ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС РИВОЯТ ҚИЛИШДАГИ ШАРТЛАРИ
Ҳадисшунослик фани ҳақида сўз борганда, албатта бу фаннинг фазилати тўғрисида қисқача айтиб ўтмоқ лозим бўлади. Аввало бу фаннинг мавзуси: Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари, пайғамбар сифатида у зотнинг сўз, амал, тақрир ёки сифатлари ўрганилади [6, б. 11]. Фаннинг муаллифи: У зотнинг сўзлари, амаллари ва тақрирларини ёдлаб, баъзида ёзиб олиб, жонлари ва молларини бу йўлда сарфлаган саҳобайи киромлар. Фанни ўрганишдан мақсад: икки дунё саодатига эришишдир. Ҳадисшунослик фаннинг маҳсули бўлган, ҳадис икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм, санад – Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини етказган ровийлар занжиридир. Санад ҳадислар тўпламини жамлаган, сўнгги ровий билан бошланиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган саҳоба билан тугайди [3, б. 1]. Иккинчи қисм матн[1] деб номланган бўлиб, унда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, амаллари, жисмоний тавсифлари ва маъқуллашлари тасвирланган [1, б. 21]. Ҳар бир ҳадиснинг бошида тилга олинган ровийлар занжири, унинг кучлилиги ва ҳақиқийлигига далолат қилади.
Ватандошимиз буюк муҳаддис, Имом Термизийнинг ҳадис илмига қўшган ҳиссалари беқиёсдир. Имом Термизийнинг “Жомеъ” китоблари олтита саҳиҳ китоблариниг биридир. Муҳаддиснинг “Жомеъ” китоби ҳақида уламолардан Абу Саъид Собит ибн Мушарраф Бано Бағдодий (вафоти 619/1222) хабар бериб айтадики: “Али ибн Ҳамза Мусавий (вафоти 559/1164) ижозатан[2] бизга хабар берди. У киши айтадики: “Нажиб ибн Маймун Воситий асл Адиб Ҳиравий (ваф. 488/1095), Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ ибн Холид ибн Аҳмад ибн Холид ибн Ҳаммод Зуҳлийдан (вафоти 402/1012) ривоят қилади. Мансур ибн Абдуллоҳ айтадики: “Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий (Аллоҳ у кишини раҳматига олсин!): “Бу китобни, яъни “Жомеъ”ни тасниф этиб, Ҳижоз уламоларига тақдим этдим. Улар китобнинг ҳадисларини саҳиҳлигига рози бўлишди. Ироқ уламоларига тақдим этдим. Улар ҳам саҳиҳлигига рози бўлишди. Ниҳоят Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар китобда келган ҳадисларнинг саҳиҳлигига рози бўлишди. Кимнинг уйида бу китоб бўлса, худди уйида пайғамбар гапираётгандек, бўлади” деди [2, б. 3].
Имом Термизийнинг ҳадис ривоят қилишдаги шартлари ҳақида уламолар қуйидаги ривоятни келтиришади. Ибн Қайсароний номи билан машҳур Абулфазл Муҳаммад ибн Тоҳир[3] (ваф. 507/1113) “Ал-мавсуму би мазоҳибил аимати фи тасҳиҳил ҳадис” (“Ҳадисни тузатишда Имомлар мазҳабини аниқлаш”) китобида: “Абу Исо Термизийнинг (Аллоҳ у зотни раҳматига олсин!) китоби тўрт қисмдир. Биринчи қисм шаксиз ишонарли ҳадислар қисми, бунга Имом Бухорий ва Имом Муслим иттифоқ қилишган. Иккинчи қисм аввалроқ баён қилганимиздек, Абу Довуд ва Насоий шартларига асосан жамланган. Учинчи қисм ҳукми ихтилофли ҳадисларни тахриж[4] қилиб, иллатини баён қилган” [4, б. 215]. Тўртинчи қисмни баён қилиб, Абу Исо: “Китобимда фақиҳлар унга асосан амал қилган ҳадисларни жамлаганман”, дейди. Бу шарт кенг қамровлидир. Чунки бу қоидага асосан фақиҳ олимлар ҳужжат келтирган ва амал қилган ҳар бир ҳадисни бу қисмда келтирган. Ҳадиснинг санади ишонарли ёки заиф бўлса ҳам, бу қисмда жамланган. Шу сабаб, Термизий танқидни ўзидан узоқлаштирган, чунки у китобини тасниф этишида ўзининг шартида содиқ қолган. Ҳар бир ҳадиснинг фиқҳий ҳукмини баён қилган”, деб хабар берган [2, б. 4].
