهت طی زمینی که داشتهاست[1]
(Бир жамоа фазилат аҳли бўлган мусофирлар у кишини кўп сафар қилганлиги учун: қушга ўхшатардилар).
Дарҳақиқат Шамс Табрезий умри давомиди юртларни кезиб, Аллоҳнинг қудратини махлуқотларда ва табиий неъматларда мушоҳада қиларди.
Юқорида таъкидлаганимиздек Шамс Табрезий ҳақида манбаларда маълумот жуда кам. Лекин “Ибтидонома” ва “Рисолаи Сипаҳсолор”да таржимаи ҳоли, илмий-адабий фаолияти ва шогирдлари ҳақида маълумот берилган. “Рисолаи Сипаҳсолор” асарида айтиладики: هیچ آفریدهای را بر حال شمس اطلاعی نبوده چون شهرت خود را پنهان میداشت و خویش را در پرده اسرار فرو میپیچید[2]
(Ҳеч бир махлуқ унинг шарҳи ҳолидан воқиф эмасди. У доимо шуҳратпарастликдан қочарди ва ўзини сирлар пардасига пинҳон тутарди).
Гарчи Шамс Табрезий ҳақида маълумотлар кам бўлса-да ўз “Мақолот”ида ҳаёти, фаолияти, шахсияти ва қарашларига очиқ ишора қиладики, бу бевосита янги таржимаи ҳолини тиклашга ёрдам беради. Масалан отаси ҳақида айтади: این عیب از پدر و مادر بود که مرا چنین به ناز برآوردند (Ота онамнинг айби шу эдики, мени ёшликда эркалатиб тарбиялаганлар). Ёки бошқа жойда: [3]نیک مرد بود… الا عاشق نبود، مرد نیکو دیگر است و عاشق دیگر… (Отам яхши инсон эди, лекин ошиқ эмасди. Чунки ошиқ киши билан яхши инсон ўртасида фарқ бор).
Демак бундан билинадики, отаси фазилатли шахс бўлган, бироқ тасаввуф аҳлидан бўлмганлиги учун Шамс Табрезий шундай таърифлаяпти.
Ўз таржимаи ҳолига дахлдор бўлган яна бир муҳим маълумот отаси билан бўлган муносабатни қуйидагича изоҳлайди: پدر از من خبر نداشت. من در شهر خود غریب، پدر از من بیگانه، دلم از او میرمید. پنداشتمی که بر من خواهد افتاد. به لطف سخن میگفت، پنداشتم که مرا میزند، از خانه بیرون میکند[4]
(Отам менинг ҳолимни билмасди. Мен ўз уйимда ғариб эдим. Отам менга бегонадек муносабатда эди. У кишининг важоҳати ва сиёсатидан ҳайқиб турардим. Мен билан эҳтиёткорлик ва лутф билан суҳбат қурарди. “Отам мени ҳозир ўради ва уйдан ҳайдайди”, - деб ўйлардим.
Яъни, бу ерда отаси билан муносабати ёмон бўлмаган балки буни қалби билан боғлиқ сир деб тушуниш керак. Валий зотлар ота-онанинг розилигисиз валий бўлолмайди. Шамс Табрезий ва отаси билан бундай ҳол содир бўлиши амри маҳол. Чунки бу зот юқорида отам илоҳий муҳаббатга шайдо зот эмасди, балки фазилат соҳиби эди, - деб айтганди. Энди бу ерда тескари фикрни билдириши мантиқга ҳам тўғри келмайди. Бу ердаги асосий мақсад отаси ўғлининг муҳаббатга лиммо-лим қалбидан огоҳ бўлмаганидир. Шунинг учун қалбидаги сир-асрорларидан суҳбат қилолмасди. Балки отасининг суҳбатлари ота ва фарзанд ўртасидаги муносабат эди холос. Ушбу масалани тўғри англамаган киши нотўғри фикрга бориши табиий ҳол.
Устозлари борасида ўзининг “Мақолот” асарида қуйидаги мутафаккирларни зикр этади.
Шамс Хунжий;
Шайх Рукниддин Муҳаммад Сужосий;
Шиҳоб Ҳиравий;
Фахриддин Розий;
Авҳадуддин Кирмоний;
Муҳйиддин ибн Арабий каби зотларни айтий мумкин.
Шамс Табрезий асарларида Муҳйиддин ибн Арабий, Авҳадуддин Кирмоний ва Фахриддин Розийдан кўп таъсирланган.[5]
Шамс Табрезий ва Жалолиддин Румий ўртасидаги муршид ва муридлик муносабати ҳам кўплаб асарларда турлича талқин билан келади. Бу борада ишончли манбалардан бири Шамсиддин Афлокийнинг “Маноқибул орифин” асари саналади.
