14.02.2023

ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ДЕВОНИНИНГ ТАРКИБИЙ ҚИСМИ

          Заҳириддин Муҳаммад Бобур гарчи узоқ умр кўрмаган бўлса, лекин мазмунли ва баракали умр кўрганини асарларидан англаш қийин эмас. Тарихий манбаларда бу зотни буюк саркарда, давлат арбоби, мутафаккир, адиб ва фақиҳ сифатида тилга олинади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат Мовороуннаҳр диёрда шуҳрат қозонган, балки Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон ўлкаларида ҳам машҳур бўлган. Тарихчи олимлар Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қуйидаги асарлари бизгача етиб келганини таъкидлайдилар:

  1. “Бобурнома”;
  2. “Аруз рисоласи”;
  3. “Девони ашъор”;
  4. “Рисолаи волидия”;
  5. “Мубаййин”.

Юқорида санаб ўтилган асарлар тарих, шеърият, тасаввуф ва ислом фиқҳига бағишлангини билан эътиборлидир. “Бобурнома” асари бошқа асарларидан кўра ҳажм ва тарихий жиҳатидан муҳим эътиборга молик. “Аруз рисоласи” ўзбек адабиётшунослигида шеърият вазни бўйича муҳим илмий манбалардан саналади. “Девони ашъор” ёки “Девони Бобур” мутафаккирнинг ғазал, рубоий, маснавий ва соқийнома жанридаги шеърлари ўрин олгани билан эътиборлидир. “Рисолаи волидия” Нақшбандия тариқатининг қарашлари асосида ёзилган бўлиб, комил инсон ахлоқи ва руҳий тарбияга бағишланган. “Мубаййин” асари Ҳанафий мазҳабиги мувофиқ фиқҳий масалаларни ўз ичига олади. 

Юқорида таъкидлаганимиздек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат давлат аробоби сифатида танилган, балки буюк мутафаккир ва шоир сифатида ҳам ўз замонасида эътироф этилгани бор ҳақиқат. Ўзбек адабиётида Мавлоно Лутфий ва Алишер Навоий қатори Бобур ҳам тилга олиниши – бевосита адабий маҳоратидан дарак беради. Бироқ шоир ҳаёти ва фаолиятидан маълумки, кўплаб вақтини давлат ишлари ва ўришларда сарфлаган. Шунинг учун Девон тартиб бериш анъасига риоя қилиш Бобур учун машаққатли эди. Вақт озлиги ва турли ҳолларда ижод қилиши шоир девонидаги баъзи тартибларга риоя қилмаслигига олиб келинган. Таниқли адабиётшунос олим Ёқубжон Исҳоқов девон тартиб беришни қуйидагича тавсифлайди: “Бирор шоирнинг лирик жанрига мансуб барча шеърларини ўз ичига олган тўплам.... Мавжуд девонлар фақат 28 та араб ҳарфларига мансуб шеърларидан тузилган бўлиб, форс ва туркий тиллар учун хос бўлган тўрт (ذ-ژ-پ-گ) ҳарфларга  эътибор қилмаганлар. Шунинг ушбу тўрт ҳарфни (Алишер Навоий) бошқа ҳарфлар қатори киритиб, ғазалиётни 32 ҳарф тартиби билан мураттаб қилинди”.[1] Яъни, девон тартиб беришда 32 ҳарф билан ниҳояланувчи ғазаллар ёзиш Алишер Навоий даврида мукаммал бир тарзга кирган бўлса, бироқ кўплаб шоирлар бу тартибга риоя қилмаган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Девон”и борасида қуйидагича айтади:

Девонима не рабту не тартиб дурур,

Не жадвалу не лавҳу не тазҳиб дурур.

Гар санга юбордим, ани айламаким,

Девонинг не тиларга тақриб дурур.[2]

      Мутафаккирнинг иқрор бўлишича девон таркибида девон тартиб бериш анъанасига риоя қилмаган. Балки илоҳий илҳом ва қалбий муҳаббатдан келиб чиқиб иншо этилган.  Шоир девони ҳақида тазкирачилар турли хил фикр мулоҳазаларни билдирганлар. Акбаршоҳ саройининг тарихчиси Абулфазл Алломий шундай фикрлари бор: 

آن حضرت را در نظم و نثر پایه عالی بود خصوصا در نظم ترکی. و دیوان ترکی آن حضرت در نحایت فصاحت و عضویت واقع شده مضامین تازه  در آن مندرج است.[3]

(Ҳазрат (Заҳириддин Муҳаммад Бобур назм ва насрда олий эди, айниқса туркча назмда пешқадам бўлган. Ҳазратнинг туркий девони реал ҳаётнинг янги тасвирида тоза мазмунли ва фасоҳатда бениҳоят бўлиб, тартиб берилганди). 

