БУХОРИЙ ВА ТЕРМИЗИЙГАЧА ЁЗИЛГАН ИЛК ҲАДИС ТЎПЛАМЛАРИ
Умавий халифаси Умар ибн Абдулазиз даврида (717-720) муҳаддис олим Муҳаммад ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий (670-721) тадвин, яъни ҳадисларни қайд этиш ишини бошлаб берганлиги маълум[1]. Ҳадисларни ёзиб бориш, ҳадис тўпламларини тузиш расмий равишда мазкур халифа томонидан буйруқ берилганидан сўнг кенг тус олди ва анъана тарзида одат тусига кирди. Айрим тадқиқотчилар, шарқшунослар ҳадисларни, хусусан, уларнинг саҳиҳ тарзда етиб келишини, ишончли ҳужжат-далил сифатида ишлатилишини инкор қиладилар[2]. Шунингдек, ислом оламида аҳли суннат ва жамоатдан ажралиб чиққан тоифалар – ўзларини “аҳли Қуръон” дегувчи “қуръоний”лар, қодиёний-аҳмадийлар кабилар ҳам ҳадисларни инкор қиладилар. Бунга ҳадис матнлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам давридан анча йиллар, бир неча асрлар кейин тўпланган, деган маълумот сабаб бўлган. Мазкур даврдан илгари ҳадис илми қай тарзда ривожланган, ҳадисларни жамлаш қандай бўлган, деган саволга ушбу мақолада жавоб излаб кўрилади.
Ҳадисларни китобат қилиш тарихи тўрт босқичдан иборат бўлган, деб кўрсатиш мумкин. Биринчиси, ҳар хил одамларнинг (бу ерда саҳобалар назарда тутилмоқда) тартибсиз ҳолда ҳадисларни кўчириб ёзишлари босқичи. Бунда ҳадислар бобларга ёки мавзуларга ажратилмасдан, тўғри келган ҳадис ёзиб олинаверган. Иккинчиси, айрим шахсларнинг, (бу ерда ҳам саҳобалар назарда тутилмоқда), ўзлари ёд олган ҳадисларни тўплашларидир. Бу тўпламлар “саҳифа” деб аталган. Учинчи босқичда ҳадиси шарифлар катта ҳажмли китобларга жамланган. Лекин бу босқичда ҳам ҳали ҳадиси шарифлар мавзуларга ажратилиб, боб-боб қилинмаган эди. Тўртинчи босқичда ҳадиси шарифлар мавзуларга ажратилиб, китоб ҳолида тўпланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар даврида ҳадисларни аввалги икки турда тўплаш тарқалган эди.
Ҳадисларни инкор қилувчилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам давридан бошлаб Умар ибн Абдулазиз давригача ҳадислар тўпланганини инкор қиладилар. Бунга асосан учта нарсани сабаб қилиб кўрсатадилар: саҳобалар ва тобеъинлар ҳамда бу даврда яшаганларнинг кўпчилиги ёзишни билмаганлар, уларнинг зеҳнлари шу даражада кучли бўлганки, ҳадисларни ёзишга эҳтиёж туғилмаган, ва ниҳоят учинчиси, ҳадисларни ёзишдан қайтарилган[3]. Бу фикрлардан аввалги иккитасига қўшилиш қийин, чунки, кўпчилик ёзишни билмагани ёки хотиранинг кучлилиги ҳадисларни ёзишдан тўхтата олмайди. Зотан, ёзишни биладиган машҳур саҳоба ва олим тобеъинлар ҳадис мажмуаларини тузиши мумкинлиги ўз-ўзидан маълум.
Ҳадисларни ёзишдан қайтарилганига муҳаддислардан Муслим ибн ал-Ҳажжож (821-875) ривоят қилган мана бу ҳадисни далил қиладилар:
لا تكتبوا عنى، و من كتب عنى غير القرآن فليمحه
“Мендан ҳадис ёзиб олманглар. Кимки мендан Қуръондан бошқани ёзса, уни ўчириб ташласин!”[4].
Муҳаддислар томонидан келтирилган мазкур ҳадис саҳиҳдир. Умуман ҳадисларни ёзишни ёқтирмаган саҳобалар фақат уч нафар бўлиб, улар Абу Ҳурайра (602-679), Абу Саид ал-Худрий (609-693) ва Зайд ибн Собит (615-665) бўлган, холос[5]. Улар ҳам ҳаётларининг охирларида ҳадислар ёзилишига кўнганлар.
Ҳақиқатдан ҳам, ўз даврида ҳадисларни ёзишдан қайтарилган эди, лекин, ушбу ҳадис исломнинг бошланишида айтилган. Ҳадисни ёзувчилар озчиликни ташкил қилар, улар ҳам ҳар хил нарсаларга ҳамма керакли ҳадисларни бир жойга ёзиб қўярдилар. У вақтда хурмо барглари, саполлар, дарахт пўстлоқлари ва бошқа нарсаларга ёзиларди. Иккинчидан, ҳали у даврда Қуръони каримнинг ўзига хос услубини, унинг матнини саҳобалар ажратиб ололмаган эдилар. Агар ҳадислар ҳам ёзиб олинса, Қуръон билан аралашиб кетиш хавфи бор эди. Ушбу хатарнинг олдини олиш мақсадида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадис ёзишдан ман қилган. Кейинчалик Қуръоннинг услуби ва матни аниқ бўлганидан сўнг ҳадиси шарифларни ҳам ёзиб олишга ижозат берилган.
Саҳобалар орасида Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осс (616-684) ҳадисларни ёзиб олиши билан шуҳрат қозонган эди. Бу ҳақида унинг ўзи бундай ривоят қилган: “Мен Пайғамбардан соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшитган ҳар бир нарсани уни сақлаб қолиш мақсадида ёзиб олар эдим. Бундан мени қурайшликлар қайтардилар. “Эшитган ҳар бир нарсани ёзиб олаверасанми?! Ахир, инсон ғазабланиши, рози бўлиши мумкин” дедилар. Мен ёзишдан тўхтаб қолдим. Сўнг бу ҳақида Пайғамбарга соллаллоҳу алайҳи ва саллам гапириб бердим. Ул зот бармоқлари билан оғизларига ишора қилдилар ва “Ёзавер, нафсим қўлида бўлган зот – Аллоҳга қасамки, бу оғиздан фақатгина ҳақиқат юзага чиқади”, дедилар[6].
