10.05.2023

ИМОМ БУХОРИЙ БИР МЎЪЖИЗА!

Муҳаддислар султони Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг кучли хотира эгаси, бетакрор зеҳн соҳиби бўлгани манбаларда қайд қилинган. У зотнинг бир миллионта ҳадисни ёд билгани айтилади. Аксар манбалардаги 600 мингдан ортиқ ҳадисни ровийлари ва уларнинг тарихи билан бирга тўлиқ ёд билгани ҳақидаги маълумотни кўпчилик ўқиган ва эшитган. 

Бугунги кунда ёд олиш ва кучли хотирали бўлиш жуда ноёб ва нодир бўлгани боис Имом Бухорий ҳазратларининг буюк зеҳн-хотираси тўғрисида ҳатто тасаввур қила олмай ҳам қолдик. Ҳозирги кундаги тушунчамизда у зотнинг зеҳни ва хотираси қандай эканини мисоллар орқали кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ 600 минг ҳадис ёдлагани билан, ўзининг буюк тўплами “Саҳиҳи Бухорий” китобига бор йўғи 7563 та ҳадисни киритганлар, холос. У 4 та жилд деб ҳисобланади. Ана энди, шу 4 та китобга 7563 та ҳадис кирган бўлса, 600 минг ҳадис роппа-роса 320 та китобга жо бўлади, деб тасаввур қила оламиз. Яъни, у зот мана шунча китобни мукаммал равишда, умрининг охиригача эсдан чиқмайдиган даражада ёдида сақлаганлар. Китоб жавонингиздаги 320 та китоб тахламини тасаввур қилаверинг, энди! 

Араб тилида ёзилган “Саҳиҳи Бухорий”ни Имом Бухорий ҳазратлари ўзбек тилидаги маъно-мазмунини ҳам тўлиқ ва мукаммал равишда билганига шубҳа йўқ. Асарнинг ўзбекча таржимаси “Олтин силсила” рукнида 8 китоб бўлиб нашр қилинган. Агар “Саҳиҳи Бухорий”ни 8 та китоб деб тасаввур қилсак, Бухорий ҳазратларининг зеҳнида сақланган 600 минг ҳадис тўплами 640 та китоб бўлса, не ажаб! 

Иккинчи ҳолат, бунданда ғаройиб! 

Ҳар бир ҳадисни “санад” билан ёд олиш керак бўлади. Санад бу ҳадисни ривоят қилувчи ровийларнинг номлари занжири – кетма-кетлигидир. Яъни, ҳадис ривоят қилувчи муҳаддис билан то Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган даврлардаги ровийлар силсиласи – муҳаддис ўз устозидан эшитган, у эса устозидан, у эса устозидан эшитиб то Расулулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача ровийларнинг номлари айтиб чиқилса, бу ҳадиснинг “санади” ҳисобланади.

Ҳадис ривоят қилувчиларнинг номлари кетма-кетлигини, ўзлари ва ота-боболари, кунялари, нисбалари тизимини ҳам ҳадис матни билан биргаликда ёдда асраш инсондан фавқулодда катта зеҳнни талаб қилади. Буни тушуниш учун Имом Бухорий ҳазратларининг саҳиҳ ҳадислар тўпламидаги биринчи ва энг охирги ҳадис санадини кўриш мумкин.

Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган илк ҳадис санади олти нафар кимсадан иборат: ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр→Суфён→Яҳё ибн Саид ал-Ансорий→Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймий→Алқама ибн Ваққос ас-Лайсий→Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу. Энг охирги ҳадис санади эса беш нафар кишидан иборат: Аҳмад ибн Ишкоб→Муҳаммад ибн Фузайл→Умора ибн ал-Қаъқоъ→Абу Зуръа→Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу. Имом Бухорий ҳазратларининг ривоят қилган энг олий санадли ҳадислари сони атиги 22 та бўлиб, “Сулосийёт” (“Учлик”) деб аталади ва улар уч нафар ровийдан иборат. Кўп ровийлари эса тўққиз нафарга етади. Демак, ҳадис санадларида ўртача беш нафар ровий қатнашган деб оладиган бўлсак, “Саҳиҳи Бухорий”нинг ўзида жами 37 815 нафар шахс номлари келтирилган бўлиб чиқади. Агар ўша шахсларнинг оталарининг исми билан зикр қилингани ҳам эътиборга олинса, унда бу рақам икки баробар кўпаяди, айримларида боболарининг номлари ҳам келганини назарга олсак, шахс номлари яна ортади. Булардан ташқари уларнинг қаерлик эканлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам бор!

