10.09.2021

Амал дунёси

Ҳозирги кунда баъзи бир адашган тоифалар кундалик амаллари билан ғурурланиб кетиб, ақлига сиғмайдиган баъзи бир эътиқодий масалалар билан ўралашиб қоляпди, бунинг натижасида қанчадан қанча хайри савобли ишлардан бебаҳра қолмоқда.   

      Ҳаёт берилибдики биз бу ҳаётни мақсадли ўташга буюрилдик, у ҳам бўлса Аллоҳга ибодат қилиш, буюрганларини бажариш қайтарган нарсаларидан тийилиш, шунда ҳар бир қилган ишимиз дунё манфаатини олиб келиши билан   бир қаторда, охиратимиз учун захира ҳам бўла олади, ҳазрати Умар размияллоҳу анҳу ҳар кечқурун: “Эй, Умар, сен бугун нима эзгу ишни амалга оширдинг?!” деб ўзини сўроқ қилар эди. Шу маънода Сўфи Оллоёр шундай дейди:

 

Қуруғ юрма қуруғ дасти ажалда
Солар ногоҳ гумон этмас маҳалда

Маъноси: Суфи Аллоёр ушбу байтда биринчи “қуруғ”дан амалсиз бўм-бўш юрма деган маънони ирода қилган, иккинчи “қуруғ”-дан эса уни сиртмоқ маъносига ишора қилмоқда. Мўмин ўз ҳаётини қайта тирилишга асослаб, ҳаёт кечиради ва таваллудни қандай кутиб олинган бўлса, ўзи вафотини ўшандай кутиб олади. Шу мавзуда Утбий “Тарихи Яминий”да ўз сафарини хотиржамлик билан кутиб олган амир ҳаётидан бир парча ҳикоя қилар экан шундай дейди:    

Жуда ажабланарли бир иш бўлди, мен Бустий билан кунларнинг бирида бемор амирни кўргани бордик, гап айланиб касалликнинг келиши ва кетиши тўғрисига борди, амир Субуктегин шунда ҳамкасбимиз, котиб Абулфатҳ Бустийга қараб шундай, деди: Эй, шайх, ўлим бизнинг бошимизга келиши турлича бўлишини шунга ўхшатса бўладики, қирқимчи галадан бир қўйни ушлаб жунини олиш учун ерга ётқизади ва кулликлайди (аёқларини боғлайди), қўй жонивор одатий ҳолга ўхшамагани учун ўлишдан қўрқиб титрашда давом этади, то қиллиқчи ишини тугатиб, қўйни оёқларини ечиб, қўйиб юборганича, шунда ўлимдан қутилгани ва ҳаётга қайтганидан роҳатланади. Келаси йилига яна шу қирқимчи келиб, одати ҳолни такрорлайди, бу сафар қўй иккилана бошлайди: Ҳаётидан умид қилсами ёки жонидан умидини узсами, бу одамни яхши кўрсами, ё ундан нафрат қилсами? бирида ўтган сафарга ўхшаш гумон қилса, иккинчи тарафдан одати ҳол бўлмай қолишидан қўрқади, илло охир қўйиб юборилса, қутилади ва хотиржам ўтлашга киришиб кетади. Учинчи йилига келганда қирқимчи қўйни кулликлаб, қассобга топширади, ҳолбуки қўй одат қилиб бўлгани учун ишончда, қўрқувдан йироқда, офатдан омонда, бўғзидаги пичоқ чакарак томирни кесганини сезмай қолади. Биз ҳам навбати билан касалликни бошдан ўтказишда шу қўйга ўхшаб кетамиз. Ушбу тартибда келади, қачон ундан келадиган хавфдан хотиржам бўлсак, тўсатдан у ташриф буюради ва вафот этамиз. Бу ўхшатишдан сўнг қирқ кунча вақт ўтиб ўзи вафот этди. Шунда биз унинг вафотини Аллоҳ ўзининг тилида айттириб, тақдирга ёзиб қўйганидан ажабландик.

Хулоса шуки, Носириддин Субуктегин байт мазмунига амал қилиб, яшаган чин мўминнинг ҳаётидан ҳақийқий маънодаги улгу десак  бўлади.

 

Аббосхон Абдуллаев -
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish