“МАСНАВИЙИ МАЪНАВИЙ” АСАРИДА ҚУРЪОНИЙ ҚИССАЛАР МАҚОМИ
Қуръони карим мусулмон Шарқи адабиёти шаклланишида муҳим ўрин тутади ва деярли барча шоирлар ижодида Қуръоннинг оят ва қиссалари мазмуни таъсири кузатилади. Жумладан, Башарият шоири номи билан машҳур бўлиб, тасаввуф шеърияти ривожига алоҳида улуш қўшган мутафаккир шоир ва олим Жалолиддин Румий ўзининг “Маснавийи маънавий” асарида Қуръон оятлари ва қиссаларидан кўп фойдаланган. “Маснавий”нинг барча дафтарларидаги қуръоний қиссалар турли кўринишда намоён бўлади. Ҳар бир қиссага бир ахлоқий-ирфоний тимсол сифатида қаралади ва улар бирор муносабат билан келтирилган. Бундан ташқари, Румий талмиҳ санъати воситасида бошқа ҳикоятлар ичида ҳам қуръоний қиссаларга қайта-қайта мурожаат қилган ва буни муаллиф ўз фикрларини ривожлантириш ва тасдиқлаш мақсадида амалга оширган, деб ўйлаймиз. “Маснавий”да келтирилган пайғамбарлар ҳаёти ва фаолиятига боғлиқ айрим қуръоний қиссалар бошқа тафсирлар ва тарихий манбалар асосида тўлдирилган. Шунинг учун баъзи ҳикоятларнинг манбасини топиш учун “Қисас ул-анбиё”, “Тафсири Табарий”, “Кашф ул-асрор” каби манбаларга мурожаат қилишга тўғри келади. Таъкидлаш жоизки, “Маснавий”даги пайғамбарлар ҳаёти ва фаолиятига боғлиқ қиссаларнинг айрим деталлари Каломуллоҳда мавжуд эмас. Чунки Қуръонда қиссалар тафсилотига эътибор берилмаган, асосий мақсад одамларни тўғри йўлга ҳидоят этиш бўлгани учун қиссанинг асосий мазмунига ишора қилинган, холос. Румий “Маснавий”да Одам (а.), Мусо (а.), Исо (а.), Юсуф (а.), Нуҳ (а.), Сулаймон (а.), Муҳаммад (с.а.в.) ҳақидаги қиссаларни Қуръон услубига ўхшаб турли ҳолатда ўзининг таълимий қарашларини тасдиқлаш учун келтирган ва бу қиссалар унинг учун янгича ирфоний хулосалар чиқаришда қўл келган. “Аҳли Сабаъ” (“Сабаъ” сураси,15-оят), “Сулаймон (а.) ва Билқис” (“Намл” сураси, 35-оят), “Қобил ва қарға” (“Моида” сураси, 31-оят), “Узайр (а.) ва унинг фарзандлари” (“Бақара” сураси, 259-оят), “Нуҳ (а.) ва кема” (“Ҳуд” сураси, 38-оят), “Ўлган сигир думи ва ўлик” (“Бақара” сураси, 67-оят) каби қуръоний қиссалар “Маснавий”да турли шакл ва услубларда берилган. Румий қуръоний қиссаларни тартиб билан ёки олдиндан режалаштирилган шаклда бермайди, балки улар асосида муайян фикрни тасдиқлаш ёки бирор масалани ойдинлаштиришга эҳтиёж сезилган ўринлардагина ривоят қилади ёки қисқача ишора қилиб ўтади. Масалан, “Фил” сурасининг 1-, 3-, ва 4-оятларидаги сюжетга “Маснавий”нинг 1-, 2- ва 3-дафтарларида ишора қилинган.
