ИБН МУҚАФФАНИНГ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ ТАРАҚҚИЁТИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ
Ибн Муқаффа VIII аср ислом илм-фанининг энг маҳсулдор мутафаккирларидан бири бўлиб, араб-мусулмон илм-фанининг, китобат санъатининг юксалишига катта таъсир кўрсатди. Ибн Муқаффа (724-759) айни кучга тўлган вақтида қатл этилган бўлса-да, ўзининг истеъдоди ва кенг тафаккур соҳиби эканлигидан гувоҳлик берувчи бир қанча асарлар яратди. Шунингдек таржималар мажмуи, матнларни чуқур ва теран билиши ва шарҳлаши ибн Муқаффанинг ўртамиёна олим эмаслигини исботлайди. Ибн Муқаффанинг ўзидан кейин қолдирган фалсафий асарлари ҳам унинг бепоён, теран ва аниқ мантиққа таянишини, нозик дид соҳиби эканлигини бизга яққол намоён этади. Мутафаккирнинг асарлари ва таржималари асосан сиёсат, таълим ва ахлоққа оид бўлиб, ўзининг ижодий фаолиятида асосан икки масалага диққат-эътиборини қаратади.
- Форслар адабиёти ва тарихини қайта тиклаш ва ушбу халқнинг сиёсий ҳаётидаги асосий воқеаларни ёритиш.
- Форсларнинг ижтимоий тизимини ўзлаштирган ҳолда, Аббосийлар давлатидаги жамият тизимини такомиллаштириш.
Ибн Муқаффа форс тилидан бир қанча тарихий асарларни араб тилига таржима қилган, жумладан:
“Худойнома” – “Ҳукмдорлар китоби”. Ушбу асар форс шоҳларининг таржимаи ҳолларини ўз ичига олган асар;
“Ойинанома” – “Қоидалар китоби”. Бу асар форсларнинг маданияти ва анъаналари ҳақида ҳикоя қилади;
“Маздак китоби”. Ушбу китоб Маздакийлик таълимотига асос солган Маздак ҳаёти ва унинг сосоний ҳукмдор Қубод I билан ўзаро муносабатларига бағишланган бўлиб, унинг ибн Муқаффа томонидан араб тилига қилинган таржимаси бугунги кунга қадар етиб келмаган [1, б. 169].
“Ат-тож” – Хусрав Анушервоннинг таржимаи ҳолига бағишланган китоб.
“Калила ва Димна”. Ибн Муқаффанинг илмий фаолияти борасида тадқиқот олиб борувчилар унинг таржималари орасида “Калила ва Димна” китобининг таржимасини биринчи ўринга қўядилар. Жумладан, инглиз шарқшуноси Эдвард Гранвил Браун ўзининг “A Literary History of Persia” (“Форс адабиёти тарихи”) асарида ибн Муқаффанинг таржималари орасида энг муҳими сифатида “Калила ва Димна” китоби борасидаги таржимасини қайд этиб ўтди. Ушбу асар Сосонийлар шоҳи Хусрав I Анушервон даврида сарой олимларидан ҳисобланган Бурзое томонидан Эронга келтирилиб, паҳлавий тилига таржима қилинган. Аббосийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида ҳиндларнинг ушбу машҳур достони ибн Муқаффа томонидан араб тилига таржима қилинган. Айнан ибн Муқаффа томонидан амалга оширилган ушбу таржима “Калила ва Димна”нинг бутун жаҳонда кенг тарқалишига сабаб бўлди. Ибн Муқаффа “Калила ва Димна” достонини фақатгина таржима қилиш билангина чекланиб қолмаган, балки унинг асосий матнига бирмунча ўзгартириш ҳам киритган. Кейинчалик ушбу таржима асосида китоб дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди [2, б. 2].
Шунингдек ибн Муқаффа Аристотелнинг “Мантиқ”, “Категориялар”, “Аналитика” каби асарларини, Порфирийнинг “Исоғучи” номли китобларини паҳлавий тилидан араб тилига таржима қилган [3, Ж. 3, б. 511]. Аммо баъзи манбаларда ушбу таржималар унинг ўғли Муҳаммад ибн Абдуллоҳга тегишли бўлганлиги келтирилган. Ибн Муқаффанинг оддий таржимондан ажралиб турадиган энг асосий хусусияти шундан иборатки, у ўзга халқлар маданиятининг ютуқларини араб тилига таржима қилиш билангина чекланиб қолмасдан, уларни ислом оламига, ижтимоий-сиёсий анъаналарга мослаштиришга ҳам ҳаракат қилди.
Ибн Муқаффа таржимонлик фаолиятидан ташқари давлат сиёсатига бағишлаб битилган бир қанча асарлар, шунингдек кимнидир табриклаб ёки унга тасалли бериш мақсадида ёзилган дўстона мактублари билан ҳам машҳурдир. Таржима илмидаги маҳорати унга муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган асарлар ёзишни осонлаштирди. Ибн Муқаффа томонидан ёзилган асарлар қуйидагилардир:
1. “Адаб ул-кабир”: Aсар кириш ва икки қисмдан иборат. Кириш қисмида қадимги олимларга эргашиш, уларнинг билимлари ва асарларидан баҳраманд бўлишнинг аҳамияти қайд этилган. Биринчи қисм ҳукмдор, вазир ва ҳокимларнинг маъмурий ва сиёсий хатти-ҳаракатларига бағишланган. Иккинчи қисмда шахслараро муносабатлар, одоб-ахлоқ қоидалари ва ҳақиқий дўстнинг фазилатлари ҳақида сўз боради. Ибн Муқаффанинг ушбу асарида юнон маданияти ва бошқарувининг сиёсий-фалсафий таъсири акс этади.
