16.01.2023

МУФТИЙ БОБОХОНОВЛАРНИНГ  ИСЛОМ ИЛМИЙ МЕРОСИНИ ЎРГАНИШДАГИ БУЮК ХИЗМАТЛАРИ

 

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасини ташкил қилган, ислом оламида машҳур ўзбекистонлик уламо ким эканлиги яқин-яқингача кўпчилик билмайдиган асл ҳақиқатлардан бири эди дейиш мумкин. 

Марказий Осиё мусулмонларини бирлаштирган, диндорлар учун энг оғир ва хатарли мустамлака даврда Муфтий бўлган Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхонни яқин кунларгача кўпчилик билмас эди. Чунки айнан Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон Чор Россияси истеълосидан сўнг ислом дини илмини Марказий Осиёда қайта тиклаган, бешта Республика дин пешволарини бирлаштирган ва 20 йил давомида тўхтаб қолган Ҳаж зиёратини қайта тиклаган кишидир.

Муфтий Эшон Бобохоновнинг Совет даврида ислом илмини сақлаб қолинишига қўшган ҳиссаси беқиёс. У икки бора қамалиб, икки ўғли Сибирга сургун этилганига қарамай дин йўлида жасорат кўрсатишдан қўрқмаган. Баъзи маълумотларга кўра, Муфтий Эшон Бобохон Сталин билан учрашгани ҳам айтилади. Орадаги тақиқлардан сўнг Бухорода Мир Араб мадрасасини тиклаган, у ерда яна ислом илми чироғи ёқилишига сабабчи бўлган шахс ҳам Муфтий Эшон Бобохонов эди.

 Муфтий ва унинг давомчиларининг қалтис даврлардаги жасоратлари эса бир неча китобга жо бўлгулик тарихдир. Муфтий Бобохоновлар сулоласи Эшон ибн Абдулмажидхон, Шайх Зиёвуддинхон ва Шамсиддин Бобохонов номлари Саудия Арабистони, Марокаш, Иордания Қироллигида, Бангладеш, Ливия каби давлатларда ҳам машҳур ва обрўли шахслардандир.  Қуйида бу кишиларнинг ислом илмий меросини ўрганишдаги буюк хизматлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. 

Муфтий, шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон  Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохонинг отаси бўлганлар.  Дастлабки илмни бобоси шайх ул-ислом Аюбхон ибн Юнусхондан олгач, Бухорода Мир Араб мадрасасида таҳсил давом эттирадилар. 

Ақоид, фиқҳ, тафсир ва ҳадис билимларини чуқур эгаллаган Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон нақшбандия тариқатининг намояндаси сифатида танилган. У киши Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкилотчиларидан бири ва 1943-1957 йилларда  унинг биринчи раиси, муфтийси вазифасини бажарадилар.  

Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон диний бошқарма раҳбари сифатида диндорларнинг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олиш билан бирга бошқарма фаолиятини уруш йилларида фашизмни тор-мор этиш учун фронтга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, халқаро тинчликни ҳимоя қилиш ишларига йўналтирганлар. 

Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон. Бу киши Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг ўғиллари бўлиб, 1908 йили Тошкентнинг машҳур Ҳастиимом (Ҳазрати Имом) мавзеъида дунёга келган. Юқорида айтганимиздек, бу кишининг аждодлари дунё таниган Ислом олимлари бўлишган: катта бобоси шайхулислом Аюбхон Юнусхон ўғли даврининг йирик фақиҳларидан эди, у кўп йиллар Бухородаги “Мўйи Муборак” мадрасасида мударрислик қилган. Бобоси Абдуллоҳ ибн Бурҳон Эшон ҳам ўша мадрасада дарс берган. Отаси Эшон Бобохон Қуръони карим ва Суннати Набавийяни мукаммал билган олим, минтақа мусулмонлари идорасининг ташкилотчиси ва биринчи раиси эди. Зиёуддинхон болалигидан оталари ва устозларидан диний илмларни қунт билан ўргана бошлади. Ўн икки ёшида Қуръони каримни тўла ҳифз қилиб, мураттаб қори бўлди. 1920 йили Тошкентдаги “Кўкалдош” мадрасасига ўқишга кирди. Ўша пайтда мадрасада Шом ўлкасидан илм тарқатиш мақсадида келган атоқли олим, “Шомий домла” номи билан танилган шайх Муҳаммад ибн Саъид ибн Абдулвоҳид Асалий Тароблусий дарс берарди. 

Иккинчи жаҳон урушининг авжи қизғин палласида, 1943 йили советлар ҳукуматининг қарори билан собиқ Иттифоқда динга хийла эркинликлар берила бошлади. Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (назорати) ташкил этилди. У кишининг оталари Эшон Бобохон ҳазратлари мазкур бошқарма раиси, муфтий этиб сайланди. Зиёуддин қори эса диний бошқарманинг масъул котиби, кўп ўтмай Ўзбекистон қозиси этиб тайинланади. 1948 йилдан бошлаб эса шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон диний бошқарма (назорат) раисининг ўринбосари сифатида иш бошлайди. Ана шу вазифада у диний бошқарма фаолиятини тубдан яхшилаш, диний таълим беришни такомиллаштириш, исломий адабиётларни нашр этиш соҳасида катта ишлар олиб борди. Зиёуддин қори аканинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан 1945 йили аввал ёпилиб қолган Бухородаги Мир Араб мадрасаси фаолиятини қайта бошлади, 1971 йили эса Тошкентда олий таълим маскани – Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти очилди. У кишининг бевосита раҳбарлигида Мусҳафи шарифни катта ва кичик ҳажмда чоп этиш амалга оширилди.

