Жалолиддин Румий асарларида маънавий пирининг тавсифи
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг илмий-адабий фаолиятига эътибор берадиган бўлсак, унинг ҳаёти икки қисмни ўз ичига олади. Биринчиси, Шамс Табризий мулоқотигача бўлган даврда фақат шариат илмларини ўрганишга бел боғлаган ва мадрасаларда шу соҳа бўйича дарс берган. Иккинчи қисми эса Шамс Табризий мулоқотидан сўнг тасаввуфга юзланади. Ҳазрат Мавлоно ҳаёти дастлабки дамлари обидлик билан ўтган бўлса, умрининг кейинги қисми орифлик мақомида ўтган. Жумладан, Шамс Табризий ҳазрат Мавлонога руҳий тарбия беришда жонбозлик қилган. Буни эътироф этган Румий Шамс Табризийни “Шамси осмон”, – деб билади. مولوي پس از رویارویی با شمس شخصیتش تغییر کرده و به عارفی عاشق تبدیل شده بود. معلوم نبود که شمس به مولانا چه گفته بود که این گونه او را واله و شیدا کرده بود. شمس از مولوي، مولوي دیگر ساخته و تحولی در وي ایجاد کرده بود[1] (Мавлавий Шамс Табризий билан учрашганидан сўнг шахсияти ўзгариб, бир ориф ошиққа айланди. Лекин Шамс Табризий Мавлонога нима дегандики, у киши шунча (тасаввуфга) боғланиб қолади. Шамс Мавлавийни бошқа Мавлавийга ўзгартиради). “Маснавий маънавий” асарида у Шамс Табризийни қуёш мисолидек олими раббоний ва ер юзидаги қуёшнинг соясига ўхшатади:
رو ز سایه آفتابی را بیاب
دامن شه شمس تبریزی بتاب[2]
Мазмуни: “Боргин! Соя жойдан қуёш нурини топгин ва Шамс Табризийдек зотнинг этагини маҳкам тутгин”.
Бу ерда Румий Шамс Табризийни ирфон қуёшига ўхшатиб, муридларни зулмат ва жаҳолат соясидан қуёш нурига нурафшон бўлишга чорламоқда. Шамс Табризий ҳол илмида ўз замонасининг қуёши эдики, Мавлоно Румийни дунёга танитди.
Бир нарсани алоҳида таъкидлаш зарурки, Жалолиддин Румий ижодида келган “Шамс” истилоҳи фақат атоқли от деб тушунмаслик керак. Баъзи жойларда “Шамс” – қуёш, илму маърифат, ирфон ва муршиди комил маъносида ҳам келади. “Шамс” сўзини баъзан “жон”, “руҳ”, “қалб” маъносида ҳам истифода этган ўринлари ҳам бор . Бироқ бу каби тасвирлар замирида ҳам ўз муршиди Шамс Табризийга ишора қилганини кўриш мумкин.
Жалолиддин Румий Шамс Табризийнинг илоҳий муҳаббатга етишишда бир воситачи муршид сифатида кўп бора тилга олади.
اي عشــق خداوندي، شمـس الـــحق تبـریزي
چنــــدانــک بیــفزایی ایــن بــــاده بیـفزاید
Мазмуни: “Эй илоҳий ишқнинг соҳиби бўлган Шамсулҳақ Табризий, муҳаббат сир-асрорини қанча ўргатсанг Аллоҳга бўлган муҳаббатим шунча ортади”.
Аллоҳ таоло анибиёлардан сўнг ўз валийларига жамол ва жалол сифатидан бироз насиба берган. Бу борада Хожа Муҳаммад Порсонинг “Рисолаи қудсия” асарида келадики: “Агар соликни ушбу икки сифат – жалол ва жамол билан тарбия қилинса, унинг жалоли жамолга, жамоли жалолга айланади. Хавф унга ғолиб келганда, ражо келсин. Ражо ғалаба қилганда, хавф келсин. Жалол сифати тажаллий этган пайт жамол сифатига ҳам таважжуҳ этсин.
