АБУ ЖАЪФАР ТЕРМИЗИЙ АСАРИ: ҚЎЛЁЗМА ТАВСИФИ
Жаҳон қўлёзма фондларида, термизлик алломаларнинг 1400 дан зиёд қўлёзмаси аниқланган бўлиб, уларнинг аксарияти қадимий ва ноёб асарлар ҳисобланади. Аниқланган қўлёзмалар асосан шариат илмлари тўғрисида ёзилган бўлиб, ҳадис, калом, тасаввуф, шеърият ва тафсир йўналишларида битилган. Қўлёзма асарларнинг аксарияти араб тилида айримлари форс ва туркий тилларда ёзилган. Ушбу қўлёзмалар турли даврларда ёзилган бўлиб, бизгача етиб келгандир [4, б. 2].
Бу қўлёзмалар ичида Абу Жаъфар Термизий ривояти асосида ёзилган тафсирга оид асар ҳам бор. Қўлёзма асар ниҳоятда қадимий бўлиб, ўзининг ғайриоддий ёзилиш услуби билан ажралиб туради. Ушбу қўлёзма хати мураккаблиги ва тартибсиз ёзилганлиги билан мутахассислар эътиборини тортади. Мутахассис уни ўқиш учун, Қуръони карим оятларини тўлиқ ёд олган ҳамда қадимий нақлий тафсирларни устида иш олиб борган бўлиши керак. Шундагина бу қўлёзмадаги оят ва унинг тафсирини бошқа асарларга таққослаб ўқиши мумкин. Ҳар бир сатрдаги оятларни обдон текшириб, бир неча сўзларни топгандан кейин, қолган сўзларни бошқа шунга ўхшаш асарларга таққослаб, осонгина топиш мумкин. Чунки дастлабки тафсир илми саҳоба ва тобиъинлар орқали оғзаки ривоят шаклида бир-бирига ўтган бўлиб, нақл қилинган оятларнинг тафсири деярли бир хил. Абу Жаъфар Термизий ривоят қилган тафсир китобларининг ўхшаши мисолида “Тафсири Ибн Аббос”, “Тафсири Мужоҳид”, “Тафсири Абд ибн Ҳумайд” каби тафсирларни зикр қилиш мумкин. Мазкур тафсирларнинг барчаси нақлий тафсир ҳисобланиб, ривоят қилиш жиҳатидан бир-бирига ўхшашдир.
Қўлёзмани ўқишни қийинлаштирадиган омиллардан яна бири ёзувда нуқталарнинг қўйилмаганлигидир. Ўтмишда алломаларимиз зеҳн борасида биздан кўра анча фаол бўлиб, улар арабий имлоларни ўқишда нуқтага кўп ҳам эътибор беришмаган. Хаттот ва носих (кўчирмачи)лар орасида: “Оқилон пайи нуқат нараванд” (Оқиллар нуқта изидан бормайди) деган, ибора машҳур бўлган. Улар нуқтасиз ёзувларни ҳам осонгина ўқишган. Бунга уларни йиллар давомида орттирган илмий тажрибалари ёрдам берган.
Қўлёзмада ёзилган тафсирга келсак биринчи ва иккинчи ҳижрий асрларда ровийлар томонидан нақлий ривоят қилинган, муфассирларнинг яхлит бир китоб шаклида жамланмаган тарқоқ ҳолдаги тафсири бил-маъсур (нақлий) туридаги ривоятлар, Абу Жаъфар Термизий томонидан жамланиб, ривоят қилинган.
