ВАҚФ МАДАНИЯТИ
Тарих давомида дунёмиз турли маданиятлар ва цивилизацияларга мезбонлик қилган. Ҳар бир цивилизация ўзига хос қадриятлари ва қабул қилган дунёқараши асосида шаклланган институтлари билан бошқалардан ажралиб туради. Инсоният тарихи бизга бу соҳада сон-саноқсиз мисолларни тақдим этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, ислом цивилизацияси хайрия тушунчаси билан бошқа цивилизацияларни ортда қолдирди, дейишимиз мумкин. Ушбу хайрия тушунчаси ислом маданиятининг ўзига хос қадриятига айланган вақф институтининг ривожланишига замин яратди.
Луғатда «тўхтамоқ, тўхтатиш, ушлаб туриш» маъносини англатувчи «вақф» сўзи атама сифатида маълум бир мулкнинг эгаси томонидан диний, ижтимоий ва хайрия мақсадлари йўлида тахсис этилишидир. Ислом маданиятида муҳим унсурларидан бири бўлган, вақф ислом ҳуқуқи асосида тартибга солинади.
Ислом дини ижтимоий адолат ва тинчлик, инсоний ҳамжиҳатликни таъминлаш учун хайр-эҳсон ва садақа каби тамойилларга катта аҳамият беради. Бу борадаги диний буйруқ ва тавсиялар худбин яъни шахсий манфаатини бошқалардан устун қўядиган шахс ўрнига жамият манфаатларини биринчи ўринга қўядиган шахсни шакллантиришга қаратилган. Қуръони каримнинг кўп оятларида яхшиликка, садақа беришга амр ва рағбатлар бор. Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида бу борадаги тавсия ва даъватлар, шунингдек, ўзларининг амалий ўрнакларидан кўплаб зикр этиб ўтиш мумкин. Сийрат, ҳадис ва ислом тарихи манбаларида мавзуга оид амалларнинг кўплаб мисолларини кўрамиз.
Албатта, инсоннинг вафот этиши билан унинг амали тўхтайди. Фақат уч нарсадан инсоннинг аъмолномасига савоб бориб туради. Булардан бири садақаи жориядир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дедилар: «Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаъи аъмолига савоб ёзиб турилади» «Садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд».
Мусулмон киши Аллоҳ йўлида дунё ва оҳират учун бирор бир яхшилик қилса руҳи яйраб, завқланади. Агар ўша яхши амали вафотидан кейин ҳам башариятга нафи етиб турадиган бўлса, унинг ажру-савоби хам тўхтамасдан соҳибига етиб туради.
Язид Раққоший Анас ибн Моликдан ривоят қилади:
"Вафот этгандан сўнг етти нарса бандага ажр бериб туради. Масжид қурдирган бўлса, унинг ажри шу масжидда бир киши намоз ўқиса ҳам, бориб туради; ариқ қазиб сув оқизиб қўйган, модомики, у оқиб одамлар ундан ичиб турган бўлса ҳам, ажри бориб туради; кимики Қуръон ёзиб, одамлар ундан фойдаланса, савоб бориб туради; кимики бир кўчат экиб кўкартирса, унинг ажри одамлар ва қушлар еб туриши билан бораверади. Ким илм ўргатган бўлса ва Фарзанд қолдирган бўлса, гуноҳларини кечиришини сўраб, ўтганидан кейин дуо қилиб турса, у фарзанд солиҳ бўлса, ота фарзандига Қуръон, одоб ва илмни ўргатган бўлса, унинг ажру-савоби фарзанднинг савобидан камаймасдан боради. Агар ота фарзандига Қуръон ўргатмаса, ёмон йўлларни ўргатган бўлса, унинг гуноҳи ўз гуноҳидан камаймасдан отасига бориб туради".
Вақфлар ислом тарихининг илк йилларидан бошлаб бугунги кунгача ўз аҳамияти ва функциясини сақлаб қолган, ижтимоий ҳаётнинг деярли барча соҳасида фаолият юритиб, кўплаб ижтимоий эҳтиёжларни қондиришда роль ўйнаган муассаса бўлиб келган. Ислом цивилизациясининг намоён бўлиши нуқтаи назаридан вақф институти турли соҳаларда институционал инфратузилмани шакллантириш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда ўз хизматларини самарали амалга оширишда муҳим вазифани бажаради.