Султон ул-орифин Абу Язид Бистомий қуддиса сирруҳу ўз муриди Абу Туроб Насафийга зотий тажаллий ва жалол назари билан қаради. У эса жамол сифати билан тарбия топган эди. Агар у кишида ушбу икки сифат тарбия топганида эди, султон ул-орифин назари қувватини ўзига сингдира олган бўларди ва унинг башарий вужуди бундай парчаланмасди”[3].
Мана шу нуқтаи назарда аёнлашадики, Шамс Табризий ҳазратлари Жалолиддин Румийга жалол назари билан қараган ва шу жалол назари у кишининг руҳоний оламини ўзгартириб орифлик мақомига етказган.
اي بــــــرادر تــــــو همــــان اندیـــشه اي
ما بقــــی تـــــو استخـــوان و ریـــــشه اي
Мазмуни: “Эй биродар сен доимо менинг ўй-фикримдасан, яъни сен берган тарбия бутун томирларим ва суякларимда қотган”.
Мурид муршидга содиқлиги унинг берган тарбиясига амал қилишидадир. Румий ҳам Шамс Табризий берилган тарбияга умр буйи содиқ қолди. “Девони Шамс” мана шу руҳий тарбиянинг маҳсулидир.
شمــس الحق تبــریز چو بگشاد پــر عشــــق
جبــریل امیــــن را زپی خویــــش دوان کرد[4]
Мазмуни: “Шамс ул-ҳақ Табризий маърифат қанотини ишқ йўлида очаганида, Жаброил алайҳиссаломни ўз изидан югуртирди”.
Бу байтни тўғридан зоҳирига қараб ўрганилса ўқувчи нотўғри талқинга бориши мумкин. Лекин Жалолиддин Румий бу ерда қиёс ва ташбеҳ орқали муболағали тарзда шеъриятдаги истеъмол қилиши жоиз бўлган услубда Шамс Табризийнинг руҳий ҳолатини тасвирламоқда. Аслида Шамс Табризий орқали жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи ва салламнинг Меърожга кўтарилиши давомида Жаброил алайҳисалом билан юз берган воқеани эслатади. Инсон раҳмоний нафсни тарбиялай олса, фаришталардан устун мақомга эришишни таъкидламоқчи, холос. Шамс Табризий ҳам шаҳвоний нафслардан фориғ бўлган ва раҳмоний нафс мақомида бўлган валий зотдир.
Шамс Табризийни Жалолиддин Румий “Каъбаи ушшоқ”, “Замзамаи шукр”, “Чашмаи Хизр”, “Оби ҳаёт”, “Офтоби жону дил”, “Хуршиди вужуд”, “Баҳри гуҳар”, “Оташи ҳажр” каби ташбеҳлар билан тасвирлайдики, бу бевосита ўз пирига бўлган юксак баҳо, садоқат ва муҳаббатидан далолат беради.
تـــو کعبــه عشــاقی شمــس الحـق تبریزي
زمـــزم شکـــر آمیـــزد از زمـــزم تـــو جانا[5]
Мазмуни: “Сен ошиқларнинг Каъбасисан, эй Шамс ул-ҳақ Табризий, зам-зам суви сени ҳаётбахш зам-заминг билан ширин зам-замга айланади”.
چشمه خضـــر و کوثـري زآب حیات خوشتري
زآتـــــش هجر تو منم خشک دهان چـرا چـرا؟[6]
Мазмуни: “Хизр ва Кавсар бўлоғи ҳамда ҳаётбахш сувидан ҳам афзалсан. Ҳажринг машаққатидан мен нега ташнаман”?
شمس الحق تبــریزي خورشــید وجـــود آمد
کــان چرخ به چرخست آن کانجا سیـران دارد[7]
Мазмуни: “Вужуднинг қуёши Шамс ул-ҳақ Табризий келди, у чарх каби самоъга тушиб осмонга сайр қиларди”.
“Девони Шамс” асарида Шамс Табризийни Табризнинг қуёши сифатида тилга олади.
