16.01.2023

ВАФОДОР УМР ЙЎЛДОШ ВА БЕНАЗИР ОЛИМА

Халқимизга берилган илоҳий иқтидор, илмга ташналик, зийраклик ва ҳунармандлик нафақат эр йигитлар балки латофатли ва меҳрибон аёлларимизни ҳам четлаб ўтмаган. Оилалардаги илмий муҳит, китобхонлик, ирфоний суҳбатлар келажакда ушбу оилаларда тарбия топган ўғил-қизларнинг етук олим ва олима бўлиб етишишида буюк замин ҳозирлаган. Ана шундай оилалардан бирида етишган олима Фотима бинти Алоуддин Самарқандиядир. 

Ҳанафий мазҳабининг етук олималаридан бири бўлмиш Фотима бинти Алоуддин Самарқандда туғилган. ХII аср яшаган олиманинг туғилган ва ўлим саналари номаълум. Олима ислом ҳуқуқидаги билимларни ўша даврнинг машҳур Ҳанафий мазҳаби фақиҳи ҳамда отаси Алоуддин Самарқандийдан (ваф.1144 йил) олган. У ўз даврида отасининг "Туҳфатул-фуқаҳо" («Фақиҳлар туҳфаси») номли асарини тўлиқ ёд олган. Олима илм-фан ва санъатнинг баъзи машҳур соҳаларида илгарилаб, фиқҳ ва ҳадис илми, шунингдек, хаттотликда етук бўлган.

Алоуддин Самарқандий гўзаллиги ва илми билан танилган қизини, ҳатто ораларида ҳукмдорлар ҳам бўлган талабгорларини рад этиб, шогирди Абу Бакр Алоуддин Косонийга никоҳлаб берган. Косоний узоқ вақт сабоқ олган устози "Туҳфатул-фуқаҳо" («Фақиҳлар туҳфаси») учун «Бадоеус саноеъ»‎ (“Шариат қонунларини тартиблашда гўзал санъатлар”) номи билан шарҳ ёзган. Шунинг учун ҳам Косоний ҳақида “Самарқандийнинг туҳфасини шарҳлаб, қизини олди” деган гап машҳур бўлди.

Кейинчалик Ҳалабга жойлашиб, умрларининг охиригача бу ерда қолиб кетган Косоний-Фотима жуфтлигига Ҳалаб ва Дамашқ ҳокими Нуриддин Маҳмуд Зангий томонидан катта эҳтиром кўрсатилади. Фотимани жуда қадрлаган Нуриддин Зангий ўзининг муҳим ишларида у билан маслаҳатлашиб, турли ҳуқуқий масалаларда фикр-мулоҳазаларини олган.

Ҳанафий фиқҳида Фотима турмуш ўртоғи Косонийнинг хатоларини баъзан тузатар, Косоний ҳам вақти-вақти билан иккиланган фиқҳий масалаларда у билан маслаҳатлашар эди. Хаттотлик санъатида ҳам моҳир бўлган Фотима фатволарни ўз хатида ёзган, ҳамда турмуш ўртоғи ва отаси гувоҳ сифатида ушбу фатволарни имзолаган. Ривоятларда келишича олима Фотима бинти Алоуддин билагузуклари сотади ва Рамазон ойида фиқҳ олимлари учун ифторлик ташкил этади ва шу тариқа ўзидан кейин Ҳалабда давом этган фақиҳлар ифтори анъанасини бошлаган биринчи хонимга айланди.

Олима Фотима бинти Алоуддин Ҳалабда вафот этган бўлиб, қабри шаҳарнинг Қубурус солиҳин қабристонидаги Косоний қабри ёнида жойлашган бўлиб, бу икки қабр «Қобрул маръа ва завжуҳа» ("Аёл ва эрининг қабри") деб номланади.

Манбаларда номлари тилга олинмаган бўлсада, Фотима бинти Алоуддиннинг ҳадис ва фиқҳ соҳаларида бир қанча асарлари борлиги қайд этилган.

Ўтган улуғ донишмандларимиз бежизга айтишмаган: «Ҳар бир буюк инсон ортида бир аёл бор». Дарҳақиқат, нафақат ҳанафийлар балки бошқа мазҳаб олимлари томонидан ҳам юксак қадрланиб келинаётган «Бадоеус саноеъ»‎ («Шариат қонунларини тартиблашда гўзал санъатлар») асарининг муаллифи бўлмиш, Ҳанафий мазҳабининг етук олими Алоуддин Косонийнинг умр йўлида Фотима бинти Алоуддиндек буюк бир аёл йўлдошлик қилган эди. 

Музаффархон Жониев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи 

Izoh qoldirish