Абулфазл Алломий яна қўшимча қилиб айтадики: “Гарчи форс тилида равон ва мазмундор шеърлар ёзса-да лекин туркий тилида бундан-да мазўзмунли ва равон ёзарди.[4]

Бу каби тавсиф ва хулосалардан англашиладики, Заҳириддин Муҳаммад Бобур девон тартиб беришда бошқа улуғ шоирлар қатори муваффақиятга эришган. 

Шоир девон тартиб беришда кўпроқ Саъдий, Румий, Низомий, Амир Хусрав Деҳлавий, Ҳофиз, Жомий, Навоий каби зотларга пайравлик қилиб, уларнинг ижодий тафаккурига ёндашиб, ўзига хос услуб ва шахсий тафаккур билан шеъриятга кириб келади. Табиат тасвири, инсонларнинг ботиний олами тасвири, ҳаётий воқеаларнинг тасвири ва илоҳий муҳаббат тасвири шоир шеърияти маъно-мазмунига сингиб кетган. Жумладан баҳор фасли тасвирига бошқа шоирлар қатори кўп тўхталади. Баҳорни шоир ёшлик айёмига қиёслаб шундай дейди:

Баҳор айёмидур доғи, йигитликнинг авонидур,
Кетур соқий, шароби нобким ишрат замонидур.
Гаҳи саҳро узори лола шаклидин эрур гулгун,
Гаҳи саҳни чаман гул чеҳрасидин арғувонийдур.
Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранги гуллардин,
Магарким сунънинг наққошиға ранг имтиҳонидур.
Юзунг, эй гул, ҳаётим гулшанининг тоза гулзори,
Қадинг, эй гул, ҳаётим боғининг сарви равонидур.
На ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
Ғарибингга тараҳҳум айлагилким, анда жонидур.[5]

          Бу ғазалда шоир илк баҳор фаслини ёдга олмоқда. Баҳорни ёшлик билан қиёслаб, инсон умрининг ҳар лаҳзаси ғанимат эканлигини эслатмоқда. Соқийга мурожаат қилиб, шароби нобдан келтиришни баён қилишига кўра, илоҳий муҳаббат завқига муршиди комил орқали ёшликда етишишга ишора қиляпти. Бобур тасвирлаган соқий – пири муршиддир.  Ҳидоят йўлини шароби нобга ташбеҳ қилиб, ўқувчини бу йўл билан завқлантирмоқда. Шоир ғазалнинг иккинчи байтида ёр тасвири билан табиат тасвирини бирга келтирганида орифона маъно яширин. Илоҳий муҳаббатга ғарқ бўлган ва соқий шаробидан баҳраманд бўлган ошиқ учун бутун махлуқотлар Аллоҳнинг қудрати тажаллийси сифатида гавдаланиши тасаввуфий манбаларда келитирилган. Лирик қаҳрамон ўзини “ғариб”, - деб тасвир қилиши бевосита ҳаёти ва руҳий ҳолатидан келиб чиқиб айтилган.  

          Заҳириддин Муҳаммад Бобур девонидаги шеърларнинг маъно-мазмунига эътибор берадиган бўлсак, қуйидаги маънолар асосий ўрин эгаллайди:

  1. Орифона тасвирлар;
  2. Ошиқона тасвирлар;
  3. Пейзаж билан боғлиқ тасвирлар;
  4. Ватан тасвири;
  5. Ғарибликда кезган юртлари тасвири;
  6. Шарҳи ҳоли, тарихий жойлар тасвири;
  7. Руҳий олам тасвири;
  8. Комил инсон ахлоқи ва руҳий тарбияга бағишланган шеърлар.

