11.01.2023

ШАМС ТАБРЗИЙНИНГ “МАҚОЛОТИ ШАМС” АСАРИ

Шамс Табризийнинг асарлари. Шамсиддин Табризий бошқа ориф зотлар қатори ўз дави илмий-адабий муҳитида бой илмий мерос қолдиргани илм аҳлига сир эмас. “Мақолоти Шамс Табризий”  ва “Марғубул қулуб” асари мутафаккирнинг таасввуф йўналиши бўйича ёзилган муҳим асарларидандир.  Мазкур асарлар бугунги кунга қадар маҳаллий олимларимиз томонидан ўрагнилмаган. Эрон ва Туркияда Шамс Табризий маънавий мероси бўйича баъзи илмий тадқиқотлар амалга оширилгани таҳсинга лойиқ. Эронлик Табрийзишунос Аҳмад Хушгўй Шамс Табризийнинг “Мақолоти Шамс Табризий” асарини таҳқиқ, тасҳиҳ ва тадқиқ қилингани муҳим илмий қимматга молик. 

“Мақолоти Шамс Табризий” асари.  Ушбу асар Шамс Табризийнинг энг асосий асарларидан саналади.  Асар маъно-мазмун жиҳатидан тасаввуфий илмларни қамраб олади. Руҳий тарбия, комил инсон ахлоқи ва инсоний фазилатларни юксалтирувчи қарашлар ушбу асарнинг муҳим ғояларидандир. Муаллиф Қуръони Карим, Ҳадиси шариф, тасаввуф аҳли сўзлари ва ўзининг қарашларини орифона бир тарзда қоғозга туширилган. Шамс Табризий асарни руҳий ҳолатидан келиб чиқиб ёзилганлиги учун тил ва услуб жиҳатидан бироз мураккаброқ. Ирфоний атамалар тамсил санъатидан кўп фойдаланилган. Далил келтириш мақсадида ҳар бир сўзини асослаш учун Қуръони карим ва Ҳадиси шарифга мурожаат қилиши асарнинг илмий аҳамиятини оширган. Мутафаккирнинг турли ҳолларда ва турли зикр мажлисларида баён этилган ваъз-насиҳатлари ва қарашлари китобга киритилган. Таржимаи ҳоли борасида ҳам кўплаб жойларда ишора қилган. Шамс Табризий Ҳазрат Жалолиддин Румий ва бошқа муридлари ўртасида кечган дилдан суҳбатлари асарда гўзал бир тарзда баён этилган. Китоб мавзу-мундарижаси ҳақида эронлик олим Аҳмад Хушгўй қуйидагича ёзади:

کتاب مقالات عبارت از مجموع آنچه شمس الذین تبریزی در مجالس بیان کرده و سؤال جوابها یی که میانه او و مولانا یا مریدان و منکران رد و بدل شده است...[1]

(Шамсиддин Табризийнинг “Мақолот” китоби Жалолиддин Румий, муридлари ва инкор этувчилари ўртасида кечган савол-жавоблар ҳамда баҳс-мунозаралари жамланмасидир).

Аҳмад Хўшгўйнинг таъкидлашича баъзи тазкирачилар Шамс Табризийни фақат “бир дарвеш ва пири тариқат”, - деб билишган. Бироқ Шамс Табризий дейди олим – “Ўз замонасида етук раббоний олим, муршиди комил, зоҳирий ва ботиний илмларида пешво бўлган. Агар Шамс Табризий етук олим бўлмаганида Мавлоно Жалолидддин Румийдек буюк зотни тарбиялашга кучи етармиди? Бутун Мовароуннаҳр, Хуросон ва Шарқу Ғарбда шуҳрати достон бўлган Жалолиддин Румийнинг устози Шамс Табризий эканлигини унутмаслик лозим. Жалолиддин Румийни руҳий тарбия бериш учун Жалолиддин Румийдан ҳам илму ирфонда ва руҳий тарбияда комил бўлиш зарур эди.  Мана шундай зот – Шамс Табризий бўлган. Бир назар билан ўзига жазб этиш ҳақиқий орифларнинг каромати. Жалолиддин Румий ҳам ҳар кимни ўзига устоз, пири муршид ва “офтоби мутлақ”,  - деб  тан олмаган. Балки бу борада энг кўп тилга олингани Шамсиддин Табризий бўлган. Валийлик мақомини Шамс Табризий сир тутган, бироқ унинг қуёшли назари муридлар қалбига раббоний нур таратган. Шамс Табризий тоифасидаги валий зотлар “аласту бир-Робикум” хитобидан маст бўлган, улар зоҳирий илмларни ҳолга етишиш учун ўрганишган. Бу зотлар таснифдан кўра муридлар руҳий тарбиясига алоҳида эътибор беришган.[2]

Демак юқоридаги сўзлар Шамс Табризийни ўз замонасининг олими ва ориф зотларидан эканлигини  яна бир бор исботлайди. Бундан ташқари “Мақолоти Шамс” , Шамсиддин Афлокийнинг “Маноқибул орифин” асари,  Жалолиддин Румийнинг “Маснавий маънавий” ва “Девони Шамс” асарлари ҳамда Султон Валаднининг “Валаднома” ва “Рубобнома” каби асарларида Шамс Табризий ҳаёти ва маноқиби борасида етарлича маълумотлар мавжудки, бу бевосита у кишининг мутасаввиф машойихларидан эканлигини далиллаб беради. 

Каромиддин Жамаҳматов - Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими катта илмий ходими


 

[1] شمس تبریزی. مقالات شمس تبریزی/ بتصحیح و تحشیه و مقدمه. – تهران: ژهره, 1349. – ص. 3.

[2] شمس تبریزی. مقالات شمس تبریزی/ بتصحیح و تحشیه و مقدمه. – تهران: ژهره, 1349. – ص. 14.

Izoh qoldirish