Румий “Маснавий”да ҳикоятларни турли услубда баён этишда “Калила ва Димна”, “Минг бир кеча” каби асарларнинг услубидан хабардор бўлган, аммо бу борада қуръоний қиссаларнинг услуб ва композициясидан кўпроқ фойдаланган. Айниқса, қисса ичида қисса услубида Қуръонга кўпроқ таянгани маълум бўлмоқда. Румий қуръоний қиссаларни бевосита келтириб, ирфоний-тасаввуфий ғояларни тасдиқлаш ҳамда шу асосда бошқа мазмунларни баён этиш билан бирга, шу қиссалар таъсири остида халқ оғзаки ижоди ёки ирфоний ҳикоятлар сюжетларига ўзгартиришлар киритган. Масалан, “Подшоҳ ва жория”, “Дақуқий”, “Қишлоқлик ва шаҳарлик” каби ҳикоятларда сюжет бутунлай бошқа бўлгани билан, уларда қуръоний қиссалар таъсири яққол сезилиб туради.
“Маснавий”да қуръоний қиссалардан икки тарзда фойдаланилган:
1. Бирор таълимий-диний масалани баён этишда, табиийки, қисса ва ҳикоятлардан фойдаланиш яхши натижа беради. Муаллиф уларнинг хулосаси сифатида ўзининг мақсадларини баён этади, кейин шу масалага чуқурроқ ойдинлик киритиш учун қуръоний қиссаларни мисол сифатида келтириб, ўз фикрини такомиллаштиради. Масалан, “Зирор масжиди” қиссасини ривоят қилаётганда (бу ҳам қуръоний қиссалардан бири) “Асҳоби Фил” достонига ишора қилиб ўтиш каби ҳолатлар фикримизга ёрқин далил бўла олади.
2. Румий битта қуръоний қисса асосида бир неча мазмунларни баён эта олган ҳамда унинг ичида турли ҳикоятлар келтириб, назарда тутилган масалага ойдинлик киритган, тариқатнинг нозик масалаларига бағишланган ўй-фикрларини ифодалаган. “Маснавий”нинг 4-дафтаридаги “Сулаймон (а.) ва Билқис”, 6-дафтаридаги “Иброҳим (а.) ва унинг тўрт қуши” қиссалари шулар жумласидандир. “Маснавий”да Қуръондаги пайғамбарлар қиссаларидан ташқари Хизр (а.), Марям (а.), Луқмон каби буюк зотларнинг қиссалари ҳам баён этилган. Нуҳ алайҳиссалом ҳақидаги қуръоний қиссалар “Маснавий”да ўзига хос тарзда ривоят қилинган. “Нуҳ (а.) ва унинг ўғли Канъон” қиссаси шулар жумласидан. “Маснавий”да бу қисса 3-дафтарнинг 378–380 бетларида келган ва мазмуни қуйидагича: “Нуҳ алайҳиссалом ўғли Канъонни ҳам кемага чиқиш учун таклиф қилди. Канъон бу таклифни рад этиб: “Мен баланд тоққа чиқиб нажот топаман”, – деди. Нуҳ: “Бу тоғлар айни пайтда иш бермайди”, – деди. Канъон: “Сенинг гапингга киролмайман. Гапларинг менга ёқмаяпти, икки дунёда ҳам сенга эҳтиёжим йўқ”, – деб айтди. Нуҳ: “Ўғлим, бундай пайтда ноз қилиш керакмас, чунки, ул ҳазрат даргоҳига бандалик ва тавбадан ўзга восита йўқ”, – деди. Канъон: “Эй ота, бу гапларингни неча йилдан буён такрорлайсан. Энди ақлим киргани учун уларни қабул қилолмайман,” –
деди. Нуҳ алайҳиссалом: “Бир марта отангнинг гапига қулоқ солсанг, нима зарар кўрасан?” – деди. Шу чоғ денгиздан бир тўлқин чиқиб, Канъонни ғарқ қилди”.
Румий “Нуҳ (а.) ва унинг кема қургани” қиссасини ҳам келтирган. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди: “Кемани ясай бошлади. Қавмининг зодагонлари ҳар гал унинг олдидан ўтганларида уни масхара қилардилар. (Нуҳ) деди: “Агар бизни масхара қилсангиз, сизлар масхара қилганингиздек, биз ҳам (яқинда) сизларни масхара қилажакмиз”.