Мутафаккир ахлоқ бобида қуйидаги байтлари инсон қалбига ҳиссий таъсир кўрсатиши билан бирга, инсонларни залолатдан ҳидоятга, ҳидоятдан саодат манзилига чорлайди. “Яхшилик” радифли ғазалида шоир фалсафий тафаккури билан биргаликда диний тафаккурини бирлаштиради. Риторик сўроқ билан бутун инсонларга мурожаат қилиб, замон ва даврон аҳлининг ҳолатини тасвирлайди. 

Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?

Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!

Гар замонни нафй қилсам, айб қилма, эй рафиқ,

Кўрмадим ҳаргиз, нетойин, бу замондин яхшилиғ!

Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума

Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.

Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ямонлиқ асру кўп,

Эмди кўз тутмоқ не, яъни ҳар ямондин яхшилиғ?

Бори элга яхшлиғ қилғилки, мундин яхши йўқ –

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ!

Яхшилиғ аҳли жаҳондин истама Бобур киби,

Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?[6]

     Шуни алоҳида таъкиддлаш лозимки, Бобур девонидан бизгача беш нусхаси етиб келинган. Бу нусхалар Истанбул, Париж ва Ҳиндистон кутубхоналарида сақланиб келади. Бобур девони ва шеъриятининг маъно-мазмуни борасида маҳаллий ва хорижлик олимлар томонидан бир қанча асарлар ёзилгани ҳам эътиборга молик. Шундай муҳим ва залворли тадқиқотлардан бири афғонистонлик олимлардан бўлган Муовин Муҳаққиқ ва Шафиқа Ёрқин томонидан шоир девони таркиби, мавзу-мундарижаси, поэтикаси, девонининг нусхалари тавсифи, асарларининг ўрганилиши ва шоир девонидаги баъзи шеъларнинг таржимаси амалга оширилган. Тадқиқотчилар шоир шеъларидан дарий тилига маҳорат билан вазнга риоя этган ҳолда таржима қилган. Шоир девонининг танқидий матнини тайёрлашда Кобул, Ленинград ва Истанбулдаги нашрлардан фойдаланиб, амалга оширилган. Ушбу китоб “دیوان ظهیر الدین محمد بابر با مقدمه, مقابله و تصحیح”   (“Девони Заҳириддин Муҳаммад Бобур, муқаддима, таржима ва тасҳиҳи билан”) 1362 ҳижрий-шамсий йили Афғонистоннинг Кобул университети босмахонасида нашр этилган. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг юксак истеъдоди билан ўзидан кейин залворли мерос қолдирди. Ҳиндистон адабий мактабининг ривожланишида Султон Маҳмуд Ғазнавий илк таъсир кўрсатган давлат арбоби бўлса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Султон Маҳмуд Ғазнавий давомчиси сифатида буни давом эттирди ва муваффақиятга эришди. Ҳиндистон адабий мактабида Ислом тафаккури, Ислом фалсафаси, Нақшбандия тариқати таъсири Бобур орқали яна кенг ёйилди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур гарчи подшоҳ сифатида фаолият юритган бўлса ҳам  илм-фан ва маданият ривожланишида Ҳиндистонда катта ҳисса қўшган саркардалардандир. Бобурийлар сулоласининг ҳукмронлиги бугунги кунда мавжуд бўлмаса-да лекин бобурийлар даврида ёзилган бой маънавий мерос асрлар оша қолиши ва дунё тамаддунига ҳисса қўшиши айни ҳақиқатдир. 


Жамаҳматов Каромиддин - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари в.б.
 

[1] Ёқубжон Исҳоқов. Сўз санъати сўзлиги. – Тошкент: Ўзбекистон, 2014. – Б. 35. 

[2] - С.  49. 

[3] Фахрий Ҳиравий. Тазкиратус салотин.  – Теҳрон: Таҳурий,  1344. – С. 79. 

[4] Шафиқа Ёрқин. Девони Заҳириддин Муҳаммад Бобур бо муқаддима, муқобала ва тасҳиҳ. – Кобул: Кобул университети, 1983. – С. 80. 

[5] Шафиқа Ёрқин. Девони Заҳириддин Муҳаммад Бобур бо муқаддима, муқобала ва тасҳиҳ. – Кобул: Кобул университети, 1983. – С. 60. 

[6] Шафиқа Ёрқин. Девони Заҳириддин Муҳаммад Бобур бо муқаддима, муқобала ва тасҳиҳ. – Кобул: Кобул университети, 1983. – С. 81. 

Izoh qoldirish