“ЖОМЕЪ АС-СУНАН”НИНГ ЗАМОНАВИЙ ЎЗБЕКЧА ШАРҲИ: ТЎРТИНЧИ ЖИЛД ХУСУСИЯТЛАРИ
Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (209-279 ҳ./824-892 м.) қадим Термиздан етишиб-чиққан бутун дунёга машҳур муҳаддислардан биридир. У зотнинг “Сунан ат-Термизий” номи билан танилган “Жомеъ ас-Сунан” асари бутун дунёга машҳур. Мазкур асар дунёнинг бир қатор тилларига тўла таржима қилинган. Бутун дунё олимлари уни тинмай тадқиқ қилиб келмоқдалар, у бўйича диссертациялар ёзмоқдалар.
Мазкур “Сунан ат-Термизий” асарининг сайланма шаклидаги таржималари, унинг 1-жилдининг илмий изоҳли таржимаси ўзбек тилида эълон қилинган эди. Бироқ, буюк аллома ва муҳаддис бобокалонимизнинг мазкур шоҳ асари тўлиқ равишда ўзбек тилига таржима қилинган эмас. Гарчи Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан Абу Исо ат-Термизий илмий меросини ўрганиш бўйича бир қатор қарор ва кўрсатмалар ҳамда тавсиялар берган бўлишларига қарамасдан, ҳар хил илмий лойиҳалар амалга оширилганига, илмий марказлар тузиш каби амалий ишлар қилинганига қарамасдан, халқимиз ҳалигача бу асар мазмунидан тўла хабардор эмас. Буюк аллома ва муҳаддиснинг мазкур тўплами тўлиқ равишда ўзбек тилига изоҳли шарҳлари билан таржима қилинган эмас эди.
Президентимиз томонларидан Абу Исо ат-Термизий илмий меросини ўрганиш бўйича алоҳида кўрсатмалар ҳамда тавсиялар берилиши натижасида ҳар хил илмий лойиҳалар амалга оширилгани, илмий марказ тузиш каби амалий ишлар қилингани оқибатида халқимиз бу асар мазмунидан тўла хабардор қилиш ─ Имом Термизийнинг “Жомеъ ас-Сунан” номли тўпламининг ўн жилдлик илмий-изоҳли таржима ва шарҳининг дастлабки тўрт жилди тайёрланиб, нашр этилди.
Бу улуғ хизматни амалга оширишда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари тарих фанлари номзоди Ҳамидуллоҳ Аминов, илмий ходимлар Ҳикматуллоҳ Абиев, Ботиржон Абдуллаевлар ҳамда ЎЗбекистон халқаро ислом академияси доценти, тарих фанлари номзоди, Масъудхон Исмоилов ўзларининг илмий салоҳиятлари ва таржимачиликдаги тажрибаларини ишга солдилар. Режалаштирилган мазкур кўп жилдлик илмий тадқиқотни кўздан кечириб, фикр-мулоҳаза билдиришлари учун таҳрир ҳайъати шакллантирилди.
Абу Исо ат-Термизийнинг “Жомеъ ас-Сунан” асарини ушбу шарҳи ота-боболаримиз минг йиллардан бери амал қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига мувофиқ шарҳланган ўзбек тилидаги дастлабки илмий ишдир. Ундаги ҳар бир ҳадис изоҳланар экан, ҳадисшунослик ва ҳадис илмидаги илмий мезонлар ва қонун-қоидаларга тўла амал қилинди. Ҳар бир ҳадис ҳанафийлик мазҳабига кўра кўриб чиқилди ва ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ таҳлил қилинди. Мазкур шарҳда ҳанафийларнинг оят ва ҳадислардан иборат далилларининг катта захираси ўрин олганлигини алоҳида қайд қилиш ўринлидир.
Абу Исо ат-Термизийнинг “Жомеъ ас-Сунан” асари шарҳи кўп жилдли қилиб тайёрланиши мақсад қилинган. Қарийб 300 бетлик муқаддимада ҳадис илми, унинг тарихи, ҳадиснинг шариатда тутган ўрни, ҳужжат қилиниши, уни ҳужжат деб билмайдиган тоифаларга раддия, ҳадис китобларининг турлари, ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ҳадис илмида тутган ўрни, Абу Исо ат-Термизийнинг ҳаёти ва ижоди, у зотнинг “Жомеъ ас-Сунан” номли тўпламига битилган шарҳлар ҳақида батафсил илмий маълумотлар келтирилганлиги мазкур китобнинг илмий аҳамиятини оширган. Мазкур маълумотлар ҳадис илми тадқиқотчилари учун зарур қўлланма бўлиб қолиши шубҳасиз.
Китобдаги ҳар бир маълумотнинг қаердан олингани, қайси манбалардан истифода қилингани батафсил кўрсатиб ўтилганганли бу шарҳнинг илмийлик даражасини янада зиёда қилган.
