09.01.2023

ФАХРУДДИН ЎЗГАНДИЙНИНГ ХАЛҚАРО ГУМАНИТАР ҲУҚУҚҚА ОИД ҚАРАШЛАРИ

Барча даврларда башарият учун энг муҳим масала тинчлик бўлиб, уни таъминлаш борасида ҳар бир давлат турлича вазиятни бошдан кечирган: бири ўз халқи тинчлиги учун бошқа юртларга ҳужум қилган бўлса, яна бири бу каби жараёнларда бевосита жабрланувчига айланган. Уруш масаласи турли даврларда турли нормалар билан тартибга солинган. Хусусан, қадимги даврларда Ҳаммурапи қонунлари, Ману қонунлари, кейинчалик Тавротда келтирилган нормалар, Маҳабхорат эпосидаги мурожаатлар Қадимги Шарқ давлатларида уруш олиб боришда асосий йўриқнома, қонун қоидалар вазифасини бажарганлар. Хусусан бу борада Ҳаммурапи қонунлари муқаддимасида шундай дейилади: “Мен бу қонунларни ёвузларни йўқ қилиш, ер юзида қонунийликни таъминлаш, кучлилар кучсизларга зулм қилмасликлари..... учун ёзмоқдаман” Маҳабхоратда тилга олинган қуйидаги ибора эса, бевосита ўша давр учун уруш жараёнидаги қоидаларни баён этади: “От аравада кетаётган киши пиёдага, ёки аксинча, пиёда от аравада кетаётган кишига ҳужум қилмайди. Ҳеч бир аравада кетаётган жангчи омадсиз пиёда жангчини қўрқитмаслиги ва уни мағлуб этмаслиги керак. Уруш ҳаракатлари фақатгина мулкни эгаллашга қаратилади” Кейинги даврларда эса, ислом динининг нозил бўлиши ва унинг тарқалиши кўплаб мусулмон араб давлатлари ҳамда фатҳ этилган ҳудудларда шариат қоидалари амалиётга жорий қилинишига сабаб бўла бошлади. Уруш олиб бориш тартиби, уруш ҳаракатлари қарши қаратилган объектлар, уруш ҳаракатлари қарши қаратилган субъектлар масаласи кейинги даврларда ислом динининг асосий манбаи бўлган Қуръони карим оятлари, Муҳаммад (с.а.в.) ҳамда саҳобаларнинг кўрсатмалари асосида мусулмон фақиҳлари томонидан ягона қолипга солиб чиқилди. Уруш масаласида Қуръони каримда шундай дейилади:


ّن ّ ٱللَ َلا يُ ِح ّب ْ ٱل ُم ْعتَ ِد َ ينَ وقَ ٰـتِلُ ۟ وا فِ َ ى سبِ ِ يل ّ ٱللِ ٱلّ ِذ َ ين يُقَ ٰـتِلُونَ ُك ْم َو َلا تَ ْعتَدُ ٓو۟ا ۚ إ


Сизларга қарши жанг қилувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз, (лекин) ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди (Бақара сураси, 190-оят).

Исломда урушлар динни ёйиш ёки ҳудудни мудофаа қилиш мақсадида олиб борилган. Ислом динининг тарқалиши учун бўлиб ўтган бир қанча жанглар
ислом тарихида футуҳот деб аталиб, мусулмон жангчилари ҳеч бир диёрга даставвал уч нарсани шарт қилмасдан жанг бошламаганлар. Исломий қоидага биноан, шаҳарлар ва давлатларга кириш учун уларнинг аҳолиси даставвал исломга даъват қилиниб, жизя таклиф қилинган ёки 3 кун муҳлат бериб жангга тайёргарлик кўрилган.

Бу хусусда юртимиздан етишиб чиққан фақиҳ Фаҳруддин Ўзгандий ўзининг “Фатавои Қозихон” асари “Китаб ас-Сияр” қисмида келтирилган маълумотларга кўра, мусулмонлар уруш ман қилинган ойларда жанг қилишлари мумкин эмас. Ушбу ойлар арабларнинг ой тақвимида келтирилган зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойларидир. Ушбу даврда урушлар асосан исломни ёйиш мақсадида олиб борилган шу боис уруш бошлашдан аввал душман тарафни исломга чақириш керак. Агар аввал исломга чақирилган бўлсалар ҳам такроран бу ишни амалга ошириш керак ва бу афзалдир.