Оталари Эшон Бобохон ҳазратларининг вафотидан сўнг шайх Зиёуддинхон 1957 йили у кишининг ўрнига Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (назорати) раиси, муфтий вазифасига якдиллик билан сайланди. Шундан сўнг унинг янги масжидлар очиш, ҳажга борувчилар учун етарли шароит яратиш, юртимиз мусулмонларининг хориждаги диндошлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш, диний нашрларни чоп этиш соҳасидаги фаолияти янада кучайиб кетди. Намоз вақтларини белгилаб берган диний тақвим чиқариш йўлга қўйилди. У киши муфтийлик қилган чорак асрли давр ичида Қуръони карим турли кўринишларда беш марта нашр қилинди. 

Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон дунёда тинчлик ва мусулмонлар бирдамлигини мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга бағишланган халқаро анжуманларда фаол иштирок этиб, Ислом умматининг долзарб муаммолари ва вазифалари ҳақида маърузалар қилиш борасида ҳам самарали фаолият олиб борди. У жаҳондаги жуда кўп диний арбоблар, Ислом олимлари билан дўст тутинган эди. Бош муфтийлардан Аҳмад Забара (Яман), Ҳасан Холид (Ливан), Аҳмад Кефтору (Сурия), Муҳаммад Топчиев (Болгария), Тунис президенти қошидаги Ислом ишлари бўйича бошқарма директори шайх Мустафо Камол Тарзий, Франция мусулмонлари раҳбари Абу Бакр Ҳамза ва бошқалар билан мунтазам дўстона муносабатлар ўрнатган эди. 

Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон бошчилигида диний адабиётларни нашр этиш ишлари янги поғонага кўтарилди. У киши иштирокида Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўплами араб тилида босилди, Имом Термизийнинг “Шамойили Муҳаммадий” китоби арабчадан ўзбек тилига ўгирилиб, нашр қилинди. 1980 йили академик У. Каримов билан ҳамкорликда Абу Али Ибн Синонинг “Гигиена ҳақида трактат” рисоласи нашрга тайёрланди. Муфтий ҳазратлари Футуҳий тахаллуси билан гўзал шеърлар ҳам ёзган. 

1943 йилдан то 1989 йилгача салкам ярим аср давомида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг раҳбарлари сифатида ота-ўғил-набира Бобохоновлар Ислом ва мусулмонлар манфаати йўлида хизмат қилиб келишди. Улар раҳбарлигида Диний бошқарма ташқи Ислом олами билан алоқа қилиш, ҳаж сафарини жорий этиш, мадраса ва масжидлар очиш, Қуръон ва ҳадис таълимотлари асосида масжидларда ваъзу иршод ишларини тартибга солиш каби қатор хайрли ишларни амалга ошириб келдилар.

Муфтий Эшон Бобохон ҳазратлари ва у кишининг ўғиллари диний назорат тузилган дастлабки пайтданоқ бу дин марказини жиҳозлаш мақсадида асрлар мобайнида ота-боболари томонидан ва ўзлари тўплаган нодир китобларни тортиқ этиб, кутубхона очишган. Зиёвуддинхон ҳазратлари эса муфтийлик маошининг тенг ярмини муттасил равишда мазкур кутубхонага китоб олиш учун ўтказишга қарор қилганлар. Бу иш йигирма беш йилдан ортиқ давр мобайнида — Зиёвуддинхон ҳазратларининг  вафотигача узлуксиз давом этади. Йигирма минг китоб сақланаётган ушбу кутубхона бугунги кунда Тошкентдаги бой илм хазиналаридан бирига айланган дейиш мумкин. Унда Қуръони Каримнинг ҳар хил ҳажмдаги қўлёзма ва босма нусхалари, тафсирга оид китоблар, ҳадис, фиқҳ, араб сарф — наҳви, мантиқ, тарих, тиб, шеърий тўпламлар, жуғрофия, фалсафа, илоҳиёт, риёзиёт, фалакиёт ва бошқа фанлар бўйича ёзилган асарларнинг шарҳлари билан танишиш мумкин.

Ўн тўрт аср илгари халифа Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бошчиликларида жамланиб, илк бор китоб шаклига келтирилган мусҳафлардан бири кутубхонада энг нодир ёдгорлик сифатида сақланмоқда.

Муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон саксон йилдан ортиқ, ўғиллари ва набиралари жами етмиш йилдан ортиқ Ислом дини йўлида фаолият кўрсатишди. Ўтган давр ичида муфтий Бобохоновлар масжидлар бўйича Жаҳон Олий кенгаши, Жаҳон Олий Ислом кенгаши, Ислом Олами конгресси, Иордания қироллик академияси, Жаҳон тинчлик кенгаши ҳамда Совет Иттифоқи ва Ўзбекистон миқёсидаги ўндан зиёд халқаро жамоат ташкилотлари ишида самарали фаолият кўрсатиб келишди. Ислом дини тарғиботи ва халқлар дўстлиги йўлидаги улкан хизматлари учун ота-ўғил-набира Бобохоновлар Иордания, Ливан, Марокаш ва собиқ СССРнинг давлат мукофотлари билан тақдирланишган.

 Дин йўлида юз эллик йил ибратли хизмат қилган бу зотларнинг ишларини бугун яна бир бор эслар эканмиз, Аллоҳ таолодан уларни раҳмат қилишини, барча яхши ишлари, солиҳ амалларининг мукофотини охиратда мўл-кўл қилиб беришини сўраб, дуода бўламиз.

Шукрулло Умаров, 

Имом Термизий халкаро

илмий-тадкикот маркази директори

 

Izoh qoldirish