Демак, Имом Бухорий ҳазратлари мана шунча шахсларнинг номларини эсида сақлаганлар, уларни оталари ва боболари билан ҳамда бир-бирларининг нисбаларини алмаштириб қўймаганлар, мана шунча шахс номларининг кетма-кетлигини зеҳнида сақлаганлар. Шунингдек, биринчи ҳадис санадидаги ровийларнинг номлари билан энг охирги ҳадис санадидаги ровийларнинг номларини ўзгартириб қўймаганлар. Бу иккисини, масалан беш юзинчи, мингинчи, уч мингинчи, беш мингинчи ва ҳоказо рақамдаги ҳадисда келган ровийларнинг номлари билан чалкаштирмаганлар. Шунингдек, бу икки ҳадис санадидаги ровийларнинг номларини бошқа муҳаддисларнинг ривоят қилган минглаб ҳадисларида келган ровийлар силсилалари билан адаштирмаганлар.

 

Зотан, ана шу номларни ва исмларни адаштириб, чалкаштириб қўядиган кимсаларнинг ривоятлари ҳадис фанида “заиф” деб баҳоланади! Имом Бухорий ҳазратлари эса энг ишончли муҳаддислар султонидирлар!

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий”сида келган 7563 та ҳадис санадида 37 815 нафар шахс номлари келган бўлса, демак, у зотнинг буюк зеҳнларида сақланган 600 000 та ҳадисда 3 миллионта шахс номлари ва уларнинг кетма-кетлиги ҳам бетакрор хотирада доимий равишда сақланган!

Буни тасаввур қилиш учун Тошкент шаҳрининг қоқ марказида жойлашган “Хотира” майдонидаги металл тахталарга битилган шаҳид кетган ота-боболаримизнинг исми шарифлари рўйхатига қаранг. Ҳозирда бутун Ўзбекистон бўйлаб тахминан кўпи билан 450 000 нафарининг исми шарифи шу металл тахталарга қайд қилинган. Имом Бухорий ҳазратлари гўё ана шу исм-шарифларнинг барчасидан салкам  7 баробардан ҳам кўра кўпроғини қишлоқма-қишлоқ, туманма-туман, вилоятма-вилоят рўйхатларини ёдида сақлаган, бир исмни бошқаси билан чалкаштирмаган, бир хил адаш исмларни бир-биридан фарқлай олган, ҳатто уларнинг кетма-кетлигини ҳам адаштирмаган киши сингаридир!

Ҳозирги кунда 10 та шеърни ёддан билмайдиган, ҳатто юртининг мадҳиясини ҳам тузук айта олмайдиганлар Имом Бухорийнинг ушбу фавқулодда хотирасига ишонмаслиги ва муболаға деб ўйлаши табиий. У зотнинг замонасида ҳам бунга шак қилганлар бўлган, шунинг учун ҳам у зотни Бухоро-ю Басрада, Нишопур-у Бағдодда махсус имтиҳонлар билан синаб кўришган. Алалоқибат, улар инсоф ва адолат билан Имом Бухорий ҳазратларини: “Ер юзида юрувчи мўъжиза!” деб тан олишган.

Сиз, эй менинг ҳамюртим, ақалли қирқтагина ҳадисни ёдлаб қўйинг, шундагина шояд Имом Бухорийдек аждодингиз билан фахрланишингизга ҳақли бўлиб, юзингиз ёруғ бўлса!

Ҳамидуллоҳ Аминов (Беруний),

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази 

Илмий тадқиқот бўлими илмий ходими, тарих фанлари номзоди

Izoh qoldirish