2. “Адаб ус-сағир”: Ушбу асарнинг кириш қисмида ақлнинг одоб-ахлоққа таъсири ҳақида тўхталгандан сўнг, ақлни ривожлантириш, нафс тарбияси, Аллоҳнинг моҳиятига оид мулоҳазалар келтирилган. Aсарда, айниқса оддий одамлар учун ахлоқий тавсиялар ва ҳикматларни ўз ичига олган фикрлар аҳамиятга молик. Ушбу асарнинг ёзилиш сабабини ибн Муқаффа шундай тушунтиради: “Мен ушбу китобга қалбларни тўлдиришга ва уларни сайқаллашга, фикрларни уйғотишга ва яхши билим олишга ўргатадиган сўзларни киритдим” [4, б. 58].
3. “Адаб ул-важиз лил-валадис-сағир”: Бу муаллиф томонидан ўғлига ёзилган ахлоқий насиҳатлардан иборат. Ушбу маслаҳатларда, айниқса у миннатдорчилик, сабр-тоқат, хотиржамлик ва қадр-қимматга эга бўлиш, ўзига қарши бўлса ҳам ҳақиқатни тарк этмаслик каби фазилатларни тавсия этиши яққол акс этади. Афсуски, бугунги кунда ушбу асарнинг араб тилида ёзилган асл нусхаси йўқолган. XIII асрда Носируддин Тусий томонидан форс тилига қилинган таржимаси сақланиб қолган.
4. “Рисолатус саҳоба”: Ушбу асарни ибн Муқаффа халифа Абу Жаъфар Мансурга бағишлаб ёзган. Рисолада бир қанча мураккаб жумлалар учрайдики, улар муаллифнинг асарни ёзишда форс манбаларидан ҳамда форс услубидан фойдаланганлигини тасдиқлайди. Ушбу асарнинг “Рисолатус саҳоба” деб аталишига келсак, унда ибн Муқаффа халифалар ва уларнинг яқин сафдошларига, уларнинг маслаҳатчилари ва яқин сирдошларига мурожаат қилиши асос қилиб олинган. Маълумки, исломнинг илк асрларида фирқаларга бўлиниш бошланган даврда, бир хил масала бўйича турлича қарашлар ихтилофларни келтириб чиқарди. Ибн Муқаффа “Рисолатус саҳоба” асаридаги фикрлари орқали халифа Мансурга ислом қонунларини кодификация қилишни таклиф этди. Ибн Муқаффа рисолада ўзи кузатган маъмурий, фиқҳий, ҳарбий, молиявий ва ижтимоий муаммоларни кўриб чиқади ва улар учун ўзига хос ечимларни таклиф қилади. Бундан ташқари, у саройнинг ички муаммолари, вазир, ҳоким ва амирларни танлашда халифа эътибор бериши керак бўлган масалалар ва оддий халқнинг ҳукмдордан кутадиган натижалари ҳақида ёзган. Ибн Муқаффанинг ушбу асари ёзилган давр масалаларини ўз ичига олганлиги учун ҳам, исломий сиёсий фикрнинг энг дастлабки ва тизимли манбаларидан бири бўлгани учун ҳам ниҳоятда муҳим асар ҳисобланади.
Биз Муҳаммад Курд Али томонидан ёзилган “Расоил ул-Булағо” асарига киритилган ибн Муқаффага мансуб баъзи бир мактублар ва сақланиб қолган баъзи тарқоқ шеърларни ҳам таъкидлашимиз мумкинки, улар ҳам ибн Муқаффа илмий-адабий меросининг бир қисмини ташкил этади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, асли келиб чиқиши эронлик бўлган ибн Муқаффа ислом цивилизациясининг олтин даври бўлган VIII аср илм-фанининг забардаст вакилларидан бири бўлиб, ўз фаолияти орқали юнон, форс ва ҳинд маданиятларига оид ноёб дурдона асарларнинг ислом оламига кириб келишида катта рол ўйнади ва бу орқали адаб, ахлоқ, сиёсат ва балоғат каби илмлар ривожига катта ҳисса қўшди.
Сарвар Саидов
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти
Фойдаланилган адабиётлар:
- Edward G. Browne. A Literary History of Persia. From the Earliest Times until Firdawsi. – London, 1919.
- Суйима Ғаниева. Калила ва Димна / тарж.– Т.: Янги аср авлоди, 2010.
- Аҳмад Шавқий Даиф. Араб адабиёти тарихи:биринчи аббосийлар даври. 3 жилд. – Қоҳира. Дорул маъориф. 1966.
- Халил Мардам. Ибн ал-Муқаффа аимат ул-адаб. (Иккинчи қисм). – Дамашқ. Мактабат арафа, 1930.
Izoh qoldirish