Яна Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осснинг (р.а.) бундай ривоят қилгани муҳаддислар томонидан келтирилган:
قيّدوا العلم. قلت و ما تقييده؟ قال كتابته
“Илмни боғланглар!”. Мен: “Унинг боғлами нима?” дедим. Ул зот дедилар: “Уни ёзишликдир”[7]. Бошқа саҳобаларнинг ҳам худди шундай деб насиҳат қилганларини муҳаддислар нақл қилганлар[8].
Абу Исо ат-Термизий (825-892) ҳам “Илм китоби”да ҳадисларни ёзиб олишга берилган рухсат ҳақида алоҳида боб ажратган. Унда Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу бир ҳадис ривоят қилинган: бир ансорий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида ўтирар эди. У Пайғамбардан соллаллоҳу алайҳи ва саллам ажойиб ҳадисларни эшитиб, жуда таажжубга тушарди. Лекин уларни ёдлаб ололмасди. Шунда у Пайғамбарга соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада шикоят қилади. “Мен сиздан ажойиб ҳадис эшитдим. Лекин ёдлаб ололмай қолдим”, деганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўнг қўлингни ёрдамга чақир!”, деб ўнг қўл билан ҳадисни ёзиб олишга ишора қилганлар[9].
Муҳаддислар Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу мавзуга доир яна бир ривоятни ёзиб қолдирганлар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилдилар ва унинг орасида бир қиссани гапириб ўтдилар. Абу Шоҳ (р.а.): “Эй Расулуллоҳ, буни менга ёздириб беринг!” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Абу Шоҳ учун ёзиб беринглар!” дедилар[10].
Юқоридаги ҳадислардан уларни ёзишдан қайтарилгани маълум бир сабабдан бўлгани маълум бўлаяпти. Ўша сабаб йўқолгандан сўнг ҳадисларни ёзишга ижозат берилган. Демак, Пайғамбар алайҳиссалом давридаёқ ҳадисларнинг ёзиб олиниши содир бўлган. Шунинг учун ҳам ҳадисшунос олим Яҳё ибн Шараф ан-Нававий (1233-1277): “Аслида, ислом бошланишида ҳам, кенг ёйилганидан кейин ҳам ҳадисларни ёзишдан қайтарилган эмас. Ҳадисларни ёзишга мутлақ ижозат бўлган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёзишдан қайтарганлари ҳақида келтирилган ҳадиснинг таъвили бор. Айрим саҳобалар Қуръонни китобат қилар эканлар, баъзи оятлар ва калималарнинг тафсири маъносида уларнинг ёнига ёки тагига Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада айтган гапларини ҳам ёзиб қўярдилар. Айнан мана шу ҳолат ўта хатарнок эди. Чунки, бу ҳолатда Қуръон билан ҳадис аниқ аралашиб кетарди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шундай ҳолатлардан қайтарган эдилар. Таъқиқ эса Қуръон билан ҳадис алоҳида-алоҳида ёзилсин, деган маънода эди”[11]. ан-Нававийнинг гапининг тасдиғи сифатида Ойша розияллоҳу анҳо ўзининг қулига Қуръон кўчиртирганлигини келтириш мумкин. У мазкур мусҳафнинг ушбу ояти ёзилган жойида қўшимча ёздириб қўйган[12].
[حَافِظُواْ عَلَى الصَّلَوَاتِ والصَّلاَةِ الْوُسْطَى [13
Ойша розияллоҳу анҳо оятдаги “ал-вусто” сўзидан сўнг “солат ал-аср”ни ёздириб қўйган экан. У “ал-вусто” сўзига изоҳ бериб кетиш учун шуни ёздириб қўйган. Маълумки, “солат ал-аср” сўзи Қуръонда келтирилмаган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шундай нарсалардан қайтарган эдилар. Исломнинг бошланиш даврларида Қуръон билан шарҳни фарқлайдиган усулларни қўллаш ҳали одат тусига кирмаган эди. Ҳозирда биз оятларнинг тагига ёки устига чизиш, уларни бошқа ранг билан алоҳида ёзиш, изоҳ ёки тафсирни қавс билан бериш каби бир қанча китобат усулларини биламиз. У вақтларда ҳали бу нарсалар истеъмолда қўлланилмаган эди. Агар оят билан унинг тафсирини бирга ёзилса, уларни ажратиб олиш қийин бўларди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оятга бериладиган тафсирларни оятлар билан бирга ёзишдан қайтарган эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳоба ва тобеъинлар даврида, аниқроғи ҳадислар расмий равишда ёзиб олиниши бошланишидан илгари ҳам бир неча ҳадис тўпламлари ва мажмуалари тузилгани ҳақидаги маълумотларни ушбу мақолада бериб ўтишга қарор қилинди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида тузилган ҳадис тўпламларидан бири “Китоб ас-садақа” номи билан танилган бўлиб, ундаги ҳадисларни Пайғамбарнинг алайҳиссалом ўзлари ёздирганлар. Унда закот, ушр, садақалар, умуман молиявий ибодатларга тааллуқли масалалар ва ҳадислар ўрин олган. Бу нарсалар сиёсий ишларга алоқадор бўлгани боис атрофдаги волийларга, ушр ва закот йиғувчиларнинг ҳар бирига бериш мақсадида Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ёздириб, жўнаттирмоқчи бўлган. Муҳаддислар айтишича, ёзиб қўйилган, тайёрланган мазкур мактуб шаклидаги ҳадис тўплами нусхалари жўнатилишидан аввал Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилади[14]. Шундан сўнг бу тўплам халифа Абу Бакр Сиддиқ (571-634) олдида, ундан сўнг халифа Умар ал-Форуқ (585-644) ҳузурида, сўнг унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Умар (612-693) қўлида сақланиб қолган[15]. Ундан эса Ҳазрати Умарнинг (р.а.) невараси Солим ибн Абдуллоҳнинг (ваф. 725) қўлига келиб тушган. Ҳадис ривоятларида энг саҳиҳ иснодлардан бири деб зикр қилинадиган аз-Зуҳрий → Солим → Абдуллоҳ ибн Умар → Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам силсиласи шу тариқа вужудга келган. Мазкур ҳадис тўплами Ҳазрати Умарга (р.а.) қиз тарафдан авлод ҳисобланган халифа Умар ибн Абдулазизга авлоддан-авлодга ўтиб, етиб келган.
