ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ “СУНАН ТЕРМИЗИЙ”ДА ОЯТЛАР ШАРҲИГА ОИД ҲАДИСЛАР
Сўнгги йилларида буюк алломаларимизнинг меросларини ўрганиш, қадамжоларини обод этиш, уларнинг номларини тиклаш каби қатор хайрли ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу жумладан, термизлик олимларнинг ҳаёти ва илмий асарлари диққат билан ўрганилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан термизлик олимлар меросини ўрганишга мўлжалланган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил топиши ҳам ушбу эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Таъкидлаш жоизки, Термиз ўз даврида улкан олимларни етказган ҳудуд сифатида шуҳрат қозонган. Бу ердан нафақат ҳадис, тасаввуф балки тафсир илми борасида ҳам етук олимлар етишиб чиққан. Жумладан, Ҳаким Термизий номи билан машҳур бўлган Абу Абдуллоҳ ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизий (205/820-320/932) “Китобул амсол минал Китоб вас суннат”, “Таҳсил назоир ал-Қуръон” (“Қуръон ибратларини эгаллаш”) каби асарлари билан, Умар Термизий (857/1453 йил атрофида яшаган) суфий, воиз олим сифатида Ихлос сурасига тафсир ёзгани билан машҳур бўлганлар.
Олти саҳиҳ китобдан бири “Сунан ат-Термизий” номи билан машҳур бўлган “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари муаллифи Абу Исо Термизий ҳам ҳадис, тафсир илмларида етук олим бўлган. Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ Суламий Зарир Буғий Термизий (824-892)нинг мазкур “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарида таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж, сийратлар, васият каби қатор диний ижтимоий ва ибодат масалалари қатори Қуръон фазилатлари, тафсир сингари қисмлар ҳам ёритилган [1, б. 33-49].
Ушбу асарда “Китаб савоб ал-Қуръон”, “Китаб ал-қираат” (“Қуръон қироатлари”) ва “Китаб тафсир ал-Қуръон” (“Қуръон тафсири китоби”) номли боблар бўлиб, унда тафсирга оид ривоятларни келтирган. Китобнинг “Китаб тафсир ал-Қуръон” (“Китаб тафсир ал-Қуръон ан расулиллаҳ”) деб номланган қисми энг катта боблардан бири саналади ва унда умумий ҳисобда 377 та ҳадис жамланган. Ушбу бобда анъанавий тартибда Қуръоннинг Фотиҳа сурасидан Носгача бўлган сураларнинг фазилатлари ҳақидаги ҳадислар жамланган. Имом Термизий ҳадислар орасидан ўз шартларига тўғри келганини саралаб олгани боис ҳам ҳамма оятларнинг шарҳлари унинг келтирилмаган бўлиши мумкин.
Абу Исо Термизий тафсир қилиш жиддий иш эканини таъкидлагани боис ушбу бобда ўз ижтиҳоди билан тафсир қилишнинг мумкин эмаслиги ҳақидаги 5 та ҳадисни биринчи навбатда келтиради. Жумладан, уларнинг бирида шундай дейилади: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Қуръондаги нарсалар (унинг мазмуни) ҳақида билмай бирор сўз айтса, ўз жойини дўзахдан тайёрлаб қўйсин” [2, Ж. 3, б. 659-660]. Кейинги ҳадисда эса қуйидаги ривоятни келтиради: Жундуб ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Қуръон борасида ўз фикрига таяниб гап айтса, агар тўғри бўлса ҳам у хато қилибди”.
Дарҳақиқат, Қуръони карим мўътабар китоб бўлгани боис унинг тафсирида билмай гапириш мумкин эмас. Бу билан сўзловчи адашади ва бошқаларни ҳам адаштиради. Ҳозирда, айниқса, ўз даъволарини исботлаш мақсадида оятлардан билимсиз ҳолда далиллар келтираётган турли ақидавий оқим вакилларининг фаолиятларига берилган баҳодир.
Олим “Сунан ат-Термизий”даги тафсирга бағишланган бобнинг давомида Фотиҳа сураси шарҳини келтиради ва бу қисмни Фотиҳа сураси ўқилмаган намоз мукаммал эмаслиги борасидаги ҳадисларни ривоят қилишдан бошлайди. Ушбу ҳадисларда Фотиҳа “Уммул Қуръон” (Қуръоннинг онаси) номи билан зикр қилинади [2, Ж. 3, б. 660-661]. Манбаларда Фотиҳанинг “Уммул китоб”, “Сабъул масони” каби бир неча номлари санаб ўтилади. Термизий эса улардан Қуръон онаси номи билан боғлиқ ҳадисларни келтиради.