ازتبــریز شمس دیــن روي نمــود عاشــــقان
اي کـــه هـــــزار آفــرین بــر مه و آفتـاب ما
Мазмуни: “Эй ошиқлар, Табриздан Шамс Табризий келди, у кишининг қадамларига минг ҳасанот”.
خلایـــــق اختر و خورشیـــد شمـس تبریزي
کدام اختـــــر کز شمــــس او منـــور نیست[8]
Мазмуни: “Бутун халқ юлдуз бўлса Шамс Табризий қуёш кабидир, шунинг учун қайси юлдуз қуёшдан нур олмайди дейсан”.
Бу ерда Шамс Табризийнинг улуғлигини тавсифлаб қуёшга ўхшатади, муридларини эса юлдузларга ташбеҳ қилган. Зеро, қуёшнинг нури бутун махлуқотларга нур улашишдир. Шамс Табризий ҳам ўз муридларига маърифат илм-у ирфон нурини таратарди.
درا بــــه مجلــس عشــاق شمــــس تبریزي
که آفتـــاب از آن شمـــس میبـــرد انـــوار
Мазмуни: “Шамс Табризийнинг ошиқлари мажлисига киргин, ҳатто қуёш Шамсдан зиё олади”.
Зикр мажлиси доимо файзга тўла маскан. Ориф зотлар суҳбати файзидан баҳраманд бўлиш саодатмандлик белгиси. Шамс Табризий суҳбати ҳам ошиқлар мажлиси бўлган. Румий ушбу файзли мажлисни “ошиқлар мажлиси”, – деб атайди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Шамс Табризий Мавлоно Жалолиддин Румий ижодида комил инсон, муршиди Ҳақ, раббоний олим, Ҳақ ошиқи, илму маърифат бўлоғи, илоҳий муҳаббатга ораста инсон, мажзуб шайх ва ошиқлар сардори каби тавсифлар билан келади. Румий ижодини англаш учун Шамс Табризийнинг меросини ўрганиш лозим. Зеро, шогирд устознинг руҳий тарбиясидан таъсирланиши бор ҳақиқат. Агар шогирд устознинг маънавий дунёсидан баҳраманд бўлмаса, кўзланган мақсадига эришолмайди. Шамс Табризий ва Мавлоно Жалолиддин Румий ўртасида кечган мулоқот ҳам руҳий тарбия жараёнларини ўзида мужассамлаштирган эди. Шамс Табризий нафақат Жалолиддин Румий ҳаёти ва меросига таъсир кўрсатади, балки кичик замондошларининг маънавий меросига ҳам таъсир кўрсатганини кўриш мумкин. Булар қатори Жалолиддин Румийнинг ўғли – Султон Валад ижодида Шамс Табризий “маънавий пир” сифатида тилга олингани муҳим аҳамиятга эга.
Жамаҳматов Каромиддин – Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори ўринбосари (в.б.).
[1] // بررسی و تحلیل تصویر شمس در آینه غزلیات شمس. تهران. مجله, 1324- ص. 2.. رامین محرمی
[2] مولوي، جلال الدین محمد، 1385 .مثنوي معنوي براساس نسخه قونیه، به تصحیح و پیشگفتار عبدالکریم سروش، تهران: شرکت انتشارات علمی و فرهنگی. – ص. 789.
[3] Хожа Муҳаммад Порсо. Рисолаи қудсия / таржими ва изоҳлар муаллифи К. Жамаҳматов. – Термиз: Kitob nashr, 2022. – Б. 35.
[4] // بررسی و تحلیل تصویر شمس در آینه غزلیات شمس. تهران. مجله, 1324- ص. 6.. رامین محرمی
[5] // بررسی و تحلیل تصویر شمس در آینه غزلیات شمس. تهران. مجله, 1324- ص. 7.. رامین محرم
[6] // بررسی و تحلیل تصویر شمس در آینه غزلیات شمس. تهران. مجله, 1324- ص.7.. رامین محرمی
[7] Мазкур манба. – С. 7.
[8] // بررسی و تحلیل تصویر شمس در آینه غزلیات شمس. تهران. مجله, 1324- ص.7.. رامین محرمی
Izoh qoldirish