Илк ҳадис тўпламларидан иккинчиси саҳоба Амр ибн Ҳазм (ваф. 673) саҳифаси ҳисобланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Нажрон тарафга элчи қилиб жўнатганларида, унга ушбу саҳифани берганлар. Унга Убай ибн Каъб (ваф. 642) котиблик қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб турган ҳадисларни ёзиб берган. Муҳаддислар ривоятларидан маълум бўладики, унинг ҳажми каттагина бўлган ва унда, асосан, ибодатлар – таҳорат, намоз, закот, ҳаж, ғаниматлар борасидаги ҳадислар мавжуд бўлган[16]. Машҳур ҳадисшунос, ҳадисларни расмий равишда ёзишни бошлаб берган Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий мазкур тўпламни ўқиб чиққан ва ундаги қасос, хунпули ҳақидаги ҳадисларни ривоят қилган[17]. Ал-Бухорий (810-870) ривоят қилишича, Амр ибн Ҳазмнинг (р.а.) невараси Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазм (ваф. 737) Мадинада қозилик қилган бўлиб, халифа Умар ибн Абдулазиз унга ҳадисларни тўплаб, мажмуа тузишини буюрган[18]. У отаси тузган ҳадислар тўплами ва ўзи ривоят қилган ҳадислар асосида янги тўплам тузган бўлиши керак. Ушбу тўплам аз-Зуҳрийнинг ҳадислар тўпламидан кейин тузилган расмий равишдаги иккинчи тўплам ҳисобланади.
Саҳобалар томонидан тузилган, исломдаги илк ҳадис тўплами “ас-Саҳифат ас-содиқа” (“Тўғри саҳифа”) деб номланган бўлиб, уни Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осс (р.а.) тузган. Аҳмад ибн Ҳанбал (780-855) ўзининг “Муснад” асарида унинг шу номда ҳадис тўплами тузганини ривоят қилган[19]. Бу саҳобалар давридаги нисбатан ҳажми энг каттаси бўлган ҳадис тўплами эди. Ҳозирда ушбу тўпламдаги ҳадисларнинг умумий сонини аниқлаш мушкул, бироқ, “Саҳиҳи Бухорий”да Абу Ҳурайрадан (р.а.) қилинган бир ривоят келтирилган. “Китоб ал-илм” бобидаги мазкур ҳадисда бундай дейилган:
ما من أصحاب النبي صلى الله عليه و سلم أحد أكثر حديثا عنه مني إلا كان من عبد الله بن عمرو فإنه كان يكتب ولا أكتب
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан фақат Абдуллоҳ ибн Амрдан ўзга ҳеч ким мендан кўра ул зотдан кўпроқ ҳадис айтувчи йўқ эди. У эса (ҳадисларни) ёзиб олар, мен эса ёзмас эдим”[20].
Абу Ҳурайранинг (р.а.) гапидан маълум бўлмоқдаки, Абдуллоҳ ибн Амрнинг (р.а.) тўплаган ҳадислари унинг ҳадисларидан кўпроқ бўлган. Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадислар бизга маълум. Уларнинг умумий сони 5364 та ёки ўнта фарқи билан 5374 тадир[21].
Бунга қўшимча равишда айтиш ўринлики, муҳаддис Абу Довуд (817-889) Абдуллоҳ ибн Амрнинг (р.а.) ўз гапини зикр қилган:
كنت أكتب كل شئ أسمعه من رسول الله صلى الله عليه وسلم أريد حفظه
“Мен Пайғамбардан соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшитган ҳар бир нарсани ёд олишни истаганим учун ёзиб олар эдим”[22].
Демак, Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) ҳадиси шарифларни ёзиб олгани аниқ, Абу Ҳурайра (р.а.) эса унинг ўзидан кўра кўпроқ ҳадис билишини эътироф қилган. Демак, аслида Абдуллоҳ ибн Амрнинг (р.а.) ҳадислари 5374 та ҳадисдан кўра кўпроқ бўлган. “Асад ул-ғоба фи маърифат ас-саҳоба” (“Саҳобаларни танишда ўрмон шери”) асарида унинг минглаб ҳадисларни ёд билгани қайд қилинган[23]. Лекин ҳозирда мавжуд ҳадис китобларидан унинг ривоят қилган ҳадислари тўпланадиган бўлса, Абу Ҳурайранинг (р.а.) ҳадисларидан камроқ экани маълум бўлади. Унинг ривоят қилган ҳадисларининг умумий сони 700 атрофидадир[24]. Бунинг сабаби Абу Ҳурайра (р.а.) Мадинада истиқомат қилган. Мадина илм маркази бўлиб, толиби илмлар тўпланадиган, ислом оламига илм тарқатиладиган пойтахт эди. Бинобарин, Абу Ҳурайрада (р.а.) ўзида бор ҳадисларни кўпроқ ривоят қилишга, кўпроқ шогирд чиқаришга имконият кўп бўлган. Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) эса Шомда истиқомат қилган. Ислом марказидан узоқда яшагани боис унга мурожаат қилувчи шогирдлар камроқ эди. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) ривоят қилган ҳадислар адад эътиборидан Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадислардан оз бўлиб қолган.
Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) ёзиб қолдирган “ас-Саҳифат ас-содиқа” ҳадис тўплами унинг невараси Амр ибн Шуайбга (ваф. 736) мерос қолган. Ҳадис тўпламларида “Амр ибн Шуайбдан у эса отасидан, у эса бобосидан” деб ривоят қилинган ҳадислар ана шу “ас-Саҳифат ас-содиқа”дан олинган бўлса ажаб эмас[25]. Зотан, Ибн Ҳажар Асқалоний (1371-1448) “Таҳзиб ат-Таҳзиб”да таниқли ҳадисшунослар Яҳё ибн Муин (775-848) ва Али ибн ал-Мадиний (777-849) кабилардан нақл қилишича, қайси ҳадис “Амр ибн Шуайбдан у эса отасидан, у эса бобосидан” деб ривоят қилинган бўлса, у “ас-Саҳифат ас-содиқа”нинг ҳадисидир[26]. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаёқ ёзилган илк ҳадис тўплами ушбу “ас-Саҳифат ас-содиқа” ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Амрнинг (р.а.) ҳадислар жамланган “ас-Саҳифат ас-содиқа”дан ташқари ҳам бир неча китоблари бўлган[27].
Абу Ҳурайра (р.а.) қаламига мансуб ҳадис тўплами ҳам мавжуд. Бу ҳақида муҳаддислардан Ҳоким (933-1014) “ал-Мустадрак” (“Идрок қилинган”), Ибн Абдулбарр (978-1071) “Жомеъ баён ал-илм ва фазлиҳи” (“Илмнинг баёни ва унинг фазилати тўплами”) асарларида айтиб ўтганлар:
تحدثت عند أبي هريرة بحديث فأنكره ، فقلت : إني قد سمعته منك ، قال : « إن كنت سمعته مني ، فهو مكتوب عندي » ، فأخذ بيدي إلى بيته فأرانا كتبا كثيرة من حديث رسول الله صلى الله عليه وسلم ، فوجد ذلك الحديث فقال : « قد أخبرتك أني إن كنت قد حدثتك به فهو مكتوب عندي »
“Мен Абу Ҳурайра (р.а.) ҳузурларида бир ҳадисни зикр қилдим. Абу Ҳурайра (р.а.) бу ҳадисни эшитмаганини айтдилар ва буни кимдан эшитганимни сўрадилар. Мен уни ўзларидан эшитганимни айтдим. Абу Ҳурайра (р.а.): “Агар уни ҳақиқатдан ҳам мен айтган бўлсам, у менда ёзилган ҳолда ҳам бўлиши керак” деди ва қўлимдан ушлаб, уйларига бошлаб борди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари ёзилган кўплаб китобларни кўрдик. Ўша ҳадисни топди ва “Мен сенга ҳадис айтган бўлсам, у менда ёзилган бўлиши керак” деб айтгандим-ку!” деди”[28].
Юқоридаги нақлдан Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган 5374 та ҳадиснинг ҳаммаси унинг қўлида ёзилган ҳолда ҳам мавжуд бўлгани маълум бўлади.
Аввал Абу Ҳурайранинг (р.а.) ҳадисларни ёзмаганлиги, Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) эса ёзишга одатлангани ҳақидаги саҳиҳ ривоятни келтирган эдик. Бу ерда эса Абу Ҳурайра (р.а.) ҳадисларни ёзгани аён бўлмоқда. Икки ривоят бир-бирига зид бўлиб қолди. Бунинг сабаби шуки, Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даври ва аввалги халифалар даврларида, яъни ёшлигида ҳадисларни ёзмаганлар. Кейинчалик қарилиги натижасида ҳадисларни эсдан чиқармаслик учун ёзиб қўйишга қарор қилганлиги маълум бўлади.
“Муснаду Абу Ҳурайра” деган китоблар ҳам Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадислар жамланмаси ҳисобланади. Буни муаррих Ибн Саъд (784-845) “Табақот ал-кубро” асарида айтиб ўтган: Умар ибн Абдулазизнинг отаси Абдулазиз ибн Марвон (ваф. 703) Мисрнинг волийси бўлган. У Касир ибн Муррага мактуб йўллаб, қанча саҳобадан ҳадис ривоятларини билса ҳаммасини ёзиб юборишни илтимос қилган. Саҳобалардан фақат Абу Ҳурайранинг (р.а.) ривоятлари шарт эмаслиги, чунки унинг ривоят қилган ҳадислар тўплами ўзида мавжудлиги қайд қилиб ўтилган[29]. Шунингдек, халифа Абдулмалик ибн Марвон (685-705) ҳам мустақил равишда Абу Ҳурайрадан (р.а.) ёзиб олган саҳифа мавжуд бўлган.
Абу Ҳурайранинг (р.а.) шогирдларидан бўлган Башир ибн Наҳикнинг ривоятини муҳаддис ад-Доримий (794-869) келтириб ўтган: “Мен Абу Ҳурайрадан (р.а.) эшитган нарсаларни ёзиб олардим. Ёзиб бўлганимдан сўнг эса Абу Ҳурайранинг (р.а.) ўзларига кўрсатиб олардим. У эса ёзганларимни бирма-бир кўриб, тасдиқларди”[30].
Саҳобаларнинг улуғларидан Абу Бакр ас-Сиддиқ (р.а.) ҳам беш юздан ортиқ ҳадисларни жамлаб, бир тўплам тузган ва уни қизи Ойшага (613-678) тақдим қилган. Кейинчалик унинг масъулиятидан қўрқиб, Ойшага (р.а.) айтиб, уни Абу Бакр ас-Сиддиқнинг (р.а.) ўзи уни куйдириб ташлаган[31]. Бироқ, унинг Баҳрайнга волий қилиб юборган Анас ибн Моликка (610-712) атаб, закот, мерос тақсимоти каби масалаларга бағишланган ҳадиси шарифларни ёзиб юборгани ҳам яхши маълум[32].
Саҳобалар томонидан тўпланган ҳадис тўпламларидан яна бири Али ибн Абу Толиб (600-661) қаламига мансуб саҳифадир. Муҳаддислар томонидан Алининг (к.в.) ўзидан бундай деб нақл қилинган:
ما كتبنا عن رسول الله صلى الله عليه وسلم إلا القرآن، وما في هذه الصحيفة
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан фақатгина Қуръонни ва ушбу саҳифадаги нарсадан ўзгасини ёзмас эдик”[33]. Алининг каррамаллоҳу важҳаҳу бу гапини ал-Бухорий тўрт марта, Муслим эса икки марта зикр қилган. ат-Термизий билан ан-Насоий (827-915) ҳам бу гапни зикр қилганлар[34].
