06.02.2023

Кокилдор ота зиёратгоҳи

Унинг асл исми Сомон Ашур Ҳамзаи Ҳофиз Кокилдор бўлиб, машҳур хаттот, олим ва кўпгина асарлар муаллифи сифатида маълум. Сомон Ашур 942 йилда Термизда Ҳамзаи Ҳофиз оиласида таваллуд топган. Аҳмад ал-Устурлобий ас-Сағоний ат-Термизийнинг 36 нафар шогирдларидан танлаб олинган. Сомон Ашур “Ҳамзаи Ҳофиз Кокилдор” тахаллуси билан 341/952–53 йилда ижод қилган. Ўз даврининг таниқли кишиси бўлган Кокилдор илми нужум, илми табобат соҳиби ҳисобланган. Катта жамоа илм соҳиблари ўртасида юксак обрў-эътиборга эга бўлган. Олимнинг “Шажараи Ҳофузия”, “Ривоёт ал-устоз” ва “Шажарот ал-калом” тарихий асарларини ёзган.

 “Ҳамзаи Ҳофиз” мақбарасининг қурилиши тугалланмасдан, 370/980-81 йили оламдан ўтган. Уни ўзига атаб қурилаётган Кўшки Кокилдорга қўйилган. Кейинчалик бу зиёратгоҳ қабристонга айланган. Кокилдор ота мақбараси XII асрда бунёд этилиб, хонақоҳ тўғри тўртбурчак тарҳли (27, 5х17 м) 5 хонадан иборат. Баланд ва чуқур равоқ пештоқ орқали марказий хонага (7,5х7,5 м) кирилади. Марказий хонанинг гумбази 8 қиррали пойгумбаз устига ўрнатилган бўлиб, икки ён томондан хоналар ўзаро ўхшаш, тенг ҳажмда, калон орқали боғланган орқа ва ён эшиклари бўлган. Марказий хона саҳнида бир нечта қабр сақланиб қолган . Археолог санъатшунос олима Г.Пугаченкова XVI асрга оид Кокилдор ота мақбараси ўзида узун кириш жойи, асосий зал ва 2 та томондан хона ва йўлак бирлаштирганини, асосий ташқи томоннинг кўриниши фронтал бўлиб, текис пештоқли унинг тепасидаги зал гумбазлари ва ён томондан қанотлари мавжудлигини, ички томонини турлича ганч билан безатилган безаклар ташкил этишини қайд этади.

 Фаррух Садуллаев - Имом Термизий ХИТМ илмий ходими

Izoh qoldirish