20.02.2023

Қирққиз қaлъаси (Термиз тумани)

Қирққиз қалъаси Ўзбекистонни жанубида Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида жойлашган. Қалъа Сомонийлар давридан қолган меморий ёдгорлик бўлиб IX-X асрларда бўнёд этилган.

Собиқ Совет иттифоқи шарқшуноси, тарих фанлари доктори Профессор А. Семёнов XX аср бошларида Саловотлик муллалар қўлидан олинган “Саадийа” номли қўлёзмасига кўра сомонийлар сулоласи Термиз ёки Балх яқинидаги Сомон қишлоғидан келиб чиққан. IX аср иккинчи ярмида аниқроғи 865 йилда Термиз саййидлари асосчиси Ҳасан ал-Амир Балхдан Термизга кўчиб келади. Кўчиб келишда унга сосоний саркарда Баҳром Чўбиннинг авлодидан бўлган Аркак ёрдам беради. Аркак бунёд этган Сомон қишлоғида унинг ўғли, сомонийлар сулоласи асосчиси Асад Сомоний дунёга келади. “Саадийа” да ёзилишича Исмоил Сомоний ўзининг келиб чиқиши ва аждодларининг Ҳасан ал-Амир томонидан қўллаб-қувватланганлигини эслаб ҳар йили Термизга келиб турган. У Саййидларга кўплаб моддий ёрдамлар бериб турган. Ушбу алоқалар туфайли кейинчалик Исмоил Сомоний қизи Моҳи Симни Термиз саййидларидан Амир Абдуллога турмушга берган. Уларнинг авлодлари эса худованзодалар деб аталган. А. А. Семёнов ушбу қўлёзмада кўплаб ноаниқликлар борлигини таъкидган. Шунга қарамай баъзи тадқиқотчилар юқоридагиларнинг барчаси тарихий бўлган воқеа ва Термиздаги Қирққиз қалъаси сомонийлар авлодларининг қасри бўлган деган фикрларни илгари суришади. 

Ўрта асрларда Термиз шаҳрининг ташқарисида жойлашганлиги Қирққиз қалъаси шаҳар ташқарисидаги қўрғон вазифасини ўтаганлигини кўрсатади. У дунё томонларига мослаб қатъий мужассимотда бунёд этилган. Қалъа тўртбурчак тарҳли (чизмали) (53,3х54,8 метр), бир қаватли, фақат йўлаклар умумий баландликда икки қаватли бўлиб, хом ғишт (30х30х5 см)лардан қурилган 54 та хужрадан иборат. Тоқ ва равоқларида шу ўлчамдаги пишиқ ғиштлар ҳам ишлатилган. Қалин девор билан ўралган (ташқи девор қалинлиги 2-2,5 метр), бурчаклари ҳажмдор буржлар билан мустаҳкамланган; буржлар оралиғида тоқлар билан ёпилган айвонлар жойлашган, шаклларига бир маромда такрорланувчи туйнуклар ишланган. Қалъанинг барча хоналари ва марказдаги саҳн (майдон) (11,5х11,5 метр) ўзаро йўлаклар билан боғланган; марказий саҳн ҳовли ёки гумбазли зал бўлган деб тахмин қилинади. Айвон ва йўлаклар бинони тўрт қисмга бўлган. Булар иккита бир хил тузилган (беш хона ва уч томонидан ўралган йўлак, эни 2,1 метр) шимоли – ғарбий ва шимоли – шарқий ҳамда иккита жануби – ғарбий (иккита йўлакча билан боғланган бешта хона) ва жануби – шарқий (йўлакча билан боғланган иккита хона ва уч устунли катта меҳмонхона) қисмлардир. Йўлаклар ва хоналар девордаги туйнуклар орқали ёритилган. Қирққиз ёпмасида балхи ҳамда кесишган гумбазсимон тоқлар, бошқа турдаги гумбазлар, тоқлар ва равоқлар қўлланилган.

Тадқиқотчилар томонидан ушбу ёдгорликдан ўтмишда: “Шаҳар ташқарисидаги зодагон саройи, қизлар мадрасаси, хонақоҳ ва карвонсарой” вазифасида фойдаланилганлиги ҳақида турли фаразлар мавжуд. 

Қирқиз қалъаси Сурхондарё вилоятининг туристик йўналишига киритилган тарихий-меъморий, археологик ва экологик объектларидан бири ҳисобланади. 2001-2002 йилларда Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан 2018 йилда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Қирққиз архитектура ёдгорлигида таъмирлаш ишлари олиб борилган.
 

Анвар Жураев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази халқаро алоқалар ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими кичик илмий ходими

Izoh qoldirish