17.02.2023

Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи (XVII-XVIII асрлар)

Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи (XVII-XVIII асрлар) Олтинсой тумани Катта Вахшувор қишлоғида жойлашган. Сўфи Оллоёрнинг шахсий ҳаётига доир маълумотлар асарларида тарқоқ ҳолда учрайди . Жумладан, “Рисолаи Азиза” асарида 1634 йилда Миёнкол мавзесига қарашли Минглар қишлоғида таваллуд топган. 

Сўфи Оллоёр 1724 йилда ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги Вахшувор қишлоғида вафот этган. Катта Вахшувор қишлоғида Сўфи Оллоёр ҳаётлиги даврида ўзи қурдирган масжид (XVIII аср) мавжуд. Қадимшунос олим Л.И. Ремпел масжид устунларидан бирининг ёзувини ўқиш орқали 1713 йили уни қуриб битказилганини аниқлади.

 Масжиднинг шимоли-шарқий қисми икки айвон, қўшимча хона ва ҳовлидан иборат. Иморат тўғри бурчак шаклида икки ёқлама айвон билан туташган. Бинога киришнинг жануби-шарқий ва шимоли-шарқий йўллари мавжуд. Иморат синчли пахсадан қурилиб, икки қават девор билан ўралган. Масжиднинг ташқи тарафида кулбалар бор, меҳроб қисми жуда тор бўлиб,тўртта устун қўйилган. 

Айвонда еттита, залда эса олтита бақувват устунлар бор. Айвоннинг диаметри 14,0х16,2 м залнинг диамерти эса 11,1х9,7 м ташкил этади . Масжид биноси XIX асрда Файзулла Охунд томонидан амалга оширилган.

 Зиёратгоҳга киришда дарвоза ва унинг атрофида шоирнинг шеърлари битилган ғиштин лавҳлар бор. Тор ва узун йўлак қабристонга қадар чўзилган. Йўлакка бетон ғиштлар намозгоҳга қадар терилган. 

Айтиш мумкинки, вилоятда Сўфи Оллоёр номидаги бир қанча қадамжолар ҳам бўлиб, бу олимнинг аҳоли ўртасидаги обру-эътиборининг юксак эканлигидан далолат беради. Масалан: Олтинсой тумани Оқарбулоқ қишлоғидаги “Масжид ота” зиёратгоҳи ҳам шундай зиёрат объектидир. Мазкур зиёратгоҳ бугунда жуда обод ва файзли маскан сифатида фойдаланиб келинади.

 

Фаррух Садуллаев - Имом Термизий ХИТМ халқаро алоқалар ва зиёрат туризмини ривожлартиш бўлими илмий ходими

Izoh qoldirish