Маълумки, исломдан олдин турли жамоаларда вақф шаклидаги муассасалар мавжуд бўлган. Бироқ улар чекланган ҳудудда ва асосан ибодатхоналар ёки диний муассасалар тармоғи сифатида фаолият юритган. Мусулмон жамиятида эса вақф муассасаси нафақат диний соҳа билан чекланиб қолмай, балки ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларига кириб борадиган ва муҳим ҳисса қўшадиган муассасага айланган.
Ислом тарихидаги вақфнинг илк намунасига Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонларидан асос солинган. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ўзларига тегишли бўлган Мадина яқинидаги Фадак боғидан фақирларнинг фойдаланиши учун ажратганлар ва кўп саҳобалар бундан ўрнак олиб, бу каби вақфларг асос солганлар. Мадинанинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш учун қудуқларни сотиб олиниб, вақф қилинган. Шунингдек, Масжиди Набавий ёнидаги Асҳоби Суфа номидаги ислом тарихидаги илк таълим муассаси талабаларининг эҳтиёжларини қондириш, зарур бўлган баъзи хизматлар харажатлари вақфлар орқали таъминланган.
Саодат асрида илк намуналари пайдо бўлган бу ташкилий тузилма кейинги даврларда ривожланишда давом этди. Ислом тарихи давомида мусулмонлар имкониятидан келиб чиқиб катта-кичик минглаб вақфлар тузиб, одамлар хизматига берганлар. Бугунги кунда ислом оламида давом этаётган бу анъана натижасида вақф институти ва унинг асосини ташкил этувчи хайрия тушунчаси ислом маданиятининг муҳим хусусиятига айланди.
Вақф муассасаси ислом тарихи давомида муҳим тараққиётга эришди ва Умавийлар, Аббосийлар, Мамлуклар, Қорахонийлар ва Салжуқийлар даврларида кенг тарқалган муассасага айланди. Ушбу кенг тарқалганлик масалани ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳал қилиш имконини берди ва фиқҳ илми доирасида вақф ҳуқуқи алоҳида ном остида яратилди. Фиқҳий китобларда, одатда, «Китабул вақф» ёки «аҳкамул вақф» каби номлар остида кўриб чиқиладиган вақф ҳуқуқи ҳақида ҳам алоҳида асарлар ёзилган ва бу борада бой адабиёт пайдо бўлган.
Мусулмон жамиятида вақфлар орқали кўплаб соҳаларда хизматлар кўрсатилган. Ушбу хизматлар қаторида таълим, соғлиқни сақлаш, боқувчисини йўқтган оилалар таъминоти, жамоат ишлари, диний соҳа ходимлари маоши каби хизматларни санаб ўтиш мумкин. Шу нуқтаи назардан, барча даражадаги таълим муассасалари, айниқса мадрасалар, дарушшифо номидаги соғлиқни сақлаш муассасалари, масжид каби диний хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар, кутубхоналар, хонақоҳлар, йўллар, сув таъминоти, кўприклар ва бошқалар вақфлар томонидан таъминлаб турилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб вақфларнинг жамият учун қуйидаги фойдали жиҳатларини санаб ўтиш мумкин:
Биринчидан, аҳоли ўз даврида юқорида қайд этилган хизматлардан, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидан эркин фойдаланишган. Ушбу хизматлар вақф маблағлари ҳисобидан молиялаштирилганлиги сабабли, бу соҳаларда давлат юки сезиларли даражада камаяди. Молиявий имкониятга эга кишиларнинг ихтиёрий иштироки билан вақф тизими узлуксиз ривожланиб борган ва вақфлар томонидан ортиб бораётган эҳтиёжларни қондириш мумкин қилади.
Иккинчидан, вақфлар фаолиятини маъмурий ва молиявий жиҳатдан мустақил бўлгани учун ҳам самаралироқ амалга ошириш мумкинлигини айтишимиз мумкин. Бу ҳолат ижтимоий ҳаётда нотинчликка олиб келиши мумкин бўлган чуқур сиёсий ва иқтисодий инқирозларнинг таъсирини камайтиради.
Учинчидан, маданият, фан, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларни қўллаб қувватлашда ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар, етимлар каби жамият таянчига муҳтож аҳоли қатлами таъминотида вақфлар муҳим роль ўйнайди.
Музаффархон Жониев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи
Izoh qoldirish