03.03.2023

АЛ-ҲАКИМ

 

يس وَالْقُرْآنِ الْحَكِيمِ

 ЙАСИН. ҚУРЪОНИ ҲАКИМ ИЛА ҚАСАМ (ЁСИН, 1-2).

Қуръони Карим “Ёсин” сурасидан ташқари яна қуйидаги ўринларда “ҳаким” исми билан қайд этилган:

ذَٰلِكَ نَتْلُوهُ عَلَيْكَ مِنَ الْآيَاتِ وَالذِّكْرِ الْحَكِيمِ

“Бу сенга тиловат қилиб бераётганимиз оятлар ва ҳаким эслатмадандир” (Оли Имрон, 58).

الر تِلْكَ آيَاتُ الْكِتَابِ الْحَكِيمِ

“Алиф. Лом. Ро. Булар ҳикматли китобнинг оятларидир” (Юнус, 1).

وَإِنَّهُ فِي أُمِّ الْكِتَابِ لَدَيْنَا لَعَلِيٌّ حَكِيمٌ

“Албатта, у ҳузуримиздаги она китоб (лавҳул маҳфуз)дадир, у олийдир, ҳикматлидир” (Зухруф, 4).

Яна бир оятда шундай дейилади:

ذَٰلِكَ مِمَّا أَوْحَىٰ إِلَيْكَ رَبُّكَ مِنَ الْحِكْمَةِ

“Ушбулар Роббинг сенга ваҳий қилган баъзи ҳикматлардир” (Исро, 39).

Бошқа бир ўринда эса Қуръони Карим шундай таърифланади:

حِكْمَةٌ بَالِغَةٌ

“Етук ҳикматдир” (Қамар, 5). 

 Қуръони Каримнинг “ҳаким” сифати ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дейди: “Ҳалол-ҳаром, буйруқ-қайтариқ масаласида муҳкам (аниқ-мустаҳкам) бўлган. Шунингдек, Таврот ва Инжилга ёки Лавҳул маҳфузга мувофиқ”. “Қуръон шундай китобки, дарҳақиқат, ҳикмати камолга етган”.  

Абуллайс Самарқандий Қуръоннинг барчаси ҳикмат эканлигини айтиб, дейди: “Чунки Қуръон унда ўзаро қарама-қаршилик бўлмаган аниқ-мустаҳкам Китоб бўлиб, ҳеч ким унинг ўхшашини келтира олмайди”. “Муқотил дейдики, яъни, ботилдан сақланган муҳкам (мустаҳкам-аниқ) бўлиб, унда ёлғон ҳам, тўқима ҳам эмас. Калбий дейдики, яъни, ўз ҳукмида ҳикматли, ҳалол-ҳароми муҳкам (мустаҳкам-аниқ). Яна дейиладики, Қуръоннинг ҳакимлиги, яъни, барча китобларга ҳоким – ҳукмини ўтказа олувчи”. “Яна дейилади: “ҳаким”, яъни, ҳикматли, худди Аллоҳ таоло айтганидек:

حِكْمَةٌ بَالِغَةٌ

“Етук ҳикматдир” (Қамар, 5). 

Имом Замахшарий ва Насафийлар дейди: “Ҳикматлики, ҳикматни тўла қамраб олгани ва у билан нутқ қилгани туфайли”. “Ёки у ҳикмат билан нутқ қилувчининг тирикдек бўлган далилидир. Ёки у Ҳаким Зотнинг каломи бўлиб, у ўз мутакаллими васфи билан сифатланган”. “Ҳаким – етук ҳикматга молик”. 

Имом Мотуридий ҳам Қуръоннинг бу исмига кенг шарҳлар берган ва қуйидагиларни келтирган: “Бу муҳкам (мустаҳкам-аниқ). “Ҳаким” дейилдики, яъни, ким унга назар қилиб, уни тафаккур қилса, ҳаким бўлади. Худдики Аллоҳ таоло:

وَالنَّهَارَ مُبْصِرًا

“кундузни кўрсатувчи этиб...” (Юнус, 67)

деганидек. Аллоҳ билувчироқ”.