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ўзи жамлаган ушбу ҳадис тўпламини қилич қинига тикилган махсус жойида сақлаб юрар экан. У “қироб”, “алоқа” деб номланган. Мазкур тўпламда ҳаж ва закот масалалари, хун пули ва қасос, ғайри динлар билан муносабатлар, Макка ва Мадинанинг ҳарам ўринлари борасидаги ҳадислар мавжуд бўлганини ҳадис олимлари аниқлаганлар. Саҳобалардан яна бири Муҳаммад ибн Маслама ал-Ансорий (ваф. 666) вафот этганида, унинг қиличи қинидан ҳам ҳадислар тўпламининг бир нусхасини топиб олганлар[35].
Саҳобалар ёзиб қолдирган ҳадис тўпламларидан учинчиси Анас ибн Молик (610-712) саҳифаси ҳисобланади. Муҳаддислардан Ҳоким “ал-Мустадрак”да бу ҳақида бир ривоятни ёзиб қолдирган:
كنا إذا أكثرنا على أنس بن مالك رضي الله عنه اخرج إلينا محالا عنده قال : هذه سمعتها من النبي صلى الله عليه و سلم فكتبتها و عرضتها عليه
“Биз Анас ибн Молик (р.а.) олдига кўп борар эдик, шунда ўзидаги бир тўпламни чиқариб, “Бундаги нарсаларни Пайғамбардан соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшитганман, уни ёзиб олганман ва ул зотга арз қилиб, кўрсатиб ҳам олганман” [36].
Демак, Анас ибн Моликда (р.а.) ҳам ҳадислар мажмуаси бўлган ва ундан доим фойдаланиб турган. Шунингдек, у мазкур тўпламни Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига кўрсатиб, матнини текширтириб олган. Анас ибн Молик (р.а.) ўз ўғиллари ва шогирдларини ҳам ҳадисларни ёзишга доим тарғиб қилиб турган. Жумладан, бир саҳобадан ўзи билмаган ҳадисни эшитса, ўғилларига дарҳол ушбу ҳадисни ёзиб олишни буюрган[37]. Хатиб Бағдодий унинг ўз шогирдларига ҳадислар имло қилдирганини ёзиб қолдирган[38].
Тўртинчи ҳадис тўплами Абдуллоҳ ибн Аббосга (619-686) тегишли ҳисобланади[39]. Ибн Аббоснинг (р.а.) ходими Курайб ибн Абу Муслим (ваф. 717) айтишича, Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) китоблари жуда кўп бўлган. Уларни битта туяга юк қилиб олиб юрилган. Бу китоблар қисса ёки афсоналар тўплами бўлмаган, албатта. Улар Қуръон ва унинг тафсирлари, ҳадис тўпламлари ва уларга берилган шарҳлар бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Мазкур китоблардан тез-тез нусхалар кўчириб турилган[40].
Саҳобалар томонидан тўпланган бешинчи ҳадис тўплами Абдуллоҳ ибн Масъудга (590-653) тегишли бўлган. Ибн Абдулбарр ўзининг “Жомеъ баён ал-илм ва фазлиҳи” (“Илм ва унинг фазилати баёни тўплами”) номли китобларида унинг укаси Абдураҳмон ибн Масъуднинг (р.а.) бир китоб чиқариб одамларга кўрсатганини ёзиб қолдирган. Шунда Абдураҳмон қасам ичиб, унинг Абдуллоҳ ибн Масъуднинг (р.а.) ёзган китоби эканини айтган[41].
Ҳадис тўпламларидан яна бири саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ (ваф. 697) қаламига мансуб бўлган. Имом Бухорий “Таърих ал-кабир” асарида бундай ривоят қилган:
وعن معمر قال رأيت قتادة قال لسعيد بن أبي عروبة أمسك على المصحف قرأ البقرة فلم يخط حرفا فقال يا أبا النضر لأنا لصحيفة جابر أحفظ مني لسورة البقرة
Маъмардан ривоят қилинди. У “Қатодани кўрдим”, деди. Қатода Саид ибн Абу Арубага: “Менга Мусҳафни ушлаб тур” деди ва “Бақара”ни қироат қилди. Шунда бирорта ҳарфни ҳам хато қилмади. Сўнг деди: “Эй Абу ан-Назр, мен “Бақара сураси”дан ҳам кўра кўпроқ Жобирнинг саҳифасини ёдлаганлигимга шубҳа йўқ!”[42].
Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) томонидан ҳаж масалаларига тааллуқли ҳадислар батафсилроқ ривоят қилингани боис унинг ҳадис тўпламида ҳаж ҳукмларига, шунингдек, имон масалаларига оид ҳадислар ўрин олганини тахмин қилиш мумкин[43]. Тобеъинлардан Омир ибн Шураҳил аш-Шаъбий (640-721), Ваҳб ибн Мунаббиҳ (654-732), Мужоҳид кабилар мазкур тўпламдан доим фойдаланиб турганлар, ундаги ҳадисларни ўқиб, ривоятлар қилганлар[44].
Саҳобалардан Самура ибн Жундуб (ваф. 679) томонидан тузилган ҳадислар мажмуаси ҳам мавжуд. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (1372-1449) “Таҳзиб ат-таҳзиб” (“Маълумот беришни тўғриламоқ”) асарида бу ҳақида сўз юритган. Сулаймон ибн Самура отаси Самура ибн Жундубдан (р.а.) катта ҳажмдаги ҳадис тўпламини мерос қилиб олган экан. Мана шу нусхадан унинг невараси Хубайб ҳам фойдаланиб турган[45]. Машҳур тобеъин Муҳаммад ибн Сирин (653-729): “Самура авлодларига ёзиб қолдирган тўпламда катта илм мавжуд” деган[46].
Мадиналик Хазраж қабиласининг раиси, саҳоба Саъд ибн Убода (ваф. 635) томонидан тузилган ҳадислар тўплами ҳам бўлган. Бир неча ҳадис манбаларида унинг ҳадислардан иборат китоби бўлгани тилга олинган[47].
