24.01.2023

САЛОМ ҲАҚИДА РУБОИЙЛАР

Ҳақдан маърифатни тилакка нақш эт,

Ҳалол машаққатни билакка нақш эт.

Аммо, ҳаммасидан аввалроқ, эй дўст,

"Ассалом" сўзини юракка нақш эт.

 

Барча дил саломдан топади ором,

Кимнинг саломи кўп, топар эҳтиром.

Саломга хасислар топмайди иззат,

Бошқалар пухтадир, булар эса хом.

 

Биродар, одобга дилинг ром бўлсин,

Кўнгилни олай, деб, беором бўлсин.

Одобнинг аввали салом, дейдилар,

Демак, аввал сўзинг "ассалом" бўлсин.

 

Нодон одам ширин суҳбатда қолмас,

Насиҳат олмайди, ҳурматда қолмас.

Саломи бор одам ғариб бўлса ҳам,

Ўзгалар юртида ғурбатда қолмас.

 

Ким келса, оёққа қалқиб тур мудом,

Қуёшдек кулгину балқиб тур мудом.

Ёмонлик керакми, саломни тарк эт,

Хўмрайиб, қовоғи салқиб тур мудом.

 

Одобли ҳар одам ором ичида,

Юраги хотиржам хиром ичида.

Керак бўлса агар маънавий бойлик,

Маънавий бойлиги салом ичида.

 

Пок одам тилида "марҳабо"си бор,

Яхшилик қилай деб, муддаоси бор.

Қалб синса, қандайин ямайин, десанг,

Саломни ишга сол, мумиёси бор.

 

Даво қил, даводан мараз кетади,

Холис бўл, юракдан ғараз кетади.

Ногаҳон бировни хафа қилдингми,

Саломни ишга сол, араз кетади.

 

Олим бор, илмдан дур берса, дейман,

Юрагим ёндирса, қўр берса, дейман.

Салом сўзи асли Аллоҳнинг исми,

Саломдан қалбимга нур берса, дейман.

 

Саҳрода сув кўрсанг, сароб белгиси,

Юздаги сариқлик зардоб белгиси.

Одобга дунёда белги қидирсанг,

Тилдаги саломинг одоб белгиси.

 

Нодонга қарагин, эгнингга боқар,

Истаги дабдаба, молу мулк ёқар.

Алик олмаса у салом бермагин,

Бой бойга боқару сув сойга оқар.

 

Нафсингга, эй дўстим, ором бермагин,

Ҳалолга мажбур эт, ҳаром бермагин.

Агар биров билан юзма - юз келсанг,

Саломинг кутмаса, салом бермагин.

 

Саломким, қалбингга ором беради,

Хотиржам ҳаётга маром беради.

Ким кимга саломни беради десанг,

Кичиклар каттага салом беради.

 

Иссиқдан оромни оқшом беради.

Майин шаббодаси ором беради.

Китобда кўрдимки, озчилик одам,

Кўпчилик одамга салом беради

 

Оламда хавф ила ражо айлагин,

Уқбони ўйлагин, сажо айлагин.

Кимдир ўтирибди, сенчи, турибсан,

Ўтирганга салом бажо айлагин.

 

Яхши одам яхши калом қилади,

Чиройли хулқ ила худдом қилади.

Бир одам ердаю кимдир уловда,

Уловдаги аввал салом қилади.

 

Кимки қаҳрамондир, достон ўшадир,

Кимки меҳрибондир, бўстон ўшадир.

Каттаю кичикка салом бобида,

Кимки устамондир, султон ўшадир.

 

Бир - бирига ғамхор, бизларда кучли,

Бир - бирига дастёр, бизларда кучли.

Бир - бирига таъзим, тавозе, салом,

Бир - бирига изҳор, бизларда кучли.

 

Ёқимли хулқ аҳл-и шарафдан мерос,

Салом қилмоқ ота тарафдан мерос.

Эътиқоду иймон Расулуллоҳдан,

Суннатлари аҳл- и салафдан мерос.

 

Одамким, оғзини муҳрлаб қўяр,

Иллатдан қалбини туҳрлаб қўяр.

Қачонки, оғзини саломга очса,

Каттаю кичикни сеҳрлаб қўяр.

 

Бир Зотки, борлиғи жаҳон ичида,

Қидирсанг, ошкору пинҳон ичида.

"Салом" деб Ўзини атагандир У,

Валекин, топилмас макон ичида.

 

Бир Зотки, вужуди жаҳон ичида,

Қидирсанг, васфидир Қуръон ичида.

"Салом" деб дардингга илтижо қилсанг,

Юзини кўрсатар дармон ичида.

 

Бир Зотки, яширин Қуръон ичида,

Унга юз тутганлар дармон ичила.

"Салом" деб номини улуғлагинки,

Оқибат қолмайсан армон ичида

 

Бир Зотки, қарасанг осмон ичида,

Ё тоғда, денгизда, ўрмон ичида.

Қаерга қарасанг, ўша ерда У,

"Салом" деб чақиргин ҳар он ичида.

 

"Салом" деб тилга ол, додингга етар,

Қалбингга киради, шодингга етар.

Зикр қил, зикрингни қиламан, деди,

"Салом" де, ўша он ёдингга етар.

 

Воизким, каломни каломга улар,

Қалбингни ром қилиб, оромга улар.

Шундайин покиза одамлар борки,

Эринмас, саломни саломга улар.

 

Одам бор, сўзидан дур таратади,

Дилингни ёндирар, қўр таратади.

Одам бор, саломни тилига жойлаб,

Саломдан қалбингга нур тратади.

 

Беадаб беҳуда калом қилади,

Ширин суҳбатингни ҳаром қилади.

Одобли одамга назарингни сол,

Кулиб туриб, сенга салом қилади.

 

     Маҳмуд ҲАСАНИЙ

 

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боринг!

| Facebook | | Instagram | Termiziy.uz | Twitter |Telegram

 

 

Izoh qoldirish