“Баъзилар дейишдики, Ҳаким – Аллоҳнинг Ўзидир. У Зот худдики: “Бу китоб Аллоҳнинг оятларидир” деганидек. Яна баъзилар айтишдики, ҳаким – Қуръоннинг сифати. Китобни “ҳаким” деб номлаши икки жиҳатга кўра:

У Зот Китобни “фаъийл” вазнида “ҳакийм” деб номлаши бу муҳкам (мустаҳкам-аниқ). “Мафъул” “фаъийл” исми билан номланиши жойиздир, худди “қотийл”нинг “мақтул” маъносида, “жарийҳ”нинг “мажруҳ” ва шу кабиларнинг маъносида бўлгани каби. Қуръонда ҳалол-ҳаром, амр-наҳий (буйруқ ва қайтариқ) бор. Ёки муҳкам ва энг яхши даражада бўлиб, ботил, ёлғон ва тўқималар аралашишдан пок бўлгандир. Бу Аллоҳ таоло уни васф қилган сифат:

لَّا يَأْتِيهِ الْبَاطِلُ مِن بَيْنِ يَدَيْهِ وَلَا مِنْ خَلْفِهِ

“Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас” (Фуссилат, 42). 

Иккинчиси, Қуръон шунинг учун ҳам ҳакимки, ким уни таъаммул қилса, у ўз ичига олган ва киритган нарсаларга назар қилиб, фаҳмласа, ҳаким бўлажак. Бу худдики Аллоҳнинг Қуръонни “мажид” деб сифатлаши каби, яъни, ким уни таъаммул қилиб, унга эътибор ила назар қилса, мажид – улуғ ва шарафли бўлажак.

Ҳаким – ҳақиқатда тўғриликни топувчи ва унга етувчидир, хоҳ Қуръоннинг, хоҳ Аллоҳнинг сифати бўлсин. Агар Аллоҳнинг сифати бўлса, У Зот Ҳаким бўлиб, ҳам бир нарсани ўз муносиб жойига қўювчидир. Агар Қуръоннинг сифати бўлса, у ҳам шундай бўлиб, ҳар бир нарсани ўз муносиб жойига қўювчидир”.

Аллоҳ таолонинг “Ал-Ҳаким” исми ҳақида дейиладики, У Зот барча нарсани ҳикмат ила қилувчидир. “Ал-Ҳаким” ҳикмат эгаси дегани бўлиб, ҳикмат эса нарсаларнинг энг афзалини энг афзал илмлар воситасида билишдан иборат. Бу илмда махфий қолиш ёки шубҳа-иккиланиш каби ҳолатлар бўлмайди. Ушбудек сифатлар билан фақат Аллоҳ таолонинг илми васф этилади. Баъзан чуқур билувчи кишига ҳам ҳаким дейилади. Аммо уни шу илмнинг камолига етказувчи ҳам Аллоҳ таолодир. Демак, Аллоҳ таоло ҳақиқий Ҳакимдир. Шулардан келиб чиқиб, ўқиб-билиб, Аллоҳ таолони танимаган киши ҳаким дейилмайди. Чунки у борлиқнинг энг улуғи ва энг афзалини билмабди. Ваҳолангки, ҳикмат илмларнинг энг улуғидир. Илмнинг улуғлиги ўрганиладиган нарсанинг улуғлиги билан бўлади. Аллоҳ таолодан улуғ бирор нарса йўқдир.

Демак, Қуръони Карим маърифати ва тадаббурисиз ҳам ҳакимлик даъвоси маҳол ҳисобланади. Зеро, у калом ва илму ҳикматнинг энг шарафлисидир. 

Яна бир ўринда Имом Мотуридий учинчи сабабни ҳам қўшган:

“Учинчиси, “Аллоҳ Қуръонни “ҳаким” деб номлади. Чунки у Ҳаким Зот ҳузуридан нозил қилингандир. Худди Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидек:

تَنزِيلٌ مِّنْ حَكِيمٍ حَمِيدٍ

“У ҳикматли ва мақталган зотнинг туширганидир” (Фуссилат, 42). 

Бошқа бир ўринда яна дейди: “ҳаким – муҳкам (мустаҳкам-аниқ) маъносида бўлиб, бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидагидек:

كِتَابٌ أُحْكِمَتْ آيَاتُهُ

“Ушбу китоб оятлари маҳкам қилинган...” (Ҳуд, 1).

Қуръоннинг “ҳаким” деб номланишига яна бир сабаб эса Аллоҳ унда жойлаган ҳикмат сабаблидир. Аллоҳ билувчироқ”.

Кўриниб турибдики, Қуръоннинг “ҳаким” сифати билан “муҳкам” (мустаҳкам-аниқ) сифати орасини боғлаш ҳам асосий ўринлардан бирида туради. Қуръони Каримдаги ушбу оят ҳам шунга далолат қилади:

كِتَابٌ أُحْكِمَتْ آيَاتُهُ ثُمَّ فُصِّلَتْ مِن لَّدُنْ حَكِيمٍ خَبِيرٍ

“Ушбу китоб оятлари маҳкам қилинган, сўнгра ҳикматли ва хабардор Зот томонидан муфассал қилингандир” (Фуссилат, 1).