Абдуллоҳ ибн Умарнинг (р.а.) ҳам ҳадислар тўплами бўлган[48]. Бундан ташқари унинг бир неча ҳадис тўпламлари бўлиб, доим уларни ўқишга одатланган. Жумладан, Бухорий “Таърих ал-кабир”да бу ҳақида сўз юритган[49].
Умар ибн ал-Хаттоб, Абу Умома ал-Боҳилий (632-701), Абу Айюб ал-Ансорий (ваф. 672), Абу Бакр ас-Сақафий (ваф. 671), Абу Рофеъ (ваф. 661), Абу Саид ал-Худрий, Абу Мусо ал-Ашъарий (ваф. 663), Убай ибн Каъб, Асмо бинт Амис (ваф. 663), Усайд ибн Хузайр ал-Ансорий (ваф. 642), Жобир ибн Самура (ваф. 694), Жарир ибн Абдуллоҳ (ваф. 674), Рофеъ ибн Хадиж ал-Ансорий (634-694), Зайд ибн Арқам (ваф. 686), Зайд ибн Собит, Сабиъа ал-Асламия (VII аср), Салмон ал-Форсий (ваф. 658), Заҳҳок ибн Суфён ал-Килобий (ваф. 632), Заҳҳок ибн Қайс ал-Килобий (ваф. 684), Ойша (613-678), Абдуллоҳ ибн Абу Авфо (ваф. 705), Абдуллоҳ ибн Зубайр (624-693), Фотима аз-Заҳро (606-633), Фотима бинт Қайс (ваф. 670), Муоз ибн Жабал (603-639, Муовия ибн Абу Суфён (603-680) каби саҳобалар ҳам айрим ҳадисларни ёзиб қўйганлари, бошқаларга ёзиб юборганлари манбалардан маълум.
Тобеъинларнинг улуғларидан бўлмиш Абу-л-Олия ар-Риёҳий (ваф. 709) ҳам ўзи билган ҳадисларни тўплаб, ёзиб юришни яхши кўрган. Шунингдек, унинг тафсир ва фиқҳга оид китоблари ҳам бўлган[50]. Абу-л-Олия ар-Риёҳийнинг саҳоба бўлиши мумкинлиги ҳам манбаларда қайд қилинган.
Тобеъинларнинг улуғларидан бўлган Ҳаммом ибн Мунаббиҳ (660-749) саҳифаси ҳам бор эди. У Абу Ҳурайранинг (р.а.) машҳур шогирдларидан бўлган ва Абу Ҳурайрадан (р.а.) эшитган ҳадислар асосида бир тўплам тузган. Ушбу тўплам “ас-Саҳифа ас-саҳиҳа” номи билан танилган. Аҳмад ибн Ҳанбал (780-855) ўзининг “Муснад” асарида мана шу тўпламдан унумли фойдаланган. Муҳаддислардан Бухорий (19 та), Муслим (78 та), ат-Термизий (10 та) ҳам Ҳаммом ибн Мунаббиҳ саҳифасидаги ҳадислардан кўплаб ривоятлар олганлар.
Бу тобеъинлар давридан бизгача етиб келган илк ҳадис тўплами ҳисобланади. Ҳаммом ибн Мунаббиҳнинг мазкур саҳифасининг қўлёзма нусхалари Берлин ҳамда Дамашқда сақланади. Ушбу икки нусха асосида илмий-танқидий матни тайёрланиб, нашр қилдирилган. Унда 138 та ҳадис мавжуд бўлиб, улар Аҳмад ибн Ҳанбал “Муснад”идаги ҳадислар билан солиштирилганда, ҳеч қандай фарқ бўлмагани аниқланган.
Тобеъинлардан Абон ибн Усмон ибн Аффон (640-723) Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотлари ва сафарлари тўғрисидаги ҳадисларни тўплаган бўлиб, унинг “Китоб ал-Мағозий” асари бу мавзудаги илк асар ҳисобланади.
Тобеъинлардан яна бири Абу Қалоба Абдуллоҳ ибн Зайд ал-Басрий (ваф. 723) ҳам йирик ҳажмли ҳадислар тўплами яратган. У мазкур асарини умри охирида машҳур ҳадисшунос олим Айюб ас-Сахтиёнийга (687-749) васият қилиб қолдирган[51].
Солим ибн Абу-л-Жаъд (ваф. 717) ҳам ҳадисларни ёзиб, тўплам тузган. Ат-Термизий “ал-Илал” асарида қайд қилишича, машҳур тобеъин Иброҳим ан-Нахаъийдан: “Сиз кўпроқ ҳадис биласизми ёки Солимми?” деб сўралганда, у: “Солим мендан кўпроқ ҳадис билади. Чунки, у ҳадисларни ёзиб қўяди”, деб жавоб берган экан[52].
Тобеъинлардан яна бири Омир ибн Шураҳил аш-Шаъбий (640-721) бўлиб, у Кўфада қози бўлган исломнинг машҳур олимларидан ҳисобланади. Аввалига ҳадисларни ёзишни ёқтирмаган, кейинчалик ёзиш тақозо қилгани боис ёзишга қизиқиб қолган. Унинг фиқҳий масалаларга бағишланган (мерос тақсимоти, талоқ, закот, ғазот) асарлари бўлган. Уларда ҳадислардан ҳам унумли фойдаланган.
Урва ибн Зубайр ибн ал-Аввомни (642-712) ҳам ҳадисларни тўплаган илк муаллифлардан дейиш ўринли. Чунки, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийрат ва ҳаётлари борасида илк бор “ас-Сийар ан-набавий”ни битган олим ҳисобланади. Мазкур асар ҳозирда топилмаган бўлса-да, лекин ундан муҳаддислардан Абулқосим Сулаймон ат-Табароний (873-973) ўзининг “Мўъжам ал-кабир” асарида жуда кўп ўринларда фойдаланган.
Машҳур тобеъийнларнинг олимларидан Ҳасан Басрий (642-728) ҳам ҳадисларни жамлашга ҳаракат қилган бўлиб, кўпинча уларга қараб, ҳадис айтишга одатланган. Лекин, умрининг охирларида ўзи мазкур китобларини куйдириб ташлаган. Улардан фақат битта кичик тўплам асраб қолинган, холос[53].
