23.05.2023

УЛАМОЛАРНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛИШНИНГ ОҚИБАТИ ОҒИРДИР

Уламоларни ғийбат қилиш оддий одамларни ғийбат қилишдан ҳам кўра гуноҳи оғирроқ эканлигида шак-шубҳа йўқ. Ғийбат эса гуноҳи кабира – катта гуноҳлар жумласидандир. 

Айрим олимлар эса бу ишни ҳатто куфр деб айтганлар. Яъни, уларнинг фикрича, уламоларни масхаралаган, уларни ҳақорат қилган ёки камситган кимсанинг ўзи ўша заҳоти диндан ва мусулмончиликдан чиққан, хотини талоқ, сўйган жонлиқи ҳаром, ўлса жаноза ўқилмайдиган, мусулмонлар қабристонига кўмилмайдиган бўлиб қолади. Аслида, биз такфирга қаршимиз! Такфир бу муайян мусулмон шахсни кофирга чиқариш, уни кофир деб аташдир. Такфир бугунги давримизнинг энг катта балоларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун, уламо ва аҳли илмларни масхаралаган, уларни ҳақорат қилган ёки камситган муайян кимсани кофир деб эълон қилишдан йироқмиз. Бироқ, гуноҳнинг гуноҳ эканлигини айтиш лозим бўлганидек, куфрнинг куфр иш эканини айтиш ҳам уламолар, аҳли илмларга лозимдир. Бу билан уламо ва аҳли илмларни масхаралаган, уларни ҳақорат қилган ёки камситган кимсаларни огоҳ қилинади ва уларга танбеҳ берилган бўлади.

Бу ишларни ўзларининг касбу кори қилиб олган, ўзларини “питначи” деб туриб фахрланадиган, оқибати номаълум нокаслар ҳам бор. Ҳолбуки, айрим нобоп ва ёмон уламоларнинг айби-нуқсонларини айтиш, уларнинг хато қилмишларидан оммани огоҳлантириш, уларнинг бузуқ эътиқодларини кўрсатиб бериш ҳар кимнинг иши эмас, аҳли илмларнинг айбларини махсус қидирувчиларнинг иши ҳам эмас, балки ҳақиқий аҳли суннат ва жамоатдаги уламоларнинг иттифоқлари, келишувлари, маслаҳатлари ҳамда, энг асосийси, илмий-маърифий йўл билан бўладиган, илмий раддия услубида амалга ошириладиган вазифалардир. 

Бугун кўп тарқалаётган, одамларни ўзининг домига тортиб кетаётган ишлардан бири, энг катта, аммо, яширин бостириб келаётган фитналардан бири бу уламоларни масхаралаш, уларга таъна қилиш, аҳли илмларни кофирликда айблаш, уларни ҳақорат қилиш, уларнинг қилган ёки айтган ишларини киноя билан гапириш, шахснинг ўзини эмас, ҳатто илмини камситиш, илмини масхара қилиш ва илмини ҳақорат қилиш каби жараёнлардир. Бу – инсоннинг имонига зарар қилишига, унинг етти пуштидан асло ва яна асло, мутлақо ва яна мутлақо уламо ва аҳли илм чиқмаслигининг кафолатидир! Буни унутмаслик лозим! Менинг бу гапимга ишонмасангиз, бизнинг имом-домлаларимизни, уламоларимизни, шайхларимизни, аҳли илмларимизни ҳақорат қилишни ва масхара қилишни ўзининг касби-кори қилиб олган одамларнинг оиласини, фарзандларини, зурриётларини, қариндош-уруғларини суриштиринг, кузатинг. Аллоҳга қасамки, уларнинг касофати буларга ҳам урган бўлиб чиқади. Уларнинг ўзларидан ҳам, етти пуштидан ҳам, оиласидан ҳам қорилар, аҳли илм уламолар чиқмайди! Агар улар бу қилмишларидан тавба қилмасалар, ўзлари ўзларининг азиз имонларига зарар етказиб қўйганларини яқин қиёматда билиб оладилар.

