10.01.2023

НАЖМИДДИН КУБРОНИНГ ТАФСИР ИЛМИ РИВОЖИГАҚЎШГАН ҲИССАСИ

Бугунги кунда юртимизда, маънавий қадриятларимиз, хусусан, диний қадриятларимизни тадқиқ қилиш учун кенг имкониятлар яратилди. Шулар қаторида маънавиятимиз учун аҳамиятли бўлган кубравия, яссавия, нақшбандия тариқатларининг шаклланиш жарёни, тарихий ўрнини кўрсатиб берувчи бир қатор изланишлар олиб борилмоқда. Хусусан, тасаввуф адабиёти билан бир қаторда муттасаввуфларнинг тафсиршунослик ва хадисшуносликка оид асарлари холисона тадқиқ этилмоқда, тасаввуфнинг инсонпарварлик ғоялари билан уйғунлашиб, жаҳоншумул асарларнинг пайдо бўлишига туртки бўлгани кенг кўламда таҳлил қилинмоқда Тасаввуф ғоялари бир бутунликни ташкил этадиган умуминсоний маданиятнинг таркибий қисмидир. Тасаввуф тарихига назар ташлар эканмиз, ислом динидаги мазҳаблар ва қарашлар хилма хиллиги сўфийлар ҳаёти ва дунёқарашига таъсир этиб турганини кўрамиз.

Нажмиддин Кубронинг бой маънавий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш орқали тарихимиз, маданиятимиз, миллий қадриятларимизнинг нақадар мумтоз ва улуғворлиги, у зотнинг ҳаёти ўзлигини англаб етган инсон учун ибрат ва сабоқ эканлигини ҳис этилади. Нажмиддин Кубронинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Абулжанноб Нажмиддин ал-Ҳиқавий ал-Хоразмийдир. Шайх Нажмиддин (дин юлдузи), Шайхи валитарош (вилоятга етишадиганларни тарбияловчи), Абулжанноб (Аллоҳдан қўрқувчилар отаси), Шайх Кубро (улуғ шайх) унвонлари билан ҳам юритилади. Хивада таваллуд топган Нажмиддин ёшликдан ўз пирини излаб Мисрга боради ва Рўзбеҳон ал-Ваззон Мисрийга ҳам мурид, ҳам куёв бўлади. Сўнгра Табризга бориб, Абу Мансур Хафддан «шарҳу-с-сунан»ни ўрганади, Исмоил Касрийнинг қўлидан ҳирқа кияди. Мисрга қайтгач, Рўзбеҳоннинг тавсияси билан Хоразмга келиб, хонақоҳ қуради. Кубровийлик ёки заҳабийлик деб аталувчи тариқатга асос солган.

Нажмиддин Кубро қаламига мансуб илм-фаннинг турли соҳаларига оид асарлари мавжуд бўлиб, у бу асарлари орқали инсон поклиги, илоҳий маърифат учун кураш, дунёвийлик билан илоҳийликни уйғунлаштириш, мардлик ва маънавий юксалишдан сабоқ берди. Унинг қуйидаги китоблари мавжуд: «Таволиъ ут-танвир», «Ар-Рубоъийёт», «Сиррул ҳадас», «Рисола мин муаллафоти Нажмиддин Кубро», «Ал-усули ал-ашара» («Тасаввуфнинг ўн асоси»), «Рисола илал хоим ил-хоиф мин лавмати ил-лоим» («Маломат қилувчининг маломатидан қўрқувчи ошиқ рисоласи»), «Ҳидоят ут-толибийн» («Илм ўрганувчиларга тўғри йўл кўрсатиш»), «Адаб ул-муридийн» («Муридлар одоби»), «Сакинат ус-солиҳийн» («Солиҳларнинг сокинлиги, ороми»), «Минҳож ус-соликийн» («Соликларнинг ёруғ ва равшан йўли»), «Истилоҳ ус-суфиййа» («Тасаввуф истилоҳлари»), «Одоб ус-сулук» («Сулук одоби ҳақида»), «Айн ул-ҳаёт» («Ҳаёт булоғи»), «Тафсир ул-Қуръон» (12 жилдлик «Қуръон тафсири»). Нажмиддин Комилов ўзининг «Тасаввуф» асарида: «Нажмиддин Кубро - бизгача етиб келмаган «Тафсир» муаллифи ҳамдир» - дейди. Изланишларимиз натижасида шу нарса маълум бўлдики, Нажмиддин Кубронинг тафсирга оид асари мавжуд бўлиб, бу асарнинг номи «Ат-таъвилот ан-Нажмийя фит-тафсирил ишорий ас-сўфий» («Сўфийликка ишора қилувчи тафсир ҳақида Нажмиддин Кубронинг таъвили») деб номланади. Бу асарнинг қўлёзма нусхаси Байрутда «Дор ал-кутуб» кутубхонасида сақланади. Бу асар 2009 йил муҳаққиқ Аҳмад Фарид ал-Язидий томонидан таҳқиқ қилиниб, Ливаннинг Бейрут шаҳрида «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриётида чоп этилган. Асар олти жуз бўлиб, саҳифалар сони 2464 та ва ҳажми 17х24. Нажмиддин Кубронинг қўлёзма асари «Моида» сураси билан бошланиб, «Нисо» сураси билан тугалланган.