Маълумки, Шамс Табрезий сайру саёҳат қилишни яхши кўрарди. Шундай сафарлардан бирида 1244 йили Куния шаҳрига йўл олади. У ерда машҳур мутафаккир Жалолиддлин Румий билан учрашиб, суҳбат давомида бир-бириларидан маъно қидира бошлайди. Ушбу ҳолатни тил билан эмас дил билан бир-бирига изҳор этади. Жалолиддин Румий Шамс Табрезий билан учрашишдан олдин мадрасаларда фиқҳ ва шариат илмларидан дарс бериб юрарди. Бу ҳолдан сўнг Шамс Табрезийга мурид тушиб дарс беришни тўхтатади. “Маноқибул орифин” асарида Жалолиддин Румий тўрт мадрасада дарс бериши билан бирга кўплаб улуғ уламоларга ҳам дарс бергани таъкидланган.[6] Куния аҳли учун Жалолиддин Румий мадрасаларда дарс беришини тўхтатиб Шамс Табрезийга мурид тушиши ғаройиб бир ҳол деб туюлди. Зеро шу даврда замондошлари ичида Жалолиддин Румий машҳур олимларидан бири эди. Шунинг натижасида Шамс Табрезий ҳазратларига нисбатан баъзи кишилар нафрат қила бошлайди. Бу ҳолни пайқаган Шамс Табрезий Куниядан Шомга сафар қилади. Мавлоно Жалолиддин Румий ўз муршидига шунча боғлангандики, ўғли – Султон Валад ва муридларини Шомга жунитиб яна Кунияга олиб келишни буюради. Шамс Табрезий қайтгач, зикр мажлиси, илоҳий муҳаббат борасидаги қалбдан суҳбатлар яна давом этади. Бироқ бу шодлик кўп давом этмади. Баъзилар Шамс Табрезийга нисбатан фитна қила бошлайди. Ҳазрат бу ҳолни кўриб сабр қиларди ва Аллоҳга таваккул қилиб, зикрга боғланганди. Лекин бу ҳол охир-оқибат Шамс Табрезий қалбига қаттиқ ботди ва Мавлавий Румийга шундай деди: سفر کردم آمدم و رنجها به من رسید که اگر قونیه را پر زر کردندی به آن کرا نکردی، الا دوستی تو غالب بود… سفر دشوار میآید، اما اگر این بار رفته شود چنان مکن که آن بار کردی[7]
(Сафардан қайтиб келишимда азият чекдим. Агар мен учун Куния заминларини зар билан тўлдирилса ҳам келмасдим. Илло сени дўстлигинг бу ерга келишимга сабабчи бўлди. Сафар машаққатдир, аммо агар бу сафар шундай бўлса, одам жунатиб сарсон бўлмангиз).
Шамс Табрезий муридлари қаторида Султон Валад ҳам жой олганди ва уни қаттиқ яхши кўрарди. Шунинг учун бир сафар Шамс Табрезий Султон Валадга қараб қуйидаги байтларни айтди:
خواهم این بار آنچنان رفتن
که نداند کسی کجایم من
همه گردند در طلب عاجز
ندهد کس نشان ز من هرگز
سالها بگذرد چنین بسیار
کس نیابد ز گرد من آثار
Мазмуни: Бу сафар шундай жойга бораманки, ҳеч ким борган жойимни билмасин. Мени қидиришдан одамлар ожиз бўлиб қолади, ҳатто нишон тополмайди. Йиллар сайин шундай ўтар ва ҳеч ким мендан асар топмайди.
Шамс Табрезий шу билан қаерга сафар қилиши ва қаерни маскан тутиши ҳақида манбаларда маълумот учрамайди. Баъзи манбаларда Шамс Таберзий Озарбойжоннинг Хуй шаҳрига боргани ва у ерда умрининг охиригача яшагани айтилади. Фасиҳ Хавофий “Мужмали Фасеҳий” асарида шундай дейди: وفات مولانا شمسالدین تبریزی مدفوناً به خوی (Мавлоно Шамс Табрезий Хуй шаҳрида дафн этилган). Аммо эътиборга молик маълумотлардан бири Фариддунбекнинг “Муншаотус салотин” асарида келади: Усмоний подшоҳлардан Сулаймон I Табрездан қайтаётганда Шамс Табрезий қабрини аскарлари билан Хуй шаҳрида зиёрат қилганини ишора қилиб ўтади. با حضرت سرعسکر سوار شدند و به زیارت مزار شریف حضرت شمس تبریزی مشرف گردیدند[8] (Лашкарбоший билан отга миниб Шамс Табрезий мозорини зиёратига мушарраф бўлдилар).
