“ТАРИХИ ГАРДИЗИЙ” АСАРИНИНГ ТАРИХИЙ ҚИЙМАТИ
Абу Райҳон Берунийнинг “Осорул боқия” асарига ўхшаш, урф-одатлар, байрамлар, халқларнинг мозийдаги тажрибалари тарихидан ҳикоя қилувчи исломгача ва ислом тарихига оид муҳим манбалардан бири “Тарихи Гардизий” асаридир. Ушбу асарнинг муаллифи Абу Саид Абдулҳасан ибн Заҳҳок ибн Маҳмуд Гардизий ҳисобланади. Асарнинг асл номланиши “Зайнул ахбор” (“Хабарлар зийнати”) бўлиб, у муаллиф номига нисбат берилиб “Тарихий Гардизий” номи билан машҳурдир.
Асарнинг муаллифи Абу Саид Гардизий машҳур тарихчи, географ олим бўлиб, Абу Райҳон Берунийнинг замондошидир. Унинг туғилган йили тўғрисида манбаларда аниқ маълумот келтирилмаган. Вафоти ҳижрий 453 йил (милодий 1061 йил) деб кўрсатилади. Абу Саид Гардизийнинг ҳаёт-фаолияти кечган Гардиз бугунги Афғонистонда жойлашган географик ҳудуддир.
“Тарихий Гардизий” асарини муаллиф Ғазнавийлар султони “Зайнул миллат” – Абдуррашид ибн Масъуд Ғазнавий даврида Ғазна шаҳрида ёзиб тугатган бўлиб, асардаги охирги келтирилган воқеа ҳижрий 432 йилда содир бўлган. Ушбу асар бутун жаҳон тарихига доир бебаҳо манба бўлиб, дунёнинг яратилишидан бошлаб, муаллиф яшаган даврга қадар бўлган тарихий маълумотларни ўз ичига қамраб олади. Жумладан, асарда қадимий форс сулолалари: пешдодийлар, каёнийлар, ашконийлар, сосонийлар тарихи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва хулафои рошидиннинг ҳаёт йўллари, муаллиф яшаган даврга қадар ҳукмронлик қилган Хуросон амирлари, Тоҳирийлар, Саффорийлар, Сомонийлар тарихига оид муҳим маълумотлар келтирилган.
Ушбу асарнинг бугунги кунга қадар иккита қўлёзма нусхаси сақланиб қолган бўлиб, ушбу нусхаларнинг иккаласи ҳам Буюк Британияда жойлашган. Ушбу нусхаларнинг биттаси Оксфорд университети кутубхонасида, иккинчиси эса Кембридж университети ҳузуридаги Кингз коллеж кутубхонасида 213 рақами остида сақланади. Асарнинг Кембриджда сақланаётган нусхаси аниқроқ ва қадимий нусха бўлиб, у ҳижрий 903 ёки 930 йилда кўчирилган. (Ушбу қўлёзма нусхаси борасида келтирилган маълумотларда фақат 93 рақамидан бошқа ҳеч қандай рақам келтирилмаган). Ушбу нусха 418 саҳифадан ёки 209 вароқдан иборат бўлиб, настаълиқ хатида ёзилган. Асарнинг Оксфорд университети кутубхонасида сақланаётган нусхаси эса ҳижрий 1196 йилда кўчирилган.
“Тарихий Гардизий” асари XX асрда таниқли эронлик тадқиқотчилардан бири Муҳаммад Қазвиний томонидан муқаддима ва изоҳлар билан тўлдирилган ҳолда нашр қилинган.
Мамлакатимизда бугунги кунда ушбу асар тўлиқ ўрганилмаган бўлиб, асарни манбашунослик нуқтаи назаридан таҳлил қилиш, таржима қилиш орқали ислом тарихи, хусусан Мовароуннаҳр ва Хуросон тарихига доир қимматли маълумотларга эга бўлиш мумкин.
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish