“БОБУРНОМА”ДА ТЕРМИЗ
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, ўрта аср дунё мусулмон маданияти, адабиётида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим, тарихчи бўлиши билан бирга давлат арбоби ва моҳир саркарда ҳам эди. Бобур Ҳиндистонда бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида номи давлат арбоби сифатида қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди.
Маълумки, «Бобурнома» 1483 — 1529 йиллардаги Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистон халқлари тарихидан ҳикоя қилади. Асар асосан уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисми XV асрнинг иккинчи ярми ва XVI асрнинг дастлабки чорагида Ўрта Осиё ва Эронда рўй берган воқеаларга, иккинчи қисми XV асрнинг охири ва XVI асрнинг биринчи ярмида Афғонистонда бўлиб ўтган воқеаларга, ниҳоят учинчи қисми XVI асрнинг биринчи чорагидаги Шимолий Ҳиндистон халқлари тарихига бағишланган.
Заҳириддин Бобур ўз давридаги сиёсий воқеаларни мукаммал баён қилар экан, ўз юрти Фарғона вилояти ва унинг пойтахти Андижоннинг ўша замондаги сиёсий-иқтисодий аҳволи, Ўрта Осиёнинг Самарқанд, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз, Ўш, Урганч, Ўратепа каби йирик шаҳарлари ҳақида ҳам қимматли маълумотлар келтиради. Асар муаллифи давлат ва маданият арбоблари, шоирлар, адиблар, айрим йирик бой-зодагонлар, ҳатто бинокор усталар, дурадгорлар, наққошлар ҳақида ўша даврда ёзилган тарихий асарларда учрамайдиган маълумотларни баён этади. Хусусан, Марказий Осиё халқлари цивилизациялари тарихида алоҳида аҳамиятга молик бўлган шаҳар Термиз тарихи ва у ерда яшаб ўтган тарихий шахслар ҳақида ҳам қимматли маълумотлар келтирилади.
“Бобурнома”да Темурийлар даврида Термиз ва унинг атрофидаги сиёсий-ижтимоий ҳаёт шаҳар идорасига доир маълумотлар учратиш мумкин. Жумладан, Бобур Темурийларнинг даврининг сўнги йилларида Термиз темурийларнинг сўнги ҳукмдорларидан бири Абу Саид Мирзонинг учинчи ўғли Султон Маҳмуд Мирзонинг бошқаруви остида бўлгани ҳақида шундай ёзади: «Қаҳқа билан Кўҳтан тоғининг жануб тарафидаги вилоятлар, чунончи, Термиз ва Чағониён, Ҳисор ва Хатлон, Қундуз ва Бадахшон Ҳиндукуш тоғигача Султон Маҳмуд мирзонинг ихтиёрига ўтди. Акаси Султон Аҳмад мирзо ўлгандан сўнг унинг вилояти ҳам бунинг тасарруфида бўлди»[1]. Шу билан бир қаторда, Султон Маҳмуд Мирзонинг Термиз илмий-маънавий ва сиёсий ҳаётида катта таъсирга эга бўлган Термиз саййидлари оиласига мансуб Мир Бўзўрг Термизий билан ҳам яқин қариндошлик ришталарини боғлагани қайд этилади.
Мир Бўзўрг Термизий XV асрнинг кўзга кўринган шайхларидан, термизлик саййидлар авлодидан, темурийлар томонидан эътироф этилган ва сиёсат майдонида яловбардор шахслардан бири эди[2]. Бобур «Бобурнома»нинг бир неча ўрнида у киши ҳақида эҳтиром билан сўз юритади, унинг авлодлари хусусида хам маълумотлар бериб ўтади. Жумладан, “Бобурномада” Султон Маҳмуднинг катта ўғли Султон Масъуд (1475-1506 йй.)нинг онаси Хонзодабегим эса Бўзўрг Термизийнинг тўнғич қизи эканини, Султон Масъуд икки тилда Шоҳий ва Орифий тахаллуслари билан шеърлар битган истеъдодли соҳиби девон шоир бўлгани қайд этилади.
Маълумки, Термиз саййидлари Термиз бошқарувида муҳим роль ўйнашган. Темурийлар даврига қадар ва ундан кейинги даврларда ҳам шаҳар бошқарувида Термизий саййидларнинг таъсири катта бўлганини «Бобурнома»да келган маълумотларда ҳам учратиш мумкин. Масалан, асарда шундай маълумотлар келади: “Бойсунқур мирзо Термиз атрофидан Амуни кечаётган пайтда Султон Масъуд мирзонинг ҳам уруғи, ҳам мўътабар кишиси Термиз ҳокими Саййид Ҳусайн Акбар хабар топиб, Бойсунқур мирзонинг устига юрди”. Ушбу маълумотлардан кўриш мумкинки, Термиз шаҳри бошқаруви Темурийларнинг даврининг сўнги йилларида Термизий саййидлар хонадони назоратида бўлган.
Умуман олганда «Бобурнома» асарининг ўн тўрт ўрнида Термиз номи тилга олинади ва шаҳар тарихи ҳақида қимматли маълумотлар баён этилади.
Дарҳақиқат, «Бобурнома»да 1494 йилдан 1530 йил ларгача бўлган даврда Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон, Ҳиндистон ва Озар байжон ҳамда бошқа ўлкалардаги тарихий-сиёсий воқеалар, жанглар тафсилоти йилма-йил ўта аниқлик билан, ғоят қизиқарли, ибратли қилиб тасвирланган. Асарни ўқиган китобхон ўзини бевосита ўша воқеаларнинг иштирокчисидай ҳис этади. «Бобурнома» ҳужжатларнинг ниҳоятда нодирлиги, тили ва услубининг жозибалилиги билан ўрта асрлар Ўрта Осиё ва Ҳиндистонда ёзилган ҳамма тарихий асарлардан тубдан фарқ қилади.
Жаҳон халқлари маданияти хазинасидан муносиб ўрин олган Бобурнинг илмий-адабий мероси, жумладан унинг «Бобурнома» асари ўзбек халқи бой ўтмиш тарихининг зарҳал саҳифасидир.
Музаффархон Жониев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи
[1] Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. Ўқитувчи, – Т.: 2008. – Б. 45
[2] Турсунов С. Термизийларнинг илмий тафаккури. Ўзбекистон. – Т.: 2016. – Б. 163
Izoh qoldirish