12.05.2023

ЧАҒОНИЁННИ - КИМ ФАТҲ ЭТГАН?

Мовароуннаҳр ўлкасига келган саҳобалар ҳақида гап кетганда, бирдан хаёлимизга Қусам ибн Аббос розийаллоҳу анҳунинг (ваф. 57/677) Самарқандда шаҳид бўлиб, у ерга дафн этилгани келиши табиий. Аммо манбаларни синчиклаб ўргансак, Термиз ва Чағониён ҳам саҳобалар бевосита кириб келган худуд экани маълум бўлади.

Чағониённи Ҳакам ибн Амр Ғифорий розийаллоҳу анҳу фатҳ этган. Чагониён ўлкаси ҳозирги - Сурхондарё вилоятининг Олтинсой, Денов, Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё ва Шўрчи туманларига тўғри келади.

Олимлар Мовароуннаҳр ҳудудига кириб келган илк мусулмон кимлиги ҳақида баҳс юритишган. Зиёд ибн Абу Суфён (1-53/622-673) уни 45/665 йилда Хуросон волийси этиб тайинлаган саҳоба Ҳакам ибн Амр Ғифорий розийаллоҳу анху (ваф. 50/670) давр жиҳатидан Мовароуннаҳрга илк қадам қўйган саҳоба экани аёнлашади.

Тарихчи Балозурий (ваф. 279/ 892) дейди: "Ҳакам дарё ортида намоз ўқиган аввалги шахсдир". Имом Табарий айтади: "Дарёдан сув ичган мусулмонларнинг энг аввалгиси Ҳакамнинг мавлосидир. У совути билан дарёдан сув олиб ичди, сўнг Ҳакамга узатди ва у ҳам ичди ва таҳорат олиб, дарё ортида икки ракат намоз ўқиди. У ушбу ишни қилган энг аввалги кишидир". У Тохаристонда ғазот қилган эди. Марвда вафот этиб, ўша ерда дафн қилинган. У мусулмон амирларидан Хуросонда вафот этган илк кишидир.

Айнан Тохаристонга юриш давомида ушбу саҳоба Чахониён ўлкасида ҳам бўлган, дейиш мумкин. Балозурийнинг "Футуҳул булдон" ("Мамлакатлар фатҳи") асарида келтирилишича, буюк имом, тобеин Абдуллоҳ ибн Муборакнинг Чағониён аҳлидан бўлган ҳадис илми толибига бундай дегани нақл этилади: "Юртингни ким фатҳ этганини биласанми?" У: "Йўқ", деди. У: "Ҳакам ибн Амр Ғифорий фатҳ этган", деди.

Тадқиқотчи Маҳмуд Шийт фикрига кўра, бу фатҳ 48/668 ёки 49/669 санада юз берган. Чунки Ҳакам Ғур тоғларидаги ғазотдан 47/667 йили қайтган. Унинг 50/670 йили вафот этганини ишончли маъ- лумот сифатида олсак, у юқорида келтирилган икки санада Чағониённи фатҳ этиш учун вақт ажратгани келиб чиқади. Зеро, Ибн Асирнинг маълумот беришича, у ҳаётининг охирги 50/670 йилида Хуросон чегарасидаги Ашал тоғига иккинчи марта юриш килган ва шундан қайтиб келгандан сўнг вафот этган.

Ибн Саъд Ҳакам ибн Амр розийаллоҳу анҳуни Хандак ва ундан кейинги воқеаларда иштирок этган учинчи табақа саҳобалар қаторида келтириб, кунясини Абу Барза деган. Манбаларда унинг исми ёнига "Акроъ" исми ҳам қўшиб айтилиши учрайди. Ундан ривоят килинган ҳадислар Имом Муслимдан бошқа ҳадис тўпламларида келтирилган. Онасининг исми Умома бинти Абд ибн Молик бўлган. Бу зот Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларигача ёнларида бўлган, кейин Басрага келган. Бу ерда ушбу сахобадан Ҳасан Басрий (21-110/642-728) ва Муҳаммад ибн Сийрин (33-110/623-729) каби то- беинлар ҳадис ривоят қилишган. Хуросон волийси этиб тайинлангач, шу ерда улкан фатҳларни амалга оширган ва ўша жойда вафот этган.

У зотнинг қабри Марвда Бурайда Асламий (ваф. 63/683) розийаллоҳу анҳунинг ёнида бўлиб, қабрлари орасида фарқ бир зироъ (тахминан, ярим .

метр) бўлган. Қайд этилишича, Ҳакам ибн Амрнинг қизи Жанубга Кусам ибн Аббос розийаллоҳу анҳу уйланган. Ҳакам ибн Амрнинг Амр исмли ўғли ва унинг авлодлари колгани айтилади.

Манбаларда қайд этилган Аб- дулкабир (ёки Ҳасан) ибн Амр ибн Ҳакам Ғифорий ҳам унинг ўғли бўлиши мумкин. У зотнинг Рофеъ исмли иниси ҳам саҳобалик шарафига эришган.

Ривоятларга кўра, халифа Маъ- мун (170-218/786-833) Хуросондалигида баъзи кишилар қабр қа- зишаётганда тўсатдан у зотнинг кабрига дуч келишади ва жасади чиримаганига гувоҳ бўлишади.

Журабек ЧЎТМАТОВ,

Имом Термизий халқаро илмий-

тадқиқот маркази катта илмий ходими

 

Адабиётлар рўйхати:

1. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий. Тарих ал-умам вал-мулук. Байрут: Дор ал- кутуб ал-илмийя, 1407/1986. V. Биринчи нашр. III. - Б. 236.

2. Иззиддин Абулхасан Али ибн Абулкарам Мухаммад ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Абдулвоҳид Шайбоний Ибн Асир Жазарий. Ал-Комил фит-тарих. Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1407/1987. XI. Биринчи нашр. III, Б. 308, 338.

3. Абу Саъид Абдулҳай иби Заҳҳок иби Маҳмуд Гардизий. Зайн ал-ахбор. Форсчадан арабчага Аффон Саййид Зайдон таржимаси. Қоҳира: Ал-Мажлис ал-аъло лис-сакофа, 2006. - Б. 167.

4. Абулаббос Аҳмад ибн Яҳё ибн Жобир Балазурий. Футуҳ ал-булдон. Байрут: Муассаса ал-маъориф, 1407/1987. - Б. 576-577.

5. Абулхажжож Юсуф ибн Закий иби Аб- дурахмон Миззий. Тахзиб ал-камол фий асма ар-рижал Байрут: Муассасату-р- рисола, 1400/1980. ХХХV. Биринчи нашр. VII.-Б.124-129.

6. Маҳмуд Шийт. Кодат ал-фатҳ ал-исломий фий билад Мовароуннахр. Байрут-Жидда: Дору Ибн Ҳазм Дор ал-Андалус ал-хаэро, 1418/1998. Биринчи нашр. Б. 118.

7. Шамсуддин Камалиддинов. Историческая география Южного Согда и Тохаристана по арабоязычным источникам IX начала XII ВВ. Ташкент: Узбекистан, 1996. С. 132

 

Izoh qoldirish