24.01.2023

Жарқўрғон минораси

Жарқўрғон минораси — Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги Минор қишлоғида жойлашган меъморий ёдгорлик (1109—1110). Ёнида бир вақтлар пишиқ ғиштдан қурилган жомеъ масжид бўлган (сақланмаган). Жарқўрғон минораси — 8 қиррали пойдевор устига ғиштдан мавж шаклида терилган 16 плитавор қобирғадан иборат. 20 м баландликда ғиштин панжарали равоқлар ишланиб, унинг устида куфий ёзувли белбоғ ҳошия бор. Белбоғ устида яна қирралар давом эттирилган, лекин минора тепаси сақланмаган.

Миноранинг ҳозирги кўриниши. Кўфий ёзувида битиклар ёзилган

Миноранинг 19-аср охирларидаги кўриниши

 

Н. Н. Каразин олган суратда минора ва масжид харобаси акс этган (1879 й.). Миноранинг ҳозирги баландлиги 21,6 м, асосининг диаметри — 5,4 м. Қобирғадан биттасида меъмор исми (Али ибн Муҳаммад Сарахсий) ва қурилган санаси ёзилган (В. А. Шишкин томонидан ўқилган). Битиклар миноранинг устки ва остки қисмида ҳамда минора танасининг кобиргасида куфий хатида битилган. 

Миноранинг 20-аср бошиги кўриниши

Жарқўрғон минораси таъмирланган, давлат томонидан муҳофаза қилинади.

 

ЖАРҚЎРҒОН МИНОРАДАГИ БИТИКЛАР

Али ибн Муҳаммад ас-Сарахсийнинг амали.

Миноранинг суратда кўрсатилган қисмида Минорани қурувчи уста исми битилган бўлиб, куфийда "Али ибн Муҳаммад ас-Сарахсийнинг амали" сўзлари ёзилган.

Миноранинг тепа қисмидаги китобада "Басмала"дан сўнг Куръони карим "Тавба" сураси 
18-оятининг ярми битилган.

"Тавба" сураси 18-оят

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан [бошлайман]. Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат [Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар]

Миноранинг пастки қисмидаги саккизта китобада куфий хатида тарихий бахшида битик мавжуд

Аллоҳ таолога қурбонлик қилган ҳолда Унга яқин бўлиш учун масжид ва минорани буюк амир, сипоҳолор, улуғ саййид, [дин ва давлатни] қўллаб-қувватловчи, адолатли, давлат ва дин устуни, ислом ва мусулмонлар ёрдам- чиси, Хуросон амири Абу Саъд Сунғур ибн Аҳмад Бадром (?) ибн ал-Кумач (?) [қурди].

Беш юз учинчи йили [1109—1110].

 

6—, 7— ва 8—китобаларнинг тепа кисмида миноранинг курилган санаси битилган. Бирок, хозирги куринишида битикка анча шикаст етган.

 

 

Манба. Ўзбекистон обидаларидаги битиклар. Сурхондарё китоби

 

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази Матбуот хизмати

 

 

 

 

 


 

Izoh qoldirish