Гарчи асардаги ҳадислар таржимаси, унда қўлланган атама ва истилоҳларнинг кўплиги ўқувчига бир мунча оғирлик қилса-да, бироқ, асар илмий доирадаги мутахассислар, толиби илмлар, ҳадисшуносликка қизиқувчи, шу хилдаги асарларни ўқиб юрган ўқувчиларга битмас-туганмас маънавий бойлик бўлиб қолишини умид қиламиз.
“Жомеъ ас-Сунан” асари батафсил шарҳ қилинар экан, унда икки юзга яқин манбадан, жумладан, Ҳиндистон ва Покистон диёри уламоларининг китобларидан фойдаланилганини қайд этиш ўринли. Термизлик буюк муҳаддис бобокалонимизнинг мазкур тўпламига шу юрт уламоларининг кўпчилиги шарҳ битганлигига “Жомеъ ас-Сунан” асари шарҳларига бағишланган бўлимда ишонч ҳосил қилиш мумкин. Шу билан бирга, ҳанафий мазҳаби ва мотуридий ақидасига мувофиқ кўплаб шарҳлар мазкур диёр уламолари томонидан битилганини ҳам айтиб ўтиш жоиз бўлади.
Ушбу шарҳда ҳадис матнлари тўлиқ таржима қилиниб, сўнг шарҳ ва изоҳлашга киришилди. Таржималарда ҳадисларнинг ровийлар силсиласи – санадлар тўлиқ берилди. Бу диний адабиётлар таржимашунослигида илк тажриба бўлгани боис ўқувчиларга ғализ туюлиши ҳам мумкин. Бироқ, санадлардаги “ҳаддасана” (“бизга ҳадис айтди”), “ахбарана” (“бизга хабар берди”), “..ъан” (“...дан ривоят қилинади”) каби сўзларнинг ҳадис илмида фарқи борлиги сабабли таржималарда ҳам шу хилда берилишига ҳаракат қилинди. Санаддаги ровийларни ўқувчиларга таништириб боришга катта аҳамият қаратилди. Чунки, ҳадиснинг ишончлилик даражаси, асосан, санаддаги ровийларнинг ҳолига боғлиқлиги ҳадис илмидан маълум.
Ҳадис матнлари шаҳр қилинар экан, ҳар бир сўз ва жумлаларга изоҳ бериб борилди. Ўқувчиларга айрим арабча матнларни ҳам таништириш мақсадида уларнинг кириллча ўқилиши ҳам берилган ўринлар мавжуд.
Таржима ва шарҳ жараёнида ҳадис илмидаги истилоҳ ва атамалар жуда кўп ишлатилди. Бу услубнинг илм толиблари ва мутахассисларга истилоҳ ва атамаларни қўллаш ва тушунишда фойдаси катта.
“Сунани Термизий шарҳи”нинг дастлабки уч жилди 2022 йили нашр этилган бўлса, 2023 йили унинг тўртинчи жилди ҳам дунё юзини кўрди. Тўртинчи жилдда “Китоб ас-Солат” (Намоз китоби) ҳадисларининг биринчи қисми – 149-250 рақамли ҳадислар шарҳланган.
Шарҳлашда Марказий Осиё халқларининг минг йиллардан бери амал қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига мувофиқ – аҳли суннат ва жамоат таълимотига уйғун ҳолда таржима ва шарҳ қилинишига катта эътибор берилди. Шу билан бирга, бошқа мазҳабларнинг далиллари ва уларга жавоблар, ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига таъна қилувчи ва шубҳага қўювчиларга ҳам раддиялар ўз ўрнида бериб борилди.
Шарҳдан Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (Олий Маъҳад), «Мир Араб» олий мадрасаси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби ва мадрасалар – ўрта махсус ислом билим юртлари ўқув жараёнларида фойдаланиш мумкин. Шунингдек, китоб барча аҳли илмлар, ислом манбашунослиги, тарихчи-манбашунос мутахассисликлари бўйича таълим олувчи бакалавриат ва магистратура талабалари ҳамда мустақил тадқиқотчилар учун мўлжалланган.
Хуллас, буюк муҳаддис Абу Исо ат-Термизийнинг “Жомеъ ас-Сунан” – “Сунан ат-Термизий” асарининг кўп жилдлик шарҳи ўзбекча диний адабиётлар нашри жараёнидаги илк тажриба бўлишига қарамасдан, толиби илмлар ва мутахассислар учун фойдали ва манфаатли бўлишига ишонамиз.
М. Исмоилов, Ҳ.Аминов, Ҳ.Абиев, Б.Абдуллаев - Имом Термизий ХИТМ илмий ходимлари
Izoh qoldirish