РЎЗАДОРГА ИФТОРЛИК ҚИЛИБ БЕРИШНИНГ АЖРИ
РЎЗАДОРГА ИФТОРЛИК ҚИЛИБ БЕРИШНИНГ АЖРИ
(Бир ҳадис шарҳи)
عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ، غَيْرَ أَنَّهُ لَا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْئًا.
(رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ)
Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас», дедилар».
Имом Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда рўзадор киши учун ифторлик бериш улкан савобли иш эканлиги таъкидланмоқда. Рўза тутган одамга қанча савоб берилса, унинг учун ифторлик ҳозирлаган одамга ҳам шунча савоб берилиши баён қилинмоқда. Унга рўзадорнинг савобидан олиб берилмайди, балки ўзи учун алоҳида савоб берилади.
Лекин бу ўзи рўза тутмай, рўзадорга ифторлик тайёрлаб берса, рўза тутган ўрнига ўтади, дегани эмас. Рўза тутиш ҳар бир инсон учун фарздир. Ҳар ким ўз рўзасини ўзи тутиши керак. Бошқа ҳеч нарса бунинг ўрнини боса олмайди. Рўзадорга ифторлик бериш эса хайр-эҳсон ҳисобланади, холос. Буни қилган одам мана шу амалига яраша савоб олади.
Рамазон ойи кириб келиши билан ифторлик зиёфатлари, ифторлик таклифлари кўпаяди. Дўстларимизни, қариндошларимизни ифторликка таклиф қилганимиздек, уларнинг ифтор дастурхонига ҳам ташриф буюрамиз ва бирга ифторлик қиламиз. Бу гўзал одат одамларни бир-бирига яқинлаштиради, ҳамда ўзаро оқибат ва саховат туйғуларини уйғотади.
Мусулмон киши биродарининг ифторлик базмига бориб, еб-ичгандан кейин дуо қилиши ҳам суннатдир.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг уйларида ифторлик қилиб, улар учун шундай дуо қилганлар:
أَفْطَرَ عِنْدَكُمُ الصَّائِمُونَ وَأَكَلَ طَعَامَكُمُ الأَبْرَارُ وَصَلَّتْ عَلَيْكُمُ الْمَلاَئِكَةُ
«Рўзадорлар доим ёнингизда бўлсин. Таомингизни яхши инсонлар есин. Фаришталар сиз учун дуо қилиб мағфират сўрасин».
Ибни Ҳиббон ривоят қилган бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимки рўзадорга Рамазон ойида ҳалол ризқдан таом берса, фаришталар Рамазоннинг барча кечаларида унга дуо қиладилар ва Қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом у билан қўл бериб кўришади. Жаброил алайҳиссалом ким билан кўришса, унинг қалби юмшайди, кўзлари ёшланади», — дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа пайтлар ҳам хайр-саховат ва эзгу ишларда намуна бўлганлар. Аммо Рамазон ойида ҳар доимгидан ҳам саховатлироқ бўлиб кетар эканлар. Бу ойда хайр-саховатли, карамли бўлиш Пайғамбаримиздан суннат бўлиб қолгандир.
Қадимда улуғ зотлар Рамазонда рўзадорларга таом улашишга ҳаракат қилардилар ва бу амални ибодатларнинг энг фазилатлиси деб билардилар.
Саҳобарлар, тобеинлар ва улардан кейинги кўплаб улуғ зотларнинг кўпчилиги рўзадор бўлишларига қарамай, ифторликларини бошқа бировга беришни афзал кўрганлар.
Хусусан улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу, Довуд ат-Тоий, Молик ибн Динор ва Аҳмад ибн Ҳанбал ана шундай зотлар жумласидандир.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу етимлар ва мискинлар билан ифторлик қилардилар.
Ҳасани Басрий ва Абдуллоҳ ибн Муборак каби улуғ зотлар эса рўзадор бўлсалар ҳам мусулмон биродарларига ифторлик қилиб, уларга хизмат қилардилар.
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза мен учундир ва унинг мукофотини Мен ‒ Ўзим берурман”, деб айтади.
Мусулмон киши ушбу муборак ойда рўза тутиш баробарида савоб амалларни ҳам кўпайтирса, Аллоҳ таоло унинг мукофотини Ўзи хоҳлаган миқдорда зиёда қилиб берар экан. Зеро, улуғ шоиримиз Машраб бир муҳаммасларида айтганларидек:
Бир ажаб маҳсан – ҳама маҳлар аро қурбинг азим,
Ким сани эъзоз қилса, Ҳашрда бехавфу бийм,
Ҳурматингдин жаннат ичра бўлди ҳурлар кўҳликим,
Соҳиби ифтор эрур Маҳшарда озоди жаҳим.
Дарҳақиқат мусулмон киши бу ойни ғанимат билиб уни эъзозлаб яна ҳам бағрикенг бўлиб, муҳтожлар ҳолидан хабар олиб, хайр-саховатни, садақа-эҳсонни кўпайтирса, албатта, катта ажру ҳасанот ва мартабаларга эга бўлади.
Музаффархон Жониев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи
Izoh qoldirish