ВАҚФ – ЯХШИЛИККА ШОШМОҚ
Луғатда «вақф» сўзи луғатда «тутиб туриш» маъносини англатади.
Шариатда эса бир молнинг аслини ушлаб туриб, фойдасини Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун сарфлашга айтилади.
Вақф қилиш орқали бир нарсадан келадиган фойдани вақфдан фойдаланувчилар учун абадийлаштирилади.
Мусулмонлар наздида дунё охират экинзори экан, бунинг мазмуни дунё яхшиликлар учун кенг имкониятлар майдони демакдир. Шунинг учун вақфнинг моҳияти, бу дунёда туриб, охиратга захира йиғишдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон одам боласи вафот этса, унинг амаллари кесилади. Фақат уч нарсадан: садақаи жориядан, манфаатланадиган илмдан ва унинг ҳақига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар».
Бу ердаги вақфга тегишли гап «садақаи жория»дадир.
Аввало, Пайғамбар алайҳиссалом ўз саҳобалари томонидан тасарруфига молик қилинган еттита бўстонни вақф қилиб қўйганлари ривоят қилинади. Уларнинг маблағи кам таъминланган табақанинг эҳтиёжига ишлатиларди.
Тўрт чорёр ҳам бунда ўрнак бўлган. Жумладан, Умар розияллоҳу анҳу Хайбардаги ерларини вақф қилган. Ҳадисда келишича, бу унинг энг яхши моли бўлган ва ўшани нима қилиш борасида Пайғамбар алайҳиссалом билан маслаҳатлашганида шу қарорга келинган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар Хайбардан ерга эга бўлди. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у ҳақда маслаҳатга келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен Хайбардан ерга эга бўлдим. Мен ҳеч қачон ундан нафисроқ молга эга бўлмаганман. Уни нима қилишга амр қиласиз?» деди. «Агар хоҳласанг, аслини тутиб қолиб, (фойдасини) садақа қиласан» дедилар у зот.
Бас, Умар унинг асли сотилмаслиги, сотиб олинмаслиги, мерос қилинмаслиги ва ҳадя қилинмаслиги шарти билан садақа қилди. Умар уни фақирларга, қариндошларга, қулларга, Аллоҳнинг йўлига, ибн сабийлга, меҳмонга садақа қилди. Унга ким валий (нозир) бўлса, маъруф йўли билан ундан еса ёки дўстига егизса, гуноҳ эмас. Уни ўзига мулк қилиб олмаса бўлди».
Жобир розияллоҳу анҳунинг айтишича, муҳожир ёки ансорлардан имкони бор ҳеч ким қолмасдан ҳар бири сотиб олинмайдиган, ҳадя қилинмайдиган ва мерос қолдирилмайдиган вақфи бор эди.
Шундан сўнг вақф ишлари табиийки кенг тарқалди. Бунда у икки турга бўлинди. Биринчиси, давлат вақфлари, кейингиси хусусий вақфлар. Ҳар икки тур ҳам кенг ёйилган эди.
Ана энди шу ўринда вақфларнинг тури шу даражада кўпайдики, у мўмин-мусулмонларнинг нафақат бир-бирларига ёки инсонларга, балки бутун борлиққа нисбатан меҳр-шафқатларининг тимсоли ва амалий кўринишига айланди.
Зеро, вақфларнинг турларини санашнинг ўзи алоҳида бир иш. Айрим мисолларни келтириб ўтсак масала яна ҳам ойдинлашади. Мусофирлар қўним топадиган манзилгоҳ, уйсизлар ёки ижарага ҳам уй олиш учун пули етмайдиганлар учун масканлар, обиду зоҳидлар учун такягоҳлар, чўлу биёбонларда инсонлар, ҳайвонлар ва экинлар учун қазилган қудуқлар, макка ҳудудида ҳожилар учун қўналғалар, чегара ҳудудларда чегарачилар учун маскан ва уларда моддий таъминот нуқталари шулар жумласидан. Ҳатто қабристон учун кишилар ўзларининг катта ерларини вақф қилишган, етимхоналар, ногиронларни парваришловчи хайрия уйлари сифатидаги ғарибхоналар, ҳатто маҳбуслар шароитини яхшилаш учун вақфлар, кўр ва ногиронларни етаклаб, уларга қарайдиганларни таъминлаш учун алоҳида вақфлар, уйланишга имкон тополмайдиганларни тўйларини ташкил қилиб берадиган алоҳида вақфлар бўлган.
Оналарга сут ва шакар бериб турадиган вақфлар бўлган, ҳатто Салоҳиддин Айюбий иккита тарнов қилдириб, биридан сут, биридан шакарли сув оқадиган қилган ва оналар ҳафтада икки бор келиб, ундан болалари учун етарлисини олиб кетишган.
Ҳатто ота онаси кўчага қатиқ учун жўнатганда уларни синдириб қўйган болалар учун вақф бўлган. Улар бу ерга келиб синдириб қўйганлари жойига янги идишдаги қатиқни олиб кетишган ва уйларига ҳеч нима бўлмагандек кириб боришган.
Маржал Ахзор – яшил ўтлоқ деб аталган вақфда эса касал ҳайвонларга қаралган.
Шунингдек, барча шароитларга эга бўлган шифохонлар, кутубхоналар, масжиду мадрасалар, илму таълим муассалаларининг кўплаб турлари мавжуд эдики, буларнинг бари яхшилик учун мусобақалашиш кўринишида жамият ривожи ва фаровонлиги ҳамда бирдамлиги йўлида хизмат қиларди.
Хулоса қилиш мумкинки, вақфлар яхшилик турларининг барини қамраб олишга ҳаракат қиладиган кенг кўламли ҳаракат сифатида намоён бўлади. Шу маънода у Қуръонда келган:
“Яхшиликларга шошилинг” (Бақара, 148)
оятининг амалий кўринишларидан бирини тамсил этади.
Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий ХИТМ катта илмий ходими
Izoh qoldirish