09.02.2023

НАВОИЙ ШЕЪРИЯТИДА КАРОМАТЛАР ЗУҲУРИДАН ПАРЧАЛАР

Ҳазрат Алишер Навоий шеъриятида коинот, Қуёш тизими ва унинг тузилиши ҳақида кашфиётлар борлигини биласизми? Қуёш атрофида айнан тўққизта сайёра ўз орбиталари бўйлаб айланиб юриши ХХ аср бошларига келиб ўз тасдиғини топди. Аммо, Ҳазрат Навоий ғазалларида Қуёш атрофида тўққиз фалак (орбита) борлиги бундан 580 йил илгари қайд этилган. “Бадое ул-бидоя” девонининг 140-ғазали, 5-байтида шундай сўзларга нигоҳимиз тушади:

Фитналик тўққуз фалак гирдингда, жоно, турфадур 

Ким, кўруптур бир Қуёш давринда мундоқ ҳолалар.

(Сенга мафтун бўлган тўққиз фалак тегрангда турфа хил жилоланиб турибди, бир Қуёш атрофида бундай ҳолатларни ким кўрган экан?)

          Биринчи мисрадаги “фалак” сўзини ҳозирги ўзбек тилидаги “осмон” сўзининг синоними, деб тушунмаслик керак. Зеро, Қуръони каримда фазовий жисмлар зикр қилинар экан, шундай баён қилинади: 

كُلّ فِي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ

“Ҳар бири ўз фалакида сузиб юради”

Демак, бу ўринда “фалак” жисмнинг ҳаракатланиш орбитаси, деб тушнилади. Иккинчи мисрадаги “Қуёш даври” сўзидаги “давр” луғавий жиҳатдан “айлана”, “доира” маъноларини англатади. Дарҳақиқат, Ҳазрат Навоий даврида бирор кимса бу ҳолатларга ўз кўзи билан гувоҳ бўлиши қийин эди. Бу ҳолат Ҳазрат Навоийнинг авлиёларнинг авлиёси эканига яна бир исботдир.

 

 Музаффархон Жониев Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи

 

Izoh qoldirish