XV асрнинг атрофларида Хуй шаҳрида Шамс Табрезий мақбараси бино этилган ва буни Муҳаммад Али Муваҳҳид Шамс Табрезий қабри шу ерда эканлигини яна бир бор исботлайди, - дейди. Бугунги кунда ушбу мақбара мавжуд бўлиб, сайёҳларга гавжум жой саналади ва кўплаб мусулмон аҳли зиёратига боришади. Мақбарада иккита гумбаз (минора) бор. Табиий офатлар натижасида гумбазлардан бири қулаб тушган. Аммо Шамсиддин Афлокий “Маноқибул орифин” асарида Шамс Табрезийнинг қабри Кунияда эканлигини ишора қилиб ўтади.[9] Турк олимлари Шамс Табрезий қабри Кунияда эканлиги ҳақиқатга яқиндир, - дейди. Эронлик олимлардан Бадиузамон Фурузонфар ва Муҳаммад Али Шамс Табрезий қабри Хуй шаҳрида эканлигини инкор этишади[10].
Бироқ бу масалада Франклин Луис айтадики, гарчи Хуй шаҳрида Шамс Табрезий дафн этилгани ҳақида манбаларда асосли маълумотлар бўлмаса ҳам бу ерда дафн қилинмаганлиги ҳақида ҳам асосли маълумот учрамайди. Чунки ушбу мақбара Шамс Табрезийга атаб 1400 йил бино этилган. Шунинг учун Хуй шаҳрида вафот этганлиги тарихий ҳақиқатга яқиндир.[11] Али Ризо Муқаддам ҳам Шамс Табрезий қабри Хуй шаҳрида воқеъ бўлган деб, - таъкидлашади.[12] Бугунги кунда Шамс Табрезийнинг мақбараси обод этилиб, кўплаб зиёратчилар ташриф буюрадиган жойга айланган. Шамс Табрезий бутун умрини шариат ва тариқат асосида ўтказиб, кўплаб шогирдларни вояга етказди. Жалолиддин Румий, Султон Валаддек зотларни руҳий тарбиялашда Шамс Табрезий ҳиссаси муҳим. У зот қол билан эмас балки ҳол билан азиз бўлди. Гарчи баъзи замондошлари бу кишининг қарашларига ва шахсиятларига нафрат билан қараб фитна қилган бўлса ҳам, лекин Аллоҳ таоло азиз қилган бандаси бўлганлиги учун номи ҳам асарлари ҳам қалбларда боқий қолди. Бу эътирофни Румийдек зотлар баён этилган бўлса, шубҳа қилишга ўрин қолмайди.
چون حدیث روی شمس الدین رسید
شمس چارم آسمان سر در کشید
واجب آید چون که آمد نام او
شرح کردن رمزی از انعام او[13]
Мазмуни: Шамс Табрезий ҳақида сўз очилганда, тўртинчи осмоннинг қуёши юзини очди. Унинг номини зикр этиш ва берилган (маънавий) неъматларининг рамзини шарҳлаш вожибдир.
Бу зот муборак ҳаётини илоҳий муҳаббат ва валийларга хос сир-асрор билан ўтказди. 1248 йил фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилди.
Жамаҳматов Каромиддин - Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими катта илмий ходими
[1] مناقبالعارفین، ج ۲، ص ۶۱۵
[2] محمدعلی موحد، شمس تبریزی، تهران ۱۳۷۵
[3] مقالات، ۷۴۰
[4] مقالات، ۷۴۰
[5] شمس تبریزی، محمدعلی موحد، ص ۸۳–۱۰۵
[6] مناقبالعارفین، ج ۲، ص ۶۱۸
[7] مقالات شمس، ج ۲ ص ۲۶۷
[8] محمدامین ریاحی، تربت شمس تبریز کجاست؟، چهل گفتار در ادب و تاریخ و فرهنگ ایران، ص ۲۷۶
[9] لوئیس، مولوی، ۲۷۵
[10] لوئیس، مولوی، ۲۷۵.
[11] لوئیس، مولوی، ۲۷۵.
[12] «نگاهی به قدیمیترین سند دربارهٔ وجود مقبرهٔ شمس در خوی». خویآنلاین. ۲۹آبان ۱۳۸۹. بایگانیشده از اصلی در ۱ ژوئن ۲۰۱۲. دریافتشده در ۶ سپتامبر ۲۰۱۵.
Izoh qoldirish