ЎЗИНИ ЎЛДИРГАН ОДАМГА ЖАНОЗА ЎҚИШ МАСАЛАСИ
Савол. Ўз жонига қасд қилган одамга жаноза ўқилмаслиги тўғрими? Агар тўғри бўлса, бу ҳақидаги далилни ҳам айтсангиз.
Жавоб. Шариатимизда ўз жонига қасд қилиш бировни ўлдиргандан кўра ҳам оғирроқ гуноҳ ҳисобланади. Жумладан, саҳиҳ ҳадисда бундай дейилган:
كَانَ بِرَجُلٍ جِرَاحٌ فَقَتَلَ نَفْسَهُ، فَقَالَ اللَّهُ: بدرني عبدي بنفسه، حرمت عليه الجنة
“Бир кишининг жароҳати бор эди, (унга чидай олмай) ўзини-ўзи ўлдирди. Шунда, Аллоҳ таоло: “Бандам ўз жонига шошилди. Унга жаннатни ҳаром қилдим”, деди” (Бухорий, 1/1298).
Бошқа ҳадисда эса бундай дейилган:
مَنْ تردَّى مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ، فَهُوَ فِي نَارِ جَهَنَّمَ يتردَّى فِيهِ خَالِدًا مخلَّداً فِيهَا أَبَدًا، وَمَنْ تحسَّى سُمًّا فَقَتَلَ نَفْسَهُ، فَسُمُّهُ فِي يَدِهِ يتحسَّاه فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مخلَّداً فِيهَا أَبَدًا، وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ، فَحَدِيدَتُهُ فِي يَدِهِ يَجَأُ بِهَا فِي بَطْنِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خالداً مخلَّداً فيها أبداً
“Кимки тоғдан ўзини ташлаб ўлдирса, у жаҳаннам оловида, унга абадий, ҳамиша ва доимий равишда отиб-ташлаб турилади. Кимки заҳар ичиб, ўзини ўлдирадиган бўлса, заҳари қўлида жаҳаннам оловига ташланиб, унда абадий, ҳамиша ва доимий равишда сипқориб ичирилиб туради. Кимки ўзини бирор темир билан ўлдирса, темири қўлида қолиб, жаҳаннам оловида абадий, ҳамиша ва доимий равишда қорнига тиқиб (азоблаб) турилади” (Бухорий, 5/5442).
Энди, ўз жонига қасд қилган одамга жаноза ўқилиш-ўқилмаслиги борасида бизнинг ҳанафий мазҳабида икки хил фатво мавжуд. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва унинг шогирди Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ уни кафанлаб, ювиб, жаноза ўқиб кўмилиши кеарк, деб ҳисоблаганлар. Ислом дини тарихида илк қозикалон бўлган зот, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ эса унга жаноза ўқилмаслиги керак, деганлар. Кейинги давр уламолари ҳам шу икки фикрнинг бирини қўллаб-қувватлаганлар:
وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ خَطَأً بِأَنْ نَازَلَ رَجُلاً مِنَ الْعَدُوِّ لِيَضْرِبَهُ، فَأَخْطَأَهُ وَأَصَابَ نَفْسَهُ وَمَاتَ، فَإِنَّهُ يُغْسَلُ وَيُكْفَنُ وَيُصَلَّى عَلَيْهِ، وَهَذَا بِلَا خِلَافٍ.
وَأَمَّا مَنْ يَعْمِدُ قَتْلَ نَفْسِهِ بِحَدِيدَةٍ، هَلْ يُصَلَّى عَلَيْهِ؟ اِخْتَلَفَ فِيهِ الْمَشَايِخُ بَعْضُهُمْ قَالُوا: لَا يُصَلَّى عَلَيْهِ، وَكَانَ الشَّيْخُ الْإِمَامُ شَمْسُ الْأَئِمَّةِ أَبُو مُحَمَّدٍ عَبْدُ الْعَزِيزِ بْنُ أَحْمَدَ الْحَلْوَانِيُّ رَحِمَهُ اللهُ يَقُولُ: اَلْأَصَحُّ عِنْدِي أَنَّهُ يٌصَلَّى عَلَيْهِ، وَتُقْبَلُ تَوْبَتُهُ إِنْ كَانَ تَابَ فِي ذَلِكَ الْوَقْتِ لِقَوْلِهِ تَعَالَى: {إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَن يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَن يَشَآء وَمَن يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْماً عَظِيماً} (النساء: 48) وَكَانَ الْقَاضِي الْإِمَامُ رُكْنُ الْإِسْلَاِم عَلِي اَلسُّغْدِيُّ رَحِمَهُ اللهُ يَقُولُ: اَلْأَصَحُّ عِنْدِي أَنَّهُ لَا يُصَلَّى عَلَيْهِ، لِأَنَّهُ لَا تَوْبَةَ لَهُ، لِأَنَّهُ بَاغِي عَلَى نَفْسِهِ، وَالْبَاغِي لَا يُصَلَّى عَلَيْهِ
“Кимки ўзини хатолашиб ўлдириб қўйса, масалан бир киши душманга рўпара келиб, уни урмоқчи бўлиб, хатолашиб ўзини уриб қўйиб ўлса, уни ювилади, кафанланади ва унга жаноза ўқилади. Бунда ҳеч қандай ихтилоф йўқ! Бироқ, ўзини қасддан темир билан ўлдирса, унга жаноза ўқиладими? Бу борада машойихлар ихтилоф қилишган. Айримлари жаноза ўқилмайди, дейишган. Имом Шамс ал-аимма Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Аҳмад ал-Ҳалвоний раҳимаҳуллоҳ: “Менинг фикримча тўғрироқ гап шуки, унга жаноза ўқилиши керак. Агар ўша вақтнинг ўзида тавба қилса, тавбаси ҳам қабул қилинади. Чунки Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур”, деган ояти бор” (Нисо, 48), дер эдилар. Қози, имом, Рукн ал-ислом Али ас-Сўғдий раҳимаҳуллоҳ эса: “Менинг фикримча тўғрироқ гап шуки, унга жаноза ўқилмаслиги керак. Чунки унга тавба йўқ! Зотан, у ўзининг жонига қарши чиққан одамдир. Қарши чиққан одамга эса жаноза ўқилмайди”, дер эдилар” (Бурҳониддин ибн Моза ал-Бухорий. Ал-Муҳит ал-Бурҳоний. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2004. – Б. 185).
Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг юқоридаги гапларининг, яъни қасддан била туриб ўзини ўлдирган одамга жаноза ўқилмаслиги ҳақидаги фатвонинг саҳиҳ ҳадиси шарифдан далили бор:
أُتِيَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِرَجُلٍ قَتَلَ نَفْسَهُ بِمَشَاقِصَ، فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيْهِ
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўзини-ўзи қайчи (дукард) билан ўлдирган кишини олиб келинганди, унга жаноза ўқимадилар” (Муслим, 1/978).
فَأَخْبَرَهُ أَنَّهُ قَدْ مَاتَ. قَالَ: وَمَا يُدْرِيكَ؟ قَالَ: رَأَيْتُهُ يَنْحَرُ نَفْسَهُ بِمَشَاقِصَ، مَعَهُ. قَالَ: أَنْتَ رَأَيْتَهُ؟ قَالَ: نَعَمْ. قَالَ: إِذًا لَا أُصَلِّيَ عَلَيْهِ
“...Унинг ўлгани ҳақида хабар берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга нима бўлди?”, дедилар. У: “Ўзини-ўзи қайчи (дукард) билан ўлдираётганини кўриб қолдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни кўрдингми?”, дедилар. У киши: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У ҳолда, унга жаноза ўқимайман!”, дедилар” (Абу Довуд, 3/3185).
Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ “Шарҳ ан-Ниқоя”да ушбу ривоятни келтириб бўлиб, бундай деганлар:
بِأَنَّ الظَّاهِرَ أَنَّهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ لَمْ يُصَلِّ عَلَيْهِ، وَ يَنْبَغِى أَنْ يَكُونَ الْإِمَامُ كَذَلِكَ وَ أَمَّا غَيْرُهُ فَيُصَلِّ عَلَيْهِ لِقَوْلِهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ صَلُّوا عَلَى كُلِّ بَرٍّ وَ فَاجِرٍ
“Зоҳир шуки, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқимаганлар. Имом ҳам худди шундай қилиши керак. Лекин ундан бошқалар унга Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳар бир яхши ва ёмон одамга жаноза ўқинглар!”, деган гаплари борлиги учун жаноза ўқийдилар” (Али ал-қори. Фатҳ боб ал-иноя. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-Арқам, 1997. – Б. 465).
Демак, аҳли суннат ва жамоат ақидасига кўра, ўзини ўзи ўлдирган, масалан ўзини осган ношуд банда мусулмон ҳисобланади, бу иши учун уни кофир кетди, дейилмайди. Ҳар бир мусулмон одамга эса жаноза ўқиш шариатимизда буюрилган. Лекин, ошкора гуноҳ қилувчиларга шу қилган гуноҳлари оғир ва жамиятга зиёнли эканлигини эътиборга олиб, бошқаларни бундан огоҳлантириш мақсадида, бундайларга жаноза ўқилмайди, дейилган. Бунда имом домлалар, юртнинг обрўли-эътиборли кишилари, халқ ортидан эргашадиган пешво ва мўътабар кишилар уларга жаноза ўқимаслиги лозим бўлади. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ундайларга жаноза ўқимаганлар. Лекин, оддий халқ барибир ҳам уларнинг бежаноза кетмаслигининг чорасини кўришлари керак, яъни ўзлари бир-икки одам билан жаноза ўқиб кўмишлари керак бўлади. Шунингдек, ароққа ёрилиб ўлганлар, ошкора фолбинлик қилувчилар, ота-онасини ўлдирганлар, ўз оиласидагиларни ўлдирганлар, жабру-ситамни ошкора касб қилиб олган золимлар, адолатли подшоҳ ва ҳукуматга қарши чиққанларга ҳам шу хилда жаноза ўқилмаслиги фиқҳий манбаларимизда айтиб ўтилган. Чунки бу ишлар улкан гуноҳлар бўлиб, жамиятга ҳам жуда катта зарар ва заҳматлар етказади. Одамларни бунинг оқибатларидан огоҳлантириш зарур бўлади. Шундай заруратлардан бири эса улар ўлганда обрў-эътибор билан жаноза ўқилмаслигидир.
Ҳамидуллоҳ Аминов (Беруний),
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Илмий тадқиқот бўлими илмий ходими, тарих фанлари номзоди
Izoh qoldirish