30.01.2023

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙДАН НАМОЗ ҲАҚИДА ГЎЗАЛ СЎЗЛАР

          Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ал-Ҳаким ат-Термизий ислом оламида энг самарали ва баракали илми билан нур таратган олимлардан бири ҳисобланади. Зеро, у ҳадис, фиқҳ, тафсир, ақида, нафс тарбияси, ислом маърифати ва ахлоқи, луғат соҳаларида ҳам бирдек муваффақиятли асарлар битган. Ана шундай шоҳ асарлардан бири дин устунларидан бири бўлмиш намозга бағишланган “Ас-солāту ва мақōсидуҳā” (“Намоз ва унинг мақсадлари”) асаридир. Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг “Ас-солāту ва мақōсидуҳā” асари намознинг дақиқ синоатлари, қалб ҳозирлиги, кўнгил синиқлигига етишмоқ йўлларини баён қилишга бағишланган. Қуйида сиз азиз ўқувчилар учун ушбу асарлар намоз ҳақида айтилган гўзал ва дақиқ сўзлардан баъзиларини келтириб ўтишни лозим топдик. 

***

Банда Роббидан бўлган икки иш орасида бўлади. Бири барча ҳолатларда унинг амрида бўлиши ва оқибатда унинг розилигига эришиш, иккинчиси эса унга ўзини топшириш, буйруғу қайтариқда унга бош эгиш. Бу икки ишдан бири зое бўлса, намоз билан янгилаб олади. 

    ***

Рўзанинг самараси нафсни тарбиялаш, закотнинг самараси молни поклаш, ҳажнинг самараси мағфиратга эришиш, намознинг самараси эса, Аллоҳ таолонинг бандасига юзланишидир.

***

Намоз Аллоҳнинг ҳовлисидир, ким у ерга кирса, Аллоҳнинг базми, зиёфати ва меҳмондорчилиги кирган бўлади. Аллоҳ таоло ҳузурида туриш, сажда ва руку қилишда Унинг зиёфати бор. Қуръон каримни қироат қилишида Унинг базми бор. Сано ва ташаҳҳудда ҳам ажойиб меҳмондорчилиги бордир.

***

Ким намоз ўқиётганда қалби сиқилиб, танаси худди қафасда тургандек бўлса, у банда хожасидан қочиб кетган қул кабидир. Аллоҳ таоло нафсларини жиловлаш, поклаш учун намоз ўқишни буюрди. Намоз сабабли уларга раҳмат етади.

 

Намоз оғир туюладиган банда Аллоҳ таоло ҳовлисига кирган, аммо пардага дуч келиб, ҳеч нарсани кўрмаган киши кабидир. Парда ортидан ҳеч нарсани кўрмагани учун кўзлари қувончга тўлмайди. Зеро, унинг қалб кўзлари шаҳват пардаси орқасида, ҳавойи нафснинг қуюқ туманлари ва нафснинг чанг тўзонлари ичида қолиб кетган бўлади.

***

Аллоҳ таоло етти осмонни яратиб, уларни фаришталар билан тўлдирди. Улар намоздан бир лаҳза ҳам тўхтамаганлар. Само аҳлидан ҳар бирига намоздан бир рукн берилган. Бир осмон аҳли сур чалингунгача қиёмда турадилар. Бошқа бир осмон аҳли рукуда, яна бири саждада, яна бирлари чўккалаб, ташаҳҳудда турадилар. Иллийин ва Арш атрофидагилар тик турарлар, тавоф қиладилар, Роббига тасбеҳ ила ҳамд айтадилар. Аллоҳ таоло сенга ушбу ибодатларнинг барчасини бир намозга жамлаб берди. Натижада сенга ҳар осмоннинг ибодатидан насиба бўлади.

***

Намоз – банданинг муҳтож ҳолатида туришидир. Муҳтож ҳолатда туриш фақат Аллоҳ учун қилиниши лозим. Намозхонларга бу зорланишни фақат Аллоҳ таологагина қилишлари буюрилди. 



Музаффархон Жониев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи 

Izoh qoldirish