“Маснавий”да эса мазкур қисса қуйидагича берилган:
Мазмуни: “Нуҳ алайҳиссалом қуруқ жойда кема ясай бошлади. Юзлаб кишилар келиб, уни масхара қилишди. Бирови: ”Аҳмоқ одам экан, сув бўлмаган чўлда кема ясаяпти”, – деса, бошқаси: “Эй, кема, югур”, – дерди. Учинчиси келиб: “Унга қанот ҳам яса” – дерди. Нуҳ алайҳиссалом уларга: “Бу иш Тангрининг фармони билан бўляпти. Ҳар қандай иғво билан бу ишга зиён етмайди”, – деб жавоб қайтарарди.
Қуръонда зодагонлар Нуҳ алайҳиссаломни ҳар гал масхара қилган бўлса, “Маснавий”да “зодагонлар” ўрнига “юз масалчи” дейилган. Румий бу қиссани, илоҳий ишда ҳеч қанақа масалга ҳожат йўқ деган ғояни тасдиқлаш учун келтиради. “Иброҳим (а.) ва унинг тўрт қуши” қиссаси “Маснавий”нинг 5-дафтарида “Хуз арбаъатан мин ат-тайри фасурҳунна илайка” тафсири” мақолати ичида берилган бўлиб, бир неча оят, ҳадис шарҳи ва ҳикоятларни қамраб олган. Ушбу қисса Қуръонда Аллоҳнинг ўликни тирилтира олиш қудратини кўрсатиш учун келтирилган бўлса, Румий уни, батафсил ривоят қилиш билан бирга, ирфоний тафсир ҳам қилади. Ушбу қушлар номи Қуръон оятида йўқ, “Маснавий”да эса уларнинг номи (товус, қарға, хўроз, ғоз) келтирилган. Бу тўрт қушни Румий шундай шарҳлайди:
.بط حرس است و خروس آن شهوت است جاه چون طاووس و زاغ اُمنيّت است
Мазмуни: Ғоз ҳирс бўлиб, хўроз шаҳватдир, мартаба товус каби бўлса, қарға умиддир.
Асарда Сулаймон алайҳиссалом қиссалари ҳам алоҳида ўрин олган. Булардан бири “Сулаймон (а.) ва Билқис” қиссаси ҳисобланади. “Маснавий” ривояти бўйича Билқис Сулаймон алайҳиссаломга Сабаъ шаҳридан қирқ хачир олтинни совға ўрнига юборади. Билқиснинг ходимлари Сулаймон алайҳиссалом мулки олтиндан иборат эканини билгач, бу совғани Сабаъ шаҳрига қайтарганимиз маъқул, чунки шоҳнинг бунга эҳтиёжи йўқ, деган хулосага келишади. Сулаймон (а.) уларни кўриб: “Сизлардан совға кутганим йўқ. Сизларни Билқис ҳузурига элчи қилиб юбораман. Унга бу олтиндан иборат чўл қиссасини айтинглар. Биргаликда бизнинг динимизни қабул қилинглар”, – деди. Билқис бу хабарни эшитгач, Сулаймон алайҳиссаломга кўнгил қўйиб, ўзининг барча мол-мулкини тарк этмоқчи бўлди. Буни Сулаймон (а.) сезиб, ўз ходимларидан ким Билқис тахтини уддалаб келтира олишини сўради. Бир ифрит: “Сен йиғиндан чиққунингча унинг тахтини ўз илмим билан ҳозирлайман”, – деди. Осаф: “Мен Исми Аъзам билан ўша тахтни бир онда олдингга келтираман”, – деди. Сўнг Осаф бу ишни амалга оширди. Билқис у тахтни кўриб: “Бу менинг тахтимга жуда ўхшар экан”, – деди. “Маснавий”да “Сулаймон (а.) ва Билқис”ни Румий Қуръоннинг “Намл” сурасидаги қиссасига таянган ҳолда, янги кўринишда ривоят қилгани кузатилади. У бу қисса ичида бир-бирига мос келмайдиган тарихий ҳикоятларни ҳам