Илм ўрганишнинг қиймати
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللَّهُ لَهُ طَرِيقًا إِلَى الجَنَّةِ».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки илм излаб, йўлга тушган бўлса, Аллоҳ таоло унинг жаннатга борадиган йўлини енгиллаштиради”, – дедилар” (Сунани Термизий. 2646-ҳадис).
Бу ҳадис одамларни илм олишга ундамоқда. Илм излаш, илм йўлида юриш энг шарафли ишлардан биридир. Жаннатга кириш ҳар бир мусулмон кишининг олий мақсади ва орзусидир. Илм йўли – жаннат йўлидир. Инсон илм излаб жаннатнинг йўлига тушади. Ислом дини мусулмонларни илм ва ҳикмат қаерда бўлса, уни дарҳол топиб, ўрганишга ва шу йўлда учраган ҳар қандай қийинчиликларни сабр билан енгишга чақиради. Кимки Аллоҳ розилигини хоҳлаб илм изласа ва илм ўрганса, Аллоҳ таоло унинг жаннатга борадиган йўлини осон қилиб қўяди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳикматли калима мўминнинг йўқотган нарсасидир, уни қаерда топса ҳам, у унга (уни олишга) ҳақлироқдир”, – деганлар”.
Ҳадиси шарифда келган “ҳикматли калима”дан мурод фойдали илмдир. Шу сабабли, ўша ҳикмат бир калима бўлса ҳам, мўмин киши уни олишга ҳаракат қилиши керак.
Ҳар бир мусулмон учун дин-диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиш, ўзига керакли, ҳаёти учун зарур бўлган илмларни ўрганиши лозим, яъни фарзи айндир. Ҳар бир мусулмон бу ишни қилиши шарт бўлади. Агар буни қилмаса гуноҳкор бўлади. Фарзи айнни биров учун бошқа бир киши адо этгани билан фарз айн амали бажарилган бўлмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Балоғатга етган ҳар бир мўмин инсон беш вақт намозни ўқиши – фарзи айн. Ўқимаган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади. Шунингдек, ҳаётнинг ҳар бир соҳасидаги барча илмлар бўйича етарли мутахассисларни тайёрлаб олиш ислом жамиятининг барча аъзоларига фарз бўлади.
Мусулмонлар учун керакли бўлган ҳунар ва илм ўрганишни баъзи бир мусулмонлар адо этса, бошқалар учун кифоя қиладиган ишдир, яъни фарзи кифоядир. Фарзи кифоя эса баъзи бир мусулмонлар адо этса, бошқалар учун кифоя қиладиган ишдир. Бунга мисол жаноза намозидир. Бир мусулмон вафот этса, уни ювиб, жанозасини ўқиб кўмиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо фарзи кифоя бўлгани учун баъзи мусулмонлар жанозасини ўқиса, кифоя қилади. Бошқалардан фарз соқит бўлади.
Эҳтиёжни қондирадиган даражада мутахассис тайёрлаган жамият аъзолари бўйнидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади. Бу фарз энди ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади.
Юқорида келган илмдан мурод ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олган илмдир. Мўмин-мусулмон киши дини, ўзи, жамияти учун ва барча инсонлар учун фойдали бўлган илмларни ўрганар экан, ҳаммаси жаннатнинг йўлида бўлади. Шу сабабли ҳам, Аллоҳ таоло илм ўрганиш учун қадам босадиган ҳар қандай йўлларни осон қилиб қўяди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Йўлга чиқишнинг энг афзали илм олиш учун йўлга чиқиш эканлиги;
- Илм олиш энг шарафли ва олий иш эканлиги;
- Илм излаб, илм йўлида юриш лозимлиги;
- Илм излаш йўли – жаннат йўли эканлиги;
- Жаннатга кириш ҳар бир мўмин кишининг олий мақсади ва орзуси эканлиги;
- Илм излаш жаннатга киришга бир восита эканлиги;
- Барча фойдали илмларни ўрганиш кераклиги;
- Ҳар бир мўмин-мусулмон киши илм талаб қилиш йўлига юриши лозимлиги;
- Ким илм талабида йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиши;
- Ҳикматли калима мўминнинг йўқотган нарсаси эканлиги.
- Ҳар бир мусулмон киши илмни ислом таълимотига мувофиқ равишда олишлиги.
Олим Жўраев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими
Izoh qoldirish