Олим Бақара сураси тафсири билан боғлиқ жами 37 та ҳадисни ўз асарига киритган. Улар қаторида яҳудийларга доир воқеалар (58-59-оятлар), қибла ва саҳобаларнинг қоронғиликда турли томонга қараб намоз ўқиганликлари ва буни маъқулловчи оятнинг нозил бўлиши (115, 150-оятлар), қибланинг Каъба томон ўзгариши (144-оят), Ҳазрати Умарнинг Мақоми Иброҳимда намоз ўқишни сўрагани ва бу борада оятнинг нозил бўлиши (125-оят), мусулмон умматининг адолатли уммат этиб танлангани (143-оят), рўза тутувчининг тонггача саҳарлик қилиши (187-оят), ўрта намоз (238-оят) каби қатор оятлар шарҳига бағишланган ҳадисларни [2, Ж. 3, б. 662-670] айтиш мумкин.
Айтиш керакки, оятлар тафсирига оид ҳадислар айни дамда сабаби нузул (оятларнинг нозил бўлиш сабаблари)га ҳам тааллуқлидир. Жумладан, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Умар ибн Ҳаттоб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Росулуллоҳ! Мақом ортида намоз ўқисак”, деди. Шундан кейин Бақара сурасининг 125-ояти – “Мақоми Иброҳимда намоз жойи қилиб олинглар” нозил бўлди. Шунингдек, Урвадан ривоят қилинган ҳадис сабаби нузул билан боғлиқ бўлиб, унда шундай дейилади: Урва айтади: Мен Оишага розияллоҳу анҳо бирор киши Сафо ва Марва орасини сайъ қилмаса ҳеч нарса бўлмайди ва мен буни маъқул санайман дедим”. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: “Нақадар ёмон гапни айтдинг, эй опамнинг ўғли. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар тавоф қилганларида ... одамлар Сафо ва Марва орасини сайъ қилмас эдилар. Шунда Аллоҳ табарок ва таоло “Ким Уни ҳаж қилса ёки умра қилса, бу икки жой (Сафо ва Марва)ни тавоф қилишида зарар йўқдир” ояти (158-оят)ни нозил қилди. Агар сен айтганингдек бўлганида эди, унда Аллоҳ таоло “бу икки жойни тавоф қилмасликда зарар йўқдир” деб нозил қилар эди”, - деди”. Имом Зуҳрий айтади: “Мен (Урва ривоят қилган) бу ҳадисни Абу Бакр ибн Абдураҳмонга айтиб берганимда, у ажабланиб: “Бу бир илм-ку, мен олимларнинг “Сафо ва Марвани тавоф қилмайдиган арабларнинг “Бу икки тош (Сафо ва Марва) орасини саъй қилиш жоҳилият одатларидан” деганини, ансорларнинг эса: “Биз Байтуллоҳни тавоф қилишга буюрилганмиз, Сафо ва Марвани эмас” деганини эшитганман. Шунда Аллоҳ “Албатта Сафо ва Марва Аллоҳнинг белгиларидан” оятини нозил қилган”. Абу Бакр ибн Абдураҳмон сўзини давом этиб айтади: “Демак, ушбу оят (158-оят) булар ва булар ҳақида нозил бўлган экан-да” [2, Ж. 3, б. 663-664].
Келтирилган ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, араблар жоҳилият амали деган ўйда Сафо ва Марва ўртасида сайъ қилмас эканлар. Лекин ушбу оятлар нозил бўлгач, бу ерда сайъ қилиш жорий қилинган ва ҳадисда келтирилган воқеа бунга сабаб бўлган.
Бундан ташқари китобнинг таҳорат, намоз каби бошқа қисмларида келтирилган ҳадисларда ҳам оятлар шарҳи ва изоҳига оид ривоятлар ўрин олган.
Аллома 279/892 йилда Термиздан узоқ бўлмаган Буғ қишлоғида вафот этган.
Дарҳақиқат, Абу Исо Термизий ҳадис билан бир қаторда тафсир борасида ҳам етук олим бўлган. “Сунан Термизий”да келтирилган оятлар шарҳига бағишланган ҳадислар бунинг ёрқин мисоли саналади.
Давронбек Махсудов
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори
Фойдаланилган адабиётлар:
- Имом ат-Термизий / Ўзбекистон буюк алломалар юрти / тузувчи ва нашрга тайёрловчи У.Уватов. – Т.: Маънавият, 2010.
- Муҳаммад ал-Бухорий. Ҳадис. Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ. – Т.: Қомуслар бош таҳририяти, 1995.
- Имом ад-Доримий. Сунан ад-Доримий. / Муҳаммад Абдулазиз ал-Холидий таҳрири остида. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1996.
- Абу Исо Термизий. Сунан ат-Термизий. Ар-Риёд: Мактаба ал-маориф лин нашр ват тавзиъ.
- Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси / масъул муҳаррир З.И.Мунавваров. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007.
Izoh qoldirish