Имом Термизий “Жомеъ” асарида ҳадисларни шарҳлаб, бу ҳақида мазҳаб уламоларининг фатволари ва ҳадис маъносидан олинадиган ҳукмларни баён қилиб бериши, китобнинг оммалашига сабаб бўлди. Айниқса, ҳадис маъноларини мазҳаб уламоларининг сўзлари билан шарҳлаши, Илм аҳллари бу ҳадиснинг зоҳирий маъносига амал қилмайди[5]” жумласини кўп марта қўллаши Имом Термизийнинг фиқҳ илмида ҳам етук олим эканлигини яна бир бор исботлади [5, б. 3, 274]. Бу орқали муҳаддислар ва фақиҳлар олқишига сазовор бўлди десак, хато қилмаган бўламиз. Замонамиздаги баъзи сохта муҳаддисларнинг “Ҳадиснинг зоҳиридаги маъноларига амал қилинади”, деган ботил ғояларини чиппакка чиқаради. Чунки муҳаддислар ҳақиқий фақиҳлардир, фақиҳлар эса ҳадис илмининг билимдонларидир.
Имом Термизийнинг китоб таълиф этишдаги услубларига назар солсак, муаллиф “Жомеъ” китобида аҳли суннанинг тўртта мазҳаб мужтаҳидларининг ҳадислар маъносига қараб ижтиҳод қилган ҳукмларини баён қилиш билан ажралиб туриши маълум бўлади.
Бугунги кунда ҳадисларни ривоят қилишда, мазҳабларни баён қилиш, унинг ҳукмини айтиш билан Имом Термизийнинг “Жомеъ” китобининг долзарблиги яққол кўзга ташланади. Ҳадисшуносларимиз ҳадисларни тадқиқ қилаётган вақтда, ҳадисларни мазҳабларда қабул қилиниши ва ҳадисдан олинаётган ҳукмларга урғу берсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Худойназаров Фахриддин
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Фойдаланилган адабиётлар:
- Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. – Т. Hilol-Nashr, 2019.
- Тақйиддин Абулқосим Убайд ибн Муҳаммад ибн Аббос Исъардий. Фазоилул китобил-жомеъ ли Аби Исо ат-Термизий. Оламул кутуб. – Байрут, 1989.
- Social Network Analysis of Hadith Narrators from Sahih Bukhari, Tanvir Alam, Jens Schneider College of Scicence and Egnigeering, Hamad Bin Khalifa University, Doha, Qatar, 2020.
- Сайид Абдул Можид Ғаврий. Мужаму мусталиҳотил-ҳадисияти. Дорул ибн Касир. – Байрут, 2007.
- Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо Суламий Термизий. Ал-жомеъ ал- кабир. – Байрут: Дорул ғарбил исломий, 1998.
- Акрам ибн Зиё Умарий. Буҳусун фи тарихи суннатил мушараффати. – Мадина,1994.
- Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ал-Бухорий. Ал-жомеъ ал-муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар мин умури расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва сунаниҳу ва аёмиҳу. –Байрут: Дору туруқин нажот, 2001.
- Абдулмажид Туркмоний. Диросотун фи усулил ҳадис ало манҳажил ҳанафияти. – Карачи: Мактабату аҳсанобод, 2009.
- www.musim.uz
- www.islom.uz
[1] Матн – каломнинг санади етиб борган нарса.
[2] Ижозат – шайх шогирдининг ҳадисларни оғзаки ёки ёзма равишда ривоят қилишига рухсат бермоғи.
[3] Муҳаммад ибн Тоҳир ибн Али ибн Аҳмад, Абулфазл ибн Қайсароний, Шайбоний, Ҳофиз, Зоҳирия мазҳабининг фиқҳий олими, Зоҳидон шаҳрида яшаб ўтган.
[4] Ҳадиснинг асл манбаларидаги мавқеини, санади билан кўрсатиб, сўнгра унинг мартабасини баён қилиш.
[5] Имом Термизий бу ҳақида кўп ҳадисларда зикр қилган ва бу уч юз мартадан кўпроқни ташкил этади, масалан, баъзи ҳадисларнинг рақамлари: 15, 18, 34, 35, 36, 37, 94, 99.
Izoh qoldirish