Шунингдек, асарда келтирилишича, жанг ҳаракатлари қарши қаратилган ҳудуд дорул ҳарб бўлиши таъкидланади. Муаллиф бир ҳудуднинг нима билан дорул ҳарбга айланиши масаласига алоҳида тўхталиб, шундай дейди: “Ушбу масала бир жойнинг нима билан дорул ҳарбга айланишини билишга биноандир. Абу Ҳанифа р.ҳ.нинг фикрига кўра, бир диёр фақат 3 та нарса билан дорул ҳарбга айланади: (аҳли диндан қайтган шаҳарча) Дарул ҳарбга қўшилган бўлиши керак, (ўша шаҳарча) ва дорул ҳарб ўртасида мусулмонларнинг қўлида бўлган бирор-бир ер бўлмаслиги керак. У жойда дорул ҳарбнинг аҳолиси ўз ҳукмлари жорий этилган бўлиши керак. У жойда бирор-бир мусулмон ёки аввалги омонлик билан юрган зиммий қолмаслиги керак, ҳаттоки ўша аҳолиси диндан қайтган шаҳар ва дорул ҳарб ўртасида бир шаҳар бўлиб, унда мусулмонлар истиқомат қилсалар, ёки аҳли диндан қайтган инсонлар яшаётган шаҳарда бир мусулмон ёки аввалги омонлик билан юрган бир зиммий киши бўлса ҳам, бу шаҳар дорул ҳарбга айланмайди. Икки шогирдлари (Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад р.ҳ.)лар (фикрига кўра) агар ғайридинлар аҳолиси мусулмон бўлган шаҳар устидан ўз ҳукмларини юритадиган бўлсалар, қандай бўлишидан қатъий назар, ўша жой дарул ҳарбга айланади, деганлар.”

Юқорида зикр этилганидек, урушлар асосан исломни ёйиш ва давлатни мудофааси учунгина бўлгани боис, ундан бошқа масалаларда жанг бўладиган ҳолатларга муаллиф шундай тўхталиб ўтади: “Икки боғийлардан иборат гуруҳ ўртасига фитна тушиб, улар мол-мулк ва дунё учун урушаётган бўлсалар, (қолган) кишилар уйларида қолиб, умуман уларнинг ёнига чиқмасликлари керак.(Яъни уларга ёрдам бермасликлари керак – Н.М.) Шунингдек, агар икки қабила ўртасида ор-номус ва асабийлик орқасидан уруш келиб чиққан бўлса, бирор-бир киши учун икки қабила аҳлига ёрдам бериш жоиз эмас.” Исломий қоидага кўра, уруш даврида аёллар, болалар, мункиллаган қариялар ва ўзини динга бағишлаган бировга зиёни етмайдиган роҳибларни ўлдириш, қўй, сигир ва туяларни истеъмолдан бошқа сабаб учун қурбон қилмаслик шарт қилинади. Бу хусусда, Фахруддин Ўзгандийнинг масалага ёндашуви нисбатан батафсил бўлиб, унинг мулоҳазалари қуйидагича: уруш даврида аёллар, болалар, мункиллаган қарияларни ўлдириш қатъий тақиқланган. Фақатгина аёллар ва қариялар жанг қилсалар ёки ўша жойнинг маликаси ёхуд урушда фикрий жиҳатдан ўз таъсирига(стратегиясига) эга бўлсалар; болалар ўша жойнинг подшоси бўлиб, унинг ўлимидан аҳлининг руҳияти синса уларни ўлдириш мумкин. Ақли заифлар, уйида инсонлар билан мулоқотда бўлмайдиган роҳиблар, шунингдек оёқ қўли кесилган қўзи ожиз, ўнг тарафи(ўнг оёқ ва ўнг қўли) кесилган, фалажлар ўлдирилмайди. Модомики, улардан бирортаси жанг қилсалар уларни қатл қилишда гуноҳ йўқ.

Демак, қурол кўтариб қарши чиқилмаса юқоридаги субъектларга қарши жанг олиб бориш қораланади. Уруш қоидалари тўғрисида сўз борганда, БМТ томонидан қабул қилинган Женева конвенцияларини тилга олмай иложи йўқ. Ушбу конвенциялар ҳозирги замонда уруш қоидалари, уруш жабрдийдаларига гуманитар ёрдам кўрсатиш борасида асос вазифасини бажариб келмоқда. 1954 йил 12 августда қабул қилинган Женева конвенциясида кўрсатилган қоидаларга биноан, уруш даврида тинч аҳолига қарши жанг ҳаракатларини олиб бориш тақиқланади, уруш ҳаракатларини фақатгина ҳарбий объектларга қарши қаратиш мумкин таслим бўлган ва ёки уруш ҳаракатларида қатнаша олмайдиган душман тараф вакилини ўлдириш, жароҳатлаш мумкин эмас. Юртдошимиз Фахруддин Ўзгандийнинг урушни бошлаш шартлари қандай вақтларда уруш қилиш мумкин эмаслиги, жангда кимларга зиён заҳмат етказмаслик ҳақидаги фикр мулоҳазалари нафақат у яшаб ижод этган давр учун илғор, балки ҳозирги даврда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ва энг муҳими ҳозирги замон халқаро гуманитар ҳуқуқи нормалари билан ҳамоҳанглиги бизга фахр ва ифтихор баҳшида этади.


Таъкидлаш жоизки, ислом ҳуқуқида кўрсатилган нормалар бугунги кунда “ислом давлати” қуриш мақсадида турли террорчилик ҳаракатларини олиб бораётган экстремистик-террористик ҳарактердаги гуруҳларга ўз ўрнида раддия сифатида ўрганиш ҳамда, бу каби қоидаларнинг асли билан ёш авлодни
таништириш алоҳида аҳамиятга эга

 

 

НИЛУФАР МАНСУРОВА
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази таянч докторанти, Ўзбекистондаги Ислом
цивилизиацияси маркази илмий ходими

Izoh qoldirish