Туркиялик олим Абдулазиз Хотиб Нажмиддин Кубронинг ўн икки жилтлик тафсир ёзган. Айн ал-Ҳаёт Домот Иброҳим пошшо кутубхонасида бир жилди 153-рақам остида рўйҳатга олинган. Шу билан бирга ушбу шарх Нажмиддин Куброга нисбат берилган. Ҳасан Ҳусуннинг 37-рақамли Баҳруъл- Ҳаққоиқ деб номланган. Айрим нусхалари ат- Таъвилот ан-Нажмия номи билан ҳам бор. Бу нусҳалар барчаси бир хил талқинга эга]2[ Байрутли олим Ахмад Фарид Мазидий Баҳруъл-Ҳаққоиқ Нажмиддин Дояга (Нажмиддин Кубро шогирди) тегишли ат-Тавилот ан-Нажмия Нажмиддин Куброга тегишли деб такидлайди. Тафсир икки хил бўлиб, «Зоҳирий» ва «Ботиний» тафсирларга ажралади. «Зоҳирий» тафсирда оятларнинг луғавий маъносига эътибор берилса, «Ботиний» тафсирда оят калималарининг зоҳирий маъносидан ташқари ботиний маънолари ҳам борлигига эътибор қаратилади. Нажмиддин Кубронинг бу тафсир асари «Ботиний» йўл билан қилинган тафсирлар сирасига киради. Жумладан, «Бақара» сурасининг 269 - оятидаги «ҳикмат» калимасига тафсирда «пайғамбарлик ёки қуръон илми» деб ботиний маъно берилади. Ибн Аббос ҳам бу оят тафсирида «ҳикмат» калимасининг маъносини - «қуръонни тушуниш» деб маъно беради. Бу йўналишда кўплаб муфассирлар ижод қилишган. Жумладан, Абу Абдурахмон АсСаламийнинг «Ҳақоиқ ут-тафсир», Нийсобурийнинг «Ғароиб ул-Қуръон ва қароиб ул-Фурқон», Нажмиддин Доянинг «Баҳр ул-ҳақоиқ», Абу Муҳамммад Рузбаҳонийнинг «Ароис ул-баён фи ҳақоиқ ул-Қуръон» тафсирларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. 

Заҳабий ўзининг «Тафсир ва муфассирлар» асарида айтадики: «Нажмиддин Кубронинг «Таъвилоти Нажмийя» асари катта беш жилддан иборат». Бу асарнинг тўртта жилди Нажмиддин Куброга тегишли бўлиб, бешинчи жилдини шайхнинг шогирди Аҳмад ибн Муҳаммад Самноний (ваф. ҳ.836 й.) ниҳоясиги етказган. Бу икки муаллифнинг асарлари ўртасида мувофиқлик бор. Аммо мулоҳаза қилиб кўрилса Нажмиддин Кубро томонидан ёзилган асарда гоҳида зоҳирий маънодан йироқлашиб, ишорий маънога суянади ва уни бу оятга ишора қилади деб изоҳлаб кетади. Ишорий маъно тафсирни тушунишга жуда енгиллик туғдириб, оятларнинг ўртасидаги маънавий боғлиқликни мустаҳкамлайди. Аммо Самноний томонидан ёзилган асар сўфийлик
фалсафаси қоидаларига асослангани учун уни тушунишлик даражаси бироз мураккаблашган ва кўпроқ изоҳ талаб қилади. 

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, Нажмиддин Кубро нафақат тасаввуфий олим, комил муршид бўлибгина қолмасдан балки Қуръон ва тафсир илмини мукаммал эгаллаган буюк муфассирдир. Хоразмдан етишиб чиққан бу олимнинг нафақат тасаввуфга оид асарларлари, балки унинг тафсирга оид асарини ўрганиб, ҳалқимизга тақдим этиш барча тадқиқотчилар олдида турган буюк ишлардандир. Алломанинг нафақат илмий мероси, балки ҳаёт йўли, одамийлиги барчамиз учун юксак намунадир. 

 

АБДУМАЛИК ЭГАМОВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти
 

Izoh qoldirish