Ушбу жамланган тафсир асарлари ўзининг саҳиҳлиги ва қадимийлиги билан, дастлабки пайдо бўлган қитъа (парча) кўринишидаги тафсир манбаларининг тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Абу Жаъфар Термизий ривоят қилган тафсир қўлёзмасини тадқиқ қилган доктор Ҳикмат Башир Ёсин уни тафсир жамловчиси деб таърифлаган. Бундай таърифга унинг тўртта муфассирнинг тафсирга оид ҳадисларини жамлаганлиги сабаб бўлган. Агар эътибор берсак, тафсир илми ҳадис ривоятлари орқали бизгача етиб келган бўлиб, унинг ривожида муҳаддисларнинг ўрни беқиёсдир. Қўлёзмани тадқиқ қилган доктор Ҳикмат Башир Ёсин китоб ҳошиясида асардаги ривоятлар кўпроқ “Тафсири Мужоҳид”, “Тафсири Абд ибн Ҳумайд”, “Тафсири Табарий” ва “Тафсири Ибн Абу Ҳотим” каби мўътабар китобларда айнан шу санадда бироз лафзий ўзгариш билан ёки санаддаги ровийларни ўзгариши билан келганлигини таъкидлаб ўтган. Тадқиқотчи бу ўринда қўлёзма асардаги ривоятларнинг саҳиҳлигини, бошқа мўътабар тафсир китобларда ҳам борлигини исботлаган.
Абу Жаъфар Термизий учинчи ҳижрий асрда тўлиқ яшаб ўтган. Унинг бизгача етиб келган тафсир қўлёзмасини бешинчи ҳижрий асрнинг охири ва олтинчи ҳижрий асрнинг бошларида Убайдуллоҳ Укбарий (526/1132) кўчирганини эътиборга олсак, мазкур тафсир бу даврларда кўп маротаба қайта кўчирилган, деган хулосага олиб келади.
Доктор Ҳикмат Башир Ёсин Мадинада Абу Жаъфар Термизий ривоят қилган қадимий нусха устида илмий тадқиқот ишларини олиб бориб, уни 1408/1988 йилда нашр қилдирган. Асарнинг тавсифи, хусусияти ҳақида доктор қуйидагиларни ёзади: “Қуръони каримни ўрганишда “тафсири бил-маъсур” китобларининг ўрни каттадир. Илк ҳижрий асрларда, кутубхоналарда “тафсири бил-маъсур” китоблари сақланар эди. Аммо бизнинг замонимизда фиқҳ, ҳадис, тарих китобларига қиёс қилганда бу турдаги китоблар нодир ва ноёб бўлиб қолди. Абу Жаъфар Термизийнинг ривояти асосидаги ушбу асар, “тафсири бил-маъсур” китобларининг бизгача сақланиб қолганларидан биридир. Гарчи у ҳажм жиҳатидан кичик бўлса-да, тафсир илмида ривоят қилиш услубининг аслий ва қадимий тури эканлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу рисола иккинчи ҳижрий асрда яшаб ўтган тўртта машҳур муфассир Яҳё ибн Ямон (189/805), Нофиъ ибн Абу Нуъайм (ваф. 136/754), Муслим ибн Холид Занжий (ваф. 180/797) ва Ато Хуросонийларнинг (ваф. 135/753) “тафсири бил-маъсур” ривоятларини ўз ичига олади, шунинг учун ҳам бу асар “тафсири бил-маъсур” йўналиши олимлари ва қизиқувчилари учун катта аҳамиятга эгадир. Чунки ушбу тафсирнинг ҳар бир қисми асрлар давомида муфассир имомлар томонидан ривоят қилиниб келган “тафсири бил-маъсур” биносининг асоси, дастлабки қўйилган ғиштлари ҳисобланади” [1, б. 166].
Доктор Фуад Сезгин [2: 33,79,87] ушбу асардаги муфассирларга алоҳида тўхталиб, қўлёзмани қуйидагича тавсифлайди:
- Саҳифалар сони ўн тўртта бўлиб, икки бетида ҳам ёзилган;
- Ҳар бир бетдаги сатрлар 23-25 қатордан иборат;
- Ҳар бир сатрда 13-15 тагача сўз иштирок этган;
- Хат тури қадимий бўлиб, нуқталар қўйилмаган. Сўзлар бир-бирига қўшилиб кетган. Носих тез суръатда ёзган;
- Китоб номини котибнинг ўзи ёзган;
- Саҳифа ҳажми 12/15 см;
- Носихнинг исми Аҳмад ибн Убайдуллоҳ Укбарий;
- Кўчириш санаси 456/1064 йил;
- Нусха ўқилиб белгиланган. Ҳар бир ривоят (ҳадис) орасида нуқта қўйилган. Нуқталар ҳар бир ривоят ҳадисма-ҳадис ўқилиб, арз (устозидан ҳузурида ўтказилган)дан кейин қўйилган. Бу ишончли муҳаддислар одати бўлиб, ҳадис аҳли буни яхши билишади [3, б. 166];
- Тафсир ниҳоясида мусанниф (Тафсир жамловчиси) томонидан ривоят қилинган ҳадислар ўрин олган;
- Вақф ва эгалик: Қўлёзманинг охирги бетида Зоҳирия кутубхонасининг муҳри босилган. Биринчи бетида вақф қилинганлиги ёзилган. Ҳамда носихнинг тиниқроқ ёзуви бор.