Динга нисбатан ишончсизликнинг энг кўзга кўринган турларидан бири ҳаққоний уламо ва аҳли илмларнинг айтаётган шаръий ҳукмларини масхара қилиш, ошкора инкор қилиш, истеҳзо билан гапириш, шаръий ҳукмларни ўта енгил санашдир. Аслида, шаръий ҳукмларга амал қилмаслик куфр эмас, лекин уларни инкор қилиш куфр эканлигини, амаллар тарки куфр эмас, балки ҳурматни тарк этиш куфр эканлигини асло унутмаслик керак! Бурҳониддин аз-Зарнужий раҳимаҳуллоҳ “Таълим ал-мутааллим” асарида: “Билгинки, толиби илм илмга илм ва унинг аҳлини улуғлаш, ўз устозига таъзим қилиш ва уни беҳад ҳурмат этиш билангина эришади ва фойда топади. “Ҳар ким (истаган) нарсасига фақат ҳурмат қилиш билан етади. Ҳар ким истаган нарсасидан фақат ҳурматни тарк этиш ва таъзимни йўқотиш билан маҳрум бўлади”, дейилган. Яна “Ҳурмат қилиш тоатдан (итоатдан) яхшироқ”, дейилган. Зотан, инсон гуноҳ-у маъсият билан кофир бўлмайди-ю, шубҳасиз, гуноҳни енгил санаш ва ҳурматни тарк қилиш билан кофир бўлиб қолишини ўйламайдими?!” деганлар (Бурҳониддин аз-Зарнужий. Таълим ал-мутааллим. – Байрут: ал-мактаба ал-исломий, 1981. – Б. 78). 

Илм ва илмли кимса бошқалардан кўра ҳурматга ва иззатга сазовор эканига, унинг даражаси бошқаларга нисбатан юқори эканига шак-шубҳа йўқ. Бу ҳақида Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўз Қуръонида баён қилган:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَأُوتُوا الْعِلْمَدَرَجَاتٍ وَاللَّهُبِمَا تَعْمَلُونَخَبِيرٌ {11}

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала, 11).

Мазкур ояти каримада Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло илм ато этилган кишиларнинг даражалари юксак, мартабалари баланд эканини баён қилмоқда. Бу юксаклик ва баландлик сабаби илмдир, унга амал қилиш эмас. Зотан, илм Аллоҳ таолонинг сифатидир. Илмига амал қилган олимларнинг охиратда ҳам мартабалари баланд ва юксак бўлишига шубҳа йўқ. Бироқ, мусулмонлар бу дунёда ҳам, дунёвий амалларда ҳам аҳли илмларнинг ким бўлишидан қатъи назар ҳурмат ва иззат қилинишига масъулдирлар. Жумладан, бу ҳолат мазкур ояти кариманинг ўзида акс эттирилган. Яъни, аҳли илмлар учун “даврани кенгайтиринг!”, дейилса, даврани кенгайтириб, уларга ўз жойини бўшатиб бериш кераклиги, агар аҳли илмлар: “турингиз!” дейилса, туриб кетиш лозим экани ояти каримада кўрсатиб берилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا قِيلَ لَكُمْ تَفَسَّحُوا فِي الْمَجَالِسِ فَافْسَحُوا يَفْسَحِاللَّهُ لَكُمْ وَإِذَا قِيلَ انشُزُوا فَانشُزُوا...

“Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга йиғилишларда: “(даврани) кенгайтирингиз!” – дейилса, бас, кенгайтирингиз, Аллоҳ сизларга ҳам (керак пайтида кенг) жой берур. Яна қачонки, “турингиз!” – дейилса, дарҳол турингиз!” (Мужодала, 11).

Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сурасининг аввалида Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўз расулини ҳурмат қилиш, улуғлаш лозимлигини кескин иборалар билан таъкидлаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида у зотдан олдин гапирмасликка, бир-бировга овозни кўтармасликка, у зотнинг муборак номларини айтиб чақирмасликка, у зотни узоқдан бақириб чақирмасликка, у зоти шарифдан берухсат бирор иш қилмасликка, ҳатто қурбонликни у зотдан олдин сўйиб қўймасликка, рўзани у зотдан олдин бошламасликка буюрилган:

يَا أَيُّهَاالَّذِينَ آمَنُوا لَا تُقَدِّمُوابَيْنَ يَدَيِ اللَّهِ وَرَسُولِهِوَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٌ {1}يَا أَيُّهَاالَّذِينَ آمَنُوا لَا تَرْفَعُواأَصْوَاتَكُمْ فَوْقَ صَوْتِ النَّبِيِّوَلَا تَجْهَرُوالَهُ بِالْقَوْلِكَجَهْرِ بَعْضِكُمْ لِبَعْضٍ أَن تَحْبَطَ أَعْمَالُكُمْ وَأَنتُمْلَا تَشْعُرُونَ {2} إِنَّ الَّذِينَ يَغُضُّونَ أَصْوَاتَهُمْ عِندَ رَسُولِ اللَّهِ أُوْلَئِكَ الَّذِينَامْتَحَنَ اللَّهُ قُلُوبَهُمْ لِلتَّقْوَىلَهُم مَّغْفِرَةٌوَأَجْرٌ عَظِيمٌ {3} إِنَّ الَّذِينَ يُنَادُونَكَ مِن وَرَاء الْحُجُرَاتِ أَكْثَرُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ {4}

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ ва унинг пайғамбари олдида (иккисининг изнисиз бирор сўз ёки ишни) тақдим этмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир. Эй, имон келтирганлар! Амалларингиз ўзингиз сезмаган ҳолингизда зое бўлиб кетмаслиги учун сизлар овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтармангиз ва унга бир-бирларингизга баланд овоз (дағал сўз) қилгандек баланд овоз қилмангиз! Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган кишилар – айнан ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир. Улар учун мағфират ва улкан мукофот бордир. (Эй, Муҳаммад!) Албатта, (хотинларингиз яшайдиган) ҳужралар ортидан туриб, Сизни чақирадиган кимсаларнинг кўплари (андиша ва фаросат билан) ақл ишлатмайдилар” (Ҳужурот, 1-4).

Мазкур ояти карималарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларидан ўз овозини кўтаришдан, бақиришдан, баланд ва дағал сўзлар айтишдан қайтарилган. Энг аҳамиятлиси, бундай иш қилишни “ўзи сезмасдан амалларни зойеъ қилиш, амалларнинг ҳабата бўлиб кетиши”, деб таърифланган. Овозларини баланд қилиб чақирадиганларни ақлсиз экани билдирилган. Бунинг акси бўлган ишни қилиш, яъни овозларни паст қилиш дилларида тақвоси борлигининг аломати эканини уқтирилган. Бу ояти карималар пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурмати не чоғли баланд ва юксак эканини кўрсатади. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида бундай ёзганлар:

 “Бу одоблар ёрдамида Аллоҳ таоло мўъмин бандаларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғлаб, эҳтиром қилиб, ҳурмат кўрсатиб ва таъзим қилиб муомала қилишлари тўғрисида адаб ўргатган” (Ибн Касир. Тафсир Қуръон ал-азим. 4-жилд. – Қоҳира: Дор ал-ғадд ал-жадид, 2007. – Б. 186).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтишларича, уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олидида овоз кўтариш ҳам худди тирикликларида макруҳ бўлгани каби макруҳ бўлади, деганлар.