Ҳадисларни ёзишга одатланган, бир-иккита ҳадисларни ёзган тобеъинларнинг кичик вакиллари жуда кўпчиликни ташкил қилади, уларнинг саноғига етиш қийин. Юқорида биз Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийнинг расмий ҳадис тўплами тузилишидан аввал ҳадисларни тўплам ҳолида тузган тобеъинлар ҳақида сўз юритдик.
Демак, саҳобалар ва тобеъинлар даврларида ҳам ҳадислар ёзилиб, ҳадис мажмуалари ва тўпламлари тузилган. Пайғамбар алайҳиссалом давридан бошлаб ҳадисларни ёзишга катта аҳамият берилган. Бундан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мактублар ёздирганлар, айрим саҳобаларга баъзи нарсаларни айтиб, ёздириб қўйганлар. Бироқ, бу даврларда ҳадисларни ёзиб олиш, китобат қилиб тарқатишга давлат сиёсати даражасида аҳамият берилмаган. Шахсий уринишлар, якка-якка ҳолда ижод қилишлар мавжуд бўлган, холос. Бу даврларда Қуръонга аҳамият берилганчалик ҳадислар китобатига аҳамият берилмаган эди. Қуръон Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) халифалиги даврида мусҳаф ҳолига келтирилган, сўнг Усмон (р.а.) даврида нусхалари кўпроқ тайёрланиб, атрофга тарқатилган бўлса-да, лекин бу нусхалар юқори табақа вакиллари фойдаланадиган нусхалар бўлиб, оммавий нусхалар эмас эди. Улардан жуда тор доирада фойдаланиш мумкин бўлган. Бинобарин, ҳадиси шарифлар ҳам китобат қилиб, китоб ҳолига келтирилса, авомлар дунёқарашида айрим иккиланишлар юзага келиши мумкин эди. Қуръоннинг буюк ҳурмати маълум маънода пасайиши ҳам мумкин эди. Шунинг учун бутун эътибор, сиёсий назар Қуръоннинг ўзига қаратилган. “Фатҳ ал-мулҳим” (“Илҳом берувчининг очиши”) китоби муқаддимасида халифа Умар ибн ал-Хаттобнинг (р.а.) мана бу гапи келтириб ўтилган:
إنى كنت أردت ان أكتب السنن و إنى ذكرت قوما كانوا قبلكم كتبوا كتبا فأكبوا عليها و تركوا كتاب الله
“Албатта мен суннат (ҳадис)ларни ёзишни хоҳладим, бироқ сизлардан олдинги қавмларни эслаб қолдим. Улар китоблар ёзишиб, унга шўнғиб кетдилар ва Аллоҳнинг китобини унутган эдилар”[54].
Ислом оламининг илк мужаддиди сифатида тан олинган халифа Умар ибн Абдулазиз даврида ҳадис тўпламлари расмий равишда тузила бошланди. Ҳозирча илк ҳадис тўплами тузган олим сифатида Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий кўрсатиб келинади. Ана шундан бошлаб кейинги бир неча аср ҳадис илмининг олтин даври сифатида тарихга муҳрланиб қолди.
Аллоҳ ҳадисларни тўплаган, ёд олган ва бизгача етиб келишига сабабчи бўлган ровийлар, муҳаддислар, саҳоба-юу тобеъинлар, табъа тобеъин-у уламоларнинг барчасидан рози бўлсин! Уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин!
Ҳамидуллоҳ Аминов (Беруний),
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Илмий тадқиқот бўлими илмий ходими, тарих фанлари номзоди
Масъудхон Исмоилов,
ЎзХИА доценти, тарих фанлари номзоди
Адабиётлар
[1] Мовароуннаҳр алломаларининг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссалари / Муаллифлар: У.Уватов, М.Алимова, И.Усмонов, Д.Муратов, Н.Муҳамедов, Д.Раҳимжонов. Масъул муҳаррир: И.Усмонов. – Т.: Мовароуннаҳр, 2011. – Б. 9.
[2] Муҳитдинова Д. Европада ҳадис илмига оид адабиётлар ва уларнинг илмий-амалий аҳамияти // Тошкент Ислом универститетининг илмий-таҳлилий Ахбороти. – № 2. – Тошкент, 2005. – Б. 51-53.; Саидова Г. Ғарб тадқиқотчилари томонидан ҳадисларнинг ўрганилиши // Имом ал-Бухорий сабоқлари. – № 2. – Тошкент, 2008. – Б. 92-93.; Мирзаева М. И.Гольдциер – ғарб ҳадисшунослигининг йирик намояндаси // Академик Убайдулла Каримов номидаги ёш шарқшунослар илмий конференцияси тезислари. – Тошкент, 2008. – Б. 68-71.; Мазамов О. Ҳадисларнинг жамланиши // Ҳидоят. – № 8. – Тошкент, 2009. – Б. 23.; Мухитдинова Д. Г.Йейнболлнинг “Мусулмон ривоятлари” тадқиқотида ишончли ва тўқима ҳадисларни аниқлашдаги ўзига хос услублари // Ўзбекистонда дунёвий ва диний қадриятлар уйғунлиги. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2009. – Б. 167-172.; Алимова М. Ҳадиснинг ишончлилик кафолати // Исломшуносликни ривожлантиришнинг концептуал масалалари. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2011. – Б. 33-35.
[3] Муҳаммад Мустафо ал-Аъзамий. Диросот фи-л-ҳадис ан-набавий ва таърих тадвиниҳи. I-жуз. – Риёз: ал-Мактаб ал-исломий, 1980. – Б. 73-74.
[4] Доримий 1/458; Муслим 4/3004; Насоий 5/8008; Ҳоким 1/437; Абу Яъло 2/1288; Аҳмад 3/11100, 11102, 11174, 11362, 11553.
[5] Бу ҳақида қаранг:
[6] Абу Довуд 2/3646; Ибн Абу Шайба 5/26428.
[7] Ҳоким 1/362.
[8] Бухорий “Таърих ал-кабир” 5/659; Доримий 1/506; Ҳоким 1/360-361; Табароний 1/700; Ибн Абу Шайба 5/26427.