Яъни, бу ўринда Қуръоннинг муҳкам қилиниши Аллоҳнинг ҳакимлик сифати билан боғланган. 

Муҳаммад Ҳаким Термизий ўз тафсирида шундай келтиради: “Қуръоннинг ҳикмат исмига келсак, ҳикмат – хитобларни кесадиган даражада ҳукм қилиб, орани ажратувчидир. Ҳикмат – Аллоҳ бу умматга очиб бериб, уларни бунга хослаган нарсадир. Агар буни ўтган умматлар орасида ҳам ёйганида эди, унинг ҳаққига риоя этолмаган ва уни кўтара олишмаган бўларди. Бас, Аллоҳ бу умматни таъсири ўтувчи яқийн билан қувватлагач, қалб кўзлари ўткир бўлди ва ушбу яқин нури қуввати билан ҳикматни кўтарди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: 

أوتيت جوامع الكلم واختصر لي الحديث

“Менга жамловчи калималар берилди ва сўз мен учун қисқа қилинди” (Имом Байҳақий Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Аллоҳ ҳам уларга каломини қисқа қилди ва улар ўзларига ато этилган яқийн фазли билан уни фаҳмлаб олишди. Ваҳбдан ривоят қилинишича, у қуйидаги оят ҳақида шундай деди:

يُسَبِّحُ لِلَّهِ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ الْمَلِكِ الْقُدُّوسِ الْعَزِيزِ الْحَكِيمِ

“Осмонлару ердаги барча нарсалар Хожа, Бенуқсон, Азиз, Ҳаким Аллоҳга тасбиҳ айтадир” (Жумъа, 1).

Ушбу оят Тавротда етти юз оят бўлиб, уларда тасбеҳ айтувчиларнинг синф – турлари саналган”. 

Ҳикмат – ишларнинг ботини (ички ва туб мазмун-моҳияти), илм эса ишларнинг зоҳиридир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: 

ما من أية الا ولها ظهر و بطن

“Бирон оят йўқки, унинг зоҳири ва ботини бўлмаса” (Абу Убайд “Фазоил”да, Сажзий “Ибона”да Ҳасандан мурсал тарзда ривоят қилишган).

Бунинг маъноси шуки, албатта, бир калиманинг икки жиҳати бор: у билан дунё ишлари ирода қилинган жиҳат ва у билан охират ишлари ирода қилинган жиҳат. “Оят” калимасини олсак, унинг икки жиҳати бор: тадбир жиҳати ва рубубият (тарбиякунандалик) жиҳати. “Оят” калимаси бу маъноларнинг барини ўз ичига олади. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом: “жамловчи калималар” дедилар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу ҳам деди: “Сен токи Қуръоннинг турли жиҳатларини кўрмагунингча етук фақиҳ бўла олмайсан”.

Албатта, Қуръони Карим, келтирилганидек, буткул ҳикматдир, ҳикмат бўлганда ҳам, энг етук ҳикматдир. Чунки унинг носих-мансух, муҳкам-муташобеҳ ва бошқа шу каби жиҳатлари ҳам юксак ҳикматни тамсил этади. Ҳатто Қуръонда келмаган нарсалар ҳам ҳикмат туфайлидир. Ҳаким Термизий шундай дейди: “Аллоҳ нозил қилган бирон калима йўқки, унда Аллоҳнинг бирон муроди ва истаги бўлмаса. Дарҳақиқат, Аллоҳ бизга Мусо ва Ҳорун ҳамда Юсуф ва унинг биродарларининг қиссасини ҳикоя қилди. Мана шуларда сўз, иш ва амалларда кўплаб нарсаларга далолат қилди. Шу билан бирга ниманики ҳикоя қилмаган бўлса, билиш лозимки, У Зот фақатгина унга бизнинг ҳожатимиз борлигини билган нарсаларнигина ҳикоя қилди ва ундан бошқа нарсалар борасида сукут қилди. Унинг бу нарсалардаги хитоблари маъноси шаҳват – истак-хоҳишга таянган хитоб эмас. Бу нав хитоб одамзодга хос бўлиб, у бирон нарсани хоҳласа, гапиради, нимани хоҳламаса, тарк қилади. Балки Алллоҳ у билан хитоб қилган нарсалар, албатта, ҳикмат биландир, у тарк қилган нарсалар ҳам ҳикмат биландирки, ўша нарсани фақат мана шу тахлитдагина тушуниб олиш мумкин бўлади”.

Аллоҳ таоло янада билгувчироқдир.

 

Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

 

Izoh qoldirish