Шу билан бирга, мазкур ояти карималар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросхўрлари бўлмиш аҳли илмларнинг ҳурмати ва иззати лозимлигини билдиради. Чунки, тафсирларда ушбу ояти карималар аҳли илмларнинг ҳурматига далолат қилади, дейилган. Таниқли ҳадис ровийси, машҳур олим Ҳаммод ибн Зайд раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларида бир киши кулганида, у зот: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин у зотнинг ҳадислари айтилаётган мажлисда кулишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётликларида у зотнинг ҳузурларида кулиш деб ҳисоблайман!”, деб ўша куни илмий дарсларини бермай қўйган эканлар.   

Ҳанафий мазҳабидаги фатво тўпламларининг энг улуғи деб тан олинган “Хулосат ал-фатово” асарининг “Куфрга сабаб бўлувчи лафзлар” бўлимининг “Илм ва уламоларни камситиш” фаслида бундай дейилган:

مَنْ أَبْغَضَ عَالِمًا بِغَيْرِ سَبَبٍ ظَاهِرٍ خِيفَ عَلَيْهِ الْكُفْرُ

“Кимки бирор олимга зоҳир – очиқ сабабсиз нафрат қилса, унга куфр хавфи туғилади!” (Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ал-фатово. 4-жилд. – Лакнау: Наволкишвар, 1911. – Б. 388).

Мазкур фатво “Фатовойи Оламгирия”да бундай дейилган:

فِي النِّصَابِ مَنْ أَبْغَضَ عَالِمًا مِنْ غَيْرِ سَبَبٍ ظَاهِرٍ خِيفَ عَلَيْهِ الْكُفْرُ

“ан-Нисоб”да келганки, кимки бирор олимга зоҳир – очиқ сабабсиз нафрат қилса, унга куфр хавфи туғилади!” (17/77). 

Мазкур фатво “Фатовойи Таторхония”да:

مَنْ شَتَمَ عَالِمًا أَوْ فَقِيهًا مِنْ غَيْرِ سَبَبٍ خِيفَ عَلَيْهِ الْكُفْرُ

“Кимки бирор олимни ёки фақиҳни сабабсиз сўкса, унинг кофир бўлиб қолиши хавфи бор!”, дейилган (Олим ибн ал-Ало ал-Ҳиндий. Фатовойи Таторхония. 7-жилд. – Девбанд: Мактаба Закариё, 2010. – Б. 335). 

Бу ерда “зоҳир-очиқ сабаб”дан мақсад шахсий ва инсоний келишмовчилик бўлиши мумкин. Қайсидир олим билан кимнингдир шахсий адовати, ўзарокелишмовчилиги бўлиши мумкин. Бироқ, олимнинг илми, китобдан айтган гапи, чиқарган фатвоси туфайли унга, унинг ким бўлишидан қатъий назар, нафрат кўрсатиш мумкин эмас. Чунки, илм Аллоҳ таолонинг сифатидир. Илмни Аллоҳ таолонинг ўзи беради. Илм Аллоҳнинг атоси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тақсимотлари, пайғамбарларнинг меросидир! 

Жаноби пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

وَ إِنَّمَا أَنَا قَاسِمٌ وَ اللهُ يُعْطِى

“Албатта, мен (илмни) тақсимловчиман. Аллоҳ эса ато қилувчидир!” (Бухорий, 1/71; Абу Яъло, 10/5855; Аҳмад, 4/16978; Баззор, 2/7718; Табароний, 15/915). 

Ноннинг ушоғи ҳам нон бўлганидек, ҳурматга лойиқ бўлганидек илмнинг ози ҳам, кўпи ҳам илмдир, ҳурматга сазовордир. Олим ўз илмини суиистеъмол қилса, хато гапирса, унинг қилмиши илмий-маърифий йўл билан унга тушунтирилиши, раддия қилиниши мумкин. Лекин, асло ҳақорат йўли билан эмас! Жумладан, “Хулосат ал-фатово”да яна бундай дейилган: “Агар солиҳ инсонга, яхши ишлар қилиб юрган кимсага: “Унинг (ёки сенинг) дийдоринг менга чўчқани кўргандекдир!”, деса, унга куфр хавфи туғилади!” (Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ал-фатово. 4-жилд. – Лакнау: Наволкишвар, 1911. – Б. 388).