[9] Термизий 5/2666. Яна қаранг: Табароний, “Мўъжам ал-авсат” 3/2825; ал-Баззор 2/8989.
[10] Бухорий 2/2302; Муслим 2/1355; Термизий 5/2667; Абу Довуд 1/2017, 2/3649, 4505; Байҳақий 2/16463; Насоий 3/5855; Дорақутний 3/58; Аҳмад 2/7241.
[11] Ан-Нававий. Шарҳ Саҳиҳ Муслим. Х-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1987. – Б. 130.
[12] Насоий 1/366.
[13] Бақара сураси, 138-оят.
[14] Термизий 2/617; Абу Довуд 1/1568; Ҳоким 1/1443; Байҳақий 4/7044; Абу Яъло 9/5470; Аҳмад 2/4632; Ибн Абу Шайба 3/9981, 9999.
[15] Аш-Шофиъий 1/403; Байҳақий “Маърифат ас-сунан ва-л-асор” 6/2387.
[16] Абу Довуд 2/1585; Дорақутний 1/445-446, 3/3527.
[17] Байҳақий “ас-Сунан ас-суғро” 2/3247-48; Насоий 4/7060.
[18] Шабир Аҳмад ал-Усмоний. Мажмуа Фатҳ ал-мулҳим би-шарҳ Саҳиҳ ал-имом Муслим. I-жуз. –Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-арабий, 2006. – Б. 244; Муҳаммад Мустафо ал-Аъзамий. Диросот фи-л-ҳадис ан-набавий ва таърих тадвиниҳи. I-жуз. – Риёз: ал-Мактаб ал-исломий, 1980. – Б. 71.
[19] Аҳмад 2/6851; Суютий “Жомиъ ал-аҳодис” 37/39982; ал-Баззор 1/2392; Ибн Саъд 4/262.
[20] Бухорий 1/113; Таҳовий “Мушкил ал-асор” 4/1439.
[21] Ислом: энциклопедия. А-Ҳ. / З.Ҳусниддинов таҳрири остида. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004. – Б. 17.
[22] Абу Довуд 3/3646.
[23] Иззуддин ибн ал-Асир. Асад ал-ғоба фи маърифат ас-саҳоба. III-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1996. – Б. 346.
[24] Сийар аълом ан-нубало 3/80. 700 та ҳадисдан еттитасини Бухорий ва Муслим биргаликда ривоят қилганлар, яна ундан Бухорий саккизта, Муслим эса йигирмата ҳадисни алоҳида-алоҳида ривоят қилганлар.
[25] Бу ҳақида қаранг: Термизий 2/322, 3/641.
[26] Шаҳобиддин Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Китоб ат-Таҳзиб ат-таҳзиб. VIII-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1984. – Б. 44-45.
[27] Муҳаммад Мустафо ал-Аъзамий. Диросот фи-л-ҳадис ан-набавий ва таърих тадвиниҳи. I-жуз. – Риёз: ал-Мактаб ал-исломий, 1980. – Б. 123.
[28] Ҳоким “ал-Мустадрак”, 3/6169; Ибн Абдулбарр “Жомеъ баён ал-илм ва фазлиҳи” 1/322.
[29] Ибн Саъд 7/448.
[30] Доримий 1/494, 503; Ибн Абу Шайба 9/26962; Табақот
[31] Тазкират ал-ҳуффоз 1/5.
[32] Бухорий 1448, 1450, 1451, 1453, 1454, 2487, 3106, 5787, 5955; Абу Довуд 1567; Ҳоким 1/290; Дорақутний 1/112, 116; Байҳақий 4/84-85.
[33] Бухорий 4/3179; Абу Довуд 2/2036; Байҳақий 2/10241; Аҳмад 1/874.
[34] Бухорий, 4/6870; Муслим 3/1978; Термизий 4/2127; Насоий 2/4277, 4/6947-48, 5/8681; Байҳақий “ас-Сунан ас-суғро” 1/1636; Ҳоким 4/7254; Аҳмад 1/615.
[35] Ромҳурмузий 1/56.
[36] Ҳоким 3/6452; Бухорий “Таърих ал-кабир” 8/2858.
[37] Муслим 1/54.
[38] Хатиб Бағдодий “Таърих Бағдод” 8/259.
[39] Ибн Саъд 2/123; Ибн Ҳажар Асқалоний “ал-Исоба” 6/131.
[40] Ибн Саъд 5/293.
[41] Ибн Абдулбарр “Жомеъ баён ал-илм ва фазлиҳи” 1/300.
[42] Бухорий “Таърих ал-кабир” 7/827.
[43] Абдурраззоқ 11/20277; ал-Фокиҳий “Ахбор Макка” 2/1690.
[44] Бухорий “Таърих ал-кабир” 6/2961; ал-Фокиҳий “Ахбор Макка” 2/1690; Ибн Саъд 5/467.
[45] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний “Таҳзиб ат-таҳзиб” 2/256, 3/335.
[46] Иқтибос бундан: Муҳаммад Мустафо ал-Аъзамий. Диросот фи-л-ҳадис ан-набавий ва таърих тадвиниҳи. I-жуз. – Риёз: ал-Мактаб ал-исломий, 1980. – Б. 111.
[47] Ибн Ҳиббон 5/285; Табароний 3/85; Дорақутний 4/214.
[48] Аҳмад 2/45, 90, 152.
[49] Бухорий “Таърих ал-кабир” 1/325; “Сийар ал-аълом ан-нубало” 3/160.
[50] Ромҳурмузий 1/32; Аҳмад ибн Ҳанбал. “ал-Илал” 1/176; Хатиб Бағдодий 1/189.
[51] Ибн Саъд 1/135; Ромҳурмузий 1/51. Аҳмад ибн Ҳанбал. “ал-Илал” 1/295.
[52] Шарҳ Илал ат-Термизий 1/33; Ибн Саъд 6/203.
[53] Ромҳурмузий 1/35; Ибн Саъд 7/127.
[54] Шабир Аҳмад ал-Усмоний. Мажмуа Фатҳ ал-мулҳим би-шарҳ Саҳиҳ ал-имом Муслим. I-жуз. –Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-арабий, 2006. – Б. 251-252.
Izoh qoldirish