24.01.2023

Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий мақолотидан (тафаккур ва зикр мисолида)

Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий ўзининг бетакрор истеъдоди билан биргина “Маориф” номли асарида кўплаб ижтимоий-ахлоқий мавзуларга эътибор қаратган. Жумладан “тафаккур ва зикр” мавзусига ҳам алоҳида тўхталган. Тафаккур нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг муҳим омиллардан биридир. Тафаккур «фикр» ўзагидан олинган бўлиб, бир нарса ҳақида чуқур фикр юритиш маъносини англатади. Аллоҳнинг китобида тафаккур қилишга ўн еттита оятда тарғиб қилинган.

Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор. Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлардир”[1].

Шу сабабли кўплаб мутафаккирларнинг илмий-адабий асарларида Қуръони карим оятлари маъносидан таъсирлангани яққол кўзга ташланади. 

Энди зикр маъносига тўхталмоқчи бўлсак, “зикр” арабча сўз бўлиб, бизнинг она тилимизга таржима қиладиган бўлсак, “эслаш”, “ёдлаш”, “ёдга олиш” маъносини билдиради. “Зокир” эса “эсловчи”, “ёдловчи”, “ёдга олувчи шахс” деган маънони англатади. Бизнинг динимизда зикр деганда Аллоҳни зикр қилиш тушунилади. Яъни Аллоҳнинг ожиз бандаси ўзини яратган Холиқини – Аллоҳни ёдга олса, эсласа, мана шуни “зикр қилди” дейилади. Аллоҳни ёдга олган, Аллоҳни эслаган банда “зокир” дейилади. 

“Маориф” асаридан: “Тафаккур ва зикрнинг ҳаловатини, завқини ва сакинатини топиш учун киши танҳо бир жойни топиб (сабаб билан) узлатни ихтиёр этиши лозим. Қуръони каримда: “Бизга ўз амалларимиз, сизга ўз амалларингиз, омон бўлинглар, биз жоҳилларни истамасмиз”, дедилар”[2].

Қобиқ (манфаатсиз) ҳолатида бўлган лағв сўзни тинглаш, ёнғоқ пўчоғи каби қаттиқ моддаларни ейиш, ошқозонни заифлаштирса, худди шунга ўхшаб беҳуда сўзлар кишилар қалбини заифлаштиради.

Мағзи бор бўлган сўз қалбни қувватлантириб бандани юксак даражага эриштириб, Аллоҳнинг ҳузурида иззат мушоҳадаси мақомига, ҳатто фаришталар даражасидан юқорига кўтарар. “Бизга ўз амалларимиз, сизга ўз амалларингиз, омон бўлинглар, биз жоҳилларни истамасмиз”, дедилар”[3].

Улар (Фаришталар) “йўлнинг охири йўқ”, - дерлар. Йўл дегани манзил ва мақоматдир. Висол шаҳрига етиб борганингда, ўша шаҳар томон одимланг, зеро бу ерда йўлнинг ниҳояси йўқ. “Ҳу” (Аллоҳнинг зикри) тузоғига тушмаган кийиклар ваҳший ҳайвонлардан ҳам ёмонроқдир. Чунки анъом (ваҳший ҳайвонлар) гўштини тановул қилиш ва улар билан юк ташиш мумкин. Лекин бу каби (ваҳшийлар) гўштини тановул қилиш ва юк ташиш мумкин эмас.  “Ва Мусонинг қавмидан баъзи жамоалар борки, ҳақ ила ҳидоят қилиб, у ила адолат қилурлар”[4].

Аммо (юксак даражаларга эришган инсонларга келсак), уларнинг барчалари руҳи (маъноларни) англайди. Балки улар нурдир. Аллоҳнинг каломи бўлган Қуръон бошидан охиригача Ўзининг каломидир. Ойлар ва кунлар давомида қандай нозил бўлган бўлса, мўминларнинг қалбига ҳам шундай тушган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Аллоҳ ундоқ кишиларнинг қалбларида иймонни собит қилган, уларни Ўз ҳузуридан бир руҳ билан қўллагандир...”[5].

Хулоса, зикр ва тафаккур орқали инсон руҳий тарбия олиб, қалби кўзгу каби тиниқлашади. Фикри теранлашиб Аллоҳга қурбат ҳосил қилади. Инсон қанчалик қалби билан Аллоҳнинг қудрати ва неъматлари ҳақида тафаккур қилса, шунчалик маърифати ортиб бораверади. Маърифатга ошно бўлган қалбдан фақат яхшилик униб чиқади. Аммо зикрсиз қалб, ўлик қалб кабидир. Шу сабабли зикр ва тафаккур инсон ҳаётини яхшилик томон ўзгартиради. Бинобарин, Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий Қуръон оятлари устида тафаккур қилиш ва қуръоний зикрларни бажаришга чақирган. Беҳуда гап-сўзлардан тийилиш, вақтдан унумли фойдаланиш ва қалбий узлат қилиш, қалб ҳузурини топишга сабаб бўлади. 

 

Жамаҳматов Каромиддин - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

  

[1] Қуръони карим. – Оли Имрон сураси, 190-191 оятлар.

[2] Қуръони карим. – Қасос сураси, 55 оят.

[3] Қуръони карим. – Соффат сураси, 164-166 оятлар.

[4] Қуръони карим. – Аъроф сураси, 159 оят.

[5] Қуръони карим. – Мужодала сураси, 22 оят.

 

 

 

Izoh qoldirish