ҲАДИС ИЛМИДАГИ “ЖОМЕЪ” ТЎПЛАМЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Ҳадислар жамланган тўпламларнинг барчаси ҳам “жомеъ” деб аталмаган. Муҳаддислар амири, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (194-256 ҳ./810-870 м.) томонидан тайёрланган асар “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) деб аталган. Ҳар бир муаллиф ўзининг ёзган асарини “жомеъ” деб аташга журъат қилмаган. Тадқиқотчилар томонидан ҳар қандай ҳадис тўпламини “жомеъ” деб тан олинавермаган. Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди. Қуйида биз ана шу сабаблар ҳақида сўз юритамиз:
“Жомеъ” (جامع) сўзининг кўплиги “жавомеъ” (جوامع) бўлади. “Жомеъ” ёки “Жавомеъ” тўпламлар деб, ўзида саккизта мавзуни қамраб олган ҳадис китобларига айтилади. Улар қуйидагилардир:
1. Сияр (сафарбарлик ва ғазотларга оид ҳадислар);
2. Одоб (одоб-ахлоққа тегишли ҳадислар);
3. Тафсир (Қуръони карим тафсирига доир ривоятлар);
4. Ақоид (Имонга тегишли ҳадислар);
5. Фитан (Умматга келадиган фитналарнинг аломатлари тўғрисида башорат берувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари);
6. Аҳком (Фиқҳий ҳукмларга тегишли ҳадислар);
7. Ашрот (Қиёмат аломатлари баён этилган ҳадиси шарифлар);
8. Маноқиб (Саҳобаи киромлар ва бошқаларнинг фазилатлари баён этилган ҳадислар).
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Сунан” асарлари бил иттифоқ “жомеъ” тўпламлар сирасига киради. Уламолар ўртасида Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳи Муслим” асарининг “жомеъ”лиги борасида якдил фикр йўқ. Баъзилар уни “жомеъ” тўпламлар сирасига киргазишган, баъзилар бу фикрга қўшилмаганлар. “Саҳиҳи Муслим”да тафсирга доир ҳадислар жуда кам сонни ташкил этганлиги сабабли “оз нарса йўқнинг ҳукмида” деган қоидага биноан уни “жомеъ” тўпламлар сирасига киргазмаганлар (Фавоиду жомиа бар ужолаи нофиа. – Б. 15.).
Лекин, саҳиҳ қавлга биноан “Саҳиҳи Муслим” ҳам “жомеъ” тўпламлар сирасига киради. Чунки, “Саҳиҳи Муслим”нинг “Тафсир китоби” қисмида тафсирга тегишли ривоятлар жуда кам сонни ташкил этса-да, лекин китобнинг турли жойларида тафсирга оид ҳадисларнинг яхшигина захираси мавжуд. Шунинг учун “Саҳиҳи Муслим”да тафсирга оид ривоятлар кам сонни ташкил қилади, деб бўлмайди.
“Саҳиҳи Муслим”нинг “Тафсир китоби”да ривоятларни кам келтирилишига сабаб шуки, Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ қайсидир муносабат билан бирор ривоятни келтирган бўлсалар, у ривоятнинг барча тафсилотларини у ерда зикр қилиб, у ҳадисни қайта ривоят қилмаганлар. Чунки, Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ имкон қадар ҳадисларни такрорлашдан сақланганлар. Шунингдек, китобнинг турли жойларида тафсирга тегишли ривоятлар келтирилган бўлса, Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ уларни “тафсир китоби”да қайта баён этмаганлар. “Саҳиҳи Муслим”да саҳоба ва тобеинларнинг асарлари ва луғат аҳлининг сўзлари учрамайди. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ эса, ривоят қилган ҳадисининг санади ёки матни ёки иккисида ҳам ўзгариш сезилса, қайта-қайта келтиришга одатланган эдилар. Шунингдек, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ саҳоба ва тобеинларнинг асарлари ҳамда луғат аҳлининг сўзларини ҳам баён этганликлари учун “Тафсир китоби” анчагина катта бўлиб кетган. Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ривоятларни такрорий тарзда келтирганликлари сабабли “Сунан”нинг “Тафсир китоби” ҳам кўлам ва залвор касб этган.
Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ мазкур икки шайхларнинг йўлини тутмаганликлари сабабли “Саҳиҳи Муслим”нинг “Тафсир китоби” мухтасар тарзда қолган. Лекин, тафсирга тегишли ривоятлар “Саҳиҳи Муслим”да кам эмас (Фатҳул Мулҳим. Ж. I. – Б. 105.).
Шунинг учун ҳам, “Кашфуз зунун” асарининг соҳиби “Саҳиҳи Муслим”ни жомеъ тўпламлар сирасига киритган (Кашфуз зунун. Ж.1. – Б. 555.).
“Қомус” китобининг соҳиби Маждуддин Ферузободий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Саҳиҳи Муслим”ни жомеъ китоблардан ҳисоблаб (Фатҳул Мулҳим. Ж. I. – Б. 105.), у бир ўринда “Аллоҳ таолога ҳамду сано бўлсин! “Жомеъи Муслим”ни тугатдим”, деб ёзган (Фавоиду жомиа бар ужолаи нофиа. – Б. 156-157.).
Умуман олганда, “жомеъ” тўпламлари бу “Саҳиҳи Бухорий” ва “Сунани Термизий” ҳисобланади. Олимлар “Саҳиҳи Муслим”ни ҳам “жомеъ” туркумига киритиш борасида битта фикрда эмаслар. Демак, юртимиздан чиққан икки буюк муҳаддиснинг китоби ҳадис илмидаги китобларнинг энг эътиборлиси ва юксак даражасидаги ҳисобланади.
✍️ Ҳикматуллоҳ Абиев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Манбашунослик бўлими илмий ходими.
Izoh qoldirish