киритган. “Мажолиси сабъа” асарида ҳам ушбу ривоят мавжуд. “Сулаймон (а.) ва кампир” қиссаси ҳам унинг таркибига киритилган. “Маснавий”да келтирилган қуръоний ривоятлардан бири “Шайтон ва қурайшликлар” қиссасидир. Қуръонда келган: “Ўшанда шайтон уларга (мушрикларга) қилаётган ишларини зийнатли қилиб кўрсатиб: “Бу кун одамлар ичида сизларга ғолиб келадигани йўқ. Мана, мен ёнингиздадирман!” – деди. Икки тўп (лашкарлар) тўқнашганда эса (шайтон) ортига чекиниб: “Мен сизлардан безорман. Мен сизлар кўрмаган нарсани кўраяпман”. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир”, – деди”. Бу қисса “Маснавий”нинг 3-дафтаридаги 489–490-бетларда берилган ва унга кўра, Шайтон қурайшликларга: “Лашкарингизни тўпланглар, токи Муҳаммад лашкарига зарба берайлик”, – деди. Улар тўплагандан кейин Шайтон яна уларга: “Мен ҳам ўз лашкаримни келтираман, сизларга мадад беришади, – деди. Қурайшликлар унинг айтишича ҳозирланиб, икки лашкар мулоқот қилишди. Шайтон фаришталарнинг лашкарини кўргач, орқага қараб қочди. Ҳорис: “Эй Суроқа, нега сен кеча шундай демадинг?” –деб сўради. У:
“Мен айни дамда урушни кўраман”, – деди. – “Чунки у лоф пайти эди, энди уруш бошланди”.
Румийнинг бу қиссани келтиришдан асосий мақсади нафсни хўрлаш бўлгани учун нафс билан Шайтоннинг ўхшашликларини кўрсатган. У фақат сюжет мазмунини келтириш билан қониқмай, балки “Анфол” сурасидаги 48-оятнинг сўз бирикмаларини ҳам вазн тақозосига кўра, сўзларнинг жойларини ўзгартириб назмга солгани кўзга ташланади. “Шайтон ва қурайшликлар” ривоятининг асосий манбаси қуръоний қисса бўлганини нафақат унинг мазмуни, балки келтирилган қуръоний бирикмалар ҳам тасдиқлайди. Аммо бунга қўшимча ҳикоятдаги айрим деталлар, Румий қиссани бошқа манба билан тўлдирган, деган хулоса чиқаришга ундайди. Бу – қуръоний қиссанинг ирфоний тафсири, дейиш мумкин.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
1. Қуръоний қиссалар “Маснавий”даги айрим ҳикоятларнинг асосий манбаси бўлиши билан бирга, Румийнинг диний-тасаввуфий қарашларини ифодалаш учун алоҳида замин яратган.
2. Муаллиф Қуръондаги қиссаларни тарихий хронологик тарзда ёки тартиби билан эмас, балки бирор диний-ирфоний масалани ёритиш учун келтирган.
3. Румий гоҳида пайғамбарлар ёки бошқа кишилар ҳақидаги қиссаларни фақат Қуръондан ривоят қилиб, шу билан кифояланади. Гоҳида қуръоний қиссаларни тафсирлар ёки диний-ирфоний манбалар асосида тўлдириб боради.
4. Қуръоний қиссалар баъзан ҳикоятларнинг тасдиғи сифатида келтирилса, баъзан бошқа қуръоний қиссанинг ичида келади ва у асосида назарда тутилган мазмунни бирор томондан такомиллаштиради.
ХУСРАВ ҲАМИДОВ
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Izoh qoldirish