Чунки, энг ёмон одамларнинг ҳам қилмишларини ёмон кўрилади, асло ўзларини ёмон кўриш керак эмас. Комил мусулмон худди шифокор каби бўлмоғи керак. Касал ёки беморнинг касалликка чалингани ва бемор бўлиб қолгани учун шифокор урушмайди, ҳақорат қилмайди. Балки, мулойимлик билан унга меҳр-шафқат кўрсатади. Уламолар эса инсониятнинг энг афзалидирлар. Уларнинг ёмонлари эса ҳурмат ва эҳтиромга сазовор олий даражали бемор кабидирлар. 

Мазкур фатвога кўра ҳаёти солиҳ ишларни қилишга бағишланган уламолар, аҳли илмлар ва имом-домлаларни илмлари сабабидан ҳақорат қилишнинг куфр эканига шак-шубҳа йўқ!

Мақолада айтганимиздек, бугун кўп тарқалаётган, одамларни ўзининг домига тортиб кетаётган ишлардан бири, энг катта, аммо, яширин бостириб келаётган фитналардан бири бу уламоларни масхаралаш, уларга таъна қилиш, аҳли илмларни кофирликда айблаш, уларни ҳақорат қилиш, уларнинг қилган ёки айтган ишларини киноя билан гапириш, шахснинг ўзини эмас, ҳатто илмини камситиш, илмини масхара қилиш ва илмини ҳақорат қилиш каби жараёнлардир. Бу мутлақ фикр эркинлиги, ҳар кимнинг бошқага нисбатан муомаласининг эркин бўлиши каби вайронкор ғоялар натижаси бўлиб, у – инсоннинг имонига зарар қилишига, алалоқибат ҳатто юртларни вайрон қилишга олиб келадиган ҳолатлардир. Ҳатто жиноятчи маҳбусни ҳам сўкиш, ҳақорат қилиш ва масхаралаш диний шариатга кўра ҳам, дунёвий қонунларга кўра ҳам мумкин эмас. Оддий эркин шахсларни ҳақоратлаганга шариат ҳам қонун ҳам жазо таъйинлайди. Энди, у уламо ва олим бўладиган бўлса, уни сўкиш, ҳақорат қилиш ва масхаралаш гуноҳ устига гуноҳ бўлишига шак-шубҳа йўқ.

Қайсидир аҳли илмнинг илми, китобдан айтган гапи, чиқарган фатвоси туфайли унга, унинг ким бўлишидан қатъий назар, нафрат кўрсатиш мумкин эмас. Чунки, илм Аллоҳ таолонинг сифатидир. Илмни Аллоҳ таолонинг ўзи беради. Илм Аллоҳнинг атоси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тақсимотлари, пайғамбарларнинг меросидир! Агар ўша аҳли илм хато ва нотўғри фатво чиқарган бўлса ҳам ҳақорат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки, у “Қуръон” ва ҳадиси шарифлардан нотўғри ва хато тушунчаси сабабли фатво олаётган бўлади. Унинг фатвосининг ҳақорат қилиниши шаръий илмнинг ҳақорати ҳисобланади. Хато ва нотўғри фатво ҳақорат билан эмас, балки илмий далиллар ва усуллар билан раддия қилиниши лозим. Бу минг йиллик аҳли суннат ва жамоат таълимотига эргашган мусулмонларнинг анъанавий одатидир.

Аллоҳ таоло барчага одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишга, шариат уламолари ва олимларини ҳурмат қилишга, шаръий илмлар ва фатволарга нисбатан эҳтиром туйғуси билан яшашга тавфиқ берсин.

Ҳамидуллоҳ Аминов 
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази 

Илмий тадқиқот бўлими катта илмий ходими

 

Izoh qoldirish