Мазкур қўлёзма асар 28 бетдан иборат бўлишига қарамасдан унда тўртта муфассирнинг тўрт юздан ошиқ ривоятлари жамланган. Бунинг биринчи сабаби, ривоятдаги бир хил санадлар изма-из ёзилган бўлиб, то бошқа санад келгунча ҳадислар бошидаги санад такрорланмаган. Биринчи ҳадиснинг санади ёзилган бўлиб, қолган ҳадисларнинг санади юқорида ўтган ҳадиснинг санади билан бир хил бўлганлиги учун, қайта такрор ёзилмаган. Иккинчи сабаби, одатда нақлий тафсирлар лафзи қисқа бўлади. Саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломдан қандай эшитган бўлса, шундайлигича ўзидан бирор сўз қўшмасдан ривоят қилган. Кейинги ровийлар ҳам айнан шундай қилган. Кўпчилик тафсир деганда Қуръони каримнинг тўлиқ 114 сурасининг тафсирини тушунади. Лекин дастлабки нақлий тафсирлар ҳар бир оятнинг ичидаги бир лафз тафсири билан кифояланган. Масалан ушбу қўлёзмада “Кавсар” сураси бор йўғи уч оятдан иборат бўлиб, иккинчи оятидаги “Ванҳар” лафзи “Қурбонлик сўйиш” дея тафсир қилинган. Муҳаддисларнинг ҳадис олиш шартига мувофиқ, мазкур суранинг қолган лафзларининг тафсирини бошқа муҳаддислар ривоят қилган. Яъни, бунда ровий, шайхлари орқали етиб келган ҳадисларни ривоят қилган. Ўзига санадлар орқали етиб келмаган ҳадисларни ривоят қилишмаган. Мана шу важҳлар сабаб, мўжазгина қўлёзма асарга тўрт юздан ошиқ ҳадислар сиғдирилган. Бошқа сабаблардан бири, ўтмишда қоғоз қимматбаҳо маҳсулот ҳисобланиб, ундан унумли фойдаланишган. Фақатгина керакли маълумотларгина киритилган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, қўлёзмалар ўтмиш тарихдан сўзловчи қимматли манбалардир. Абу Жаъфар Термизий ривоят қилган тафсир асарларини ўзида жамлаган ушбу қўлёзмадан дастлабки пайдо бўлган нақлий тафсирлар тарихини ўрганишимиз мумкин. Қувонарли томони шундаки иккинчи ва учинчи ҳижрий асрларда, тафсир китоблари жамланиши жараёнида термизлик алломаларни ҳам ўз ўрни бор. Улар нафақат ҳадис ва фиқҳ илмида, балки тафсир илми ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшганлар.
Умарали Улжаев
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абу Жаъфар Термизий. Тафсирул Қуръон ли Аби Жаъфар Термизий. – Мадина: Мактабат ад-дор, 1988.
- Доктор Фуад Сезгин. Тарих турос ал-арабий. Ар-Риёд, 1991.
- Ибн Салоҳ. Улумул ҳадис. – Байрут: Дор ал-фикр, 1986.
- Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси. Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти. Термизлик олимлар асарларининг жаҳон фондларидаги қўлёзмалари каталоги. – Т.: Фан нашриёти, 2018.
Izoh qoldirish