Шаъбон Рамазоннинг даракчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Алҳамду лиллаҳи Роббил оламин вал оқибату лил муттақин вассалоту вассалому ала Росулиҳи ва олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъин.
Шаъбон ойи Рамазон ойига тадорик кўриладиган бир мавсумдир. Тайёргарликни Ражаб ойидан бошлаш лозим. Чунки Ражаб ойини экин-тикин ойи дейдиган бўлсак, Шаъбон ойини суғориш ойи ва Рамазон ойини ҳосилни йиғиш ойи дейилади.
Шаъбон ойида бажариладиган афзал амаллардан учтаси борки, бу уч амал кўплаб эзгуликларни ўз ичига олган.
Ўша уч амалнинг биринчиси рўза тутмоқдир. Албатта, фарз амалларини тўлиқ бажаргандан кейин нафл рўза тутилади. Кимнинг қазо рўзаси қолган бўлса, шаъбон ойида уни тутиб, Рамазон ойида янги рўза бошлангунча, қарзларидан қутулиб олади. Эркак киши сафарда ё касалликда ёки бошқа сабабларга кўра тута олмаган рўзани тутади. Аёллар ҳам узрли кунларида Рамазон рўзасидан қазо қилганларини тутади.
Агар кишининг душанба ва пайшанба кунлари ёки душанба куннинг ўзида рўза тутиш одати бўлса, ўша одатни давом эттиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойида нафл рўзани кўп тутар эдилар. “Рамазон ва Ражаб ўртасидаги ушбу ой ибодатлар қабул бўладиган ойдир ва бу ойда рўза тутиш афзалдир”, – деганлар.
Бу ойда, ким хоҳласа, Довуд алайҳиссалом каби кунора рўза тутади, истаганлар ҳафтада икки кун ёки бир кун рўза тутадилар. Бир ойда уч кун тутса ҳам бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар ойдан уч кун рўза тутса, у доим рўза тутгандек бўлади”, – деганлар. Шу уч кун ойнинг ўн уч, ўн тўрт ва ўн беши бўлса яхшироқ.
Бу ойда фарз амалидан ташқари қилинадиган савобли амаллардан иккинчиси бу истиғфорни кўп айтишдир. Истиғфор айтиш Аллоҳ таолони зикр қилиш жумласига киради, биз зикрга буюрилганмиз ва қанча кўп зикр қилсак, шунча ажр оламиз:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْرًا كَثِيرًا[1]
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар”.
Қуръон тиловати ҳам зикрнинг афзали ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу ишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Шаъбон дуолар мустажоб бўладиган ой эканлиги учун дуони кўпайтириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Учинчиси, албатта, нафл ибодатларини кўпайтириб, Рамазонда бўладиган таровиҳ намозларига тайёрланиш бўлади. Албатта, бунда ҳар ким ўзининг тоқатига яраша амал қилади.
Бу ойда кечган энг муҳим тарихий ҳодисалардан бири «Таҳвили қибла», яъни қибланинг ўзгартирилиши воқеасидир. Ҳижратнинг биринчи йили, Шаъбон ойининг 15-кунида қибла Байтул Мақдисдан Масжидул Ҳаромга ўзгартирилган. Бу тўғрида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
قَدْ نَرَىٰ تَقَلُّبَ وَجْهِكَ فِي السَّمَاءِ ۖ فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبْلَةً تَرْضَاهَا ۚ فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ ۚ وَحَيْثُ مَا كُنْتُمْ فَوَلُّوا وُجُوهَكُمْ شَطْرَهُ ۗ وَإِنَّ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ لَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِنْ رَبِّهِمْ ۗ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا يَعْمَلُونَ
“Гоҳо юзингни осмонга тез-тез бурилганини кўрамиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз”.
Шаъбон ойининг 15-куни, яъни 14-куннинг қуёш ботган вақтидан то эртаси 15-куннинг қуёш ботган вақтигача мазкур ойнинг энг улуғ айёмларидан ҳисобланади.
Бу кечада Ҳақ таоло то субҳ вақтигача ушбу тарзда нидо қилар экан: «Истиғфор айтувчилар бормики, гуноҳларини кечсам, бирор бало ёки мусибатга мубтало бўлганлар бормики, нажот сўрасалар, офият бахш этсам, ризқу рўз сўраганлар бормики, ризқини зиёда қилсам». Ибн Ҳажар (розияллоҳу анҳу): «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шаъбон ойидаги нафл рўзалари бошқа ойдаги нафл рўзалардан кўпроқ бўлиб, шаъбоннинг аксар кунларини рўза тутиб ўтказар эдилар», – деганлар.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай савол бердим: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен биронта ойда шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу шундай ойки, одамлар ражаб билан рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Хожасига кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман», –деганлар[2].
Аллоҳ таоло барчаларимизга шаъбон ойини ғанимат билиб, уни рўза ва тоат-ибодат билан ўтказишни насибу рўзи этсин, жаннатмакон диёримиз фаровонлиги ва жамиятимиз тараққиёти йўлида олиб бораётган хайрли амалларимизни баракотли қилсин! Омин, ё Роббал оламин!
Аббосхон Абдуллаев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Аҳзоб сураси 41 оят.
[2] Имом Насои ривояти.
Izoh qoldirish