АЛ-АЗИЗ
АЛ-АЗИЗ
إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا بِالذِّكْرِ لَمَّا جَاءَهُمْ ۖ وَإِنَّهُ لَكِتَابٌ عَزِيزٌ لَّا يَأْتِيهِ الْبَاطِلُ مِن بَيْنِ يَدَيْهِ وَلَا مِنْ خَلْفِهِ ۖ تَنزِيلٌ مِّنْ حَكِيمٍ حَمِيدٍ
- АЛБАТТА, У АЗИЗ КИТОБДИР. УНИНГ ОЛДИДАН ҲАМ, ОРТИДАН ҲАМ БОТИЛ КЕЛМАС. У ЎТА ҲИКМАТЛИ ВА ЎТА МАҚТАЛГАН ЗОТНИНГ ТУШИРГАНИДИР (ФУССИЛАТ, 41-42).
Ушбу ўриндаги Қуръоннинг азизлигини Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “карим ва шариф” деб тафсир қилган. Сўнг дейдики, Таврот, Инжил, Забур ва бошқа китоблар уни ёлғонга чиқариб, қарама-қарши кела олмайди (яъни, Қуръон бошқа илоҳий китобларнинг асли билан мувофиқ бўлиб, унга ботиллик киришидан ҳимояланган, балки бошқа китобларнинг ботил жиҳатларини очиб-кўрсатиб беради). Ундан олдин ҳам, кейин ҳам бирон китоб Қуръонни ёлғонга чиқара олмайди. Ёки дейиладики, Иблис Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келишидан олдин келиб, Қуръонга бирон нарсани зиёда, ваҳийдан сўнг кетгач, Қуръондан бирон нарсани ноқис қила олмайди. Яна дейиладики, Қуръон оятлари бир-бирига қарама-қарши келмайди, лекин бири бошқасига мувофиқ бўлади.
Абуллайс Самарқандийга кўра: “Яъни, мўминлар наздида карим. Яна дейиладики: “Аллоҳ учун карим бўлиб, уни охирги Китоб сифатида нозил қилди. Муқотил деди: “Азиз Китоб”, яъни, ботилдан ман қилувчи. Яна дейилади: “Назм ва фойдалари кўплиги жиҳатидан унинг ўхшаши бўлмаган азиздир”.
Имом Замахшарийнинг келтиришича: “Яъни, ман қилувчи ва Аллоҳнинг ҳимояси билан ҳимояланган. Ботил унга (зарар бериш учун) йўнала олмайди ва унга етиб олиб, таъаллуқли бўлиши – ёпишиши учун бирон-бир томондан у сари йўл тополмайди. Агар: “Таъна қилувчилар унга таъна қилишмадими, ботил аҳли уни ноўрин таъвил қилишмадими?” десанг, шундай дейман: “Ҳа. Лекин Аллоҳ, дарҳақиқат, ботил унга таъаллуқли бўлиши борасида унинг ҳимоясини олдиндан ҳозирлаб қўйди. Шу биланки, бир қавмни ҳозирлаб қўйдики, ўшалар уларнинг таъвилларини ва бузғунчи-фосид сўзларини ботил қилиш билан уларга қаршилик кўрсатишади. Бас, таъна қилувчининг таънаси уни ўчирувчи, ботил аҳлининг сўзи эса уни тойдирувчи ҳужжатдан холи эмасдир. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи шу маънода: “Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз (Ҳижр, 9)”.
Имом Мотуридийга кўра: “Яъни, шу даражада азизки, инкор қилувчининг инкори ва ёлғонга чиқарувчининг ёлғонга чиқариши уни хорламайди. Ёки бу билан Аллоҳ дейдики, у Аллоҳ таолонинг ҳузурида азиз бўлиб, у билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни икром қилди. Бу шундай азиз китобки, унга эргашиб, амал қилганларни азиз қилади, худдики унга эрашиб, ундаги нарсаларга амал қилганларни шарафли қилишини зикр этганимиздек”.
Қуръони Каримнинг ушбу исми шарҳида Абуллайс Самарқандий Али розияллоҳу анҳудан ҳадиси шариф келтирган бўлиб, биз бу ўринда ушбу ҳадиснинг Имом Термизий қилган ривоятини келтирамиз:
«Аммо мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Огоҳ бўлингизким, албатта, фитна бўлур!» деганларини эшитдим. Шунда: «Ундан чиқиш нима билан бўлур, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. «Аллоҳнинг китоби ила. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У фосил қилувчидир, ҳазл эмасдир. Ким бир жаббордан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдирур. Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказур. У – Аллоҳнинг метин арқонидир. У ҳикматли зикрдир. У – сиротул мустақиймдир. У – унинг ила ҳавои нафслар тоймайдиган, у – унинг ила тиллар тутилмайдиган, у – уламолар ундан тўймайдиган, у – кўп тарқалиш билан эскирмайдиган ва ажойиблари тугамайдиган нарса. У – жинлар Уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарса. Ким у билан гапирса, содиқ бўлур. Ким унга амал қилса, ажр олур. Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур. Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилинур» (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ таржималари).
Имом Абуллайс Самарқандий ривоят қилиб, келтирган лафзнинг бошида ушбу умматнинг фирқаларга бўлиниб кетмаслиги гарови сифатида Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар алайҳиссломга ушбу оятларни айтади: “Албатта, у азиз китобдир. Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У ҳикматли ва мақталган зотнинг туширганидир”. Сўнг қолган лафзлар келтирилганга ўхшаш тарзда давом эттирилади.
Юқоридаги тафсирлар “азиз” сўзининг луғатдаги маъноларига мувофиқ келади. Зеро, бу сўз “кучли, қудратли, ғолиб, енгилмас”, “азиз, қудратли, шарафли, мукаррам, маҳбуб, суюкли”, “нодир, камёб”, “ҳимояланган, сақланган” деган маъноларни билдиради. Шунингдек, бу сўзнинг юрт аҳлига ғолиб бўлгани учун “подшоҳ, ҳукмдор” маъноси ҳам бўлиб, Қуръони Каримда Миср подшоҳининг лақаби “азиз” дея зикр этилади (Юсуф, 88). Аллоҳ таолонинг Азиз исми эса: “ҳеч қачон мағлуб бўлмас куч-қудратга соҳиб, ҳеч нарса уни ожиз қолдиролмайдиган ва тенгсиз Зот” маъносидадир. Албатта, Қуръони Карим ўз азизлигини Аллоҳнинг Азизлигидан олган. Албатта, у Азиз зотнинг азиз китобидир.
Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish